Қатар терма жамоаси ҳақида нималарни биламиз?
05 сен 2016 15:30
Янгиликлар
Қатар терма жамоаси ҳақида нималарни биламиз?
Терма жамоамиз гуруҳ босқичи илк турида Тошкентда Сурия термасини қабул қилиб кичик 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди ва 3 очкони қўлга киритди. Энди навбат Қатар термасига. Биз сизларга Қатар терма жамоаси ҳақида маълумот берамиз.
Қатар футбол ассоциацияси
Қатар терма жамоаси ташкил топган йили: 1960
Президенти: Ҳамад Бин Ҳалифа Бин Аҳмад Ал-Тани
Конфедерация: АФК (Осиё)
Суб-Конфедерация (Ғарбий Осиё)
Бош мураббий: Хосе Даниэль Каррено (Уругвай)
Терма жамоа сардори: Билол Муҳаммад
Энг кўп ўйин ўтказганф утболчи: Весам Ризиқ (111)
Энг яхши тўпурар: Мансур Муфтаҳ (53)
Стадиони: “Жассим Бин Ҳамад”
ФИФА Коди: QFA
ФИФАга аъзо бўлган йили: 1970
ОФКга аъзо бўлган йили: 1974
ФИФА рейтингида айни дамдаги ўрни: 80 (11 август 2016)
Энг юқори ўрни: 51 (август 1993)
Энг паст ўрни: 113 (ноябр 2010)
Илк халқаро учрашуви: Баҳрайн - Қатар 2:1. (Баҳрайн, 27 март 1970)
Энг йирик ғалабаси: Қатар-Бутан 15:0. (Доха, Қатар, 3 сентябрь 2015)
Энг йирик мағлубияти: Қувайт-Қатар 9:0. (Қувайт, 8 январь 1973)
Жаҳон чемпионатидаги иштироки: Иштирок этмаган
Осиё кубогида илк бор иштироки: (1980 йил 9-поғона)
Энг яхши натижаси: Чорак финал (2000, 2011)
1970-1980
Қатар футбол ассоциацияси 1960 йили ташкил топиб, 1970 QFA ФИФА аъзосига аъзосига айланади. Қатар терма жамоаси илк халқаро учрашувини 1970 йили 27 март куни Бахрайн терма жамоасига қарши ўтказди. Ушбу тарихий баҳсда Қатар термаси меҳмонда (1:2) ҳисобида мағлубиятга учради. Ушбу ўйинда Қатар термасидан Бахрайн дарвозасини ишғол қилиш Муборак Фаражга насит этди. Янги ташкил топган жамоа Қатар Кўрфаз кубогида ҳайратланарли натижа қайд этди. Қатар терма жамоаси Уммон термасини (4:0) мағлуб этиб халқаро футболда илк совринини қўлга киритди. Қатар терма терма жамоаси Саудия Арабистони термасига ярим финалда мағлуб бўлади. 3 ўрин учун кечган баҳсда БАА термасини пенальтилар сериясида мағлуб этади. Биринчи маротаба 1975 йили Осиё кубоги саралаш баҳсида куч синашишади. Аммо, улар 1976 йилги Осиё чемпионати саралашидан ўта олишмайди. Шунга қарамай 4-Форс кўрфази кубогида Қатар 3-поғонани эгаллайди. Қатар терма жамоаси 1977 йили Жаҳон чемпионати саралаш босқичидаги ўзининг илк учрашувини ўтказади. 1977 йили 11 март куни Қатар БАА билан тўқнаш келади. Сўнгги дақиқада БАА рақобатлашишдан бош тортади ва Қатарнинг дебют учрашуви иккин кундан сўнг бўлиб ўтади. Ўшанда Қатар терма жамоаси Бахрайн термасини Дохада қабул қилади ва (2:0) ҳисобида ғалаба қозонади.
1980-1990
Қатар терма жамоаси илк бор 1980 йили Эваристон Де Маседо қўл остида дебют қилди. Қатар Бангладеш ва Афғонистон термалари билан бир гуруҳдан жой олишди. Ушбу гуруҳ қолган гуруҳларга қараганда Қатар термаси учун нисбатан осонроқ эди. Қатар илк бор Осиё чемпионати финал раундида иштирок этиш ҳуқуқини қўлга киритади. Улар асосий турнирда таъсирли натижа қайд этишади. Гуруҳ босқичида 4 учрашув ўтказаиб, 1 ғалаба 1 дуранг ва 2 мағлубият билан 3 очко жамғарган ҳолда ўз юришларини гуруҳ босқичидаёқ якунлашади. 1984 йилги Кўрфаз кубогида Қатар терма жамоаси финалга қадар етиб боради ва финалда Ироқ термасига (асосий вақт 1:1) пенальтилар сериясида 4:3 ҳисобида имкониятни бой беради. Ушбу мусобақадан сўнг Қатар шу йили Осиё кубоги саралаш босқичида ҳам иштирок этади. Саралашда Хитой, Иордания, Гонконг, Афғонистон термалари билан бир гуруҳдан жой олади. Ушбу гуруҳда Хитой ҳамда Қатар терма жамоалари Осиё чемпионати финал раундига йўлланмани қўлга киритади. 1984 йилги Осиё чемпионати финал раундида Саудия Арабистони, Қувайт, Сурия ҳамда Жанубия Корея термалари билан “А” гуруҳидан жой эгаллашади. Қатар ушбу гуруҳ босқичида 4 учрашувда 1 ғалаба, 1 дуранг, 2 мағлубият билан 4 очко жамғарган ҳолда гуруҳда қолиб кетади. Мана шундай омадсиз иштирокларидан сўнг Қатар термаси 1986 йилги Жаҳон чемпионатига тайёргарликни бошлаб юборишади. 1986 йилги ЖЧ саралаш босқичида Қатар Ироқ, Иордания ва Ливан термалари билан бир гуруҳдан жо олишади. Ушбу гуруҳда Қатар термаси илк учрашувни Иордания термасига қарши ўтказади ва кичик (0:1) ҳисобида имкониятни бой беради. Ушбу мағлубиятдан сўнг Қатар бор эътиборини Доха шаҳрида бўлиб ўтадиган ўйинга қаратади. Ушбу баҳсда Қатар термаси ўз уйида Ливан термасини қабул қилади ва йирик (7:0) ҳисобида зафар қучади. Ливанга қарши иккинчи баҳсда ҳам йирик натижа қайд этилади (8:0). Икки ўйин натижасига кўра Қатар терма жамоаси Ливан термасини (15:0) ҳисобида янчиб ташлайди. Шундан сўнг Ливан терма жамоаси саралашдан четлатилади ва барча учрашувлар натижалари бекор қилинади. Ушбу воқеадан сўнг жамоалар бошқатдан ўйин ўтказишади. Қатар термаси Дохада Ироқ термасини қабул қилади ва йирик (3:0) ҳисобида ғалабага эришади. Қатар кейинги баҳсини ҳам Дохада ўтказади ва Иорданияни қабул қилиб (2:0) ҳисобида ғалаба қозонади. Бу натижа Қатарнинг ушбу саралаш босқичидаги сўнгги ғалабаси эди. Ироқ Ҳиндистонда Қатарни қабул қилади ва ўзига ҳос реванш олади (2:1). Шундай қилиб Қатар терма жамоаси саралаш баҳсларида 4 учрашув ўтказиб 2 ғалаба, 2 мағлубият билан 6 очко жамғарган ҳолда гуруҳда қолиб кетади.
1990-2000
Балки Қатар 1990 йили ўзининг энг юқори даражасига етишгандир. 1993 йили Қатар терма жамоаси ФИФА рейтингида 53 поғонани эгаллайди ва энг юқори натижасини қайд этади. 1994 йилги Осиё ўйинларида Қатар терма жамоаси “D” гуруҳида Япония, БАА ва Мьянма терма жамоалари билан “плей-офф” босқичига чиқиш учун беллашади. Қатар термаси гуруҳдаги илк учрашувини БАА термасига қарши ўтказади ва дуранг (2:2) натижа қайд этади. Қатар термаси гуруҳдаги кейинги икки баҳсда ҳам дуранг натижа қайд этади. Япония-Қатар 1:1, Мьянма-Қатар 2:2. Шундай қилиб Қатар 1994 йилги ёзги Осиё ўйинларини гуруҳ босқичидаёқ 3 очко билан якунлади. 1996 йилги Осиё кубоги финал раунди учун ўтказилган саралаш баҳсларида Қатар терма жамоаси Сурия ҳамда Қозоғистон билан бир гуруҳдан жой олади. Ушбу саралаш босқичининг илк учрашувида Қатар термаси Қозоғистон билан тўқнаш келади ва кичик ҳисобда қўшниларимизга имкониятни бой беради. Қатар кейинги баҳсни Сурия термасига қарши ўтказади ва кичик ҳисобда ғалаба қозонади. Шундай қилиб Қатар терма жамоаси Қозоғистон билан гуруҳда жавоб ўйинини ўтказади ва йирик (3:0) ҳисобида ғалабага эришади. Бир қарашда гўё Қатар терма жамоаси Осиё чемпионати финал раундига йўлланмани қўлга киритадигандек кўринади. Аммо Сурия термаси бунга рози бўлмайди ва жуда ҳам муҳим бўлган учрашувда Сурия терма жамоаси Қатардан ўзига ҳос реванш олади ва (3:1) ҳисобида ғалабага эришади. Шундай қилиб Қатар 1996 йилги Осиё чемпионати финал раундида иштирок этишдан маҳрум бўлади.
2000 йил Осиё чемпионати финал раундида иштирок этиш учун саралаш босқичи ўтказилади. Қатар терма жамоаси 2000 йилда Ливанда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионатига чиқиш учун саралашда Қозоғистон, Иордания, Фаластин ва Покистон терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олади. Ушбу гуруҳда Қатар 4 учрашувнинг 3 тасида ғалаба қозонади ва Иорданияга қарши ўйинда дуранг натижа қайд этади (2:2). Гуруҳда Қатар 10 очко жамғарган ҳолда биринчи ўринни эгаллайди ва Ливанда бўлиб ўтадиган Осиё чемпионати йўлланмасини қўлга киритади. 2000 йилги Осиё чемпионатида Қатар терма жамоаси Саудия Арабистони, Япония ва Ўзбекистон терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишади. 2000 йилги Осиё чемпионатининг 14 октябр санасида Қатар Ўзбекистон терма жамоаси билан гуруҳдаги илк учрашувини ўтказади. Ушбу ўйин “Saida International” стадионида бўлиб ўтади. Муросасиз кечган учрашувда томонлар муроса йўлини танлашади (1:1). Қатар терма жамоасидан Муҳаммад Ғулом дарвозамизни ишғол қилган бўлса, Ўзбекистон терма жамоасидан эса Миржалол Қосимов рақиблар дарвозасини ишғол қилади. Ушбу Осиё чемпионатида Қатар барча ўйинларда дуранг натижа қайд этган бўлса, Ўpбекистон терма жамоаси 1 дуранг ва 2 мағлубият билан мусобақани тарк этади. Қатар терма жамоаси эса мусобақанинг барча гуруҳлари орасида энг яхши натижа қайд этган 3-жамоа бўлиб “плей-офф” босқичига йўлланмани қўлга киритади. “Плеф-офф” босқичида Қатар Хитой терма жамоаси тўсиғидан ўта олмайди (3:1). Шундай қилиб ушбу мусобақада ҳам Қатар терма жамоаси юқори натижа қайд эта олмайди.
2004 йил. Осиё чемпионати, Хитой
Хитой мамлакати футбол бўйича Осиё чемпионатига 2004 йили мезбонлик қилди. Осиё чемпионатининг финал раундига чиқиш учун барча терма жамоалар саралаш босқичида қатнашди. Ҳусусан, Қатар терма жамоаси саралашда Қувайт, Сингапур ва Фаластин терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олади. Ушбу гуруҳда Қатар 6 учрашув ўтказиб 3 ғалаба, 2 дуранг ва 1 мағлубият билан 11 очко жамғарган ҳолда Осиё чемпионатининг финал раундига йўлланмани қўлга киритади. Хитой мезбонлик қилган Осиё чемпионатида Қатар терма жамоаси гуруҳда сўнгги ўринни эгаллаб мусобақани тарк этади.
2007 йил. Осиё чемпионати, Вьетман, Индонезия, Малайзия ва Таиланд
2007 йили Осиё чемпионатига Вьетнам, Индонезия, Малайзия ва Таиланд давлатлари мезбонлик қилади. ушбу мусобақанинг финал раундига чиқиш учун Осиё терма жамоалари саралаш босқичидан ўтиш керак бўлади. 2007 йилги Осиё чемпионати финал раундига чиқиш учун Ўзбекистон миллий терма жамоаси “F” гуруҳида Қатар, Гонконг ва Бангладеш билан куч синашади. Ушбу саралашда Ўзбекистон миллий терма жамоаси илк учрашувни Бангладеш терма жамоасига қарши ўтказади ва йирик (5:0) ҳисобида зафар қучади. Гуруҳдаги иккинчи ўйинни эса Қатар терма жамоасига қарши ўтказади. Афсуски, ушбу баҳсда вакилларимиз Қатар терма жамоасига (1:2) ҳисобида имкониятни бой беради. Шундай қилиб, вакилларимиз ўрин олган гуруҳда Қатар биринчи поғонани эгаллаб Осиё чемпионати финал раундига йўлланмани қўлга киритган бўлса Ўзбекистон терма жамоаси иккинчи ўрин билан йирик мусобақа финал раунди йўлланмасига эга чиқади. Осиё чемпионати финал раундида Ўзбекистон терма жамоаси “С” гуруҳидан ўрин олган бўлса, Қатар терма жамоаси “В” гуруҳидан ўрин эгаллайди. Қатар терма жамоаси гуруҳда 2 дуранг ва 1 мағлубият билан 2 очко жамғарган ҳолда ўз юришини гуруҳ босқичидаёқ тўхтатади. Ўзбекистон эса ўз гуруҳида Эрон терма жамоасидан кейин иккинчи ўринни эгаллаб “плей-офф” йўлланмасини қўлга киритади. Афсуски, вакилларимизнинг юришини Саудия Арабистони терма жамоаси “плей-офф” босқичида тўхтатади. Ушбу мусобақада бизнинг терма жамоамиз ҳам Қатар терма жамоаси ҳам омадсиз иштирок этади.
2011 йил. Осиё чемпионати, Қатар
2011 йилги Осиё чемпионатига Қатар давлати мезбонлик қилганидан хабарингиз бор. Ушбу мусобақада Қатар терма жамоаси ҳеч қандай саралашда қатнашмасдан тўғридан тўғри финал раунди гуруҳ босқичида иштирок этади. Қатар терма жамоаси ушбу мусобақада Ўзбекистон терма жамоаси билан “А” гуруҳидан жой эгаллайди. Қатар билан бўлган учрашувда вакилларимиз (2:0) ҳисобида таслим этишади. Ушбу Осиё чемпионатида вакилларимиз тарихда илк бор ярим финалга қадар етиб боради. Ўшанда Вадим Абрамов бошчилигида вакилларимиз ярим финалда Австралия терма жамоасигақ арши баҳс олиб боради ва йирик (0:6) ҳисобида аламли мағлубиятни қабул қилиб олади. Ўзбекистон миллий терма жамоаси Жанубия Корея билан кечган учинчи ўрин учун баҳсда ҳам имкониятни кореяликларга бой беради (2:3). Қатар терма жамоаси эса чорак финалда Япония терма жамоасига (2:3) ҳисобида имкониятни бой беради.
2015 йил. Осиё чемпионати, Австралия
2015 йилги Осиё чемпионатига Австралия давлати мезбонлик қилганидан хабарингиз бор. Ушбу мусобақанинг финал раунди олдидан барча терма жамоалар саралаш баҳсини ўтказишди. Ушбу саралаш босқичида Қатар терма жамоаси Бахрайн, Малайзия ва Яман терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишди. Ушбу гуруҳда Қатар 4 ғалаба, 1 дуранг ва 1 мағлубият билан 13 очко Бахрайн эса 4 ғалаба, 2 дуранг натижа қайд этиб 14 очко жамғарган ҳолда Осиё чемпионати финал раундига йўлланмани қўлга киритади. Шу билан Қатар терма жамоаси Австралияда бўлиб ўтган Осиё чемпионати гуруҳ босқичида Эрон, БАА ва Бахрайн термалари билан беллашади. Ушбу гуруҳда Қатар терма жамоаси 3 учрашув ўтказиб, уччаласида ҳам рақибларга имкониятни бой беради ва мусобақани гуруҳ босқичидаёқ тарк этади. Қатар терма жамоасини Оcиё чемпионатларидаги иштирокларини олиб қарайдиган бўлсак, 2 бор 2000 ва 2011 йиллари чорак финалга қадар етиб келган экан. Бу уларнинг барча Осиё чемпионатларида иштирок этиб қўлга киритган энг юқори натижалари бўлади.
2016 йил. ЖЧ-2018 учун саралаш
2018 йилги Жаҳон чемпионатига Россия давлати мезбонлик қилишидан барчанинг хабари бор. Осиё давлатлари ушбу мусобақанинг финал раундига чиқиш учун бир қанча саралаш босқичларидан ўтиб келишмоқда. Ушбу саралаш босқичининг илк раундида Қатар терма жамоаси Хитой, Гонконг, Малдив ва Бутан терма жамоалари билан бир гуруҳдан жой олишди. Ушбу гуруҳда Қатар 21 очко, Хитой эса 17 очко жамғарган ҳолда сўнгги саралашнинг 3-босқичига етиб келишди. 3-саралаш босқичида Қатар, Ўзбекистон, Хитой, Эрон, Сурия ва Жанубий Корея терма жамоалари “А” гуруҳидан жой олишди. Сўнгги босқичнинг илк турида Эрон, Жанубий Корея ва Ўзбекистон терма жамоалари зафар қучишган бўлса, Хитой, Сурия ва Қатар мағлубият аламини тотиб кўришди. Икки гуруҳдаги барча терма жамоалар эртага гуруҳдаги иккинчи тур учрашувларини ўтказишади. Ушбу турда биз учун муҳим бўлган, Қатар ҳамда Ўзбекистон терма жамоалари тўқнаш келишади.
Қатар терма жамоасининг ЖЧ саралаш 3-босқичининг гуруҳдаги 1-тур учрашувини таништириб ўтамиз.
Эрон - Қатар 2:0. Теҳрон, “Озоди” стадиони
Голлар: Ризо Гучаннажод (90+4), Алиризо Жахонбахш (90+10)
Эрон: Алиризо Бейранванд, Эҳсон Ҳожисафий, Жалол Ҳусайний, Пежман Монтазарий, Рамин Резаян, Сайид Иззатуллоҳий, Ашкан Дежага (Вадим Амири), Сардор Азмун (Карим Ансарифард), Андраник Теймурян, Алиризо Жаҳонбаҳш, Меҳди Тареми (Ризо Гучаннажод).
Бош мураббий: Карлуш Кейруш
Қатар: Амин Леконт, Абдулкарим Ҳассан, Луиз Жуниор, Али Асадалла, Родриго Табата (Акрам Ҳассан), Ҳассан Аль-Хайдос, Педро Мигел (Муҳаммад Муса Али), Буалем Хухи, Аҳмед Ёсир (Муҳаммад Касола), Карим Будиаф, Себастиан Сориа.
Бош мураббий: Хосе Даниэль Каррено
Эслатиб ўтамиз, эртага 6 сентяб куни Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафарда Қатар терма жамоаси билан ЖЧ 3-саралаш босқичида гуруҳдаги 2-тур учрашувини ўтказади. Эртанги учрашувда Ўзбекистон миллий терма жамоамизни қўллаб-қувватланг.
Жаҳонгир Сотволдиев тайёрлади.
Фикрлар