UZ

Сўнгги янгиликлар

10:45Алонсо ва Аморим билан келиша олмаган «Ливерпул»нинг янги устози ким бўлиши маълум  3 10:19Микель Артета Лондон дербисидаги ғалабадан сўнг нималар деди?  3 09:51«Реал Мадрид» футболчиси фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин  9 09:22Эшитдик-да! "Бунёдкор"да яна бош мураббий ўзгарди  6 08:55Хоанг Ан Туан: "Ўзбекистон терма жамоаси финалга қадар етиб боришига ишонаман"  24 08:35АПЛ. "Арсенал" - "Челси" 5:0  0 08:29Почеттино «Арсенал»дан қабул қилиб олинган йирик мағлубият сабабини айтди  0 08:20ОЧЛ. "Ал Ҳилол" - "Ал Айн" 2:1  1 08:15U23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Вьетнам 3:0   2 08:04Италия Кубоги. «Ювентус» — дастлабки финалчи  0 07:38Осиё кубоги. Бугун футзалчиларимиз ярим финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради  2 01:57АПЛ. Лондон дербисида "Арсенал" "Челси"га "тарсаки туширди"  26 01:30Иброҳимхалил Йўлдошев: “Биз рақиб танламаймиз”  15 01:26Русланбек Жиянов: “Йўлимиздан чиққан жамоани мағлуб этишимиз керак”   3 01:15ОЧЛ. Юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" турнирни тарк этди, "Ал Айн" финалда!  17

Ўзбек футболчисининг иши халқаро арбитраж судида кўрилади. Муаммо нимада? Янгиликлар

Ўзбек футболчисининг иши халқаро арбитраж судида кўрилади. Муаммо нимада?

Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари К. Мурзоев instagram'даги саҳифасида ЎФА Апелляция қўмитаси "Бунёдкор" клубининг шикоят аризасини рад қилгани ҳақида ёзди.

Шундан кейин Камолиддин Мурзоев сайтимизга "Бунёдкор" ва жамоанинг собиқ ўйинчиси Жавлон Иброҳимов ўртасида низо келиб чиққани, ЎФА Футболчиларнинг Мақоми ва Ўтиши бўйича қўмитаси ҳамда ЎФА Апелляция қўмитаси бу ишни футболчининг фойдасига ҳал қилгани тўғрисида маълумот берганди. 

Бизга маълум бўлишича, "Бунёдкор" вакиллари бу қарорлардан қониқмаган ва ишни Халқаро спорт арбитраж (ҳакамлик) судига оширган. Бугун "қалдирғочлар" бош директори Улуғбек Мирзаев ҳамда ФУ раҳбари Камолиддин Мурзоевдан шу мавзуда маълумот олишга ҳаракат қилдик. Энди эса билганларимизни сиз билан бўлишамиз.

Томонлар ўртасидаги муаммо нимада?

Барчаси пул билан боғлиқ. 2019 йилнинг февралида "Бунёдкор"дан кетган Жавлон Иброҳимов клубда 200 млн сўм ҳаққи қолиб кетганини даъво қиляпти. 

Хўш, низо қандай бошланган?

2018 йилнинг 4 январь куни "Бунёдкор" бош директори Мурод Алиев ва Жавлон Иброҳимов ўртасида шу йилнинг 1 декабрига қадар амал қиладиган битим имзоланган. Меҳнат шартномаси 24 февраль куни ЎзПФЛ рўйхатидан ўтказилган. Эътиборли жиҳати, унда футболчи клуб билан шартнома имзолагани учун 200 млн сўм миқдорида мукофот пулига эга бўлиши кўрсатилган. Ва бу маблағ Иброҳимовнинг ҳисоб рақамига ўтказиб берилмаган.

Вазиятга Ўзбекистон футболчилар уюшмасининг (ФУ) аралашуви

Юқорида айтганимиздек, Жавлон Иброҳимов 2019 йилнинг  аввалида Жанубий Кореяга йўл олди. Шу йилнинг сентябрь ойида "Бунёдкор" клубига Камолиддин Мурзоев бошчилигидаги футболчилар уюшмасидан хат келиб тушади. Унда тўланмай қолиб кетган маблағни ўйинчининг ҳисоб рақамига ўтказиб бериш сўралган. 

ФИФА қоидаларига кўра, муайян ташкилот бирор футболчининг номидан иш юритиш учун, аввало, унинг ёзма розилигини тақдим қилиши керак. Ўзбекистон футболчилар уюшмаси бу талабни бажармагани учун "Бунёдкор" томонидан эътиборсиз қолдирилган.

Футболчиларнинг Мақоми ва Ўтиши бўйича қўмитанинг аралашуви

Клубдан ўзига керакли жавобни ололмаган ФУ 2020 йилнинг 3 декабрида ЎФА Футболчиларнинг Мақоми ва Ўтиши бўйича қўмитасига мурожаат қилади. Қўмита бу ишни кўриб чиқиб, 23 январь куни (2021 йил) масалани футболчининг фойдасига ҳал қилади.

"Бунёдкор" бу ҳолатга эътироз сифада Футболчилар мақоми ва трансфери бўйича регламент 25-моддасининг 5-бандини келтиради: 

"Футболчилар мақоми бўйича қўмита, Низоларни ҳал қилиш палатаси, якка тартибдаги ҳакам ёки Палата ҳаками (вазиятларга боғлиқ равишда), агар низоларни келтириб чиққан ҳодиса содир бўлган пайтдан эътиборан икки йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлса, мазкур Регламент бўйича ҳеч қандай ишни кўриб чиқишга ҳақли эмас. Бундай чегаравий муддатни белгилаш тўғрисидаги масала тегишли мансабдор шахс томонидан ҳар бир ҳолат учун алоҳида кўриб чиқилади".

"Қалдирғочлар"га кўра, низога сабаб бўлган шартнома 2018 йилнинг 4 январида тузилган эди. Қўмитага мурожаат эса деярли 3 йилдан кейин юборилган. Бундай ҳолатда регламентда айтилганидек қўмита ҳеч қандай ишни кўриб чиқишга ҳақли эмас.

Аммо...

ФУ низо келтириб чиқарувчи ҳолат деб шартнома имзоланган кун (2018 йил январь)ни эмас, "Бунёдкор"га хат юборилган (2019 йил сентябрь) кунни кўрсатяпти. Футболчиларнинг Мақоми ва Ўтиши бўйича қўмита ҳам шундай фикрда.

Клуб норози

"Бунёдкор" раҳбарияти қўмитанинг қароридан норози бўлгани боис, 20 февраль куни ЎФА Апелляция қўмитасига шикоят арзисасини юборади. Бироқ, 25 май куни "қалдирғочлар"нинг шикояти рад қилинди. Шундан кейин жамоа мутасаддилари янада юқори инстанция — Лозаннадаги халқаро спорт арбитраж суди (CAS)га мурожаат қилишга мажбур бўлди.

Бу ҳақда "Бунёдкор" бош директори Улуғбек Мирзаев шундай дейди: "ЎФА таркибидаги қўмиталарнинг қароридан қониқмадик. Бизда шикоят бериш учун 21 кун вақт бор эди. Ундан унумли фойдаланиб, 15 июнь куни халқаро спорт арбитраж судига мурожаат қилдик. Низо билан боғлиқ барча маълумотлар масъулларга тақдим қилинди ва иш кўриб чиқилиши учун белгиланган 1000 Швейцария франки тўланди. Бу халқаро миқёсда жуда кичик иш бўлгани туфайли бизга 1 нафар судья (ҳакам) белгиланади.

CAS ишни ўганиб, бизнинг фойдамизга ҳал қилинишига ишончимиз жуда юқори. Чунки футболчи ФИФА талабларида кўрсатилган муддатни ўтказиб юборган.

ФИФАнинг низоларни ҳал қилиш палатаси 2006 йилнинг 27 апрелида шунга ўхшаш иш юзасидан қарор чиқарган экан. Арбитраж судига ўша воқеани яхшилаб ўрганиб чиққандан кейингина мурожаат қилдик".

Ўзбекистон ФУ қандай фикрда?

Шундан кейин Ўзбекистон футболчилар уюшмаси раҳбари Камолиддин Мурзоевнинг фикрлари билан қизиқдик: "Бунёдкор"нинг Иброҳимовдан қарзи борлиги факт ва буни клубда ҳеч ким инкор қилолмайди. Клуб низо келиб чиққан кун сифатида шартнома имзоланган кунни кўрсатяпти. Аммо, қонунчилик бўйича, футболчи ўз ҳуқуқи бузилганидан огоҳ бўлган ёки шу масалада мурожаат қилган кун ҳисобланади. "Бунёдкор" томони бизнинг 2019 йилнинг сентябрида клубга қилган мурожаатимизда Жавлон Иброҳимовнинг ёзма ишончномаси йўқлиги учун эътиборсиз қолдирилганини айтяпти.

Агар низо келтирувчи ҳолат сифатида шартнома муддати олинса, унинг тугайдиган санаси ҳисобланиши керак (2018 йилнинг 1 декабри). Биз 2020 йилнинг 3 декабрида ЎФА Футболчиларнинг Мақоми ва Ўтиши бўйича қўмитага мурожаат қилганмиз. Бунда ҳам ариза топширганимиз учун кеч қолганимизни айтишяпти. Аммо, эслатиб ўтмоқчиман, қонунчиликда юзага келган фавқулодда ҳолат туфайли ўтказиб юборилган кунлар айриб ташланиши белгиланган. Хабарингиз бор, 2020 йилнинг март ойида юртимизда карантин ҳолати эълон қилинди ва кўпчилигимиз ишлай олмадик. Шу туфайли ўтказиб юборилган муддат бизнинг фойдамизга ишлайди".

Тарихда 1-бор...

Маълумот учун, бу иш Халқаро спорт арбитраж суди томонидан кўриб чиқилган ўзбек спорт клуби ҳамда футболчиси ўртасидаги илк низо сифатида тарихга киради. Футболимизда бу каби муаммолар доимий равишда учраб турса-да, ҳали халқаро миқёсга чиқмаган эди. Тўғри, ҳар қандай низо кишини хафа қилади. Аммо, Жавлон Иброҳимов иши кўрсатяптики, клубларимизда ҳам, ўйинчиларда ҳам ҳуқуқий саводхонлик масаласи ошиб боряпти.

Кўрамиз, тарихда илк бор халқаро миқёсда кўрилаётган ўзбек футболчиси ва клуби ўртасидаги иш қайси томоннинг фойдасига ҳал бўлар экан. Бизни кузатишда  давом этинг!

Фахриддин Рўзиев

Муаллиф :
Рейтинг: -23   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика