ПРО-Лига “Б” гуруҳи, 22-тур статистикаси
25 авг 2018 10:44
Янгиликлар
ПРО-Лига “Б” гуруҳи, 22-тур статистикаси
“ЗОМИН”ДАН КАМБЭК
“Б” гуруҳида ҳам аслида 4та ўйин бўлиши керак эди. Аммо Уйчининг “Хотира-79” жамоаси ПФЛ олдидаги қарздорликларни белгиланган муддатда бартараф этмагани учун “Лабса” жамоасига техник ғалаба ёзилди. Шу боис 22-турда мухлислар 3та ўйинга гувоҳ бўлди.
Самарқаднинг “Шердор” жамоаси сешанба оқшомида “Ғиждувон”ни қабул қилиб, йирик ҳисобда ғалаба қозонди.
Олтиариқ туманида кечган Фарғона дербисида ҳам мезбонларнинг қўли бўланда келди. Шу куни “Ифтихор”ни майдонга янги бош мураббий – Исломбек Исмоилов олиб тушди. Айтиш керакки, 26 ёшли мураббий илгари “Ёзёвон” жамоасига ҳам устозлик қилганди. Исмоиловнинг янги жамоасидаги дебюти собиқ клубига қарши ўтди.
Турнинг сенсацион натижаси “Нурафшон” – “Зомин” баҳсида кузатилди дейиш мумкин. Боиси Тошкент вилояти жамоаси турнир пешқадами бўлиб турганди. Қолаверса “Нурафшон” ўз уйида ҳар қандай рақибни мағлуб эта олишини олдинги турларда амалда исботлаганди. Бироқ зоминликлар ҳам сафардан қуруқ қўл билан қайтиб кетишни истамади ва охиригача кураш олиб иродали ғалабага эришди. Вали Келдиев жамоаси нафақат ирода кўрсатди. Балки улар қаҳрамонлик қилди. Негаки, биринчи таймнинг ўрталарига келганида бош ҳакам “Зомин” дарвозабонининг хатти-харакатларини тўғридан-тўғри қизил карточкага лойиқ дея баҳолади ва Жавоҳир Комилов майдонни шерикларидан олдин тарк этиб, жамосини 10 киши бўлиб қолишини “таъминлади”. Шунга қарамай зоминликлар иккинчи таймда иккита тўп киритиб, ғалабани ўз томонларига оғдариб юборди. “Нурафшон”нинг ушбу мағлубиятига жамоада юзага келган молиявий қийинчиликлар ҳам ўз таъсирини ўтказгани турган гап. Чунки жамоа футболчилари учрашувга икки кун муддат қолганида ҳам машғулотга чиқмаганди.
“ШЕРДОР” – “ҒИЖДУВОН” 5:1
“ИФТИХОР” – “ЁЗЁВОН” 3:2
“НУРАФШОН” – “ЗОМИН” 1:2
ГОЛЛАР
* 22-турдаги 3та ўйинда жами 14та гол қайд этилди.
* Бу эса ҳар бир учрашувга ўртача 5тадан гол демакдир.
* Мезбон жамоалар 9та голга муаллифлик қилган бўлса, қолган 5та тўпни меҳмонлар киритди.
* Учрашувларнинг биринчи бўлимида киритилган голлар сони 5тани ташкил этган бўлса, иккинчи таймда сермаҳсуллик янада ортди ва 9та тўп қайд этилди.
* Турнинг энг тезкор голи 6-дақиқага тўғри келди. “Нурафшон” футболчиси Руслан Веклич “Зомин” дарвозасига тезкор гол киритиб, учрашувда ҳисобни очди. Аммо якунда унинг жамоаси мағлуб бўлди.
* Аксинча турнинг энг сўнгги дақиқада киритилган голи 87-сонияда қайд этилди. “Ёзёвон” аъзоси Мирзоҳид Эгамбердиев захирадан майдонга тушиб “Ифтихор” дарвозасини ишғол этди ва ҳисобни биттага қисқартирди. Лекин унинг ҳам жамоаси якунда мағлуб бўлди.
* 22-турда дублга эришган футболчилар сони 3тани ташкил этди. Эътиборлиси уларнинг иккиси “Шердор” футболчиларидир. Фарруҳ Фаҳриддинов билан Марадона Сафаров “Ғиждувон” билан ўйинда иккитадан тўп киритган бўлса, “Зомин” ҳужумчиси Шохжаҳон Аббосов ҳам сафарда “Нурафшон”га қарши кечган учрашувда иккита гол уриб, жамоасига ғалаба келтирди.
* Шунингдек ушбу турда иккита пенальти белгиланди. Эътиборлиси иккиси ҳам “Ёзёвон” дарвозаси томон. Бундан “Ифтихор” футболчилари – Дилмуҳаммад Худойбердиев ва Нодир Юлдашев унумли фойдаланди.
22-турда кимлар гол урди?
1. Фарруҳ Фаҳриддинов – “Шердор” (2та).
2. Марадона Сафаров – “Шердор” (2та).
3. Фарзин Мухторов – “Шердор”.
4. Нуриддин Раҳматуллаев – “Ғиждувон”.
5. Руслан Веклич – “Нурафшон”.
6. Шохжаҳон Аббосов – “Зомин” (2та).
7. Дилмуҳаммад Худойбердиев – “Ифтихор”.
8. Нодир Юлдашев – “Ифтихор”.
9. Акмал Холматов – “Ифтихор”.
10. Мирзоҳид Эгамбердиев – “Ёзёвон”.
11. Мақсад Ибрагимов – “Ёзёвон”.
ОГОҲЛАНТИРИШЛАР
* 22-турнинг бўлиб ўтган 3та ўйинида жами 9та сариқ карточка қайд этилди.
* Бу эса ҳар бир баҳсга ўртача 3тадан огоҳлантириш демакдир.
* Учрашувларнинг биринчи бўлимида 2та сариқ карточка қайд этилган бўлса, қолган 7та футболчи иккинчи бўлимда огоҳлантирилган.
* Мезбон жамоалардан 5 нафар футболчи огоҳлантирилди. Меҳмонлардан эса 4та.
* Энг кўп сариқ карточка Фарғона дербисида қайд этилди. Бош ҳакам Шавкат Насибуллаев “Ифтихор”нинг 3 нафар, “Ёзёвон”дан эса 2та футболчини сариқ карточка билан “сийлади”.
* Олтиариқнинг “Ифтихор” жамоаси футболчилари ушбу турда энг кўп сариқ карточка олгани билан ажралиб турди.
* “Шердор”, “Ғиждувон” ҳамда “Нурафшон” жамоаси футболчилари ушбу турда 1тадан сариқ карточка олиб, бу борада бошқаларга намуна бўлди.
* Шунингдек мазкур турда битта қизил карточка қайд этилди. “Зомин” дарвозабони Жавоҳир Комилов “Нурафшон”га қарши баҳснинг 28-дақиқасидаёқ тўғридан-тўғри четлатилди. Ушбу посбон энди камида навбатдаги иккита тур ўйинини ўтказиб юборади.
22-турда кимлар сариқ карточка олди?
1. Абдулла Набиев – “Шердор”.
2. Омад Тойлоқов – “Ғиждувон”.
3. Нодир Юлдашев – “Ифтихор”.
4. Шохруҳ Холматов – “Ифтихор”.
5. Саид Абдужабборов – “Ифтихор”.
6. Мирзоҳид Мирзамаҳмудов – “Ёзёвон”.
7. Мақсад Ибрагимов – “Ёзёвон”.
8. Абдуғани Камолов – “Нурафшон”.
9. Турсунмурод Ҳамдамов – “Зомин”.
ЭНГ КЎП МУХЛИС ОЛТИАРИҚДА
* Томошабинлар ташрифи бўйича “Б” гуруҳи жамоалари сира мақтана олмайди. Чунки мухлисларнинг ўйинларга бўлган қизиқиши жуда ҳам паст даражада. Бу ҳакда олдинги материалларимизда жуда кўп ва хўп ёзганмиз.
* 22-турнинг 3та учрашувига жами 1401 нафар томошабин ташриф буюрди.
* Бу эса ҳар бир баҳсга ўртача 467та ишқибоз демакдир.
* Энг кўп мухлис Олтиариқдаги “Марказий” ўйингоҳда кузатилди.
* Тошкент вилоятидаги “Дўстлик” стадионида эса аксинча вазият юз берди.
Томошабинлар ташрифи кимда қандай?
“ШЕРДОР” – “ҒИЖДУВОН” 5:1
Каттақўрғон. “Дўстлик” стадиони. 525 томошабин.
“ИФТИХОР” – “ЁЗЁВОН” 3:2
Олтиариқ. “Марказий” стадион. 758 томошабин.
“НУРАФШОН” – “ЗОМИН” 1:2
Тошкент вил. “Дўстлик” стадиони. 118 томошабин.
НАВБАТДАГИ ТУР ЎЙИНЛАРИ
27.08.2018 йил
“Ғиждувон” – “Нурафшон”
“Ёзёвон” – “Шердор”
“Хотира-79” – “Ифтихор”
“Локомотив-БФК” – “Лабса”
Фикрлар