"Сўғдиёна"нинг голсиз серияси учта ўйинга етди

Xayrulla Xoliqov
17 мар 2018, 10:00
Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби Суперлигада мана учта турдан бери ғалаба қозониш тугул ҳатто гол ура олмаяпти.

Аввалига олий лигада тушириб юборилган, бироқ кейинчалик яна Суперлигага қайтарилган "Сўғдиёна"нинг ҳозирча ишлари юришмаяпти. Жамоа илк турда "Пахтакор"га 0:2 ҳисобида имкониятни бой берганди. Кейин эса ўз майдонида "Нефтчи" билан 0:0 ўйнади.

Кеча эса "Бухоро" билан кечган сафар баҳсида жиззахликлар йирик 0:3 ҳисобида мағлуб бўлишди. Жамоанинг "Пахтакор"дан мағлубиятини ҳазм қилса бўлар, уйда "Нефтчи"га қарши баҳсда шамол халақит берди ҳам дейлик, аммо кечаги ўйинда кўрдикки, "Сўғдиёна"да ҳамон таркиб ва ўйин бўйича муаммолар бор экан.

"Сўғдиёна" ҳужумчиси Шоҳруз Норхонов кечаги учрашувда ҳарқанча ҳаракат қилмасин, унга яхши бир тандем йўқлиги яққол сезилди. Йўқса, Норхонов гол урадиган ҳужумчилардан бири. Албатта, учта ўйинда гол урмаслик бошқа жамоаларда ҳам кузатилиши мумкин, лекин бу ҳол яна чўзиладиган бўлса, жиддийроқ муаммолар юзага кела бошлайди.

Эслатиб ўтамиз, Суперлигада "Сўғдиёна"дан ташқари яна иккита жамоа ҳали тўп кирита олгани йўқ: "Қизилқум" ва "Нефтчи". "Нефтчи" бугун "Бунёдкор" билан баҳс олиб борса, "Қизилқум" эртага "Насаф"га қарши беллашади.

Ўхшаш янгиликлар


Xayrulla Xoliqov Муаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›