UZ

Сўнгги янгиликлар

21:49Уругвай термаси техник ҳамкорсиз қолди, жамоа брендсиз либосларда ўйнамоқда  0 21:26Суперлига. "Динамо" — "Металлург" 2:1. Highlights  0 21:07"Бухоро" ва "Хоразм" ўртасидаги марказий учрашувдан ГАЛЕРЕЯ  0 20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  24 20:32Дунёнинг етакчи лигалари ФИФАни судга бермоқчи  2 20:15"Локомотив" "SWM Motors" билан ҳамкорлик шартномаси имзолади  0 20:00Руслан Аҳмедов: "Биз натижа учун ўйнаяпмиз. Чиройли ўйин иккинчи даражали"  0 19:50Улуғбек Бақоев: "Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради"  11 19:33Кварацхелия "Наполи"дан кетмоқчи эмас  2 19:11"Арсенал" Йозуа Киммихга қизиқмоқда  7 18:15ПРО лига. Тошкентда ўтган "Бухоро" - "Хоразм" учрашувида дуранг қайд этилди  14 17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  1 17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  14

"Суперлигада юқори савияда ҳакамлик қилинади. Шомуродов Дзюбадан кучлироқ". Россиялик ҳакам – Ўзбекистон, мамлакат футболи ва уруш ҳақида Янгиликлар

"Суперлигада юқори савияда ҳакамлик қилинади. Шомуродов Дзюбадан кучлироқ". Россиялик ҳакам – Ўзбекистон, мамлакат футболи ва уруш ҳақида

У Ўзбекистон миллий терма жамоаси қачон Жаҳон чемпионатига чиқишини айтди.

Куни кеча "Алё, реф!" (ҳақиқий исми – Анатолий Синяев) телеграм канали асосчиси – Илья Обломов Ўзбекистонга учиб келди. У россиялик собиқ ҳакам бўлиб, ҳакамлик бўйича эксперт саналади. Сўнгги пайтларда у бизга Суперлига ўйинларида юз берган баҳсли ҳолатларни эксклюзив равишда таҳлил қилиб бермоқда.

"Championat.asia" мухбири Николай Егоричев у билан суҳбатлашиб, кўплаб мавзуларни муҳокама қилди. Ушбу интервью орқали қуйидагиларни билиб оласиз:

• Нима учун Анатолий бир муддат тахаллус остида ишлаган;

• Мэйсон Маунт иштирокидаги ўйинни қандай бошқарган;

• Қайси сабабларга кўра профессионал ҳакам бўла олмаган;

• Леонид Слуцкий Анатолийнинг танқидига қандай муносабат билдирган;

• Суперлигадаги ҳакамлик борасидаги фикри қандай;

• Уруш бошланганидан сўнг унинг ҳаёти қандай ўзгарди;

• Нима учун у ҳалигача Дмитрий Тарасовдан миннатдор;

• Ким яхшироқ – Равшан Эрматов ёки Сергей Карасёв.

Тахаллус, жароҳат, ёш Маунт ва Тарасовдан ёрдам

- Бир муддат тахаллус остида ишлагансиз. Сизга нима деб мурожаат қилсак бўлади – Анатолий ёки Илья? Нима учун ўзингизга тахаллус танлагансиз ўзи?

- Илья Обломов – менинг севимли адабий қаҳрамоним (Иван Гончаровнинг "Обломов" романидан – таҳририят эслатмаси). У диванда ётиб, ҳаёт, дунё ҳақида ўйларди. Мен эса ўзига хос "диван мутахассиси"ман: дивандан туриб ҳакамлик билан боғлиқ баъзи вазиятларни баҳолайман.

Ўз номимдан ёзмаслигимнинг сабаби ҳакамлар даврасида танишларим кўп эди. Ким биландир бирга ўқиганман, ким биландир эса бирга ҳакамлик қилганман. Россиянинг Биринчи, Иккинчи Дивизиони ва ҳаттоки Премьер-лигада ҳам ишлаётганлар бор. Мени гўёки "буюртма бўйича" ёзяпти, кимнидир оқлаяпти ёки аксинча, танқид қиляпти, деб гапиришларини хоҳламадим.

Тахминан бир йил давомида мен Илья Обломов сифатида ёздим. Баъзилар мени ҳали ҳам шундай чақиришади, муаммо йўқ. Бунга кўникиб ҳам қолдим. Бир куни РПЛнинг бир нечта ҳакамлари билан зиддиятга учраган Леонид Слуцкий ҳақида мақола ёздим. Унда мен у ёлғон гапираётганини ёздим. У бутунлай нотўғри бўлган статистик маълумотларни берганди.

Мақола тезда тарқалиб кетди. Кейин мени "Telesport" веб-сайтига таклиф этишди ва футбол бўлими бошлиғи менга Слуцкий бу мақола ҳақида билишини, "адабий характер" билан баҳслашишга тайёр эмаслигини айтди – у фақат жонли одамга жавоб беришга тайёрлигини билдирган. Раҳбар ўз номимдан ёзишим кераклигини ва бунинг ҳеч қандай ёмон жойи йўқлигини айтди.

- Ўз номингиз билан иш бошлаганингиздан кейин бирор нарса ўзгардими?

- Мен бундай демаган бўлардим. Ҳа, "Алё, реф!" телеграм каналимни ўқиб юрган, аммо бу канални ким юритишини билмайдиган танишларим бор эди. Улар, албатта, ҳайратда қолишди. Бироқ умуман олганда, ҳамма қўллаб-қувватлади, мен кўплаб ҳакамлар билан яхши муносабатдаман. Ҳатто илгари танимаган ҳакамларим билан ҳам танишдим. Мен ҳаммаси билан суҳбатлашиб, баъзи вазиятларни муҳокама қила оламан.

- Ўзингиз ҳақингизда қисқача гапириб берсангиз: қаерда ўқигансиз, қайси учрашувларда ҳакамлик қилгансиз?

- "Футбол ҳаками" марказида таҳсил олганман. Бу, эҳтимол, Россиядаги энг яхши ҳакамлик мактаби. Ўшанда уни Андрей Дмитриевич Будогосский бошқарган, афсуски, у ҳозир ёмон аҳволда – операциядан кейин деярли ўрнидан тура олмай қолган. Бу мактаб Россияга Сергей Карасёв, Алексей Еськов, Евгений Турбин каби ҳакамлар ва ассистентларни берди. Аслида ҳакамлар кўп, фақат кимнидир унутиб қўйишдан қўрқяпман. Мен, назаримда, тартиб билан санасак, ўнинчи авлод битирувчисиман, Карасёв биринчиси бўлган.

У ерда тўрт йил ўқидим ва бир вақтнинг ўзида ҳакамлик қилдим. Мени москвалик ҳакамлар бригадасига тайинлашди. Ҳамма каби болалар футболидан бошладим: дастлаб ён ҳакам эдим, кейин бош ҳакамликка ўтдим. Кейинчалик КФК (Россиянинг учинчи дивизиони – таҳр.)да ишладим, "Истеъдодлар ва мураббийлар" дастурида қатнашдим. Шундан кейин юқорига қадам қўйиш вақти келди.

Ҳаммаси жуда яхши кетаётганди. Халқаро турнирларда ишлай бошладим, Самарада ҳатто Мэйсон Маунт иштирокидаги баҳсда ҳакамлик қилдим – у "Челси" ёшлар жамоаси билан келганди. Ўшанда 13 ёки 14 ёшда эди. Натаниэль Чалоба каби бошқа ёш юлдузлар ҳам бор эди, у ҳам "Челси"нинг асосий жамоасида ўйнаган. Ҳар хил ҳакамлар, назоратчилар ишимни кузатишди. Улар келажагим борлигини ва мен бемалол профессионал футболга киришим мумкинлигини таъкидлашди.

- Кейин нима бўлди?

- Афсуски, чемпионатлардан бирида жароҳат олдим. Адашмасам, 2014 йил эди. Бу чемпионатнинг сўнгги ўйинида содир бўлди. Тиззам билан боғлиқ муаммолар кузатилди: МРТ қайғули натижани кўрсатди, шифокорлар турли ташхисларни қўйишди ва турли хил даволаш усулларини таклиф қилишди.

Узоқ вақт даволандим - тахминан бир йил. Умуман югурмадим, бу вақт ичида ортиқча вазн тўпладим ва нормативларни топшира олмай қолдим. Кейин тахминан бир ярим йил давомида ҳакамлик қилдим, аввалги даражамга қайтишга ҳаракат қилдим, аммо ҳакамликда буни қилиш жуда мушкул. Жароҳат олганингизда, сиз орқага қайтасиз ва ҳамма нарсани қайтадан бошлашингиз керак: яна болалар футболи, КФК ва ҳоказо.

Ҳа, ёшлар жамоалари чемпионатида бош ҳакам ёрдамчиси эдим. Ҳозир Россияда уни ЮФЛ билан солиштириш мумкин. Бу даражада бироз ишладим, Иккинчи дивизионга ўтишим мумкин эди, лекин бу иш бермади. Кейин асосий иш пайдо бўлди ва мен ҳакамликка кўп вақт ажрата олмасдим.

- Қандай қилиб тиззангиздан жароҳат олдингиз?

- Юкламалар кўпайиб кетиши ортидан шундай бўлди. Мен ўзимни яхши ҳис қилаётгандим, ўйиндан кейин уйга қайтдим, лекин эрталаб тиззам қовундек эди. Кеча Чорсуда сотиб олганим каби. Бироз вақт ўтгач, шиш пасайди, дорилар билан даволашга уриндим...

Охир-оқибат, операция қилдиришга тўғри келди. Шундан сўнг футболга қайта олмадим. Айтганча, бу рус ҳакамлигидаги муаммолардан бирини очиб беради: кўплаб истеъдодли ҳакамлар (гарчи мен ўзимни супер истеъдодли деб айтмаган бўлардим), жароҳат олганларида, барча муаммоларини ўзлари ҳал қилишга мажбур бўлишади ва бунда уларга ҳеч ким ёрдам бермайди. Лекин, хайриятки, таниқли футболчи Дмитрий Тарасов менга кўмак берди. Мен унга Instagram'да ёздим, вазиятни тушунтирдим. У менга Москванинг "Локомотив" клуби шифокори билан боғланиб, тикланишимга кўмаклашди. Мендан ҳеч ким пул олмади. Мен бу воқеани ҳеч қаерда реклама қилмаганман, Тарасов ҳам. У шунчаки бепарпо бўла олмади.


Telegram, "Матч ТВ", Ўзбекистон ва Суперлигадаги ҳакамлик

- Нега ўз Telegram каналингизни очишга ва ҳакамлик бўйича эксперт бўлишга қарор қилдингиз?

- Ҳакамлик қилганингиздан сўнг футболни мухлисдек кўра олмайсиз. Манзара бутунлай бошқача: майдонда ҳакамни қидирасиз, унинг позициясига баҳо берасиз, тўп узатилаётганда офсайд бор ёки йўқлигини дарҳол аниқлайсиз. Бу тажриба  орқали орттирилади – агар кўп йиллар давомида ҳакамлик қилган бўлсангиз. Мавсум учун 100-120 та ўйин тўғри келиши мумкин. Ёшлар даражасида бўлса ҳам, бу жуда кўп.

2019 йилда Вьетнамга ишлаш учун кетдим ва у ерда рус тилидан дарс бердим. Юклама Москвадагига қараганда анча кам ва бўш вақтим кўпроқ эди. Мен футбол, теннис ўйнардим ва бошқа нарсалар билан шуғулланардим. Ўрта мактабда эса ҳар ҳафта чиқадиган "Футбол" нашрида журналист бўлиб ишлаганман. Мақолалар ёзиб турардим, аллақачон журналистик тажрибам бор эди. Шунинг учун мен у ерга қайтишга ҳаракат қилишим мумкин деган фикр узоқ вақт давомида миямда турди. 

Шундай қилиб, "Total Football" журнали собиқ бош муҳаррири Николай Рогановни топдим. У ўзининг журналистика курсига биринчи гуруҳни йиғаётганди. Бу 2020 йилнинг ёзи эди, коронавирус туфайли бизга Россияга боришга рухсат берилмади ва шу боис айтарли ҳеч нарса қилмаётгандим. Николай менга нимани яхши билсам, шу ҳақда мақола ёзишни топширди. У менинг собиқ ҳакам эканлигимни билгач, бу мукаммал режа эканлигини айтди. Кейин ҳаммаси бутунлай ўзгариб кетди, мана икки йилдан бери ҳакамлик ҳақида ёзяпман.

- Сиздан қанчалик тез-тез шарҳлар сўрашади ва кимлар билан ҳамкорлик қилиб келяпсиз?

- Бир муддат "Sport 24" сайтида ишладим. Улар мени дарҳол ишга жалб қилишди – 2020 йилнинг ёзида мен канал яратдим ва август-сентябрь ойларида иш бошладим. Кейин мени тўлақонли журналист сифатида "Telesport"га жалб қилишди. Қишда у ердан кетдим, чунки асосий ишим билан жуда банд эдим. Менга Telegram'да ёзиш анча осон: ҳеч қандай чеклов йўқ, эркинлик бор, шу сабабли иқтибослар кўпайиб кетди. "Матч ТВ" шарҳловчилари вақти-вақти билан менинг каналимни ўқиб, ундан иқтибос келтиришади. Сўнгги пайтларда "Championat.asia" билан ҳамкорлик қилиб келяпман.

