UZ

Сўнгги янгиликлар

02:04АПЛ. "Челси" меҳмонда камбэк қайд этди!  6 02:03Ла Лига. "Атлетико" "Атлетик"ни мағлуб этиб 4-ўринга мустаҳкам жойлашди  0 02:00Лига 1. ПСЖ ва "Гавр" ўртасидаги ўйинда 6та гол урилди!  1 00:57"Брайтон"да ижара асосида ўйнаётган Ансу Фатининг мақсадлари қандай?  1 00:21"Барса" 30 ёшли жаҳон чемпионининг трансфери устида ишламоқда  4 23:32Бундеслига. "Байер" 90+6-дақиқада гол уриб яна, мағлубиятдан қутулиб қолди!  10 22:55А Серия. Туриндаги "Ювентус" — "Милан" ўйини якунланди  5 22:23Рамос "Интер Майами"га йўл олиши мумкин  2 21:55"Челси" тўпурари сафга қайтди  0 21:40БАА чемпионати. Абдуллаев четлатилган ўйинда "Хорфаккан" меҳмонда "Ажман" билан ўйинда иродали дуранг қайд этди  3 21:00АПЛ. "Манчестер Юнайтед" ўз уйида 19-ўриндаги жамоани юта олмади  17 20:37Ямалга 200 млн евродан ошиқ беришга тайёр клуб топилди  7 20:07Туркия Суперлигаси. "Сивасспор" "Коньяспор"га қарши ўйиннинг сўнггида ғалабани илиб кетди, Турғунбоев эса...  0 20:02Александр Стоймирович: "Барчаси биз ўйлагандек бўлмади"  0 19:51Клопп журналистнинг Салоҳ билан боғлиқ вазият ҳақидаги саволига жавоб берди  11

Самвел Бабаян: "Эртага ғалаба қозонсак, "Навбаҳор" иккинчи марта ўзбек футболи тарихига киради" Янгиликлар

Самвел Бабаян: "Эртага ғалаба қозонсак, "Навбаҳор" иккинчи марта ўзбек футболи тарихига киради"

30 октябрь куни Бухоро шаҳри Ўзбекистон Coca Cola Кубоги финалига мезбонлик қилади.

Унда Наманганнинг "Навбаҳор" жамоаси Қаршининг "Насаф" клуби билан тўқнаш келади. Бугун Саҳид Зарафшон меҳмонхонасида "Навбаҳор" аъзолари – бош мураббий Самвел Бабаян, ярим ҳимоячи Жамшид Искандеров ва ҳужумчи Зоран Марушич иштирокида матбуот анжумани ўтказилди.



Дастлаб жамоа устози Самвел Бабаян фикрлари билан ўртоқлашди.

"Бугунги матбуот анжуманида қатнашаётган ҳаммага хайрли кеч. Тарихий маскан Бухоро шаҳрида бўлиб турганимиздан хурсандмиз. Финалга келсак, бу ўзига хос байрам. Биз айнан шу учун фаолият олиб борамиз. 

Бу мен учун 11-финал бўлади. Очиғини айтсам, эртанги финал – энг муҳими. Чунки навбатдаги футбол маркази туғилмоқда. Наманганда футбол қайта оёққа туриши учун катта нарса қилинди. Бу ўзбек футболи учун фойда келтиради.

Тайёгарликка келсак, олдин айтганимдек, жамоамиз сафида ёш йигитлар, 16 ёшли терма аъзолари ҳам қатнашмоқда. Финал биз учун муҳим. Чунки ғалаба уларнинг ўсишида катта хизмат қилади. Наманган вилоятида ҳоким бошчилигида катта ишлар олиб борилди. 2-4 йил ғалабалар, кубок, совринли ўринлар учун курашиш йўқ эди. Қилган меҳнатимиз, реанимация жараёнидан ўтиб олганимиз мева бериши керак. Алоҳида айтишим керак, U-16 асосий таркибининг 6 нафар футболчиси "Навбаҳор" аъзолари саналишади. Бундан ташқари, U-18 ва U-20 термаларида ҳам ўйинчиларимиз бор. Кубокдаги ғалаба йигитлар ривожланишида жуда муҳим. Эртага қизиқарли ўйин бўлади".    



Шундан сўнг Жамшид Искандеровга сўз берилди. 

"Жамоамиз яхши ҳолатда. Бугун стадионда машғулот ўтказдик. Худо хоҳласа, ўйинга тайёрмиз".



Искандеровдан кейин ҳужумчи Зоран Марушичга навбат етиб келди. 

"Мавсум аввалидаёқ ўз олдимизга 2 та мусобада ғолиб чиқиш вазифасини мақсад қилиб қўйгандик. Шукрки, айни пайтда ушбу босқичгача етиб келишнинг уддасидан чиқдик. Эртанги учрашув жуда ҳам қизиқ ва шиддатли ўтишига ваъда бера оламан. Бизни олдинда "Насаф" билан қизиқарли баҳс кутиб турибди. Хурсанд ҳолда ортга қайтиш учун барча имкониятларимизни ишга соламиз".



- Мураббийга савол. Эртанги ўйин сиз учун муҳим. Биринчидан, қайтишингиз. Иккинчидан, Осиё Чемпионлар Лигаси йўлланмаси ўртага тикилган. Шу томондан олиб қаралса, сизда ҳаяжон борми?

- Мени фаолиятимдаги 11-финал кутиб турибди. Ҳаяжон йўқ, дейиш хато бўлади. Юқорида айтганимдек, биз айнан шу учун меҳнат қиламиз. Муваффақиятга эришсак, яна бир футбол маркази яралади. Нафақат Наманган, балки ўзбек футболи ривож топади. Эртанги финал ОЧЛга ҳам йўлланма тақдим этади. Мавсум олдидан асосий мақсадимиз ОЧЛ йўлланмасини қўлга киритиш эди. Аввалроқ стресс ҳолатига тушганимга келсак, бу ортда қолди. Фақат жамоани олдинга бошлаш қолди. Қолган ҳаммасига эса тайёрмиз.


- Мураббийга савол. Катта ўйинларга доим сюрпризлар билан келасиз, таваккал қилишдан қўрқмайсиз. Эртанги учрашувда ҳам сюпризлар кўрамизми ёки эҳтиёткорлик асосий ўринда бўладими?

- Жароҳат билан боғлиқ муаммоларимиз бор. Ҳалигача шу билан боғлиқ ҳолатда бир қарорга келганимизча йўқ. Умуман олганда, жамоа асоси ўзгаришсиз қолган. "Навбаҳор" мавсум давомида ўйиндан ўйинга кучайиш орқали, кўп нарсани исботлади. Эҳтимол, ўзгаришлар бўлар. Эртага кўрасиз.


- Мураббийга савол. "Навбаҳор" Остон Ўруновга қизиқаётгани ҳақида эшитдик. Бу қанчалик тўғри?

- Ҳа, унинг Ўзбекистонга қайтиши ҳақида гап-сўзлар учради. Очиғини айтсам, на мен, на раҳбарият бу бўйича иш олиб бордик.



- Мураббийга савол. Кўпчилик икки жамоадан ҳам ёпиқ ўйин кутяпти. "Навбаҳор" иккинчи даврадаги ўйинда ҳужумкор ўйнаб, ғалаба қозонганди. Эртанги режаларингиз қанақа? Эҳтиёткор ўйин ёки очиқ футбол? 

- Ҳозир ҳаммасини айтиб берсам, сирлиги қолмайди. Эртага кўрасиз.


- Мураббийга савол. "Навбаҳор" футболимиз ичида трендда. Сиз бошқараётган жамоа трендда эканлиги сизга босим юклайдими ёки бу ишлашингизга осонроқми?

- Наманганда ишлаш осон эмас. Нега? Чунки мураббий сифатида ҳам, футболчи сифатида ҳам босим остида бўласиз. Бу ерда ҳамма ҳам фаолият олиб бора олмайди. Улар кетгач, бошқа жойларда ишлаб кета олишган, лекин "Навбаҳор"даги фаолиятлари юришиб кетмаган. Сабаби, биринчидан, 24 йил бўлмаган анъана энди-энди қайтмоқда. Балки бизгача ишлаганлар стресс ҳолатига дош бера олишмагандир. Бугунги кунда амалдаги клуб лойиҳасида ишлаётганлар стрессга бардош бера оладиган ва характерли инсонлардир. Яна қайтараман, жуда кўп стрессга тушдим, бу одатий ҳолатга ҳам айланиб қолди. Аммо мухлислар қувончи менга куч бағишлайди. Ҳар бир ғалабамиз уларга қувонч келтиради. Наманган вилояти аҳолиси 3 миллион кишидан иборат. Улар "Навбаҳор"нинг натижалари учун қайғуришади. Биз уларни бахтли қилишга мажбурмиз.



- Мураббийга савол. "Навбаҳор" "Олимпик" билан ўйинда ғалаба қозонганида очколари бўйича "Насаф" билан тенглашиб оларди ва ўйинга бошқача кайфиятда келарди. Ўша ўйиндан сўнг жамоа билан руҳий тарафдан гаплашиб олдингизми? 

- Парадокс шундаки, деярли барча етакчи клублар устидан ғалаба қозондик, лекин қуйи поғоналарда бораётган жамоалар билан ўйинларда очко йўқотдик. Акс ҳолда, аллақачон чемпионлик масаласини ҳал қилиб қўйган бўлардик. Нима учун бундай бўлаётганини биламиз. Нима қилиш кераклигини ҳам биламиз. Ҳали яна 3 та ўйин бор. Кайфиятимизга келсак, ҳар бир ўйинни ютишни истаймиз. Ҳамма ўйинларда ижобий натижага эришиш учун максимум ҳаракат қиламиз.


- Жамшид Искандеровга савол. Йил давомида ажойиб ўйинлар кўрсатиб келяпсиз. Эртанги ўйинда ҳам асосий қаҳрамонлардан бирига айланишингизни кутишмоқда. Лекин негадир миллий терма жамоага жалб қилинмаяпсиз. Бунинг сабаби нимада деб ўйлайсиз?

- Йил давомида жамоамиз билан яхши ўйин кўрсатяпмиз. Ўзимга келадиган бўлсак, йил сўнгигача ўйиним билан мухлисларни хурсанд қилмоқчиман. Эртанги ўйинда ғалаба қозониб, чемпионат ғолиблиги учун ҳам ҳаракат қиламиз. Терма жамоага келсак, балки мураббийнинг жамоавий ўйини ва тактикасига тўғри келмасман. Лекин ҳар доим яхши ўйин кўрсатиб, миллий жамоа аъзосига айланишни хоҳлайман.



- Зоран Марушичга савол. Сиз Суперлигага Грузия чемпионати тўпурари сифатида келгандингиз. Лекин негадир "Навбаҳор"да голеадорлик қобилиятингиз кўринмаяпти...

- Ростан ҳам мендан чемпионат бошидан буён кўплаб голларни кутишмоқда. Мендан голлар кутаётган барча шуни унутмаслик лозимки, Ўзбекистон чемпионати даражаси ҳам бу ерда ўз сўзини айтади. Бу ердаги учрашувлар ҳар бир ўйинда тўпларни қалаштириб ташлаш имконини бермайди. Машғулотларда ҳам, ўйинларда ҳам ўзимни кўрсатишга астойдил ҳаракат қиляпман. Ҳозирга қадар миллий чемпионатда 8 та, Кубок баҳсларида эса 1 та гол урдим. Ҳали яна 3 та ўйин бор. Ушбу учрашувларда ҳам бор кучимни ишга солиб, голларим билан фойда келтиришга уринаман.


- Жамшид Искандеровга савол. "Сўғдиёна" билан ўйин пенальтилар сериясигача борди. Баҳс пенальти сериясигача бориши инобатга олиниб, режа тузилганмиди?

- Ҳар бир жамоа машғулотда бу бўйича иш олиб боради. Биз ҳам пенальтилар устида ишаб, шуғуллангандик. Эртага ҳам ҳамма нарса бўлиши мумкин. Жамоамиз барчасига тайёр.



- Мураббийга савол. Мавсумда икки фронтда кураш олиб бордингиз ва якуний паллада турибсиз. Ҳали ҳеч бирида соврин қўлга киритилмади. Бу – футбол. Унда ҳамма нарса рўй бериши мумкин. Агар "Навбаҳор" мавсумни соврин билан якунласа, ОЧЛга йўл олади. Кейин жамоа ўз-ўзидан кучаяди. "Навбаҳор" мавсумни совринсиз тугатса, камида 3 йил шу интенсив ўсиш ва мана шу темпни ушлаб тура оладими?

- Клуб ривожланиши, ғалаба қозониши учун барқарорлик керак. Шунча ишлар олиб бориб, ярим йўлда тўхтаб қолинса, на ривожланиш, на ғалаба бўлади. Раҳбарият билан бу узоқ йиллик лойиҳа эканлиги келишиб олинган. Кўпроқ ижтимоий аҳамиятга эга. "Навбаҳор"нинг ютуғи футбол ривожига, наманганлик ёшлар ривож топишида туртки бўлади. Умид қиламанки, бу – узоқ йиллик лойиҳа. 


- Зоран Марушичга савол. 20 та ўйинда майдонга тушиб, нималарга қодирлигингизни намойиш этдингиз. Ўз навбатида, "Насаф" ҳимоячилари ҳам сизни яхши танишади. Уч ҳимоячи сизни индивидуал қўриқласа, сизни шунчаки "еб қўяди". Ҳимоячилардан бир қадам олдинда бўлиш учун ўйлаб қўйган режангиз борми ёки шунчаки югуриб ўйин ўтказмоқчимисиз?

- Ҳозир аниқ бир нарсани айта олмайман. Лекин шуни айтишим мумкинки, "Насаф" бизнинг нималарга қодирлигимизни билса, биз ҳам уларни биламиз. "Навбаҳор" олдинги учрашувларга қандай тайёргарлик кўрган бўлса, бу ўйин ҳам худди шундай тайёргарлик кўради. Мен ҳам жамоанинг бир қисми сифатида унинг фойдасига ҳисса қўшишга ҳаракат қиламан. 



Матбуот анжумани якунида мураббийнинг мухлисларга тилаги ва чақириғи эшитиб ўтилди.

"Биз финалда Наманган шарафини ҳимоя қилаётганимиздан фахрланамиз. Йил давомида қилганларимиздан бахтиёрмиз. Эртага ғалаба қозонсак, "Навбаҳор" иккинчи марта ўзбек футболи тарихига киради. Бундан эса икки карра хурсанд бўламиз. Мухлислар олдидаги бурчимизни ҳис қилиб турибмиз. Бутун жамоа уларнинг ишончини оқлашга ҳаракат қилади".


Рейтинг: -25   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика