UZ

Сўнгги янгиликлар

02:15"Пахтакор" "Навбаҳор"нинг мағлубияти учун "премия" қўйдими?  17 02:10ЕКЛ. Бугунги барча учрашувлар якунланди (натижалар)  0 02:01Европа лигаси. "Рома" мағлуб бўлди, "Арсенал"дан йирик ғалаба ва бошқа натижалар  7 00:51Анчелотти Фергюсоннинг рекордига етиб олди  0 00:33Футзал. Эрон Таиландга имкон қолдирмади ва финалга йўлланма олди  3 00:15ЖЧ-2022. Ўзбекистон ногирон-ампутантлар термасининг ярим финалдаги рақиби аниқ!  8 23:55Европа лигаси. "Манчестер Юнайтед"дан иродали ғалаба ва бошқа натижалар  2 23:31ЕКЛ. АЗ, "Фиорентина", "Вильярреал" ва бошқа жамоаларнинг асосий таркиблари маълум қилинди  0 23:16Европа лигаси. "Фенербахче", "Фрайбург" ва бошқа жамоаларнинг асосий таркиблари маълум қилинди  0 22:59Европа лигаси. "Рома" ва "Арсенал"нинг асосий таркиблари маълум!  8 22:31"Челси" ҳимоячиси сафдан чиқди  5 22:30Olamsport: Саидёқуб Қаҳрамонов Нурмагомедовга қарши жанг ўтказади, қозоғистонлик жангчи Конор Макгрегорни ортда қолдирди  0 22:10Сардор Азмун ЖЧни ўтказиб юбориши мумкин  2 21:50Ҳусниддин Нишонов: "Ўзбекистон халқидан узр сўраймиз"  26 21:24Асрор Алиқулов: "Ўтган ўйиндаги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қилдик"  0

⚡️ Тадбиркор, супервайзер, ҳайдовчи, цех ишчиси… Мундиалга йўл олаётган термамиз аъзолари қайси касбларда ишлашади? Туркиядаги мусобақа қачон старт олади? ЖЧ тарихи қандай? Кимлар фаворит? (батафсил) Янгиликлар

⚡️ Тадбиркор, супервайзер, ҳайдовчи, цех ишчиси… Мундиалга йўл олаётган термамиз аъзолари қайси касбларда ишлашади? Туркиядаги мусобақа қачон старт олади? ЖЧ тарихи қандай? Кимлар фаворит? (батафсил)

Хабарингиз бор, Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси Туркия бўлиб ўтадиган Жаҳон чемпионатида иштирок этади.

Умуман, мазкур терма аъзоларига “ногирон” ёки “ампутант” сўзини ишлатишга одам бироз хижолат тортади, чунки улар ҳаёт қийинчиликларини енгиб ўтган ҳақиқий қаҳрамонлардир.

Термамиз мундиалга тайёргарликнинг охирги босқичини Ўзбекистон футбол ассоциацияга тегишли майдонларда ўтказмоқда. Ундан олдин эса Бухорода "Мустақиллик Кубоги" мусобақасида иштирок этишди. Унда 1-ўринни жаҳон чемпионлари "Матонат" жамоаси эгаллади, 2-ўринни "Жиззах НАФК" жамоаси қўлга киритган бўлса, кучли учликдан Тошкент шаҳрининг "Байналминал" жамоаси жой олди.

Футболчиларимизнинг тайёргарлик жараёни билан танишиш ҳамда фикрларини билиш мақсадида улар билан суҳбат ўтказдик. Сайтимиз орқали ҳам беш карра жаҳон чемпиони Абдужамил Шукуров, ЕЧЛ ғолиблигини қўлга киритган Қудрат Худойқулов ҳамда Қудрат Тўрахўжаев ҳақида маълумотлар улашдик.

Даставвал, мусобақага тўхталсак. Турнирга 1984 йил асос солинган. Тошкент 2 марта мусобақага мезбонлик қилган - 1991 ҳамда 2003 йилларда. Термамиз 1990. 1991, 2007, 2010, 2012 йиллардаги мундиалларда ғолибликни қўлга киритган.

2007 йилдан бошлаб, мусобақа халқаро стандарт асосида ўтказила бошланди – майдон ўлчами 60 га 40, ўйинчилар сони эса 7 га 7. Унгача эса 6 га 6 ва 11 га 11 кўринишида катта майдонда ўйналарди. Вакилларимиз маълум сабабларга кўра, 2005 (Бразилия чемп.) ҳамда 2018 (Ангола) йилги мундиалларни ўтказиб юборган.

Шунингдек, ҳамюртларимиз бир бор кумуш ҳамда 2 бор бронза медалларини қўлга киритишган. Амалдаги чемпион эса Ангола терма жамоаси ҳисобланади.

ЖЧ-2022'га эътибор анча юқори

Бу йилги мундиал олдингиларида анча фарқ қилади. Тарихда илк бор терма жамоалар саралаш цикли орқали гуруҳ босқичига йўл олди. Учрашувлар сунъий майдонда эмас, ҳақиқий чимли стадионларда ўтказилади. Ярим финал ҳамда ҳал қилувчи баҳс “Галатасарой” ҳамда “Бешиктош”нинг асосий майдонида ўтиши режалаштирилган. Мусобақа 1 октябрда старт олади ва 9 октябргача давом этади.

Ўзбекистон ТЖнинг гуруҳи ва ўйинлар санаси

Терма жамоа мураббийлари ва футболчиларининг фикрига кўра, Ўзбекистон “ўлим гуруҳи”дан жой олган. Испания ўтган йилги Европа чемпионатида иккинчи бўлган, Польша эса бронза медалига эга чиққан.

Биринчи тур

1 октябрь

10:00 (Тош. вақти), Польша – Ўзбекистон

Иккинчи тур

2 октябрь

11:00, Испания – Ўзбекистон

Учинчи тур

3 октябрь

09:00, Ўзбекистон – Танзания

Маълумот ўрнида, Польша терма жамоасининг машғулотларига “Барселона” юлдузи Роберт Левандовски ҳам келиб, улар билан бирга тайёргарлик кўрар экан.

Терма жамоамиз аъзоларининг бошқа касблари ҳақида

Низом Мамасолиев, ҳимоячи

Супермаркетда супервайзер лавозимида ишлайди

“Жиззахдаги Супермаркетда супервайзер лавозимида ишлайман. Хозир тўғри у ердан машғулот ўтказиш учун Тошкентга келдим. Терма жамоага 2016 йил келганман ва бу йилги мундиал мен учун биринчиси бўлади. 2017 йил Сочидаги халқаро мусобақада иштирок этдим. Ундан кейин эса оилавий муаммолар туфайли орада бироз танаффус юзага келди. Футболга қайтганимга эса 2 йил бўлди.

Статистикага қарасак, Испания, Польша ва Танзания билан олдин тўқнаш келмаганмиз. Испания ҳамда Польша ўтган Европа чемпионатида иккинчи, учинчи ўринларни эгаллашди. Худо хоҳласа, гуруҳдан биринчи ўрин билан чиқамиз.

Абдужамил Шукуров асосий мураббийимиз ҳисобланади. Аммо мундиалда ўйновчи мураббийга таъқиқ бўлгани ва у майдонга тушаётгани учун ҳозирда Ногиронлар футболини ривожлантириш маркази раҳбари Рустам Меҳмонов бизга устозлик қилмоқда. Рустам ака бизни мундиалга бош мураббий сифатида бошлаб боради. Абдужамил ака – техникаси кучли устозимиз. Майдонда бизга ҳам амалий, ҳам назарий жиҳатдан ёрдам беради. Тактик кўрсатмаларни улашади. Бор билимини бизга бағишлайди. Майдон четида эса Рустам ака устозлик қилади. Ўзаро келишув шундай бўлди.

Тактик машғулотлар устида ишламоқдамиз. Ҳар бир рақибга 1, 2 керак бўлса 3 та тактик услубларни қўллай оламиз.

2 йил олдин Жиззахда жамоа тузгандик ва ҳозирда миллий биринчиликда 2-ўринда кетмоқдамиз.

Польша ва Туркия эса футбол лигаларида борасида анча илгарилаб кетишган. Уларда 2-3 та дивизион ва кўплаб клублари бор. Охирги 2 йилдан бери Чемпионлар Лигасида ҳам айнан турк клублар ғолиб чиқмоқда.

Осиёда Чемпионлар Лигаси ташкил этилиши кўзда тутилган, буни вақт кўрсатади. Осиё секин-секин ривожланиб бормоқда, Европа эса аллақачон бу даврдан ўтиб бўлган.

2018 йилги мундиалга ҳам боришга тайёр эдик. Таркибимиз анча кучли, фаворитлар қаторида бўлардик. Аммо мусобақа стартига оз қолганда маълум сабабларга кўра бора олмадик. Ўшанда Туркия финалда пенальтилар сериясида Анголага имкониятни бой берганди.

24 та жамоанинг барчаси кучли, уларнинг ўйинларини интернет тармоқлари орқали кўриб чиқиб, таҳлил қилдик. Жамоалар ривожланган, Аргентина, Бразилия ва Гаити ҳам кучли. Ким ғолиб бўлишини эса чемпионат кўрсатади.

Польша эса мундиалга тайёргарлик жараёнини "facebook" орқали ҳар сафар улашиб келмоқда. Улар 1 ой олдин ўзи учун ажратилган базада машғулот олиб бормоқда. Ҳар томонлама режим бўйича ишлашмоқда. Роберт Левандовскининг шахсан ўзи бунга эътибор қаратмоқда.

Туркия ҳақида ҳам баъзида маълумотларни кўриб қоламиз. Уларнинг чемпионатини кузатиб, қандай кучга эгалигини билиш мумкин. Европа чемпионатида Испания Туркияга ютқазганди, уларнинг камчилик томонларини ўрганиб, бундан фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

Йигитларимизнинг Туркияга бориб ўйнаётгани, улар футболни севишади. Кимнингдир қўлидан бошқа иш келмайди, мисол учун, ўзим ҳам футболнинг орқасидан пул топганимда, бошқа иш билан шуғулланмасдим. Оиламни боқсам, тирикчилигимни қилсам... Футбол ўйнаш эса ўзимга ёқади, аммо баъзида бунга маблағ топилмай қолади. Йигитларга Туркиядан таклифлар тушади, уларга гонорар берилади ва у ерга бориб ойлик олишади. Ҳар бир ҳаракати назорат остида бўлади. Бу бизда ҳам аста-секинлик билан ривожланиб келмоқда, жамоаларимизни рўйхатдан ўтказмоқдамиз. Мундиалдан кейин бу жабҳада яна салмоқли ишлар олиб борилади деган умиддаман. ЎФА мусобақаларда иштирок этишимиз, тайёргарлик жараёнимизга ҳар томонлама ёрдам бериб боради.

Клубларимиз Туркия даражасига чиқиб олса, эҳтимол, хорижлик легионерларни юртимизга келиб қолиши мумкин. Аммо ҳозирча уларда бизнинг футболчиларимизга бўлган эҳтиёж бор.

Жиззахда клуб очганман, аммо ишларим туфайли давлат рўйхатидан ўтказишга улгурмадим. Рустам Меҳмонов яқин Ногиронлар футболини ривожлантириш марказини очди, энди улар билан масалаҳатлашган ҳолда бу ишга киришаман.


Ҳайдарали Турсунбоев, ярим ҳимоячи

Деҳқончилик хўжалигида фаолият олиб боради

“7-8 йил давомида Туркияда фаолият олиб бордим, аммо пандемиядан кейин у ерга қайтмадим. Қишлоқ ҳаётини тушунадиган инсонлар бўлса, яхши билишади, деҳқон хўжалиги билан шуғулланаман. Уйда мол боқиб, сотаман. Бу йил фақат деҳқончилик шуғуллана олмадим, боиси, йилдан-йилга ер пуллари нархи кўтарилиб кетмоқда. Шунинг ҳисобига тўхтаб қолди. Аммо шу деҳқончилик ортидан барака кўрганман.

1996 йил футболга кириб келганман ва 2000 йилдан бери ўтказилган деярли барча мусобақаларда иштирок этиб келаман. Кетма-кет уч бор жаҳон чемпионлигини қўлга киритганман, 2014 йилда эса сенсацион тарзда мусобақа билан эрта хайрлашгандик.

Испания мазкур тоифадаги футболга кириб келганига 6-7 йил бўлди. Уларда футбол жадаллик билан ривожланиб кетди: ҳам футбол, ҳам молиявий томондан. Анча барқарор терма жамоа. Польшада ҳам футбол ривожланган. Улар билан на расмий мусобақаларда, на ўртоқлик ўйинларида тўқнаш келгандим. Агар 10 йилча олдин учрашганимизда, икка жамоа дарвозасига ҳам камида 10 тадан гол ура олардик. Ҳозир эса бу имконсиз.

Туркия чемпионатида яхши футболчи бўлсангиз, клубдан ўзингиз истаган маошни талаб қила оласиз. Оддийроқ ўйинчига эса клубнинг ўзи ойлик тайинлайди. Ўртача 8-10 ой давомида 8,000 долларгача ишлаш мумкин.

Чемпионлар Лигаси олдин очиқ турнир бўларди ва унда “Байналминал” клуби билан қатнашганман. Ҳозир эса мусобақада фақатгина Европадаги чемпионатларда ғолиб бўлган жамоалар иштирок этмоқда.

Бўлажак жаҳон чемпионатида мени хурсанд қилган жиҳат, тарихда илк марта 24 та терма жамоа саралаш босқичида ўтиб, гуруҳ босқичига йўл олди. Бунақаси олдин бўлмаганди. Европага 8 та, Осиёга 5 та, Ж.Америка 5 та, Ш.Америка 3 та ҳамда Африкага 3 та ўрин берилганди. Туркия эса мусобақага профессионал даражада ёндошмоқда. Тарихда илк бор турнир “Фенербаҳче”, “Бешиктош”, “Истанбул Башакшехир”, “Қосимпаша” каби клубларнинг йирик стадионларида бўлиб ўтади. Очилиш ўйини “Фенербаҳче” стадионида бошланиб, ёпилиш маросими “Галатасарой”да ўтиши режалаштирилган. Шунча томошабин кўз олдида ўйнаш, бу биз учун ўзига хос театр ҳисобланади. Бундан хурсандман, келажакда мазкур йўналишдаги футбол ривожланиб, ёш авлодга қолса, энг катта орзуларимиздан бири Паралимпия ўйинлари қаторига кирса, ўзидан-ўзи ривожланиб кетади.

Мустақилликка қадар 2 марта, ундан кейин эса уч марта жаҳон чемпиони бўлдик. Бу ердаги йигитларнинг ҳаммаси фидоий. Тарихда қолдик деб ўйлайман. Буни гапириш осон, аммо унинг меҳнати ва машаққати жуда ҳам оғир.

Бўлажак мусобақада чемпионликка асосий давогар сифатида мезбонларни кўрмоқдаман. 2005 йилда ушбу терма жамоага асос солинган бўлса, эски авлодни янгилаб, ҳозирга келиб янги авлодни шакллантирган. Туркиядан ташқари, Польша, Испания, Бразилия ҳамда ёшарган Эрон терма жамоаси ва 5-6 та иштирокчиларни ҳам фаворитлар қаторига қўша оламан. Бироқ, асосий давогар бу Туркия. Чунки, мезбон ва катта футболда мухлислар 12-ўйинчи бўлганидек, бу футболда 8-ўйинчи қаторида бўлади.

Туркияда ногирон-ампутантлар футболига мухлислик қиладиган кўплигидан ҳайрон қолганман. Ҳақиқатан футболни севишади.

Эшитишим бўйича, очилиш ўйинига Туркия президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ташриф буюради. Агар мободо келмаса, барибир финалга чиқсак, тақдирлаш маросимида кўрсак керак. Раҳбар терма жамоа машғулотига шахсан ўзи келиб кузатиб туради”.


Суннат Эргашев, дарвозабон

Цехда ишлайди

“3 йилдан бери терма жамоада фаолият олиб бормоқдаман. Футболдан ташқари, ўзимизнинг цехимиз бор ва у ерда ишлайман”.


Умид Абдуҳалимов, ҳимоячи

Тадбиркор

“Жиззах вилояти, Дўстлик туманиданман. Майдонда ўнг қанот ҳимоясида ўйнайман. Футболдан ташқари, тадбиркорлик билан шуғуланнаман. Ўқув қуроллари дўконини юритаман. Шунингдек, спорт мактабида мураббийлик қиламан”.


Азизжон Азимов, ҳимоячи

Ҳайдовчи

“Терма жамоа аъзосиман. Футболдан ташқари, машинам бор ва унда ҳайдовчилик қиламан, шу орқали тирикчилик қилиб, оилани боқаман.

Гуруҳдаги рақибларимиз орасида Польшанинг ўйинини кўрганмиз. Аммо ўзаро учрашмаганмиз. Шунингдек, Испания ва Танзания билан ҳам. Энди бўлажак мундиал майдонда кўришамиз. Терма жамоа билан кетма-кет уч марта жаҳон чемпионлигини қўлга киритганман”.

Қудрат Тўрахўжаев, дарвозабон

Деҳқончилик хўжалигида фаолият олиб боради

“Тошкент вилояти, Паркент туманида яшайман. Тоғли ҳудуд бўлгани туфайли асосан, деҳқончлик ва чорвачилик орқали кун кўрилади. Ўзим деҳқончилик билан шуғулланаман”.

Қудрат Худойқулов, ҳужумчи

Тадбиркор

“Туркияда фаолият олиб бораман. Шу билан бирга озиқ-овқат ва кийим-кечак савдоси билан шуғулланаман”.

Рустам Меҳмонов, бош мураббий

Шифокор

“Жаҳон чемпионатидаги терма жамоалар жуда ҳам кучли кўринмоқда. Биз ҳам имконият даражасида ҳаракат қилмоқдамиз. Фурсатдан фойдаланиб, Спорт вазирлиги ва ҳомийларга миннатдорчилик билдираман. Зоминда йиғин ўтказдик, энди Туркияга йўл олиб, у ерга мослашув жараёнини олиб борамиз.

2014 йил Мексикага бориб, 3 дақиқа қолган Анголага рикошетдан урилган гол туфайли ютқазиб қўйгандик. Анголаликлар ўша йили 2-ўринни олишди. 2018 йил нега қатнашолмаганимиздан бехабарман, афсуски фаворитлар қаторида бўлсак ҳам боролмадик. Ўша йили Ангола жаҳон чемпионлигини қўлга киритди. Демак, биз Анголани чемпионликка яхши тайёрлаган эканмиз. Шунақа бўлиб чиқмоқда.

Термамизда авлодлар алмашинуви бўлмоқда. Ёш иқтидорли йигитлар келишмоқда. Олдиндаги мундиал барчасини кўрсатади.

23 сентябрь куни, соат 17:00 да Ислом Каримов номидаги аэропортдан Туркияга учиб кетамиз. Истанбулдаги Рива шаҳарчасига жойлашамиз.

Аввало, бу йигитларимизнинг соғлиғи учун, иккинчидан, мақсад чемпион бўлиш. Бу ҳам керак, албатта хоҳлаймиз. Тўп юмолоқ, ҳаммаси вақт кўрсатади. Катта футболдаги каби омад ҳам керак бўлади. Йигитларимизнинг барчаси тайёр. Қудрат Худойқулов ва Нуриддин Турсунов Туркияда легионер бўлиб туришибди. Турсунов бугунги машғулотларимизга Каттақўрғондан етиб келолмади. У ердагилар футболчиларимизнинг қанчалик кучли эканлигидан хабардор”.

ЖЧга йўл оладиган Ўзбекистон ногирон-ампутантлар терма жамоаси таркиби: Қудрат Тўрахўжаев, Қудрат Сатторов, Суннатжон Эргашев, Нуритдин Турсунов, Азизжон Азимов, Беҳзод Ҳакимов, Низом Мамасолиев, Ҳайдарали Турсунбоев, Умиджон Сирождинов, Зафар Носиров, Қудрат Худойқулов., Умиджон Абдуҳалимов, Улуғбек Т., Азиз А., Абдужамил Шукуров.

⚡️ Мундиалгача. "Халқ учун ўйнаймиз" – олтинчи титулни мақсад қилган беш карра жаҳон чемпиони билан интервью 

⚡️ Мундиалгача. Ўзбекистон ногирон-ампутантлар ТЖ сафида ЕЧЛ ғолиблари борлигини биласизми?

Муаллиф : Eldor Akmurzayev
Рейтинг: +12   

Фикрлар

+2   
22 сен 15:03:49
Artur Sobirov
Bir yili jahon chempioni bilib kelishganda aftobuscha berib ,juda xunuk ish qilgan edilar. Bula nogiron mashina minish qulidan kemidi deb uylashgande bular. Aslida bulaga samalyot bersa ham kam. Bula qilgan ishni yarmini ham qilmay uzicha shishib yurgan futbolchilar qancha. Quldan kelsa qaniydi uzum bulaga mashina oberardim afsus qul kaltada exxx????????????????
+2   
22 сен 14:36:29
Intillect 2060
Шу йигитларга омад ёр бўлсин, мана неча йилдан бери ЖЧда Ўзбекистон номини жаҳонга танитмоқда ва чемпион бўлмоқда, аммо УФА ва хомийлар томонидан тузукроқ мукофот ва эътибордан четда қолмоқда.
   
22 сен 22:44:38
Dilshod Muratov
Olgaaaaaaa Mard uglonlar.
Biz guruhdan chiqamiz emas - Biz chempion bulamiz deylar.
Chunki sizlar chempion bulishga qodirsilar.
Omad va zafarlar yor bulsin
   
22 сен 21:48:51
Milan_Milan
Intillect 2060 фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Шу йигитларга омад ёр бўлсин, мана неча йилдан бери ЖЧда Ўзбекистон номини жаҳонга танитмоқда ва чемпион бўлмоқда, аммо УФА ва хомийлар томонидан тузукроқ мукофот ва эътибордан четда қолмоқда.
Sog'lom odamlaga qaraganda aynan manawu xaqiqiy qaxramonlarimizga kere e'tibor kimdur qanaqadur kichik yutuq qsa xa dsa ikki xonali uy yoki 20-30 mingli avtola, 600 mln so'm va xokazola mana wulagayam beriw kere odam ajratmi
   
22 сен 21:45:25
Billy Erkonoff
Bu yigitlarni oʻyin amaliyoti uchun zudlik bilan YEFAga yetkazish kerak.
Ushanda bizani komandalar ham UEFA chempionlar ligasida qatnashib katta oʻyinlarni qabul qilardi...
   
22 сен 21:39:41
ÒZBEKISTON FUTBOLIN1
Nimaga ayrimlarni familiyasi tòliq yozilmagan?
   
22 сен 20:37:36
Shaxzod Nurillayev
Shunchaki qoyil qolish kerak. Alloh omadini bersin . Shu jahon chempionatida chempion bulish nasib qilsin.
   
22 сен 15:30:02
FIFA...
Xaqiqiy Qahramonlar ...
   
22 сен 14:54:47
Artur Sobirov
Ism familiyani tuğirlab quyinglar
   
22 сен 14:53:53
BU FUTBOL
Бошқа терма жамоаларни тантана дабдаба билан кузатамизу, нега хақиқий чемпионларни, қахрамонларни шунақа кузатмимиз, омад, олға йигитлар
   
22 сен 13:46:33
Хакикатгуй
Левандовски келар экан. Мана тарбия.
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика