"Олд Траффорд"даги қайта қурилишлар: МЮ тен Хаг келиши билан қандай ўсмоқда? (мутолаа учун)
04 мар 2023 00:22
Янгиликлар
"Олд Траффорд"даги қайта қурилишлар: МЮ тен Хаг келиши билан қандай ўсмоқда? (мутолаа учун)
Ўтган ёзда жорий мавсум Англия Премьер-лигаси МЮ учун учинчи турдаёқ якунланиши ҳақида кўп ҳазиллар қилишди. Ўшанда "Манчестер Юнайтед" "Ливерпуль"га қарши ўйнаши керак эди. "Қизиллар" ўтган мавсум манкунианларни 5:0 ва 4:0га ютганини ҳисобга олса, жамоатчиликнинг кайфияти тушунарли эди. Аммо, МЮ ўз уйида принципиал рақиби устидан 2:1 ҳисобида ғалабага эришди.
"Ливерпуль"га қарши ғалаба "Юнайтед" бош мураббийи Эрик тен Хаг учун АПЛдаги биринчиси бўлди. Манчестерликлар ярим ҳимоячиси Бруну Фернандешнинг сўзларига кўра, жамоа шу ўйиндан сўнг ўз кучига бўлган ишончга эга бўлган. Ўшандан кўп вақтлар ўтди. МЮ доим ҳам барқарор бўлмади, аммо клубнинг ўсишини инкор этиш мумкинмас.
"Юнайтед" ҳозирда Премьер-лиганинг энг яхши жамоалари учлигига киради ва ҳатто чемпионлик пойгасида иштирок этмоқда. Бундан ташқари, манкунианлар Европа Лигаси 1/16 финалида "Барселона"дан ўтишди ва бу ҳам жамоага бўлган ишончни қўшади. Тен Хаг шунингдек ўзининг МЮдаги илк мавсуми сўнггига қадар клуб учун 5 йил ичида илк бор совринни, аниқроғи Англия лига кубогини ютди. Соврин унчалик муҳим эмас, аммо барибир.
Ёзда кўпчилик нидерландиялик манкунианларни қайта уйғотишга қодирлигига шубҳа билан қараганди. "Аякс" ҳам катта клуб, аммо "Юнайтед" – барча кўрсаткичлар бўйича бошқа даража. Мутахассис янги чақириқдан қўрқмади, ҳозир эса МЮга бўлган шубҳалар камайиб бормоқда. Тен Хаг биринчи бўлиб ўйинчиларга сингдирган нарса интизомдир. Мураббий бирдан футболчилар ўртасида унда фаворит йўқлигини, майдондаги ўринга эса лойиқ бўлиш кераклигини кўрсатди.
Бу жанжалларсиз ўтмади (Криштиану Роналдуни ёдга оламиз), аммо иш берди. Фернандеш олдинроқ айнан шундай темир интизом манкунианларга жуда ҳам етмаганини айтди. Гап фақат Роналдуда эмас. Маркус Рэшфорд фаолиятидаги энг яхши мавсумларидан бирини ўтказмоқда, аммо "Вулверхэмптон"га қарши ўйин асосий таркибидан жамоавий учрашувга кечиккани сабаб айрилди. Футболчи мураббийнинг қарорини тушунди, иккинчи таймда майдонга чиқди ва ғалаба голини урди.
Жейдон Санчо билан ҳам шунга ўхшаш вазият рўй берди. Нидерландиялик унга 85 млн евро тўланганига қарамай, англияликни майдонга туширмади. У ҳатто ўйинчига асосий жамоа билан ҳам машғулот ўтказишга қўймади. Мутахассис шундай қилиб оптимал формага келиб олиш учун ўйинчига кўпроқ ишлашга мотивация берди. Натижа – таркибга қайтишдан сўнг уч ўйинда иккита гол. Ва бу фақатгина оммага маълум бўлган ҳолатлар. Бундай темир интизом Алекс Фергюсон давридан бери МЮда бўлмаган дейишади. Футболчиларга бу ёқади.
Тен Хаг ишининг фойдали жиҳатларидан яна бири бир неча нафар ўйинчиларнинг бирдан ўсиши ҳисобланади. Бунда Рэшфорд яққол ажралиб турибди. Жорий мавсум Маркус учун самарадорлик бўйича энг яхшиларидан бири. 25 ёшли вингер айни дам барча мусобақаларда 38та ўйинда 25та гол ва 9та ассист қайд этди. "Юнайтед" тарбияланувчиси 2023 йилда 14та гол уришга улгурди. Бу топ-лигалар ўйинчилари орасидаги энг яхши натижа. Бундан ташқари, Рэшфорд бутун жамоадан кўп гол урмоқда. Масалан, "Ливерпуль" ва "Челси" жорий йил биргина Маркусдан кам тўп киритишган.
Аммо, барчаси Рэшфорд билан кифояланмайди. Алехандро Гарначо МЮнинг энг яхши ёш ўйинчиларидан бирига айланди. 18 ёшли вингер жорий мавсум манкунианларнинг асосий жамоасида 26та ўйинда майдонга тушиб, 3та гол ва 5та ассист қайд этди. Бундан ташқари, улардан 2таси ғалаба голлари бўлди. Аарон Ван-Биссака мавсумнинг биринчи қисмида клубдан кетишга яқин эди, ҳозир эса ўнг қанот мудофаадаги жой учун Диогу Далот билан муваффақиятли рақобат қилмоқда. Люк Шоу эса янги мураббий келиши билан марказий ҳимоя позициясида ёмон ўйнамаслигини билиб олди.
Тен Хаг МЮга ўзи билан олиб келган яна бир муҳим жиҳат трансферларга бўлган ёндашувдир. Манкунианлар ҳали ҳам пулларни ҳисоблашмайди, аммо эндиликда янги ўйинчиларнинг танланишига эътиборлироқ бўлишган. Ўтган ёзда "Юнайтед"га ҳимоячилар Лисандро Мартинес (57 млн евро) ва Тайлер Маласиа (15 млн), хавбеклар Каземиро (70 млн) ва Кристиан Эриксен (эркин агент), шунингдек вингер Антони (95 млн) келди. МЮ қишда ярим ҳимоячи Марсель Забитцер ва форвард Ваут Вергхостни ижарага олди.
Ёзда келган янги ўйинчиларнинг деярли барчаси жамоага фойда олиб келади. Маласиа Брэндон Уильямсга имконият қолдирмаган ҳолда Люк Шоу билан рақобатда ўзини яхши ҳис қилмоқда. Мартинес асосий марказий ҳимоячи бўлди, Каземиро эса умуман жамоадаги энг яхши ўйинчилардан. У ўзи билан нафақат сифат, балки профессионализм ва олдин манкунианларга етмаган ғолиблик менталитетини ҳам олиб келди. Бундан ташқари, бразилиялик марказий чизиқда олдин деярли ҳар бир ўйиндан сўнг танқид қилинган Макфред (Скотт Мактоминей ва Фред) жуфтлигини парчалади. Эриксеннинг текин трансфери МЮ учун катта бонус бўлди, сабаби даниялик майдоннинг учинчи қисмида жамоага ҳилма-хилликни қўшди.
Ҳозирча фақатгина Антони борасида саволлар қолмоқда. 24 ёшли вингер ҳозирда АПЛда атиги 3та гол урди. Деярли 100 миллион тўлаган ўйинчи учун кам, аммо манчестерликлар у сиз ҳам ёмон уддалашмаяпти. Албатта, олдинда МЮда кўп ишлар, жумладан трансфер бозоридаги ҳаракатлар қолмоқда. Вергхорст қолган тақдирда ҳам, ёздаги асосий вазифалардан бири ҳужумчи билан шартнома имзолаш. Аммо, буларнинг барчаси ўз кучига ишонадиган жамоани яратишнинг бир қисмидир ва тен Хаг ҳозирча бу ишни муваффақиятли уддаламоқда.
Footballhd.ru сайтидан Алишер Остонов таржимаси
Фикрлар