- Суперлига ўйинларидаги ҳакамлик борасида бир қанча шарҳлар ёздингиз. Ўзбекистонлик ҳакамларнинг тайёргарлик даражаси ҳақида қандай фикрдасиз?

- Ўзбекистонда ҳакамлар одамлар ўйлаганчалик эмас. Малакали ҳакамлар талайгина. Кўпинча шундай бўлади: минусларни ўзимиздан, футболимиздан қидирамиз. Гарчи Сергей Карасёв Жаҳон чемпионатида олтита ўйин ўтказиб, УEФА Суперкубогини яхши савияда бошқарган бўлса-да, Россияда ҳам шундай.

Суперлигада анча юқори савияда ҳакамлик қилинади. Ҳа, шундай вазиятлар бўлдики, ВАР негадир вазиятга аралашмади. Айрим эпизодларда ҳакамлар нима учун у ёки бу қарор қабул қилганини ҳақиқатдан ҳам тушунмадим. Аммо бунақаси Россияда ҳам учраб туради, бу инсон омили. Кўпинча ҳакамлар битта эпизод бўйича бир хил нуқтаи назарга эга эмаслар. Демак, ўзбек ҳакамлари замонавий талқинлар ва ФИФАнинг барча тавсияларидан хабардор.

- Ўзбек футболи ҳақида нималарни биласиз? Балки баъзи футболчилар ёки маҳаллий клублар ҳақида бирор нарса эшитгандирсиз?

- Оз-моз биламан. "Пахтакор" кўп карра чемпионлигини болалигимдан эслайман. Ҳозир бу қанчалик долзарблигини билмайман. Ривалдо Ўзбекистонга келиб, "Бунёдкор"да ўйнаган давр бўлди. Ўз-ўзидан Одил Аҳмедов ва Элдор Шомуродовни яхши биламан. Ўзбекистонликлар футболни жуда яхши кўришларидан ҳам хабардорман. Москвада Шомуродовнинг битта ҳам ўйинини ўтказиб юбормасликка ҳаракат қилган ва ҳар ўйиндан кейин унинг олдига бориб юрган ўзбек дўстим бор. У ҳатто унинг либослари бутун тўпламини тўплаган.

- Ўзбекистонга нима учун келдингиз ва бу ерда қанча вақт қоласиз?

- Мен саёҳат қилишни жуда яхши кўраман. Ўзбекистон – менинг ўттизинчи давлатим. Шу кунларда 30 ёшга тўлишим рамзий маънога эга. Кўп жойларда бўлганман, асосан Европада, лекин ҳозир у ерга боришнинг иложи йўқ. Мен узоқ вақтдан бери Марказий Осиёни кўришни хоҳлардим, бе ердаги маҳаллий маданият менга жуда ёқади. Вьетнамда икки йил яшаганман. Умуман, Ўзбекистонга бориш ғояси отамга тегишли: у 1980 йиллар охирида ҳарбий хизматни ўтаганда ўзбек хизматдошлари кўп бўлган. Улар билан учрашмоқчи эди, аммо унга ишидан рухсат беришмади. Шу боис, Ўзбекистонга онам ва рафиқам билан келдим.

Биз 10 кунга келдик. Тошкентда уч кун бўламиз, шундан сўнг Зоминга, у ердан эса Самарқанд ва Бухорога борамиз. Ўзбекистон билан биринчи танишув учун жуда классик маршрут.

- Тошкент ҳақида нима дейсиз? Қаерларда бўлдингиз?

- Бугун Тошкент вилоятига, Чимён ва Чорвоққа йўл оламиз. Шаҳар марказида бўлиб, боғларда сайр қилдик. Телеминора яқинидаги палов марказига кирдик. Инсонлар дўстона, очиқкўнгил ва Ўзбекистонга бундай туристик қизиқиш борлигидан жуда хурсандман.

Айтганча, мен бу ерда расм сотиб олдим. У ўралган ҳолатда, шунинг учун кўрсатолмайман. Унда Шарқ манзаралари акс этган тунги карвон бор. Рассомнинг исми Жамшид Чоршанбиев, унинг укаси ва отаси билан суҳбатлашдим. Улар ўзига хос рассомлар сулоласи экан.

"Кетиш учун вариантлар бор, лекин мен Россияни тарк этишни хоҳламайман"

- 24 февраль куни қаерда эдингиз?

- Эрта тонгда уйғондим, ўшанда Абу-Дабида эдим. Мен у ердан Москвага эрта парвоз қилдим. Telegram'ни ўқиб, бу хабардан даҳшатга тушдим. Нарсаларимни йиғдим ва аэропортга бордим. У ерда икки киши навбатда турган экан: бири Москвага, иккинчиси Киевга учиши керак. Биз украиналиклар билан ёнма-ён турибмиз, бир-биримизга қараб, нима қилиш кераклигини, бу вазиятда ўзимизни қандай тутишимиз кераклигини тушунмадик.

Ким нима деса десин, лекин биз деярли бир хил одамлармиз. Бизнинг маданиятимиз ўхшаш, бир хил тилда гапирмасак-да, жуда ўхшаш тилларда гаплашамиз. Филолог сифатида айтишим мумкинки, XV асргача эски рус тилининг рус, украин ва беларусь тилларига бўлиниши йўқ эди. Бу турли диалектлар, лекин ҳамма бир-бирини тушунган ва ҳали ҳам тушунади.

Охир-оқибат, рейсимиз бекор қилинди. Улар ҳатто осмон икки ҳафта давомида бутунлай ёпилишини айтишди, аммо ўша куни кечқурун қийинчилик билан Дубайдан учиб кетишга муваффақ бўлдик.

- Ўшандан кейин ҳаётингиз қай даражада ўзгарди?

- Хотиним билан мактабда ишлаймиз, рус тилидан дарс берамиз, шунинг учун маошимиз деярли ўзгармади. Яхшиямки, Киевдаги қариндошларимизни йўқотмадик. 

Мен ва оилам буёғига қаерда ва қандай яшаш бўйича жиддий бош қотиряпмиз. Ҳозирча ҳеч нарса аниқ эмас. Кетиш вариантлари бор, лекин Россияни тарк этишни хоҳламайман. Мен ўз ватанимни севаман, у ерда туғилиб ўсганман. Россияда менинг оилам, қариндошларим, дўстларим, севимли жойларим мавжуд. Шунинг учун биз шунчаки яшаб, буларнинг барчаси тез орада тугашига умид қилмоқдамиз.

- Даромадингиз борасида айтиб берсангиз...

- Деярли барча даромад мактабдаги ишимдан топилади. Telegram каналим туфайли репетиторликдан воз кечдим. Реклама таклифлари жуда кам учрайди. Ўйлайманки, бу аввалига ҳаммага рад жавобини берганим билан боғлиқ: мен умуман реклама чиқаришни истамадим, фақат ривожланмоқчи эдим. Энди биз ўйин қоидаларига мувофиқ ўқув лойиҳамизни қурмоқдамиз. Биринчи синов суҳбати аллақачон ўтди. Август ойининг охирига келиб, тўлиқ курсни йўлга қўямиз, деган умиддаман. Дарвоқе, у ерда ФИФА рефериси Сергей Лапочкин маърузачи бўлади. У улкан тажрибага эга. Менимча, унинг гапирадиган нарсалари кўп.

Умуман олганда, мен канал учун топганимдан кўра кўпроқ пул сарфлаяпман. Қўл остимда дизайнер, YouTube видеомонтажчиси бор. Биз яқинда Лапочкин билан суҳбат ёзиб олдик – бу тахминан 300 долларга тушди.

- Келажакдаги режаларингиз қандай?

- Ҳозирги шароитда ниманидир режалаштириш қийин. Келгуси ўқув йилида мактабда ишлайман. Менинг бешта гуруҳ 11-синф битирувчим бор, уларни ташлаб кетолмайман. Бу менинг мактабда ишлаётган ўнинчи йилим бўлади. Курс очиб, ундан пул ишласам, яхши бўларди.

Биз нафақат ўйин қоидалари ҳақида гапирмоқчимиз. Бу ҳакамлар учун ҳам, айрим мухлислар учун ҳам қизиқ бўлиши мумкин. Масалан, ҳакам қандай яшаши ҳақида гапирамиз: у ўйиндан беш кун олдин, уч кун олдин, ўйиндан бир кун олдин, ундан кейин нима қилади. Умуман олганда, жуда кам одам биладиган барча нозикликларни очамиз. Умуман, қандай қилиб ҳакам бўлиш керак, бунинг учун қандай босқичлардан ўтиш кераклиги хусусида тўхталамиз. Умид қиламанки, курс муваффақиятли ўтади, чунки у устида катта жамоа ишламоқда: собиқ ва ҳозирги ҳакамлар, жумладан, Сергей Лапочкин, шунингдек, дизайнерлар ва бошқа одамлар.


Блиц

- Интервью пайтида Дуд билан ўхшашликдан узоқлашолмаймиз. Шунинг учун блиц-саволларга навбат берамиз.

- Элдор Шомуродов ёки Артём Дзюба?

- Шомуродов, чунки у ажойиб ҳужумчи. Дзюба футбол ўйнашни билади, лекин у шахс сифатида мени ҳайратда қолдирмайди.

- Равшан Эрматов ёки Сергей Карасёв?

- Менимча, бу энг қийин савол. Иккиси ҳам жуда зўр. Албатта, Эрматов халқаро стандартлар бўйича юқорироқда туради. Мен у билан интервью ташкиллаштириш учун яна Ўзбекистонга учиб келишга тайёрман. Ҳакамлик қилган дамларимда бизга Эрматов ишини ўрнак қилиб кўрсатишарди.

Бироқ Карасёв ҳам ҳурматга лойиқ. У УEФА Суперкубогини бошқарган ягона россиялик ҳакамдир. Унда Чемпионлар Лигаси ёки Европа Лигаси финалига тайинланиш учун барча имкониятлар бор эди. Ҳозирда, афсуски, у Европада ҳакамлик қила олмайди.

- Одил Аҳмедов ёки Игорь Денисов?

- Денисов. Аҳмедов, назаримда, кўпроқ техник футболчи эди, у кўпроқ ижод қиларди. Денисов ўз авлодининг энг яхши ўйинчиларидан бири, у майдон марказида ҳамма нарсани "кемирарди". У қайта тикланган "Локомотив"га келиб, уни чемпион қилганди.

- Палов ёки борш?

- Палов. Менга палов ёқади, ҳатто Россияда ҳам. Маҳаллий палов икки баробар яхши. Икки хил паловни татиб кўрдим – тўй оши ва чойхона оши. Жуда мазали.

- Россия терма жамоаси ёки Украина терма жамоаси (соф футбол нуқтаи назаридан)?

- Бу саволга жавоб бериш мен учун қийин, чунки Украина терма жамоаси иштирокидаги ўйинларни анчадан бери кўрганим йўқ. Шу билан бирга, Россия терма жамоасининг ўйинидан қойил қолдим демайман. Айтганимдек, биз футболимизни тез-тез танқид қиламиз. Аммо Украина терма жамоасида Европа даражасидаги футболчилар кўпроқ.

- +40 даражадаги иссиқ ёки совуқ ва қорли об-ҳаво?

- 640 даражадаги иссиқ, чунки совуқ ва қор – бу даҳшат. Сиз бирор жойга жўнашдан ярим соат олдин уйдан чиқишингиз, машина ёнидаги қорни курашингиз ва уни қиздиришингиз лозим. Вьетнамда икки йил яшадим ва у ерда ҳамма нарса менга ёқди. Агар Вьетнам Россияга бироз яқинроқ бўлганида, у ерга қайтиб кетган бўлардим. Мен иссиққа яхшироқ дош бераман.

- Сайёрамизнинг севимли масканлари?

- Москва. Бу мутлақо ҳамма нарса бўйича Россиядаги энг яхши шаҳар. Ҳа, Москва шовқинли ва катта, аммо инфратузилма бўйича Европада ҳеч кимдан кам эмас. Мен Вьетнамни ҳам ажратиб кўрсатаман – жуда гўзал жой, битта жойни ажрата олмайман. Албатта, Париж. Агар шундай имконият бўлса, ҳар йили у ерга қайтишга тайёрман. Охирида Будапештни ҳам қўшаман.

- Ўзбекистон терма жамоаси Жаҳон чемпионатига чиққанида неча ёшда бўласиз?

- Навбатдаги Жаҳон чемпионати 2026 йилда бўлади – демак, 34 ёшда. Ҳозир "Championat.asia" билан ҳамкорлик қилаётганимни ҳисобга олсак, Ўзбекистон терма жамоасининг натижаларини кузатиб бораман. Омад тилайман! Умид қиламанки, Ўзбекистон кейинги Жаҳон чемпионатига чиқади.


Николай Егоричев суҳбатлашди

Шерзод Нурматов таржимаси

Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика