“Оқ бўрилар” жамоаси 25 ёшда!!!
05 ноя 2019 20:57
Янгиликлар
“Оқ бўрилар” жамоаси 25 ёшда!!!
Айнан 1994 йилнинг ушбу санасида “Оқ бўрилар” жамоаси Ғузор тумани ҳокимлигида қонуний рўйхатдан ўтказилди ва Профессионал мақомга эга бўлди.
Футбол бу ерда расман илк бор ХХ асрнинг 70-йилларида шаклланиб улгурди. Аслида, бунга қадар ҳам туманда футбол анча йиллардан буён ўйналиб келинганди. Маҳаллий аҳоли талаби ва эҳтиёжидан келиб чиқиб, 1975 йилда туман марказида ҳозирги “Марказий” стадион ҳашар йўли билан қуриб битказилди.
Шундай қилиб, “Оқ олтин” номи билан жамоа катта футболдаги илк фаолиятини бошлади. Ғузор футболининг тамал тошини қўйган, кўплаб ёшларга устозлик қилган марҳум Эшмурод бобо Чоршанбиев миллионлар ўйини билан боғлиқ барча ишларда бош-қош бўлди. Ғузор жамоаси 1986 йилги мавсумдан эътиборан собиқ Иттифоқ чемпионатининг Республика миқёсидаги мусобақасида ўз иштирокини бошлади.
Йиллар ўтиши билан туман футболи босқичма-босқич ривожланиб, равнақ топиб борди. Спортга, шу жумладан футболга ошно тутинган ёш истеъдодлар сафи ортиб борди. Мустақиллик йиллари эса бу борадаги имкониятлар янада кенгайди. Олий ва биринчи лигалар қаторида вилоят чемпионатларига ҳам эътибор кучайди.
Ўша йиллари туманда бир нечта жамоалар ўз фаолиятини бошлаган эди. Улар ичида энг кучли ва яхши шаклланган катта бир “Оқ олтин” жамоасини Ғузор футболининг етакчилари иккига бўлиш режасини илгари суришди. Жамоанинг бирига “Шўртан”, иккинчисига “Ёшлик” дея ном берилди. Ёшларга Эшмурод бобо, “Шўртан”га эса туман спортида катта из қолдирган Баҳодир Аҳмедов устозлик қиладиган бўлишди. Шундан сўнг, иккала жамоа ўртасида соғлом рақобат юзага келди.
1995 йилги вилоят биринчилиги икки гуруҳда ташкиллаштирилди. Мавсум охирида воҳа чемпионлигини аниқлаш айнан шу иккала жамоа чекига тушди. Таркибида тажрибали футболчилари бор бўлган “Шўртан” ўз устозлари Эшмурод Чоршанбиев йигитларини жуда кескин ва муросасиз ўйинда мағлуб этишди - 1:0.
1995 йилнинг октябрь ойида Қорақалпоғистон Республикаси, Тошкент шаҳри ва вилоятлар чемпионлари биринчи лигага бериладиган учта йўлланма учун Чирчиқ, Фарғона ва Қарши шаҳарларида тўпланишди. Бўлиб ўтган гуруҳ учрашувларидан сўнг, “Бўкалик” (Тошкент вилояти), “Тўқимачи” (Фарғона) ҳамда “Шўртан” (Ғузор) жамоалари биринчи лига иштирокчиларига айланишди.
Ғузорликларнинг бундай муваффақиятга эришишида энг аввало вилоят ҳокими, марҳум Нуриддин Зайниевнинг ташаббуси, жамоа ҳомийлари - “Шўртан нефть ва газ қазиб чиқариш бошқармаси” (аввалги “Шўртаннефтгаз” МЧЖ собиқ раҳбарлари Олим Муродов ва Илҳом Норчаев), “Шўртангазкимё” мажмуаси (аввалги бошлиғи Алишер Султонов) ёрдами муҳим аҳамият касб этди.
Биринчи лигада жамоанинг оёққа туриши, шарт-шароитларни яратиш, ўз ўрни ва мавқеини топиши учун маълум муддат вақт керак бўлди. Дастлаб, “Шўртан” уй учрашувларини 2001 йилгача Қарши шаҳридаги “Геолог” стадионида ўтказиб келди.
Янги аср бошида Ғузорда ҳам профессионал даражадаги шароитлар – замонавий стадион, барча шароитлар яратилган база бунёд этилгандан кейингина “Оқ бўрилар” жамоаси 2001 йилнинг июль ойида ўз шаҳрига кўчиб ўтди.
Орадан қисқа вақт ўтиб, Ғузор футболининг кўтарилиш сари юриши давом этди. Бу зафарли юриш 2003 йилги вилоят ҳокими Кубогидаги “кумушь” медал билан бошланди. Кейинги мавсум биринчи лига 22 та жамоа ўртасида икки минтақада старт олди. Жамоалар ҳар бир минтақада ўзаро тўрт бор бир-бирларига рўбарў келишди. Узоқ давом этган баҳслардан сўнг, “Ғарб”дан “Тўпаланг” (Сариосиё) ва “Шўртан” (Ғузор), “Шарқ”дан эса “NBU-Осиё” (Тошкент) ҳамда “Цементчи” (Қувасой) жамоалари муваффақият қозонишди.
Ноябрь ойининг ўрталарида пойтахтда Олий лигага ўтиш учун ушбу тўрт жамоа ўртасида ўтиш турнири ташкиллаштирилди. Даставвал, майдонга “Шўртан” ва “Тўпаланг” жамоалари тушишди. Шиддатли кечган учрашувда ғузорликларнинг қўли баланд келди - 2:1. Ғузорликлар “Цементчи”га қарши кечган иккинчи учрашувда ҳам ғалаба қозонишди - 2:0. Бу ғузорликларга муддатидан олдин Олий лига йўлланмасини тақдим этди. Сўнгги баҳсни пойтахт “банкчилари”га қарши ўтказган марҳум Шамил Толибов шогирдлари дуранг натижага рози бўлишди - 2:2.
Олий лигада “Оқ бўрилар” жамоаси дадил қадам ташлади. Мамлакатимиз футболининг элитасида илк муваффақиятга ғузорликлар 2008 йили эришишди. Баҳром Ҳакимов бошчилигида янги мавсум арафасида анъанавий тарзда ўтказиб келинаётган Ўзбекистон футбол федерацияси Кубоги қўлга киритилди.
2008 йил. Финал. ЎФФ сунъий майдони.
“Шўртан” (Ғузор) - “Кимёгар” (Чирчиқ) - 2:1.
Бош ҳакам: Р.Саидов.
“Шўртан”: Д.Тошматов, И.Кликунов, Р.Ҳакимов, Д.Досанов, К.Жўраев, А.Йўлдошев (А.Токов, 46, А.Власичев, 70), Б.Омонов, Б.Ҳайдаров, С.Сайфиев, Б.Ваҳобов, З.Полвонов (И.Таран, 46).
Голлар: И.Таран (60), Б.Ҳайдаров (85-пенальтидан).
Жамоа ўша мавсумда кўзланган мақсадига эришди, илк бор турнир жадвалининг кучли ўнлигидан жой олди.
Кейинги муваффақият ҳам ўзини кўп куттирмади. 2010 йилги мавсум якунларига кўра, “Оқ бўрилар” жамоаси турнир жадвалида фахрли тўртинчи ўринни эгаллаш билан бир қаторда, мамлакат Кубоги финалига қадар етиб борди. Финалда муносиб иштирок этган Эдгар Гесс шогирдалари “қалдирғочлар” жамоасига кичик ҳисобда (0:1) имкониятни бой беришди.
Навбатдаги мавсум “Шўртан” жамоасининг тарихига чин маънода зарҳал ҳарфлар билан ёзилди. 2011 йили Ғузорга Халқаро футбол мусобақаси кириб келди. Ўтган йилги Чемпионат якунларига кўра, жамоага Осиё футбол Конфедерацияси турнирида иштирок этиш ҳуқуқи берилди.
ОФК Кубоги-2011 мусобақасининг гуруҳ босқичида иккинчи ўринни эгаллаган Э.Гесс шогирдлари, 1/8 финалига қадар етиб боришди.
Афсуски, шундан кейин жамоанинг фаолиятида пасайишлар ҳам кузатилди.
2013 йилга келиб, муваффақиятсизликлар гирдорбига тушиб қолган “Шўртан” Олий лига билан хайрлашди. Тўғри бир йил ичида жамоа юқори элитага қайтди. Лекин 2017 йилги мавсум натижалари кўнгилдагидек бўлмади.
Айни пайтда жамоа икки мавсумдан буён Ўзбекистон Биринчилиги ПРО-Лига ва мамлакат Кубоги мусобақаларида қатнашиб келмоқда.
Шу кунгача эса жамоанинг кўрсаткичлари қуйидагича бўлди:
1996 йили 19 ўрин(Биринчи лига)
1997 йили 9 ўрин (Биринчи лига)
1998 йили 9 ўрин (Биринчи лига)
1999 йили 10 ўрин (Биринчи лига)
2000 йили 14 ўрин (Биринчи лига)
2001 йили 6 ўрин(Биринчи лига)
2002 йили 9 ўрин(Биринчи лига)
2003 йили 7 ўрин(Биринчи лига)
2004 йили 1 ўрин ва Олий лига йўлланмаси
2005 йили 13 ўрин (Олий лига)
2006 йили 12 ўрин (Олий лига)
2007 йили 13 ўрин (Олий лига)
2008 йили 10 ўрин (Олий лига)
Ўзбекистон ПФЛ Кубоги соҳиби
2009 йили 8 ўрин (Олий лига)
2010 йили 4 ўрин (Олий лига)
Ўзбекистон Кубоги финал ўйини.
2011 йили 7 ўрин (Олий лига)
Ўша йили ОФК Кубоги иштирокчиси
2012 йили 8 ўрин (Олий лига)
2013 йили 13 ўрин (Олий лига)
Биринчи лигага тушиб кетди.
2014 йили 1 ўрин (Биринчи лига)
Олий лига йўлланмаси қўлга киритилди.
2015 йили 11 ўрин (Олий лига)
Ўзбекистон ПФЛ Кубоги соҳиби
2016 йили 9 ўрин (Олий лига)
2017 йили 14 ўрин (Олий лига)
2018 йили 6 ўрин (ПРО-Лига “А”)
Шу кунгача, “Шўртан” жамоасида қуйидаги мураббийлар фаолият кўрсатиб келишди:
1994-1995 йиллар - Эшмурод Чоршанбиев;
1996-1997 йиллар - Геннадий Михайлуца, Марс Ҳусниддинов;
1998-1999 йиллар - Анвар Сметлаев, Геннадий Михайлуца;
2000 йил - Баҳодир Аҳмедов, Виктор Алешников;
2001- 2003 йиллар - Виктор Алешников, Шуҳрат Акмирзаев;
2004-2005 йиллар - Шамиль Толибов;
2006 йил - Шамиль Толибов, Владимир Павленко, Шуҳрат Акмирзаев, Рауф Инилеев;
2007 йил - Зоир Тўрақулов, Сеид Сеидов, Владимир Пачко;
2008 йил - Тачмурод Агамуродов, Зоир Тўрақулов;
2008-2009 йиллар - Баҳром Ҳакимов, Виктор Пасулько;
2009 йил - Усмон Тошев;
2009-2011 йиллар - Эдгар Гесс;
2012 йил - Тачмурод Агамуродов, Ихтиёр Каримов;
2013 йил - Игорь Криушенко; Эдгар Гесс;
2014-2015 йиллар - Мухтор Қурбонов;
2016 йил - Зоир Тўрақулов, Ихтиёр Каримов;
2017 йил - Александр Волков, Ихтиёр Каримов, Геннадий Кочнев;
2018 йил - Асрор Алиқулов (биринчи давра), Ёрқин Назаров (иккинчи давра);
2019 йил - Сергей Ковшов.
Турли йилларда Э.Тожибоев, С.Усмонхўжаев, А.Ибрагимов, Д.Жатдоев, Б.Ваҳобов, А.Критинин, Б.Ҳайдаров, Р.Ҳакимов, Б.Омонов, И.Таран, А.Власичев, Д.Досанов, И.Кликунов, Д.Тошматов, К.Жўраев, А.Токов, Б.Омонов, С.Сайфиев, З.Полвонов, П.Агбо, Л.Кошелев, А.Макосин, В.Понамарев, Ж.Отақулов, А.Корнейчук, И.Юлдашев, В.Афонин, А.Мерзляков, Я.Крушельницкий, А.Алиқулов, Ш.Эркинов, ака-ука Зайниддин ва Фарҳод Тожиевлар, каби маҳаллий футболчилар билан бир қаторда Г.Мегреладзе (Грузия), А.Геворкян (Туркманистон), М.Алавидзе (Грузия), П.Вуйович (Монтенегро), У.Миласавлевич (Сербия), С.Таина (Кот Д Иувар, Африка), У.Ихореоме (Африка), П.Агбо (Украина) каби легионерлар “Шўртан” шарафини ҳимоя қилишди.
Бугунги байрам кунида биз “Шўртан” ПФК МЧЖ раҳбарияти, ишчи-ходимлари, мураббийлари ва футболчилари номидан кўп минг сонли Ғузорлик мухлисларини, барча барчани, “Оқ бўрилар” жамоасига бефарқ бўлмаган ватандошларимизни 25 йиллик айём билан табриклаймиз. Ҳаммага соғлик, саломатлик, хотиржамлик тилаб қоламиз. Футбол ҳамиша инсонлар қалбига қувноқлик, хушнудлик, байрам кайфиятини олиб кирсин!
Фикрлар