UZ

Сўнгги янгиликлар

12:33Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи: " Бу бизга яхши тажриба бўлди ва унинг самарасини Жаҳон чемпионатида кўрсатамиз"   2 12:10Веско Стешевич: "Забиҳилло Ўринбоевнинг сафга қайтишини интиқлик билан кутмоқдамиз"  0 11:48Интервью. Станислав Андреев: "Пахтакор" ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли рақиб. "Сўғдиёна" кубокни ютишни мақсад қилган"  2 11:46Воҳид Шамсаи: "Ўзбекистонга қарши ўйинда футзалда учратмаган ҳодисага гувоҳ бўлдим"  12 11:33Хосе Венансио Лопес: "Ушбу Осиё кубогидан мамнунман"  6 11:09Баҳодир Ҳакимқулов: "Кубок ўйинлари давомида тажриба тўпладик"  1 10:55Саудия Арабистони U-23 бош мураббийи: "Шогирдимнинг четлатилишига Ўзбекистон терма жамоасининг тактикаси сабаб бўлди"  32 10:45«Барселона» Левандовски билан янги шартнома тузишга тайёр, фақат битта шарт билан  5 10:23Виталий Левченко: "Иккинчи бўлимда назорат қўлимизда бўлишига қарамай вазиятлардан фойдаланмадик"   0 10:21Шуҳрат Қурбонов: "Бизга битта ғалаба зарур эди"  1 09:55«Ливерпуль» Слот учун «Фейеноорд»га қанча товон тўлагани маълум  5 09:31Мбаппенинг «Реал Мадрид»даги маоши маълум  4 09:05Хушбек Қосимов: "Мақсадимиз ёш футболчиларни катта футболга муносиб тайёрлаш"  1 08:39Кутганмидингиз? Тен Хаг ёзда «Манчестер Юнайтед»ни тарк этади  35 08:13Неъматилло Қуттибоев: "Цементчи" Биринчи лигада рақобат ярата олади"  1

Суперлига. 21 йиллик ғалаба, мураббий туфайли кечиккан ўйин ҳамда четлатишларга олиб келган жанжал — 3-тур нимаси билан ёдда қолди? Янгиликлар

Суперлига. 21 йиллик ғалаба, мураббий туфайли кечиккан ўйин ҳамда четлатишларга олиб келган жанжал — 3-тур нимаси билан ёдда қолди?

Теглар :  Суперлига-2024
Ўзбекистон Суперлигасининг 3-тури якунига етди.

"Локомотив" — "Пахтакор" 3:0

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Чемпионлар беллашуви

Мазкур турда ўтган мавсумда Ўзбекистонда даража жиҳатдан иккинчи ўринда турувчи Про лига ғолиби "Локомотив" юқори элита ҳисобланган Суперлига чемпиони "Пахтакор" билан дуэлга чиқди ва Дантеснинг Пушкинга қилган ишини "такрорлади".

- Мураббий туфайли кечиккан ўйин

Мазкур ўйин белгиланган вақтдан 6 дақиқа кеч бошланди. Режа бўйича ўйин 18:45 да старт олиши лозим эди. Спорт-ТВ трансляцияни ўз вақтида бошлади, ПФЛ расмийлари, "Пахтакор" клуби вакиллари countdown'да кўрсатилган вақтда техник зонага чиқиб келди. Бироқ "Локомотив" 18:45 ҳолатида ҳам кийим алмаштириш хонаси эшигини очмаган. Мураббий Александр Стоймирович ПФЛ комиссарига нисбатан беписанд муносабатда бўлган. Мазкур ҳолат инобатга олиниб, ПФЛ Стоймировични жаримага тортган.

