Саудиялик мухлислар Япония билан бўладиган ўйинга бепул киришлари мумкин

Xayrulla Xoliqov
4 сен 2017, 16:20
ЖЧ-2018 саралаш босқичидан ўрин олган Саудия Арабистони - Япония баҳси саудияликлар учун ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга.

Чунки бу жамоа ҳам жаҳон чемпионатига чиқиш учун ҳаракат қилмоқда ва охирги баҳсни ўз майдонида мундиал йўлланмасини ўтган турда ҳал қилган Японияга қарши ўтказади. 

"fourfourtwoarabia.com" сайтида ёзилишича, Саудия Арабистони шаҳзодаси Муҳаммад бин Салман барча чипта харажатларини ўзи қоплайдиган бўлди ва эндиликда маҳаллий ишгқибозлар Саудия - Япония баҳсига бепул киришлари мумкин. 

Мазкур учрашув эртага Жидда шаҳридаги "Қирол Абдуллоҳ" стадионида бўлиб ўтади. Ўйин саудияликлар учун ниҳоятда муҳим аҳамият касб этади. Чунки фақат ғалабагина уларни жаҳон чемпионатига олиб чиқиши мумкин. Лекин ўз навбатида Австралия - Таиланд баҳсида қайд этиладиган натижа ҳам муҳим. 

Турнир жадвалида Саудия термаси Австралия билан бирга 16 очко тўплаган. Фақат тўплар нисбатига кўра араблар иккинчи ўринда боришмоқда. 

Саудия Арабистони терма жамоаси сўнгги бор 2006 йилги мундиалда иштирок этганди. Мамлакат шаҳзодаси Японияга қарши кечадиган баҳсда стадион тўлишини ва мухлислар тинмай қўллаб туришини хоҳламоқда, шу боис барча чипталар харажатини ўз ёнидан тўлашга қарор қилди. 


Ўхшаш янгиликлар


Xayrulla Xoliqov Муаллиф
Манба: fourfourtwoarabia.com

Сўнгги янгиликлар

Барча ›