

Қўмитанинг янги қарорлар рўйхатига кўра, 12 октябрь куни ўтказилган Элит Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичининг “Ал Насср” – “Нефтчи” учрашувида Фарғона клубининг 5 нафар вакили ҳакам томонидан сариқ карточка билан огоҳлантирилган.
Шу сабабли “Нефтчи” ОФК Тартиб-интизом ва этика кодексининг 53.1-моддаси – “Жамоавий тартибсизлик” бўйича 3600 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ айнан шу учрашувдаги қўпол ҳаракати учун “Нефтчи” ярим ҳимоячиси Икромжон Алибоев ҳам жазоланган эди. Ўзбекистонлик футболчи икки ўйинга дисквалификация қилиниб, 2000 АҚШ доллари миқдорида жаримага тортилган.
Шу тариқа, “Ал Насср”га қарши баҳсдаги интизомий қоидабузарликлар учун Фарғона клуби ва унинг футболчисига белгиланган жарималарнинг умумий миқдори 5600 АҚШ долларига етди.
Маълумот учун, 12 октябрь куни Ар-Риёдда ўтказилган учрашувда “Нефтчи” “Ал Насср”га 1:3 ҳисобида имкониятни бой берган эди.