- Пенальти

Учрашувнинг 36-дақиқасида "Пахтакор" ўйинчиси Умар Адҳамзода радарларга байрам қилиш учун етарли тезликда жарима майдонига кириб бораётган Сардор Абдунабиевни йўл-патрул ходими сингари таёғи билан эмас, оёғи билан тўхтатди. Учрашув бош ҳаками эса рақибини бесабаб тўхтатган меҳмонлар вакилини айбдор деб топди ва баҳсни нуқта чизилган жойдан ҳал қилиш кераклигини кўрсатди. Павел Павлюченко қанчалик ташланмасин, Дамьян Крайишник тепган тўпни бағрига боса олмасдан, ўтказиб юборди.

- Алдама мени

Ўйиннинг 47-дақиқасида "Пахтакор" ҳимоячиларининг қўпол хатоси натижасида Иван Булатович ҳисобни йирик кўринишга келтирди ва голини нишонлаш жараёнида либосини ечди. Қизиқ томони, футболчи либоси остидан худди шу кийимнинг бошқасини кийгани маълум бўлди. Бироқ форвард ўз эътирозига қарамай, ҳакам томонидан сариқ карточка билан жазоланди.

- Абдужалиловнинг омадли дебюти

"Локомотив" дарвозасини дастлабки икки турда Суҳроб Султонов қўриқлаганди. Мамлакатнинг амалдаги чемпионига қарши баҳсда эса ўтган мавсум клуб сафида ишончли ҳаракат қилган Абдумавлон Абдужалилов майдонга тушди ҳамда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаш билан бир қаторда турнинг энг яхши дарвозабони деб топилди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Иван Булатович ("Локомотив")

Мураббийлар фикри

Александр Стоймирович ("Локомотив" катта мураббийи):

"Олимпик" билан ўйиндан кейин бу учрашувга тайёрланишга вақтимиз камроқ бўлди. "Пахтакор"нинг "Насаф" билан ўйинини кузатдик. "Насаф" ҳам биз каби  ўйин кўрсатади, биз каби схемада ўйнайди. Ёрдамчим Марко Байич билан ўша ўйинга бордик ва кўп нарсаларни кўриб олдик. Вақтимиз кўп эмасди. Бугун кўринганидек йигитлар билан ўйинга юқори даражада тайёрлана олдик. Бу сафар биз ўйин сифатимизни кўтара олдик. Натижа нуқтаи назаридан бу ижобий кўриниши мумкин. Бироқ кейинги сафар бундай ҳисобда юта олмаслигимиз мумкиндир. "Металлург" билан ўйиндан кейинги матбуот анжуманида айтганимдек, "Локомотив" янги жамоа қурмоқда. Чемпионат давомида жисмоний ҳолатимизни яхшилаб борамиз. Бугунги учрашув орқали йигитлар сифатни бир поғона яхшилаб олганини кўрсата олишди. Бироз бўшашиб, руҳий томонлама ўйинга юқори даражада тайёрланишди. Тактика нуқтаи назаридан "Олимпик" билан ўйиндаги ҳолат ўзгармади. Фақатгина ўзимизга муаммо келтириши мумкин бўлган нарсаларни олиб ташладик. Футболчилар кўп техник хатоларга йўл қўйишади. Шу сабабли уларни руҳан тайёрлаш керак бўлди. Йигитларни табриклайман, улар бу ўйинда ҳақли ғалабага эришишди. Ҳаракат қилишди ва юқори даража намойиш қила олишди. Такрорлайман, бу сафар учта гол ургандирмиз, кейинги ўйинда бундай бўлмаслиги мумкин".

Максим Шацких ("Пахтакор" бош мураббийи):

"Бугун бизнинг кунимиз эмас экан. Ёшларда стабиллик етишмаслиги табиий. Биз нима айтган бўлсак тескариси бўлди. Ҳеч нарса ўхшамади. 3 та голни ҳам ўзимиз олиб келдик".

Қизиқарли фактлар

- "Локомотив" 2018 йилдан кейин илк бор ўз уйида "Пахтакор"га гол урди.

- "Локомотив" ўзаро 8 ўйиндан иборат ғалабасиз серияга чек қўйди. 

- "Пахтакор" Суперлигада 2020 йил 25 ноябрдан буён (1205 кун) илк бор йирик ҳисобда мағлуб бўлди. Ўшанда "шерлар" Қаршида "Насаф"га 0:3 ҳисобида ютқазишганди.

- Учрашув бош ҳаками Рустам Лутфуллин 2022 йилги "Пахтакор" - "Локомотив" учрашувида ҳам бош ҳакам сифатида ишлаганди (2:0). Шунингдек, у 2020 йилги "Пахтакор" - "Локомотив" (7:0) ўйинида захира ҳаками бўлганди. 

- "Пахтакор"га қарши ўйинда ҳисобни очган Сардор Абдунабиев ўтган мавсум "Андижон" сафида пойтахт клубига қарши ҳар икки ўйинда голли узатма амалга оширганди.

- "Локомотив" Суперлигада 2017 йилдан бери дастлабки уч ўйиндаги энг яхши натижасини қайд этди. Ўшанда "темирйўлчилар" учала ўйинда ҳам зафар қуган, якунда эса чемпионликни қўлга киритганди.

- "Пахтакор" дарвозабони Павел Павлюченко Ўзбекистон Суперлигасида илк маротаба дарвозасидан битта ўйинда биттадан кўп гол ўтказди.

"Нефтчи" — "Металлург" 1:0

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Дарвозабонлар маҳорати

Учрашув давомида иккала клуб дарвозабонлари сувга шўнғиган ҳаракат намойиш қилиб, бир неча хавфли зарбаларни бартараф этишга муваффақ бўлди.

- Жабрдийда меҳмонлар

Ўйин давомида кўп маротаба бекободликларнинг бир нечта футболчиси шифокорлардан ёрдам олишга мажбур бўлди. Айрим тўқнашувлар хавфли чиқди.

- Муваффақиятсиз қарши ҳужум

Ўйиннинг 84-дақиқасида меҳмонлар тезкор қарши ҳужумга ўтди. Шаҳзод Убайдуллаевнинг зарбасини "Нефтчи" ҳимоячиси сўнгги сонияларда бартараф этди.

- "Ўтмас қайчи"

Айнан юқоридаги ҳужумнинг давоми ўлароқ бурчакдан узатилган тўп натижасида яна Шаҳзод Убайдуллаев жуда яқин масофадан "қайчи" услубида зарба йўллади, бироқ рақиб посбони халақит бергани туфайли унинг уриниши муваффақиятсиз якунланди.

- Ягона гол

Беллашувнинг 88-дақиқасида Каталин Карп жарима майдони чизиғи устидан аниқ зарба йўллаб, ўйиндаги ягона голни урди. Қизиқ томони, ярим ҳимоячи 8-дақиқадаёқ рақиб футболчисига нисбатан қўпол ўйнаб, майдондан четлатилишига бир баҳя қолганди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Каталин Карп ("Нефтчи)

Мураббийлар фикри

Виталий Левченко ("Нефтчи" бош мураббийи):

"Бугун "Металлург" бизга жуда қаттиқ қаршилик кўрсатди. Оғир ўйин, вазиятларни юзага келтириш осон бўлмади. Шундай бўлса-да, юзага келган имкониятдан унумли фойдаланган ҳолда натижага эришдик".

Веско Стешевич ("Металлург" бош мураббийи):

"Қизиқарли ўйин гувоҳига айландик. Биринчи бўлим ҳар икки жамоа учун ҳам қийин ўтди. Тенг кураш кечди, "Нефтчи"да ҳам, бизда биттадан вазият юзага келди холос. Иккинчи бўлим янада қизиқарли ва вазиятларга бой ўтди. Чемпионликка курашаётган кучли рақиб майдонида ёмон ўйнамадик деб ўйлайман. Ҳар икки жамоада ҳам вазиятлар кўпайди. Айниқса гол ўтказиб юборганимиздан сўнг биздаги вазиятлар сони янада ортди. Бугунги ўйин учун футболчиларимга эътироз йўқ".

Қизиқарли фактлар

- Фарғонадаги сўнгги 8 учрашувнинг фақат биттасида "Металлург" ғолиб бўлган (2017 йил).

- Бекобод клуби Фарғонадаги охирги 4 та учрашувдан бери бирорта гол ура олмаяпти.

- "Металлург"нинг "Суперлига доирасидаги 3 ўйинлик мағлубиятсиз серияси якунланди.

- "Нефтчи" кетма-кет иккинчи мавсумнинг дастлабки уч турни ғалаба билан бошлади.

- "Нефтчи"нинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 5 ўйинга етди.

"Сўғдиёна" — "Олимпик" 2:2

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Кечирилмас хатолар

Ўзбекистон олимпия терма жамоасининг негизини ташкил этувчи "Олимпик" клуби футболчилари учрашувнинг дастлабки дақиқаларида кафтни пешонага қўядиган хатти-ҳаракатлар амалга оширди ва бу қимматга тушди. Жумладан, 3-дақиқадаёқ Зевадиновнинг қўпол хатосидан сўнг мезбонлар ҳисоб ҳисобни очган бўлса, ярим соатдан сўнг тошкентликлар дарвозабонининг ноаниқ узатмаси таблога қарайдиган ходимнинг тер тўкишига сабаб бўлиши мумкин эди.

- Камбэк

Дастлаб ўз дарвозасидан иккита тўп ўтказиб юборганига қарамай, "Олимпик" футболчилари ўзларида ирода топа олишди ва ҳисобни тенглаштирди.

- ВАР катта саҳнада

Бош ҳакам учрашув давомида уч маротаба ВАРга мурожаат қилди. Улардан бирида "Сўғдиёна"нинг голи инобатга олинди. Шунингдек, икки жамоа дарвозаси томон биттадан пенальти белгиланмади.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Алишер Одилов ("Олимпик")

Мураббийлар фикри

Иван Бошкович ("Сўғдиёна" бош мураббийи):

"Жуда қизиқарли ўйин бўлди. Тўртта гол, жуда кўп вазиятлар. Бу ўйинга жуда кучли тайёргарлик кўргандик. Тўғриси, бугунги учрашувдан кўпроқ нарса кутгандим. 2:0 ҳисобида олдинда бораётгандик. Футбол шунақа спорт тури. Гол урмасанг, сенга гол уришади. Биринчи тайм охирида гол ўтказиб қўйдик. Концентрацияни йўқотиб қўйдик. Стандард вазиятдан гол ўтказиб юбордик. Стандард вазиятлар бизнинг устунлигимиз бўлиши керак эди. Йигитлар билан танаффусда суҳбатлашиб олгандим. Биринчи бўлим сўнгида ўтказиб юборилган гол иккинчи бўлимда бизга руҳан таъсир қилмайди деб ўйлагандим, аммо бундай бўлмади. Йигитлар ҳаракат қилишди, уларга эътироз йўқ. Бор кучларини ишга солишди. Голли вазиятлардан фойдаланиш керак. Дуранг адолатли натижа дея оламан".

Тимур Кападзе ("Олимпик" бош мураббийи):

"Қизиқарли ўйин бўлди. Иккала жамоа ҳам яхши ўйин кўрсатдик. Икки тўп фарқини йўққа чиқарганимиздан хурсандман, қийин ҳолатдан чиқиб кетдик. Ғалаба қозонишимиз ҳам, мағлуб бўлишимиз ҳам мумкин эди. Ўйин охирида очик футбол кўрдик. Бугун йигитлар яхши ҳаракат қилишди дея оламан. Қаердадир хатолар бўлган бўлиши мумкин, аммо йигитлардан қониқдим. Қийин учрашувда бир очко қўлга киритдик".

Қизиқарли фактлар

- "Сўғдиёна" ўз тарихида "Олимпик"ни мағлуб эта олмаяпти. Жамоалар бешинчи ўйинда тўртинчи маротаба дуранг ўйнади.

- Суперлигада "Олимпик" тўрт, "Сўғдиёна" эса беш ўйиндан бери ғалаба нималигини билмаяпти.

- Олег Зотеев Суперлигадаги охирги голини 2019 йил "Бухоро" дарвозасига урганди.

- 20 ёшли ҳимоячи Александр Зевадинов Суперлигадаги дебют голини урди.

- Алшер Одилов ўтган мавсум ҳам Жиззахда бўлиб ўтган Суперлиганинг 2-турида "Сўғдиёна" дарвозасини айнан пенальтиан ишғол қилганди.

- "Олимпик" дастлабки уч турда ўз тарихидаги энг ёмон стартни амалга оширди. Учинчи мавсум Суперлигада қатнашаётган клуб 2022 йил уч ўйинда 2 очко жамғарганди.

"Сурхон" — "Андижон" 2:3

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Голларга бой ўйин 

Учрашув давомида кўчпилик мактабда эришишни орзу қиладиган баҳога тенг голлар урилди.

- Пенальти

34-дақиқа "Сурхон" ўйинчиси Дмитри Плетнев ўз жарима майдончаси ичида рақибини майдонга йиқитди. Ҳакам Фарҳоджон Соҳибжоновга нисбатан ишлатилган бу ҳаракат пенальти белгиланишига сабаб деб топди ва нуқтага ишора қилди.

-  Ифторлик

Рамазон ойи муносабати билан рўза тутган футболчиларни ифторлик қилиши учун ўйин қисқа муддатга тўхтатилди.

- Қойилмақом жарима зарбаси

Иккинчи бўлимга ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларнинг тўртинчисида Ҳумоюн Шербўтаев жаримадан ажойиб гол уришга муваффақ бўлди.

- Ҳакам ҳуштагидан кейинги жанжал ва четлатишлар

Беллашув якунига етгач, ўзаро низога борган Егор Кримец ва Шаҳром Самиевга бош ҳакам Аскер Нажафалиев томонидан қизил карточка кўрсатилди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Фарҳод Соҳибжонов ("Андижон")

Мураббийлар фикри

Февзи Давлетов ("Сурхон" бош мураббийи):

"Ўйин биз кутганимиздек бўлди. Ўйинга тайёргарлик жараёнида рақиб стандарт вазиятлардан яхши фойдаланиши билгандик. Айнан стандарт вазиятидан гол ўтказиб юбордик. Айрим бир жиҳатларда ўйинимиз ўхшамади. Йўқ жойдан пенальти олиб келдик. Ҳужумда агрессивроқ ўйнашимиз керак эди".

Александр Хомяков ("Андижон" бош мураббийи):

"Ғалаба қозонганимиздан хурсандмиз, аммо Ўйин сўнгида ўтказиб юборилган икки гол мени ранжитди. Хотиржам ғалаба қозонишимиз керак бўлган ўйинни асабий тарзда тугатдик. Ўйинни ташлаб юбордик. Бугунги учрашув бизга дарс бўлади деган умиддаман".

Қизиқарли фактлар

- Андижон" "Сурхон" майдонида охирги уч ўйин гол ура олмаганди. Охирги беллашувда эса нақ учта гол билан жавоб берди.

- "Андижон" сўнгги марта "Сурхон" майдонидан 2003 йилда ғалаба билан қайтган ва сафарда сўнгги бор 2004 йилда бу жамоага гол урганди. Мазкур нохуш анъанага ҳам чек қўйилди.

- "Сурхон" охирги марта 2002 йилги мавсум чемпионатни уч мағлубият билан бошлаган. Термизликлар ўшанда кетма-кет олти ўйинда ғалаба қозона олмаган.

- "Андижон" ўз тарихида илк маротаба Ўзбекистон чемпионатининг дастлабки уч турида 7 очко жамғарди.

- Егор Кримец 997 кундан сўнг майдонга қайтди. Футболчи 2021 йил 23 июнь куни "Пахтакор" сафида айнан "Андижон"га қарши ўйнаганди. Бироқ қайтиш омадли бўлмади.

"Насаф" — "Қизилқум" 2:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- "Қизилқум"нинг илк мағлубияти

Навоийликлар дастлабки икки турда олти очко қўлга киритишга муваффақ бўлганди. 3-турда эса мавсумдаги илк мағлубиятини қабул қилиб олди.

- Омадсиз Марушич

Биринчи бўлимга қўшиб берилган дақиқаларда "Насаф" ҳужумчиси Зоран Марушич рақиб дарвозабони билан бирга-бир вазиятга чиқиб бориб, ноаниқ зарба йўллади ва қулай имкониятни кўкка совурди. 

- Тур голи

Гарчанд имкониятни бой беранига қарамай, "Қизилқум" вингери Акаки Шулая рақибнинг бир неча футболчисини доғда қолдириб, ўткир бурчакни аниқ нишонга олди.

- Пешонаси ғурра бўлган бўлган дарвоза

Ўйин давомида "Насаф"нинг бразилиялик ҳужумчиси Виктор Да Силва фаол ҳаракатлари билан кўзга ташланди. 51-дақиқада у рақибларини яна бир маротаба хафа қилиши мумкин эди, аммо унинг зарбаси дарвоза тўсинига тегиб қайтди.

- Қизил карточка

83-дақиқада "Қизилқум" ҳимоячиси Илҳом Ваҳобов рақиб дарвозабонига тезкор қарши ҳужум бошлаш учун халақит қилгани боис иккинчи бор огоҳлантирилиб, майдондан четлатилди ва жамоасини бироз қийин аҳволга солиб қўйди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Акмал Мозговой ("Насаф")

Мураббийлар фикри

Рўзиқул Бердиев ("Насаф" бош мураббийи):

"Учрашувнинг шунақа оғир ўтишига ўзимиз сабабчимиз. Биринчи бўлимдаги хотиржамлик ва ишонч иккинчи бўлимда сусайиб қолди. "Қизилқум" жамоаси бизга жуда яхши қаршилик кўрсатди, гол кирита олди. Шундай бўлса ҳам йигитларга рахмат айтаман, улар майдонда охиригача курашишди. Вазиятларимиздан тўғри фойдалана олганимизда ҳисоб бундан ҳам яхшироқ тус олиши мумкин эди".

Жамшид Саидов ("Қизилқум" бош мураббийи):

"Биринчи бўлимда вазиятларимиз ўхшамади. "Насаф"ни ғалаба билан табриклайман. Ўйинга тайёрлаган режаларимиз бор эди. Қарши ҳужумлардан фойдаланишга ҳаракат қилдик. Иккинчи бўлимда вазиятларимиз кўпайди, ўйинимизни кучайтира олдик".

Қизиқарли фактлар

- "Қизилқум"нинг "Насаф"га қарши ғалабасиз серияси 11 та ўйинга етди. Сўнгги бор Навоий клуби 2018 йилги мавсумда ўз майдонидаги баҳсда "Насаф"ни 2:0 ҳисобида мағлуб этган.

- Ўтган мавсум "Қизилқум" таркибида ҳаракат қилган Муродбек Раҳматов собиқ жамоаси дарвозасига тўп киритди.

- "Насаф"нинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 10 тага етди. Қаршиликлар охирги марта ўтган йилнинг сентябрида ўз майдонида "Бунёдкор"га ютқазиб қўйганди.

"Бунёдкор" — "Навбаҳор" 2:2

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Қайрилган қанотлари тузалаётган "Бунёдкор"

Дастлабки икки турда хорватиялик мураббий қўл остида кўнгилни хира қиладиган мағлубиятлар қабул қилиб олиб, дарвозасига сиққанча тўп ўтказиб юбораётганди. Жамоага вақтинча бош мураббий этиб тайинланган Анвар Ғофуров эса илк қийин синовданоқ муваффақиятли ўтди.

- Қанотини ўзгартирган Сайфиев

"Пахтакор" клуби ва Ўзбекистон терма жамоасида чап қанот ҳимоясида тўп тепган Фарруҳ Сайфиевга "лочинлар" устози ўнг қанотни ишониб топширмоқда. Тескари қанотда бўлишига қарамай, футболчи дастлабки голда ассист вазифасини бажарди.

- Дубллар дубли

Учрашувда "Бунёдкор" сафида Миржаҳон Мираҳмадов, "Навбаҳор"да эса Тома Табатадзе иккитадан тўп киритди.

- Белгиланмаган пенальти

Беллашувнинг 25-дақиқасида мезбонларнинг рақиб ҳужумини бартараф этиш чоғида тўп Темирхўжа Абдухолиқовнинг қўлига тегди. Бош ҳакам Олим Тўйчибоев бу ҳолатни табиий дея баҳолади.

- Пенальти

72-дақиқасида "Бунёдкор" дарвозаси томон пенальти белгиланди. Қантдан оширилган тўп мезбонлар ҳимоячиси Азизбек Тўлқинбековнинг қўлига теккан деб топилди.

- Бабаянни тинчлантирган ҳакам

Ўйин давомида бир неча бор ҳакамларга эътироз билдирган "Навбаҳор" бош мураббийи Самвел Бабаян 86-дақиқада огоҳлантирилди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Миржаҳон Мираҳмадов ("Бунёдкор")

Мураббийлар фикри

Анвар Ғофуров ("Бунёдкор" бош мураббийи):

"Бугун жуда кучли рақибга қарши ўйнадик ва қийин Ўйин ўтказдик. Учрашувга тайёргарлик кўриш учун вақт етарли эмас эди. Имкон қадар тайёргарлик кўрдик. Бугунги учрашувда қайд этилган натижа мухлисларга ёқди деб ўйлайман. Энди шундай услубда ўйнаймиз. Бугунги натижа футболчиларнинг меҳнати. Бугун омад бизга кулиб боқди".

Самвел Бабаян ("Навбаҳор" бош мураббийи):

"Дастлабки уч турни ўтказиб олдик ва биз билан рўй бериши мумкин бўлган барча омадсиз ҳодисалар шу учта ўйин давомида рўй берди. Кутилмаган голлар урилди. Футболчи бошини билан зарба берди ва тўп ноёб траектория орқали дарвозамиздан жой олди. Чемпионат энди бошланди ва ҳали олдинда ўйинлар кўп. Сабрли бўлишимиз керак. Ўйин сифати, хоҳиш, мотивация ҳаммаси жойида, аммо кутилмаган ҳодисалар рўй бермоқда. Хавфли вазиятларни голга айлантира олмаяпмиз ва йўқ жойдан гол ўтказиб юбормоқдамиз. Олдинда кичик танаффус бор ва танаффус жараёнида барчасини таҳлил қилиб чиқамиз. Ўйин ҳақида гапиргим келмаяпти. "Бунёдкор"ни ҳурмат қиламан, бироқ бундай даражадаги жамоаларни мағлуб этишимиз керак".

Қизиқарли фактлар

- "Бунёдкор" кетма-кет ўйинчи ўйинда "Навбаҳор"ни мағлуб эта олмади. Тошкент клуби охирги марта 2022 йилнинг октябрида ғалаба қозонган.

- "Навбаҳор" охирги 6 ўйиндан буён "Бунёдкор" дарвозсини ишғол қилиб келмоқда, шулардан бештасида "лочинлар" камида иккита гол урган.

- "Навбаҳор" ҳужумчиси Тома Табатадзе жамоалар ўртасидаги бундан аввали тўқнашувда ҳам ўз ҳисобига гол ёздириб қўйганди. Шунингдек, ҳозирда 5 та тўп киритган грузиялик легионер ўтган мавсумнинг дастлабки уч турида атиги битта гол урганди.

- Фарруҳ Сайфиев ўтган мавсум "Пахтакор" сафида "Бунёдкор"га қарши ўйинда голли узатма амалга оширганди.

ОКМК — "Динамо" 3:1

Учрашув нимаси билан ёдда қолди?

- Стандартсевар ОКМК

"Кончилар" уч голнинг иккитасини бурчак зарбасидан кейин уришди. 

- Баҳсли қарор

Учрашувнинг 78-дақиқасида ОКМК жарима майдонида Хислат Халилов Миржамол Қосимов билан тўқнашиб кетди. ВАР билан суҳбатлашган ҳакам эса пенальти йўқлигини маълум қилди.


Ўйиннинг энг яхши футболчиси

Акром Комилов (ОКМК)

Мураббийлар фикри

Миржалол Қосимов (ОКМК бош мураббийи):

"Бугун майдонда бир-бирига мос иккита жамоа ҳаракат қилди ва мазмунли ўйин бўлди. Ўйин 2:1 бўлиб турган пайти Жавоҳир жамоани қутқарди ва биз ундан кейин учинчи тўпни киритдик. Бу футбол".

Вадим Абрамов ("Динамо" бош мураббийи):

"Ҳисоб ўйинга мос бўлмайди деб ўйлайман. Биринчи бўлимда хатоларимиз бўлди, бироқ иккинчи бўлимда ўйинни кучайтира олдик. Пенальти билан боғлиқ вазиятда ҳакамлар қарори тўғри ёки нотўғри бўлганми, ўйин видеосини кўриб хулоса чиқарамиз. "Навбаҳор" билан ўйиндаги ҳакамликка бугунги каби эътирозлар бор эди".

Қизиқарли фактлар

- ОКМК Суперлига доирасида кетма-кет тўртинчи ўйинда "Динамо"ни мағлуб этди. Қолаверса, уларнинг учтасида камида учта гол урди. 

- "Динамо" Суперлига доирасида 7 ўйиндан бери ОКМК майдонида мағлубиятга учрамоқда.

- ОКМК ҳимоячиси Сардор Раҳмонов охирги марта фақатгина 2021 йилги мавсумда иккита гол уришни уддалаганди. Жорий мавсумда эса ушбу рекордни такролаш учун учта ўйин етарли бўлди.

- ОКМКнинг Суперлигадаги мағлубиятсиз серияси 10 ўйинга етди. Олмалиқликлар охирги марта ўтган йилнинг сентябрида "Металлург"га ютқазганди.

3-ТУРНИНГ ЭНГ ЯХШИЛАРИ

3-турнинг энг яхши дарвозабони - Абдумавлон Абдужалилов ("Локомотив"). 

3-турнинг энг яхши мураббийи - Александар Стоймирович ("Локомотив"). 

3-турнинг энг чиройли голи муаллифи - Акаки Шулая ("Қизилқум").

ВИДЕОНИ КЎРИШ 

3-турнинг энг яхши футболчиси - Миржаҳон Мираҳмадов ("Бунёдкор"). 

3-ТУР РАМЗИЙ ЖАМОАСИ

Суперлига 3-тур рамзий терма жамоаси (3-4-3)

Дарвозабон: Абдумавлон Абдужалилов  ("Локомотив", 1*)

Ҳимоячилар: Муродбек Раҳматов ("Насаф", 1), Анзур Исмоилов ("Локомотив", 1), Акром Комилов (ОКМК, 1)

Ярим ҳимоячилар: Акаки Шулая ("Қизилқум", 2), Кэтэлин Карп ("Нефтчи", 1), Шоҳруҳ Абдураҳмонов ("Сўғдиёна", 1), Фарҳод Соҳибжонов ("Андижон", 1)

Ҳужумчилар: Миржаҳон Мираҳмадов ("Бунёдкор", 1), Тома Табатадзе ("Навбаҳор", 3), Иван Булатович ("Локомотив", 1)

* - футболчи бу мавсумда нечанчи марта рамзий терма жамоадан жой олган.

Суперлига. "Пеле"нинг "Марадона" услубидаги голи, дебютант ҳакам, каратеча зарба ҳамда интернетдаги машҳурлик — 2-тур нимаси билан ёдда қолди?


Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика