UZ

Сўнгги янгиликлар

19:33Кварацхелия "Наполи"дан кетмоқчи эмас  1 19:11"Арсенал" Йозуа Киммихга қизиқмоқда  4 18:55Суперлига. "Динамо" – "Металлург" 0:1 (матнли трансляция)  4 18:15ПРО лига. Тошкентда ўтган "Бухоро" - "Хоразм" учрашувида дуранг қайд этилди  14 17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  0 17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  13 16:20"Евро-2024"да ҳеч ким Англия билан тенглаша олмайди"  9 15:57"Қизилқум" "Локомотив" билан ўйин учун қайдномасини эълон қилди  0 15:26Суперлига. 4-тур учрашувларини ўтказиб юборадиган футболчилар  4 15:10Маркус Рэшфорд Евро-2024га бора олмаслиги мумкин  1 14:38Парехо Винисиус ҳақида: "Ажойиб спортчи, аммо ўйинчилар ўзини футболга бағишлаши керак. Мени пиёниста дейишарди, лекин бунга эътибор бермаганман ва жавоб қайтармаганман – бундай одамлардан юқорироқ бўлиш зарур"  3 13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  5 13:44"Манчестер Юнайтед" "Реал" футболчисини сотиб олмоқчи  1 13:23Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди   1

Мозийга қайтиб..."Бунёдкор" довруғининг бошланиши... Янгиликлар

Мозийга қайтиб..."Бунёдкор" довруғининг бошланиши...

Ушбу рукннинг аввалги сонида журналист Аваз Бердиқуловнинг “Одамлар орасида” газетасининг 2007 йил 8 март сонида эълон қилинган «What is уоur mission, Petit?» (Нима бор бу ерда, Пети?) мақоласини эътиборингизга ҳавола қилган эдик.

Унда муаллиф Жаҳон ва Европа чемпиони Эммануель Петининг даб-дурустдан юртимизга ташрифи ҳақида ўз фикрларини билдирган эди. Биз эса бу ташрифни мўъжизага қиёслаган эдик. Энди шу фикримизни асослашга ҳаракат қиламиз.

“БУНЁДКОР” ДОВРУҒИНИНГ БОШЛАНИШИ...


Бунинг учун аввалги мақолада келтирилган иккита гапни яна бир бор эътиборингизга ҳавола қиламиз. Биринчиси: Бироқ чемпионат бошланишига саноқли кунлар қолганида кутилмаган мўъжиза рўй берди. Ўзбекистонга франциялик машҳур футболчи, Жаҳон ва Европа чемпиони Эммануель Пети ташриф буюрди. Дарҳақиқат, шу пайтгача юртимизга Пети даражасидаги футбол кишиси ташриф буюрмаганди. Лекин буни мўъжизага тенглаштирганимизда биз фақат ташрифнинг ўзини назарда тутмаганмиз. Иккинчи гап Петининг ўзини забонидан чиққан: “Аминманки, хали шундай вақтлар келади ва менга ўхшаганлар Ўзбекистонга кетяпмиз дейишса, ҳеч ким кулмайдиган бўлади. Мен бунга ишонаман”. Петининг бу гапига бошқа ҳамкасбларимиз қатори мақола муаллифи ҳам ишонмаган: “Таржимоннинг хатосими бу, ёки Петини журналистлар билан учраштиришдан олдин керагидан ортиқ меҳмон қилиб юборишдимикан?”

Бироқ воқеаларнинг кейинги ривожи Петининг ташрифи чиндан ҳам мўъжиза экани ва унинг таҳминлари ўзини оқлаганини кўрсатди. Эммануель Петини юртимизга ўша пайтдаги “Қурувчи” (ҳозирда “Бунёдкор”) клуби таъсисчилари таклиф этишганди. Мақсад – шу номдор шахс орқали донгдор клублар, машҳур амалдорлар ва юлдуз футболчилар билан алоқа ўрнатиш эди. Бу вазифа ортиғи билан амалга ошди. Сабаби, кейинги ташрифлар фақатгина Пети ва “Қурувчи” эмас, кенг доирадаги халқаро алоқаларга айланиб кетди. Уларни ёдга оламиз. 

2008 йил 14 июль куни “Қурувчи” ПФК расмий сайтига жойлаштирилган хабар нафақат мамлакатимиз, балки бутун дунёда шов-шув бўлди десак муболаға бўлмайди. Унда жумладан шундай дейилган эди: “Ҳурматли футбол ишқибозлари! “Қурувчи” ПФК сизга шуни маълум қиладики, биз мамлакатда футболни ривожлантириш учун навбатдаги қадамларни ташламоқдамиз. Жумладан, Испаниянинг “Барселона” клуби билан 1+1 кўринишида ҳамкорлик шартномаси имзоладик. Унга кўра, яқин орада ушбу клубнинг 8 нафар менежери Тошкентга ташриф буюради ва ҳар бири ўз йўналиши бўйича клубимиз фаолиятини такомиллаштириш ва бажараётган ишларимизни янада юқори босқичга олиб чиқишга ўз улушини қўшади.

Ҳамкорлик доирасида биз “Барселона” аъзоси, камерунлик ҳужумчи Самуэл Это’Они ҳам жамоамизга таклиф этдик. Жаҳон футбол юлдузи 17 июль куни юртимизга ташриф буюради. У мамлакатимиз футболи билан яқиндан танишади, ёш футболчилар учун мастер-класс ўтказади ҳамда клубимиз билан шартнома имзолаш борасида музокара олиб боради. Биз Испания чемпионати тўпурари жамоамизга 2-даврада, айниқса Осиё Чемпионлар лигасида ёрдам беришидан умидвормиз.

Шунингдек, ҳамкорлик доирасидаги кейинги қадам санаси 20-21 июль санасига тўғри келади. Шу кунлари Тошкентга яқинда Европа чемпионлигини қўлга киритган “Барса” аъзолари Карлес Пуйоль, Андрес Иньеста ва Хави ташриф буюришади. Улар ҳам мастер-класс усулида ўз маҳоратларини намойиш этишади ва бу ташриф юртимизда футбол ривожи учун ўзига хос туртки бўлишига ишонамиз!
Ҳурматли футбол мухлислари, “Қурувчи” ПФКдан бундан буён ҳам ёқимли совғаларни кутинг!”.

У пайтда юртимизда ижтимоий тармоқлар деярли йўқ эди. Лекин бу хабар бутун мамлакатга яшин тезлигида тарқалди. Шу куннинг ўзидаёқ жаҳоннинг спортга ихтисослашган йирик ОАВлари ҳам унга эътибор қаратишди. Албатта унга ишонгандан кўра ишонмаганлар кўп бўлди. Бироқ...

17 июль куни Самуэл Это’О ростан ҳам Тошкентга келди! Буниси энди “бомба” эди! У Ўзбекистон футбол федерацияси раҳбарияти билан учрашди, лиқ тўлган МҲСК стадионида болакайлар билан бирга шуғулланди. “Қурувчи” ПФК таъсисчилари билан музокара ҳам олиб борди, бироқ томонлар қайсидир шарт бўйича келиша олмадилар чоғи, эртасига яна Испанияга қайтиб кетди. 




21 июль куни ваъда қилингандек, уч нафар испаниялик Европа чемпионлари ҳам юртимизга ташриф буюрди. Фақат таркибда битта ўзгариш бор эди: оилавий сабабларга кўра Хави кела олмади, унинг ўрнига эса “Арсенал” аъзоси Сеск Фабрегас етиб келди. Улар ҳам кичкинтойларга мастер-класс кўрсатишди ва махсус ташкил қилинган шоу-ўйинда иштирок этишди.



8 август куни 3 кунлик ташриф билан Тошкентга “Барселона”нинг шахсан президенти Жоан Лапортанинг ўзи келди. У ЎФФ раҳбарияти билан учрашув ўтказди, қурилиши режалаштирилаётган “Бунёдкор” стадиони пойдеворига рамзий ғишт қўйди. Ўзбекистон чемпионатидаги пойтахт дербиси – “Бунёдкор” – “Пахтакор” учрашувини бевосита стадиондан кузатди ва албатта “Бунёдкор” ФК раҳбарияти билан бундан кейинги ҳамкорлик дастурларини келишиб олди. Жумладан, “Бунёдкор” жамоаси қишки йиғинни “Барселона” қароргоҳида ўтказиши ва шу номли клуб билан ўртоқлик ўйини ташкил этиш тўғрисида келишиб олинди.



2008 йилнинг 28 август куни энди “Бунёдкор” (собиқ “Қурувчи”) “Олтин тўп” соҳиби, Жаҳон чемпиони, ЕЧЛ ғолиби, бразилиялик Ривалдо билан шартнома имзолади ва яна бутун дунё футбол аҳлини лол қолдирди. Биринчи уринишда Это’О билан ўхшамаган шов-шув машҳурликда ундан ошса-ошадиган, лекин асло кам бўлмаган (ёшидан қатъий назар) Ривалдо билан рўёбга чиқди ва “қалдирғочлар” қаерда ўйнашмасин, стадион лиқ тўладиган бўлди. 



Орадан роппа-роса 1 ой ўтиб, аниқроғи 26 сентябрь куни “Бунёдкор” яна бир шов-шувли трансферга қўл урди ва бу сафар бош мураббийликка бразилиялик Артур Антуньеш Коимбра (ёки шунчаки Зико) билан шартнома имзолади. Ривалдонинг келишига Пети бош-қош бўлган бўлса, Зиконинг ташрифига энди Ривалдонинг ўзи сабабчи бўлди. Лекин айнан Зико масаласида “қалдирғочлар” раҳбарияти бир оз шошиб қолди. Шартнома 15 ой муддатга, яъни 2009 йил охиригача мўлжалланган бўлиб, Зико жамоани янги мавсум бошидан қабул қилиб олса мақсадга мувофиқ бўларди. Сабаби, Миржалол Қосимов бошчилигида “Бунёдкор миллий чемпионатда пешқадам, Ўзбекистон кубоги финалчиси ҳамда Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалига йўл олганди. Бироқ бошқарув Зикога топширилди ва “қалдирғочлар” ярим финалда Австралиянинг Аделаида шаҳрида маҳаллий жамоага 0:3 ҳисобида мағлуб бўлдилар ва жавоб учрашувида ўртадаги фарқни бартараф эта олмай мусобақадан чиқиб кетдилар.

Боз устига янги мавсум арафасида Москванинг ЦСКА клубидан таклиф тушиши билан, Зико “Бунёдкор” раҳбариятидан рухсат сўради ва 2009 йилнинг 9 январь куни томонлар ўзаро келишувга кўра шартномани бекор қилишди. Лекин айёр бразилиялик “Бунёдкор”даги 2 ойлик фаолияти давомида 2 та совринни ўз ҳисобига ёзиб қўйди: Қосимов тайёр пиширган таомни охирига етказиб қўйди ва ҳам мамлакат чемпиони, ҳам Ўзбекистон кубогини қўлга киритиб дубль соҳибига айланди. 



Ўз олдига энг юқори мақсадларни қўйган “Бунёдкор” сафини нафақат легионерлар, балки энг кучли маҳаллий футболчилар билан ҳам тўлдирди ва миллий терма жамоа аъзолари Тимур Кападзе, Азиз Ҳайдаров, Сервер Жепаров, Анваржон Солиев, Улуғбек Бақоев сингари иқтидорлар ҳам “қалдирғочлар”га айландилар. 2008 йилда илк марта мамлакат чемпиони ва кубогини қўлга киритган, шунингдек Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалигача етиб келган “Бунёдкор” қитъада ҳам ўз мавқеига эга бўлди ва йил якунларига кўра Сервер Жепаров Осиёнинг “Энг яхши футболчиси” деб тан олинди. У бу совринга эга чиққан илк ўзбекистонлик бўлди!

Декабрь футбол мавсуми бўлмаса-да, 2008 йил 22 декабрь кунидаги хабар яна бутун дунё футбол аҳлини ларзага солди: Тошкентга Жаҳоннинг энг зўр футболчиларидан бири Лионель Месси ташриф буюрди! Олимпиада ва ёшлар ўртасида Жаҳон чемпиони, ЕЧЛ ғолибининг диёримизга келиши яна бутун олам спорт нашрларида кенг ёритилди. «Интерконтиненталь» меҳмонхонасида ОАВ вакиллари учун ўтказилган матбуот анжуманига ҳорижий журналистлар ҳам ташриф буюрди. Месси ҳам ЎФФ раҳбарияти билан учрашди, “Чиғатой” футбол мактабида, оппоқ қор устида болакайларга мастер-класс ўтказди.

“Бунёдкор” ва “Барселона” клублари ўртасидаги келишувга мувофиқ 2009 йилги қишки йиғинни “қалдирғочлар” каталонияликлар қароргоҳида ўтказдилар ва унинг доирасида иккала жамоа ўртасида ўртоқлик учрашуви ўтказилди. Гарчи, бу ўйин ўртоқлик мақомида бўлса ҳам, юртимиз жамоаси илк маротаба “Барселона”га қарши майдонга тушди. Тарихий учрашув баённомаси билан таништирамиз:

09.01.2009. Ўртоқлик ўйини. Каталония. “Мини Эстади” стадиони.
“БАРСЕЛОНА” – “БУНЁДКОР” 1:1 (1:1)
Голлар:
Карлес Пуйоль 21 (1:0), Сервер Жепаров 37 (1:1).
“Барселона”: Альберт Хоркера, Даниэл Алвес, Мартин Касерес, Карлес Пуйоль, Силвиньо, Сейду Кейта, Эйдур Гудйонсен, Хави, Лионель Месси, Самуэль Это’О, Тьерри Анри
“Бунёдкор”: 1-тайм: Павел Бугало, Александр Хвастунов, Луизао, Гочгули Гочгулиев, Саҳоб Жўраев, Яннис Мандзукас, Жасур Ҳасанов, Сервер Жепаров, Тимур Кападзе, Улугбек Бакаев, Хосе-Луис Вильянуэва.
2-тайм: Муроджон Зуҳуров (Муҳиддин Худоёров 80), Шавкат Раимқулов, Ҳайрулла Каримов, Тимур Яфаров, Саҳоб Жўраев, Виктор Карпенко, Эркин Бойдуллаев, Анвар Рахимов, Шавкат Саломов, Баҳодир Пардаев, Анвар Солиев.




Шов-шувли ташрифлар 2009 йилда ҳам давом этди. 9 июнь куни “Бунёдкор” яна бир довруғли шартномани имзолади: 2002 йил Бразилия термаси билан Жаҳон чемпионлигини қўлга киритган ва ўша йили ФИФА томонидан йилнинг энг яхши мураббийи деб тан олинган бразилиялик Луис Фелипе Сколари “қалдирғочлар” устозига айланди! Орадан 2 ой ўтиб Ўзбекистон кубоги финалида яна “Пахтакор” ва “Бунёдкор” рўбарў келди ва унда “шерлар” минимал ҳисобда зафар қучдилар. Сентябрда бўлиб ўтган ОЧЛ чорак финалида эса “Бунёдкор” Жанубий Кореянинг “Пхохан Стилерз” клубига қўшимча вақтда мағлуб бўлди (Ўша мавсумда айнан кореяликлар мусобақа ғолиби бўлганлар). Лекин ўша йилги миллий чемпионатда Сколари шогирдлари ажойиб натижани қўлга киритишди ва асосий рақобатчи – “Пахтакор”ни 24 очко (!) ортда қолириб, кетма-кет иккинчи чемпионликни нишонлашди.

Мессининг ташрифидан роппа-роса 1 йил ўтиб, яъни 2009 йилнинг 22 декабрь куни юртимизга замонамизнинг яна бир ёрқин юлдузи, португалиялик Криштиану Роналду келди! Жаҳоннинг 2008 йилдаги “Энг яхши футболчиси”, “Олтин тўп” ва “Олтин бутса” соҳиби, клублар ўртасида Жаҳон чемпиони ва ЕЧЛ ғолибининг ташрифи “Ёш футболчиларни қўллаб-қувватлаш дастури” доирасида амалга оширилган эди. Криштиану дастлаб ЎФФга ташриф буюрди, раҳбарият билан учрашди ва футбол музейини кўздан кечирди.

Куннинг иккинчи ярмида Роналду ёш футболчилар билан биргаликда машғулотлар ўтказиш учун “Жар” стадионига ташриф буюрди. Ўша куни “Жар”даги тиқилинч ҳолатни тасаввур қилишнинг ўзи қийин. Оқим тўлқини азбаройи кўплигидан стадионнинг темир дарвозалари ҳам синиб тушганини кўпчилик эсласа керак. 9 минг сиғимга эга бўлган стадионга 15 мингдан ортиқ мухлис бостириб кирганди! КриРо минглаб томошабинлар ҳайқириғи остида яшил майдонга тушиб келди ва ўзининг тўп билан моҳирона ҳаракатларини намойиш этди. Кейин “Бунёдкор” академиясининг 12 ёшли тарбияланувчиси Шоҳжахон Хасанов ҳам бу жараёнда иштирок этиб ўз истеъдодини намойиш этди. Шундан сўнг, академиянинг 1995 ва 1996 йилларда туғилган тарбияланувчилари ўртасида ўртоқлик учрашуви бўлиб ўтди, Криштиану ҳар иккала жамоа сафида бир таймдан ҳаракатланди.



Ўша куни кимсан Роналду билан бир жамоада тўп тепган, ҳозирда катта футболда жавлон ураётган Миржамол Қосимов, Сардор Азимов, Забиҳилло Ўринбоев, Акром Комилов, Рустам Ашурматов, Достон Ҳамдамовлар бу дақиқаларни бир умр унутишмаса керак.

Афсуски, бу довруғли ташрифнинг сўнггиси бўлди. 2010 йил “Бунёдкор” боши узра қора булутлар кезди, таъсисчилар банкротга учради ва барча легионерлар клубни тарк этишди. Лекин “қалдирғочлар” 2 йил давомида миллионлаб футбол мухлислари эътиборида бўлишди. Улар ёндирган “олов” қисқа муддатли бўлди, бироқ барчани иситди ва ҳаммага ёруғлик улашди! Юртдошларимиз, жаҳоннинг энг ёрқин юлдузларини ўз кўзлари билан кўришга муваффақ бўлишди. На МДҲ мамлакатлари, на Осиё давлатларининг бирортасида бу хол кузатилмаганди!

Бугунги ҳикоямизни яна Петининг гаплари билан якунламоқчимиз: “Аминманки, хали шундай вақтлар келади ва менга ўхшаганлар Ўзбекистонга кетяпмиз дейишса, ҳеч ким кулмайдиган бўлади. Мен бунга ишонаман”. Дарҳақиқат, жаҳон футболининг энг зўрлари юртимизга ташриф буюрди, ҳеч ким кулгани йўқ, аксинча ҳавас билан кузатишди. Бу эса мамлакат имижи учун жуда муҳим эди!
Энг қийин пайтда жамоани яна Миржалол Қосимов қабул қилиб олди, “юлдузлар”сиз 3 мартадан мамлакат чемпионлиги ва кубоги соҳибига айлантирди, суперкубокка эга чиқди ва ўзимизнинг қора кўзлар билан яна Осиё Чемпионлар лигаси ярим финалигача етиб борди. Сервер Жепаров яна Осиёда тенгсиз бўлди! Бироқ бу – бошқа мавзу...



Аброр ИМОМХЎЖАЕВ

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика