UZ

Сўнгги янгиликлар

09:01"Goal" ЖЧ-2026нинг топ-16 фаворитлари рейтингини тузди  4 08:32Маурисио Почеттинонинг АҚШ термасидаги маоши маълум қилинди  0 07:57ЦСКАнинг етакчиларидан бири жамоани тарк этишга яқин  0 07:30Про лига. Бугун турнинг марказий учрашуви бўлиб ўтади  1 00:55Энцо Фернандес иккита қоидабузарлик сабаб автомобил бошқариш ҳуқуқидан маҳрум қилинди  2 00:46“Ал Файҳа” расман Отабек Шукуровни таништирди  6 00:24"Реал" ўз дарвозабони билан шартномани узайтиради  0 23:55Ўзбекистон U-15 терма жамоаси янги бош мураббий қўл остида йиғинга киришди  0 23:29Роналду: "МЮ Лига кубогини ютиши мумкин, аммо ЕЧЛ, Европа Лигаси ёки АПЛ – қийин масала"  16 23:03Илҳом Ҳамроев: "Нидерландия жамоасини ўрганиб чиқдик. Мақсадимиз энг яхши натижамизни такрорлаш ва имкон қадар ўша натижани яхшилаш"  0 22:40“Хоразм” мураббийи Александр Ежов: “Таркибдаги йўқотишлар ва ишонч етишмаётгани мағлубиятга сабаб бўлди”  0 22:30Алексей Естафеев: “Қийин ғалабага эришдик”  0 22:05Неъматилло Қуттибоев: “Четлатиш ўйин натижасига таъсир кўрсатди”  2 21:51Анвар Бердиев: “Биринчи бўлимда қийинчиликларга дуч келдик”  1 21:14Мбаппе тўланмаган маош масаласида ПСЖ билан судгача келишиб олишни истамади   6

Ойбек Қиличев: «Ёзда Малайзияга қайтсам керак» Янгиликлар

Ойбек Қиличев: «Ёзда Малайзияга қайтсам керак»

Хабарингиз бор, Тошкентнинг «Пахтакор» жамоаси ОЧЛ гуруҳ босқичининг 3-турида Эроннинг «Тракторсози» жамоасини Игорь Сергеевнинг ягона голи эвазига мағлубиятга учратганди.

Ушбу ғалаба «шерлар»га «плей-офф»га чиқиш имкониятларини қайтариб берди. Шу куни тажрибали ярим ҳимоячи Ойбек Қиличев ҳам жамоаси муваффақиятига ўзининг муносиб ҳиссасини қўшди. Эътиборга молик жиҳати шундаки, Ойбек ўз вақтида Эрон чемпионатида тўп сурганди. Яқинда Қиличевдан интервью олиб, унинг фикрлари билан қизиқдик.

- Ойбек, «Пахтакор» таркибига кеч қўшилдингиз. Сизда мавсумни Малайзия чемпионатида бошлаш варианти ҳам бор эди. Нима сабабдан бу ўтиш амалга ошмай қолди?

- Ҳақиқатан ҳам мавсумни Малайзиянинг «Перак» клубида бошлашим керак эди. Жамоа машғулотларида иштирок этиб, яхши таассурот қолдирганимдан сўнг менга икки йиллик шартнома таклиф қилишганди. Ўтган йили Эрон чемпионатида ўйнадим. «Пайкон» олий дивизионни тарк этгач, 3та учрашувда майдонга тушиб, сўнгра шартномани бекор қилдим. Бу йил Малайзияда янги қонун қабул қилинибди, унга кўра, элита жамоалари 1-лигадан келган футболчиларга шартнома таклиф қилолмас эканлар. Буни «Перак» билан битим тузиб бўлганимиздан сўнг билдик. Ҳатто, клуб раҳбариятининг ҳам янгиликдан хабари йўқ экан. «Пахтакор»га кеч келиб қўшилганимнинг сабаби ҳам шу.

- Демак, сизда «Перак» клубига қайтиш имконияти бор. Зеро, айни пайт олий лигада ўйнаяпсиз...


- Албатта. Оғзаки келишувга кўра, «Пахтакор» шарафини биринчи давра якунига қадар ҳимоя қиламан. Июнь ойида эса «Перак» сафига бориб қўшиламан.


- Эрондан кетишингизга нима сабаб бўлди?

- Очиғи, «Пайкон» жамоаси жуда яхши шаклланганди. Эрон термасига номзод дарвозабонимиз бор эди. Бундан ташқари, клубимизда Англия ва Бразилиядан келган легионерлар ўйнашаётганди. Олий дивизионда қолишимизга битта ғалаба етишмади. Агар уч очко қўлга киритилганида, балки ҳозир сиз билан бу мавзуда суҳбатлашмаётган бўлармидик. Иккинчи даврада еттита дуранг қайд этдик. Жамоамиз омадсизлик туфайлигина биринчи лигага тушиб кетди. Шунга қарамай, клуб президенти жамоада қолишимни истади. Маошим миқдори ўзгармаслигини кафолатлашди. Мавсум стартидаги учта ўйинда тўп сурдим. Жамоамиз бу баҳсларнинг ҳаммасида йирик ҳисобда ғалаба қозонди. Биринчи лига якунларига кўра, 3та клуб элитага йўлланма олар экан. Бир йиллик танаффусдан сўнг бемалол олий лигага қайтар эдик. Лекин бу борада бошқа таклифлар бўлгани учун «Пайкон»ни тарк этишимга тўғри келди.

- Хориж клубларидан таклиф тушса, «Пахтакор» раҳбарияти сизни қўйиб юборадими?


- Ҳа, шартнома бандида шундай келишув бор. Қанча вақт ўйнашимдан қатъий назар, «Пахтакор»нинг ғалабаларига ҳисса қўшишни истайман. Шу мақсадда жонажон клубимга қайтдим.

- «Пахтакор»да ўз позициянгизда ўйнаяпсизми ёки бошқа чизиқларда ҳам синаб кўришяптими?


- Авваллари марказий ярим ҳимоя чизиғида тўп сурардим. Вазиятга қараб чап ва ўнг қанотга ўтишим мумкин. Очиғи, менга қаерда ўйнашнинг фар-қи йўқ. Мураббийлар ишонч билдириб, майдонга туширишса бўлгани.

- Эрон чемпионатига қандай таъриф берасиз?


- Майдоннинг ҳар бир қаричида кураш сўнгги сонияларгача давом этади. Клубларида жисмоний тайёргарлик муҳим омил саналади. Ҳакамлар майда қоидабузарликларга эътибор қаратишмайди, беҳуда ҳуштак чалаверишмайди. Ўзимда ҳам шундай ҳолатлар бўлган. Бизнинг чемпионатда қизил карточка кўрсатилиши мумкин бўлган вазиятда менга ҳатто сариқ карточка ҳам беришмаганди. Бундан ажабланганман.


- Ойбек, статистикага эътибор қаратсак, сиз кўп огоҳлантириш оласиз. Табиатан ҳам шундай қизиққонмисиз?

- Менимча, бу майдондаги ҳолат билан боғлиқ бўлса керак. Ўзим истамаган ҳолатда рақибга нисбатан қўполлик ишлатиб қўяман. Масалан, БАА чемпионатида ўйнаган пайтимда шу сариқ карточкалар сабаб ўзим учун жуда муҳим ўйинни ўтказиб юборганман. Амирликларда учта огоҳлантириш навбатдаги учрашувнинг ўтказиб юборилишини англатади. Иккита «сариғим» борлигини била туриб, «Ал-Шабаб»га қарши кечадиган ўйиндан олдинги учрашувда яна огоҳлантириш олганман. Ваҳоланки, баҳс арафасида мураббийлар эҳтиёткорроқ бўлишим лозимлигини уқтиришганди. Майдондаги курашда бу нарса эсдан чиқиб кетар экан. Рақибга қўполлик ишлатганимни сезмай қолганман.

- Малайзия чемпионатида ўзбекистонлик футболчилар сони кўпайиб қолди. Нима деб ўйлайсиз, вакилларимиз фақат моддий манфаатни устун қўйишяптими ёки Малайзия чемпионатидан ниманидир ўрганиш мумкинми?


- Молиявий томондан яхши. Буни инкор этмаймиз. Лекин менимча, футболчиларимиз фақат пулни биринчи ўринга қўйишмаяпти. Бу мамлакатда миллионлар ўйинини жуда яхши кўришади. Ҳатто, ўртоқлик ўйинларига ҳам минглаб томошабинлар ташриф буюришади. Бизда расмий учрашувларга ҳам шунча мухлис келмайди. Малайзия чемпионатида ўсиш катта. Клубларида Бразилия ва бошқа давлатлар вакиллари тўп суришяпти.

Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Рейтинг: -4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика