UZ

Сўнгги янгиликлар

13:40Гризманн қайтди  0 13:21Дилмурод Назаров хотирасига бағишишланган "Наврўз Кубоги-2024" мусобақаси қандай ўтди?  0 13:09"Бавария" "Штутгарт" вингерига кўз тикди  0 12:46"Манчестер Юнайтед" Каземирога ўринбосар топди  0 12:20Эшитдик-да! ФИФА "Бунёдкор"га илк санкцияни қўллади  9 11:48Клоппнинг ассистенти "Аякс" бош мураббийига айланиши мумкин  0 11:24Ўзбекистон – Гонконг учрашувида майдонга югуриб тушган мухлислар маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафар шахс 5 суткага қамалди  17 10:57Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»даги келажаги борасида бир қарорга келди  4 10:28«Бавария» Алонсони қўлга кирита олмаганидан сўнг бошқа бир топ мураббий билан шартнома тузмоқчи  1 10:00ЦСКА устози РПЛнинг энг кучли футболчиси кимлигини айтди  8 09:3410 ойга четлатилган Тонали яна узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин  2 09:10«РБ Лейпциг» грандлар қизиқаётган футболчига нарх қўйди  1 08:47Златан рамзий термасини тузди ва ўзини қўшмади. Нега қўшмаганини эса Ибра супер тарзда тушунтириб берди  12 08:25Фабрицио Романо Хаби Алонсонинг келажагини очиқлади  4 07:49Про лига. Бугун учинчи тур якунланади  1

Суперлига-2019. Легионерлардан тузилган рамзий терма жамоа Янгиликлар

Суперлига-2019. Легионерлардан тузилган рамзий терма жамоа

2019 йилги Суперлига баҳслари якунига бағишланган мақолалар беришда давом этамиз.

Одатда мавсум тугагач дунёнинг кўзга кўринган нашрлари ўз рамзий терма жамоаларини тузишади. Ушбу рамзий терма жамоадан мавсум давомида ўзини кўрсата олган футболчилар жой олишади. Биз ҳам 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатида ўйнаган легионерлар футболчилардан тузилган рамзий терма жамоани тузиб чиқдик.

Ушбу рамзий терма жамоадан бир дарвозабон, уч ҳимоячи, беш ярим ҳимоячи ва икки ҳужумчи жой олди. Шунингдек рамзий терма жамоамизнинг бош мураббийи ҳам бор.

Дарвозабон
Милан Митрович
Клуби:
"Сўғдиёна"
Мамлакати: Сербия
Туғилган санаси: 27.02.1991
Суперлига-2019даги статистикаси: 23та ўйин, 2070 дақиқа, 25та гол ўтказди, 9та "қуруқ ўйин"

2018 йил ёзидан буён "Сўғдиёна" клубида ўйнаб келаётган сербиялик посбон бу мавсумни ажойиб ўтказди. 23та ўйинда майдонга тушган Милан ўз дарвозасидан 25та гол ўтказиб юборди. Бу Митрович ўртача ҳар 83 дақиқада гол ўтказганини англатади. 9та учрашувда рақиблар унинг дарвозасига йўл топа олишмади ва Митрович якунланган мавсумда "қуруқ ўйин" ўтказиш бўйича Суперлигада иккинчи бўлди. Фақат "Сурхон" посбони Асилбек Амонов ундан кўпроқ (11та) "қуруқ ўйин" ўтказди. "Сўғдиёна" дарвозабони АГМК билан баҳсда Дилшод Жўраевнинг пенальтидан тепган зарбасини қайтаришга муваффақ бўлган эди.



Ҳимоячилар
Дарко Станоевич
Клуби:
"Сурхон"
Мамлакати: Сербия
Туғилган санаси: 12.04.1987
Суперлига-2019даги статистикаси: 25та ўйин, 2250 дақиқа, 3та гол, 2та сариқ карточка

Бир неча йиллардан буён Ўзбекистонда ўйнаб келаётган тажрибали ҳимоячи бу мавсумни Суперлигага қайтган "Сурхон" клубида ўтказди. Бўйдор ҳимоячи 2019 йилги Ўзбекистон чемпионатида 25та учрашувда майдонга тушди ва 3та гол уришнинг уддасидан чиқди. У "Қизилқум", "Қўқон-1912" ва "Сўғдиёна" билан ўйинларда тўп киритишнинг уддасидан чиқди. Станоевич 25та ўйинда атиги икки марта сариқ карточка олди. Марказий ҳимоячи учун бу ажойиб натижа ҳисобланади.

Владимир Бубанья
Клуби:
"Сурхон"
Мамлакати: Сербия
Туғилган санаси: 02.08.1989
Суперлига-2019даги статистикаси: 24та ўйин, 2160 дақиқа, 1та гол, 4та сариқ карточка

Ўтган мавсум АГМК сафида ўйнаган Владимир Бубанья Станоевич билан бирга "Сурхон" шарафини ҳимоя қилди. Айнан ҳимоядаги мазкур тандем туфайли ҳам термизликлар ўз майдонларида ўтган ўйинларда атиги бир марта ютқазишди ва ўз дарвозаларидан 6тагина гол ўтказиб юборишди. Бубанья 24та баҳсда иштирок этди ва "Бунёдкор" билан учрашувда рақиб дарвозасига тўп киритди. Ҳакамлар унга мавсум давомида 4 марта сариқ карточкани кўрсатишди.



Игорь Голбан
Клуби:
"Навбаҳор"
Мамлакати: Россия
Туғилган санаси: 31.07.1990
Суперлига-2019даги статистикаси: 22та ўйин, 1910 дақиқа, 1та голли узатма, 1та сариқ карточка

Ўзбекистон фуқаролигини олиб терма жамоамиз сафида ўйнаши кутилаётган россиялик ҳимоячи худди ўтган йилларда бўлгани каби стабил ўйнади. Голбан "Навбаҳор" таркибида 22та учрашувда майдонга тушди. Бўйдор ҳимоячи биринчи даврада "Бухоро"га қарши кечган баҳсда голли узатмани амалга оширганди. Россиялик футболчи мавсум давомида жуда ҳам тартибли ҳаракат қилди ва ўз олдида бор йўғи бир марта сариқ карточкани кўрди холос.



Ярим ҳимоячилар
Йован Жокич
Клуби:
"Локомотив"
Суперлига-2019даги статистикаси: 24та ўйин, 1845 дақиқа, 1та гол, 2та сариқ карточка

АГМКдан "Локомотив"га кўчиб ўтган Йован Жокич якунланган мавсумда "темирйўлчилар"нинг асосий футболчиларидан бири бўлди. Суперлигада 24та баҳсда ўйнаган Йован биринчи даврада Тошкентда "Сурхон" дарвозасига ажойиб гол урган эди. Таняч ярим ҳимоячи сифатида ўйнайдиган Жокич 24та учрашувда икки марта огоҳлантирилди.

Никола Милинкович
Клуби:
"Сўғдиёна"
Мамлакати: Сербия
Туғилган санаси: 18.02.1991
Суперлига-2019даги статистикаси: 23та ўйин, 1934 дақиқа, 2та гол, 3та сариқ карточка

Ўтган йилдан буён Жиззах клубида ўйнаб келаётган футболчи бу чемпионатда "Сўғдиёна"нинг 4-ўринни эгаллашида жуда ҳам катта хисса қўшди. 23та учрашувда майдонга тушган ва 20та ўйинда тўлиқ ўйнаган Милинкович рақиблар дарвозасига иккита гол уришга эришди. У "Насаф" ва "Пахтакор" билан ўйинларда ўз номини таблога ёздириб қўйди.



Кахи Махарадзе
Клуби:
"Сўғдиёна"
Мамлакати: Грузия
Туғилган санаси: 20.10.1987
Суперлига-2019даги статистикаси: 26та ўйин, 2267 дақиқа, 5та гол, 2та голли узатма, 3та сариқ карточка

Рамзий терма жамоамиздан ўрин олган "Сўғдиёна"нинг учинчи футболчиси. Ҳа, бу мавсум Жиззах клуби сафида легионерлар ажойиб ҳаракат қилишганини ҳеч ким инкор қила олмайди. "Пахтакор" ва "Локомотив" каби юртимиз грандлари сафида ўйнаган грузиялик тажрибали футболчи бу йил "Сўғдиёна"да тўп тепди. Кахи 26та турнинг барчасида майдонга тушишга муваффақ бўлди. Барчамиз Махарадзе ҳақиқий универсал футболчи эканлигини биламиз. Бу мавсум грузиялик футболчи марказий ҳимоя, таянч ярим ҳимоя, ҳужумчи орти ва хатто ҳужумчи сифатида ҳам ўйнаганига гувоҳ бўлдик. Махарадзе АГМК (ҳар иккала ўйинда), "Қизилқум", "Қўқон-1912" ва "Бунёдкор" билан учрашувларда жами 5та гол уришнинг уддасидан чиқди. Бундан ташқари унинг тўп узатишидан кейин шериклари икки бор гол уришди.

Арсланмират Аманов
Клуби
: "Локомотив"
Мамлакати: Туркманистон
Туғилган санаси: 28.03.1990
Суперлига-2019даги статистикаси: 23та ўйин, 1515 дақиқа, 4та гол, 6та голли узатма, 1та сариқ карточка

Туркманистон терма жамоаси сардори йил бошида ўтган Осиё Кубогидан сўнг "Локомотив" билан шартнома тузди. Мавсум давомида 23та учрашувда майдонга тушган Аманов 4та гол урди ва 6та голли узатмани амалга оширди. У "Пахтакор", "Бухоро", "Сурхон" ва "Бунёдкор" билан ўйинларда гол урди. Арсланмират 2019 йилги Суперлигада энг кўп голли пас берган легионерга айланди.


Элгужа Григалашвили
Клуби:
"Қизилқум"/АГМК
Мамлакати: Грузия
Туғилган санаси: 30.12.1989
Суперлига-2019даги статистикаси: 26та ўйин, 2212 дақиқа, 11та гол, 2та голли узатма, 3та сариқ карточка

Бу йил иккита клуб сафида ўйнаб рамзий терма жамоамиздан ўрин олган ягона футболчи. Элгужа биринчи даврада "Қизилқум" таркибида 13та ўйинда 4та гол урган ва 2та голли узатмани амалга оширди. Иккинчи даврада АГМК сафида ҳам 13та учрашувда майдонга тушди ва 7та гол уришга муваффақ бўлди.


Ҳужумчилар
Драган Черан
Клуби
: "Пахтакор"
Мамлакати: Сербия
Туғилган санаси: 06.10.1987
Суперлига-2019даги статистикаси: 24та ўйин, 2030 дақиқа, 23та гол, 5та голли узатма, 4та сариқ карточка

Шубҳасиз 2019 йилги Суперлиганинг энг яхши легионери. Мавсумнинг энг яхши футболчиси бўлиш учун энг асосий даъвогар ҳамда якунланган чемпионатимизнинг энг яхши тўпурари. Бир сўз билан айтганда 2019 йил Драган Чераннинг йили бўлди. Суперлигада 24та ўйинда майдонга тушган Черан 23та гол уришга эришди. У Ўзбекистон чемпионатлари тарихида бир мавсумда энг кўп гол урган легионерга айланди. Драган 2009 йил афсонавий Ривалдо ўрнатган рекодни (20та гол) янгилади. Черан бу мавсум 2та хет-трик ва 5та дубль расмийлаштирди. "Пахтакор" ҳужумкор ярим ҳимоячиси беш марта шериклари гол уришига ҳам хисса қўшди.


Александр Касьян
Клуби
: "Навбаҳор"
Мамлакати: Россия
Туғилган санаси: 27.01.1989
Суперлига-2019даги статистикаси: 24та ўйин, 1979 дақиқа, 10та гол, 4та сариқ карточка

Бу йил Суперлигада илк мавсумини ўтказган россиялик ҳужумчи биринчи даврани ажойиб тарзда ўтказди ва 9та гол урди. Иккинчи даврада Касьянга нимадир бўлди ва атиги 1та гол урди холос. Россиялик футболчи жами 24та ўйинда майдонга тушди ва рақиблар дарвозасига 10 марта тўп киритди. Агар кейинги мавсумда ҳам "Навбаҳор"да ўйнаса Касьян бундан ҳам яхши ўйнашига шубҳа йўқ.



Бош мураббий
Шота Арвеладзе
Клуби:
"Пахтакор"
Мамлакати: Грузия
Туғилган санаси: 22.02.1973

Худди Драган Черан сингари бу йил Шота Арвеладзега аталди десак ҳам бўлади. Футболчилик фаолиятида кўплаб совринларга эга чиққан грузиялик мутахассис мураббийлик фаолиятида бу йилга қадар ҳеч қандай соврин юта олмаган эди. 2019 йилда Арвеладзе бошчилигидаги "Пахтакор" Ўзбекистондаги барча мусобақаларда ғолиб чиқди ва треблга эришди. "Шерлар" Суперлигада чемпионат тугашига 6та тур қолганида чемпионликни расмийлаштириб бўлишди. 25-турга қадар Арвеладзе бошчилигидаги "Пахтакор" чемпионатга ҳеч кимга ютқазмади ва мавсумни атиги битта мағлубият билан якунлади. Грузиялик мураббий Ўзбекистон чемпионатидан ташқари мамлакат кубоги ҳамда бу йил янги ташкил этилган Лига кубогини қўлга киритди. Бир неча йиллардан сўнг Ўзбекистон тарихида требл қайд этган биринчи мураббий ким бўлган деб савол беришса унинг жавоби Шота Арвеладзе бўлади.


 



 

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика