UZ

Сўнгги янгиликлар

16:10"Бенфика" "Манчестер Юнайтед" ҳимоячисини сотиб олишни режалаштирмоқда  0 15:43Ўзбекистонлик ҳакамлар жамоаси ОЧЛ ҳал қилувчи финал баҳсини бошқаради  5 15:24Япония терма жамоаси бош мураббийи: "Париж Олимпиадасига қитъа чемпионлари мақомида боришни мақсад қилганмиз"  3 15:20Жасур Жалолиддинов: "Олимпиадага чиқиш ҳақида ҳар куни ўйлардик"  0 15:03Тимур Кападзе Японияга қарши кечадиган финал учрашуви олдидан нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  12 14:44Япония ҳамда Ўзбекистон ўртасидаги финални қабул қилувчи стадион ўйинга шай!  5 14:25Кападзе, Жалолиддинов ва Япония вакиллари Осиё Кубоги бош соврини билан суратга тушди  4 14:01Про лига. 6-тур учрашувларида ишлайдиган расмийлар  0 13:37"Олимпик" иштирокидаги ўйин қолдирилди, "Пахтакор"нинг ўйини бошқа санага ўзгарди  4 13:12"Реал" ярим ҳимоячиси Саудия Арабистонидан тушган таклифни рад этди  12 12:47"Бавария" хавбеки Евро-2024да ўйнамаслиги мумкин  1 12:20"Тоттенхэм"нинг икки футболчиси мавсумнинг қолган қисмини ўтказиб юборади  0 11:58Германия Чемпионлар Лигасида қўшимча йўлланмани қўлга киритди  11 11:35Футбол мухлислари қалайсиз энди, Парижда музқаймоқ ялайсиз энди!  10 11:15 Ашраф Ҳакими: "ПСЖ ўз имкониятларидан фойдалана олгани йўқ"  1

Мозийга қайтиб... Ўйиндан ташқари ҳолат Янгиликлар

Мозийга қайтиб... Ўйиндан ташқари ҳолат

Теглар :  Мозийга қайтиб
Янги мавсум арафасида баъзи муаммолар ечилмасдан, ана шундай вазиятда қолмоқда.

“Ўзбекистон футболи” газетасининг ташкил этилишида бевосита иштирок этганим ҳақида аввал ёзгандим.


Унинг деярли ҳар бир сонида мақолаларим чиқди, таҳлилий шарҳлар борасида муштарийлар билан фикр алмашдик. Улар билан ҳам “Мозийга қайтиб...” рукни остида таништириб бордик. Лекин ўқувчилар орасида тобора оммалашган ушбу газетадаги фаолиятим бир йилга ҳам етмади. Кетишимга биргина мақола сабаб бўлди.

Аввал айтиб ўтганимздек, 1993 йилнинг 18 март куни Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори эълон қилинди. Бу ҳақиқатан ҳам юртимиз футболи соҳасидаги тарихий ва оламшумул воқеа эди. Бироқ унинг ижроси кўнгилдагидек бўлмади. Албатта бу ҳақда юқори доираларда гапирилмади. Лекин футболимизнинг олдинга кескин силжишини кутган мутахассисларнинг ҳафсаласи пир бўлди. 

Қарор қабул қилинган йил тугаб, янги мавсум арафасида мен ушбу муаммо ҳақида таҳлилий мақола тайёрладим ва уни бош муҳаррирга тақдим этдим. Кўп ўтмай раҳбар мени ўз хонасига чорлади. У мақола жуда долзарблиги, уни чоп этсак катта шов-шувларга сабаб бўлиши ҳақида фикр билдириб, фақат бу баъзи амалдорларга тегиб кетиши, кейин улар барча захарли найзасини мен томон улоқтириши, шу боис, мен ҳамма зарбани бир ўзим қабул қилмаслигим учун мақолани ТАҲРИРИЯТ имзоси билан беришимизни таклиф қилди. Мен рози бўлдим, сабаби, мақсадим бу мақола орқали ўзимга обрў орттириш эмас, балки муаммоларни мутасаддиларга етказиш эди. 

Мақола “Мутасаддиларга очиқ хат ўрнида” рукни остида газетанинг 16-февраль сонида эълон қилинди ва кутилганидек катта шов-шувга сабаб бўлди. Ўша куннинг ўзида бош муҳаррир мени яна ўз кабинетига чақирди ва ўртамизда қуйидаги кичик суҳбат бўлиб ўтди:

  • Давлат спорт қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари қўнғироқ қилиб мақолани ким ёзганини сўради. Имомхўжаев десам, ия, Ахбор ака бундай кескин фикрлар билдирмас эдилар-ку деб ҳайрон қолди. Мен, Ахбор ака эмас, ўғиллари Аброр десам, мақола юзаки, бир томонлама ва умуман, ғаразгўйлик билан ёзилган. Муаллифга чора кўриб, бизга бу ҳақда маълумот беринг деди.
  • Мақолани Сизга топширганимда барча зарбаларга бирга туриб берамиз деб таҳририят номидан чиқарган эдингиз. Агар ҳозир менга чора кўрилиши лозим бўлса, битта саволим бор: мақола аслида ростан ҳам яхши ёзилган, “юзаки, бир томонлама ва умуман, ғаразгўйлик” деб баҳоланиши фақат юқори раҳбарнинг қарашими ёки унинг қўнғироғидан кейин Сизнинг ҳам фикрингиз ўзгардими?
  • Унинг қўнғироғидан кейин яна бир марта синчиклаб ўқидим ва баъзи жойлари бўрттирилган, ортиқча эҳтиросларга берилганини пайқадим...
  • Бўлди, унда менга қандай чора кўриш тўғрисида бош қотириб ўтирманг, ўзим ёрдам бераман.

Шартта унинг хонасидан чиқдим ва қабулхона котибасидан бир варақ оқ қоғоз сўраб, ўз хоҳшим билан ишдан бўшаш тўғрисида ариза ёздим. Бош муҳаррир қизиққонлик қилмаслигим, юқоридагиларга “ҳайфсан берилди” буйруғи нусхасини жўнатишини, мен эса бемалол ишлаб юраверишимни таъкидлади. Мен эса ўз билганимдан қолмадим – ҳукм қатъий, шикоятга ўрин йўқ эди...


Аброр Имомхўжаев.


(“Ўзбекистон футболи” газетасининг 1994 йил 16 февраль сонидан олинган).


Газетамизнинг келгуси сонларининг бирида бу йилги чемпионат календарь учрашувларини эълон қиламиз. Уни қўлга олган ҳар бир мухлис ўз севимли жамоасининг бўлажак ўйинларига башорат қилади, бошқа командалар имкониятини чамалаб кўради. Мутахассислар эса аллақачон бўлажак биринчилик ўйинлари иштиёқида тайёргарлик кўраяптилар. Қисқа қилиб айтганда, кўпчилик орзиқиб кутаётган янги футбол мавсуми бошланади.

Аммо у бошланишидан аввал, бизни ўтган мавсумга муносиб баҳо бера олдикми, уни мутахассислар етарлича таҳлил этишдими деган саволлар қийнайди. Бу бежиз эмас, албатта. Тўғри, ўтган йилги чемпионат бир текисда ўтди, ортиқча ўзгартиришлар бўлмади, худога шукур - жанжал тўполонларга чек қўйилди. Аммо тўлиқ профессионалликка ўтиш, контрактларни назорат қилиш, ҳакамлар савияси, мураббийларнинг тез-тез алмашинуви каби салбий ҳолатлар етарлича ўрганилдими, улар бу йил бўлмаслигига кафолат борми?

Йил бошида бўлиб ўтган ЎФФ ижроия қўмитаси йиғилиши ва тренерлар кенгашини айтмаганда, ўтган мавсум якуни бўйича бирорта мутахассис ўз фикрини билдирмади. Худди 1993 йилги мавсум муаммолардан холи бўлгандек. Биз ҳам ўтган ишга саловат, ортиқча кавлаштиришдан нима фойда қабилида иш юритиб, бўлажак чемпионат режаларига шўнғиб кетишимиз мумкин эди. Аммо ҳар бир иллат етарлича таҳлил қилинмас, уни тугатишга чора-тадбирлар белгиланмас ва энг муҳими, ўз-ўзимизга танқидий ёндошмас эканмиз, ана шу камчиликларнинг илдиз отиб кетишига замин яратган бўламиз.

Вазирлар Маҳкамаси томонидан футболни янада ривожлантириш тўғрисида қарор қабул қилинганида барчамиз шодландик. Уни "тарихий", "оламшумул" ва шунга ўхшаган сўзлар билан аташдан чарчамадик ва чарчамаяпмиз ҳам, лекин унинг ижросига келганда... Биз бундан бир неча йиллар муқаддам ўйингоҳларни қай тариқа мухлислар билан тўлдириш тўғрисида мулоҳаза юритганимизда, стадион директорлари "лотерея, шоу-концертлар ўтказиш керак, ана шундагина сарф-харажат ўзини қоплайди" деган таклиф киритишганди. Қарорнинг 5-бандида ана шу фикрлар инобатга олинди, клуб ва футбол мактаблари 3 йилгача солиқлардан озод қилинди. Футбол мусобақалари вақтида турли тадбирларни, шу жумладан, лотерея ўйинлари, томоша дастурлари, артистларнинг чиқишлари ва бошқа тадбирларни ўтказишдан тушадиган даромадлар солиқлардан озод килинди.Мана карор чикканига сал кам бир йил бўлди. Мамлакатда чемпионат ўйинлари ўтказиладиган 32 стадиондан нечтасида ана шу имкониятдан тўлиқ куч билан фойдаланилди?!  

Қарорнинг 6-бандида "Пахтакор" командасининг анъаналарини тиклаш учун зарур чора-тадбирлар кўрилиши, командани юқори .малакали мутахассислар ва умидбахш футболчилар билан мустаҳкамлаш, “Қибрай" ўқув-машқ спорт комплекси асосий маскан қилиб белгиланиши, 1993-1994 йилларда "Пахтакор" стадиони яхшилаб таъмирланиши ҳақида кўрсатиб берилган. Амалда нима бўляпти? 1992 йилнинг ноябридан то 1993 йил ноябригача 4 та (!) бош мураббий алмашди. Ниҳоят, энг истеъдодли мураббийларимиздан бири, мамлакат терма командасининг бош тренери Рустам Акрамов "Пахтакор"га таклиф этилганидан сўнг, мухлислар енгил тин олдилар. Бунинг устига таниқли футболчилардан Улуғбек Рўзимов, Ислом Аҳмедов, Азамат Абдураимов, Мурод Отажоновлар "Пахтакор"да ўйнаш истагини билдирдилар.

Бошқа командаларда қишки таътил тугаши заҳоти ўйинчилар билан 1-2 йилга шартнома имзоланди. Бундан, шароити яхшиланган футболчилар ҳам манфаатдор, мураббийлар ҳам таркиб тўғрисида ортиқча бош қотирмай мавсумга тайергарлик кўрмокдалар. "Пахтакор" клуби шу кунгача ўйинчилар билан шартнома тузмагани, ҳали муаммолар ҳал этилмаганини кўрсатади. Етакчи ўйинчилар командаци тарк эта бошлади. Игорь Волков МДҲ чемпионлари турнирида "Нефтчи" шарафини ҳимоя қилганини барчамиз кўрдик. Лекин Ислом Аҳмедов ва Фарҳод Магометов командадан кетганини, Азамат Абдураимов Малайзия клубларининг бири билан 1 йилга шартнома имзолагани, Миржалол Қосимов эса "Спартак" (Владикавказ) таркибида Хорватия сафарига бориб келгани тўғрисида кўпчилик билмайди.

Газетамизнинг ўтган йилги 2-сонида "Қарор ва ижро" рукни остида "Пахтакор" стадионининг директори У. Зоҳидов билан суҳбат босилган эди. Ўшанда Умиджон ака "Соф ўзбек тилидаги табло иккинчи давранинг биринчи ўйинидаёқ мухлислар эътиборига ҳавола этилади. Ёритгичлар масаласига ҳам хавотир олишга асос йўқ, шу кунларда уларнинг учтаси тўлиқ ишлаяпти. Тўртинчиси, энг сўнггисини бугун-эрта тугаллаш арафасидамиз" деганди. Яна "мавсум тамом бўлгач, яшил майдон бутунлай алмаштирилади" деб қўшиб қўйган, суҳбатини эса "Биз ҳар бир ўйин байрам руҳида ўтиши учун ҳаракат қиламиз. Энди ўйинлар кундузи эмас, кечқурун ўтказилади. Учрашувлардан олдин шоу-концертлар, кўргазмали чиқишлар, лотереялар ўтказилади" деган сўзлар билан якунлаганди.

Умиджон ака нимага асосланиб шу фикрларни айтганини (балки орзу қилгандир) биз билмаймиз, бироқ бу суҳбатни чоп этиб мухлислар олдида ёлғончи бўлиб қолдик. Сабаби, кўп гаплар амалда тескариси бўлиб чикди. Стадиондаги табло мавсум охиригача мухлислар дилини хуфтон қилди, ёритгичлар тўлиқ ёнганини ҳали ҳеч бир ишқибоз қўрмади, ҳамма ўйинлар кундузи ўтказилди, шоу-концертлар ва лотереялар эса орзулигича қолаверди. Стадионга 500-1000 мухлис тўплангач, байрам кайфияти бўлиши мумкинми?

Қарорда "2000 йилгача футболни ривожлантириш миллий дастурини 1993 йил 10 майга қадар ишлаб чиқиб, Вазирлар Маҳкамаси тасдиғига киритилсин" деган бандлар бор. Биз ана шу дастур, шунингдек, қарорда кўрсатилган республикада барча ёш гуруҳлари командаларининг иштирокида футбол мусобақаларини ўтказишнинг ягона тизими, "Пахтакор" командаси ва Ўзбекистондаги бошқа терма ва профессионал футбол командаларининг мақоми ҳамда бошқа зарур ҳужжатларни газетада чоп этиб жамоатчиликка маълум қилиш ниятида изландик. Аммо, мутасаддилардан ҳеч қайсиси бизга тасдиқланган ҳужжатни кўрсата олмади. Биз фақат "ишланяпти, қўшимчалар киритилаяпти, тасдиқдан ўтса бўлди" сингари жавобларни эшитдик, холос.

Бу йил Ўзбекстон терма командаси.футболимиз тарихидаги илк йирик тадбир - Осиё ўйинларида иштирок этади. Хорижликлар терма командамиз ўйинларига қараб республикамизга, футболимизга баҳо беришади. Мустақил Ўзбекистон футболи Осиёда ўзини муносиб кўрсата олиши учун ҳар томонлама мукаммал, машқларда тобланган, халқаро учрашувларда тажрибаси ошган бўлиши талаб қилинади. Аммо мамлакат миллий терма командаси ўтган мавсумда бирорта хорижий давлат жамоаси билан мусобақада куч синашмаганини нима билан изоҳлаш мумкин?!

Бу соҳада бизга мамлакатимизда рўйхатдан ўтган юзлаб қўшма корхоналар ёрдам берса бўларди. Ахир, Президентимиз Ислом Каримовнинг Нидерландия қироллигига ташрифидан сўнг АЕС қўшма корхонасининг президенти Карел Аалберс "Витесс" клубини Тошкентга олиб келиб хайрли ишни бошлаб берганди. Фақат бу тажрибани қолган қўшма корхоналар оммалаштирса бўлгани эди. Афсуски, ишбилармонларимиз ҳам қайси соҳада реклама туфайли кўпроқ обрў орттириш мумкинлигини англаб етишмаганга ўхшайди.

Агар АЕС ўзи билан бирга "Витесс"ни олиб келиб ўйинлар ташкил этмаганида, бу корхонани фақат қишлоқ хўжалиги соҳасидаги раҳбарларимиз биларди, холос. "Витесс" клуби туфайлигина уни ХАЛК таниди, унга рахматлар айтди.

Яқинда "Пахтакор" командасини такдирлаш маросимида "Дизайн" жамғармаси бошқармасининг вакили сўз олиб, улар билан ҳамкорлик қилаётган инглиз фирмаларидан бири, футболимиз ривожига ўз улушини қўшмоқчи эканлигини маълум қилди. У "Пахтакор"нинг ҳар бир аъзосига спорт либослари солинган сумка топширилишини билдириб, футболчилар фирма маҳсулоти, жумладан, "Лаки страйк" сигареталарини реклама қилишларини илтимос қилди. Тасаввур этинг, юзлаб болакайлар пахтакорчилардан ўрнак олишга интилишади, улар эса "Лаки страйк" сигаретасини кўз- кўз қилишади.

Бунинг ўрнига ўша фирма Англиянинг "Ливерпуль", "Арсенал", "Астон Вилла", "Манчестер Юнайтед" сингари машҳур клубларини республикамизга олиб келса, байрамона учрашувлар ташкил этиб, ана шунда ўз маҳсулотларини реклама қилса, бундан ҳам ўзи манфаатдор, ҳам миллионлаб мухлислар хурсанд бўлмасмиди? Ёки "Совпластитал" Италия, "Бурда-Моден" Олмония, "Наврўз" ФТ Австрия, "Қанот-сервис" Япония клубларини республикамизга таклиф этса, “Феникс Гули Интернейшнл" қўшма корхонаси эса жамоаларимизни АҚШга олиб борса, икки томонлама фойда кўрилмасмиди?

Қарорнинг 16-бандида "Спорт" газетаси. қошида "Ўзбекистон футболи" ҳафтаномасини чиқариш ташкил этилсин" деб кўрсатилган эди. Мана, бугун ҳафтаноманинг 31-сони муштарийлар қўлига етиб борди. Уни ташкил этишдан мақсад футболни кенг тарғиб қилиш, республикада футбол ҳаракатини ривожлантиришга муносиб ҳисса қўшиш ва шунга ўхшаш хайрли ишларни амалга оширишдан иборат эди. Газетамиз нашр қилина бошланганда, биз биринчи навбатда мутахассисларга, жамоатчиликка умид қилдик. Ниятимиз ўзаро фикр алмашиш, бир-биримизнинг хатоларимизни тўғрилаш, ибратли ишларни ўрнак қилиб кўрсатиш эди. Афсуски, бизнинг чиқишларимиз бир томонлама бўлиб қолаверди. Муштарийлар-ку, деярли ҳар бир мақолага ўз муносабатларини билдиришди, аммо мутахассислардан ҳеч қандай акс-садо бўлмади.

Газета материалларини асосан ёшлар тайёрлашди, футбол журналистикаси соҳасида тажрибамиз ҳам катта эмас. Бизга соҳа билимдондари, мутахассисларнинг фикрлари жуда зарур. Шунинг учун ҳам ҳар бир мақола чоп этилгандан сўнг, унга қандай баҳо бериларкан, деб сабрсизик билан кутамиз. Афсуски, мутахассислар ва мутасаддилар ёки "Ўзбекистон футболи"ни ўқишмайди, ёки унда чоп этилган мақолалар муҳокама қилиниши шарт эмас, деб ҳисоблашади. Бир-биримизга тўғри йўл кўрсатайлик, фикр алмашайлик, баҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилайлик, деган таклифлар эса ҳавода қолмоқда.

Ўтган йили биз бир қанча мақолаларни муҳокама қилиш мақсадида эълон қилгандик. "Табиий тасодифлар", "Футболчилар сотилади...ми?", "Оёғимизга ўзимиз болта урмайлик", "Қашқадарёда "Ўзбекистон футболи"ни ўқимайдилар...ми?“, "Хатирчига футбол келадими?", "Агар "Пахтакор" чемпион бўлолмаса", "Сурхон" эса олий лигага қайтолмаса - биз ажабланмаймиз", "Яна бир дадил қадам", "Биз "суперлига"га тайёрмизми?", "Футболимиз савиясини ошириш ўз қўлимизда" сарлавҳалари билан чоп этилган материаллар шулар жумласидандир. Юқорида айтганимиздек, афсуски, уларнинг бирортасига ҳам фикр билдирилмади.

Обуна мавсуми бошланганида биз вилоят футбол федерацияларига катта умид боғлагандик. Ахир газета биринчи навбатда уларнинг иш фаолиятлари билан таништириб боради. Аммо "бизнинг саъй-ҳаракатларимиз туфайли шунча киши газетага обуна бўлди" мазмунидаги шошилинчномани бирорта вилоятдан ҳам олмадик. Кимдир буни гинахонликка йўйиши мумкин, аслида эса бу ҳақиқат, назаримизда газета ҳеч кимга керак эмасдек. Муаммолар эса муаммолигича қолаяпти. Бизда ҳали мураббийлар етарлича ижтимоий ҳимоя қилинмаяпти. Ўтган йили олий лига командаларига бош мураббий этиб тайинланган 16 мутахассисдан кейинчалик 12 нафари алмаштирилди. Бундай кетишда командаларда ўйин даражаси ошармикан? Ўтган йилни иқтидорли мураббийлардан Виктор Тихонов ва Виталий Суюновлар терма командаларнинг ёрдамчи тренерлари сифатида деярли ишсиз ўтказишди. Бу йил эса Биродар Абдураимов, Баҳодир Иброҳимов, Усмон Асқаралиев ва бошқа таниқли номлар олий лигани бошқаришмайди.

Ўтган йилги мавсумда энг яхши 10 ҳакамнинг 7 нафари пойтахтдан эканлиги ҳам кишини ташвишлантиради. "Пахтакор" етакчи командалар билан учрашса, бош ҳакам ким бўлиши катта муаммо. Ўша 10 ҳакамлар қаторига киритилганлардан бири Воронин Чирчиқ шаҳри, яъни пойтахтнинг биқинидан, Пивоваров "Пахтакор"нинг рақиби, яъни Фарғона шаҳридан, бухоролик Лутфулинни фарғоналиклар хоҳлашмайди, андижонлик Эшонхўжаевни эса пахтакорчилар. Шундай бўлса- да, "Пахтакор" ўтган йили бошқа вилоят командалари билан ўйнаганда, унинг ўйинини 5 марта Воронин, 3 мартадан Пивоваров, Лутфулин ва Эшонхўжаевлар бошқаришди. Натижада деярли ҳар бир ўйинда беҳудага тортишув, ортиқча асаббузарликлар, сўкиниш ва карточкалар. Ҳакамлар рапорт ёзишади, айбдорлар бир неча учрашувдан четлаштирилади, жарима пуллари федерация ҳисобига келиб тушаверади - муаммо эса муаммолигича қолаверади.

Ҳозир ФИФА футболдаги энг салбий иллат - келишилган ўйинларга кескин кураш олиб бормокда. Франциянинг машҳур "Олимпик" (Марсель) клуби ана шундай иш ташаббускори бўлгани учун ўтган йилги барча унвону ўринлардан махрум қилинди. Польшанинг "Легия" клуби ҳам шу туфайли нафақат чемпионликни, балки лигадаги ўринни ҳам икки қўллаб топширди. Бу икки клуб Оврўпо мусобақаларидан четлатилди. Москванинг "Динамо" ва ЦСКА командалари иштирокидаги келишилган дуранг ҳам катта шов-шувга сабаб бўлди.

Бизда ҳам мавсум якунланишига яқин келишилган ўйинлар кўпайишини мутахассислар анча аввал башорат қилишганди. Чемпионатнинг сўнгғи турларидаги "Политотдел" - "Чирчиқ" (0:1), "Чирчиқ" - "Шифокор" (3:3) ўйинлари мисол тариқасида келтирилди. Лекин биз ўз кўзимиз билан кўрмаганимиз учун бу фикрларга қўшимча қилолмаймиз. Бевосита гувоҳ бўлганимиз эса ҳаммасидан ўтиб тушди. Гап республика кубогининг ярим финалидаги "Навбаҳор" - "Нефтчи" учрашуви ҳақида бормокда.

Қизиғи шундаки, учрашувда "Нефтчи" мағлуб бўлиши ҳақида биз анча олдин эшитдик. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Бу ўйин 5 ноябрь, жума куни ўтказилиши лозим эди. Бир кун аввал, 4 ноябрь куни эса "Пахтакор" стадионига кираверишдаги эълон тахтачасида "9 ноябрь куни Ўзбекистон кубоги финали -"Пахтакор" - "Навбаҳор" ёзувлари пайдо бўлди. Биз ўша куни кўпчилик ҳамкасбимизнинг тўйи баҳонасида поездга ўтириб, Наманганга етиб келдик. Ўйиндан аввал мухбиримиз Ю. Саркисян билан учрашмоқчи бўлди, аммо унга бош мураббий бетоблиги туфайли Наманганга келолмаганлигини айтишди (ваҳоланки Юрий Вазгенович ўша пайтда Марғилонда бемалол "Атласчи" - "Пахтакор" ўйинини томоша қилаётган эди). Сўнгра, у билан шу бир-икки кун ичида учрашиш лозимлиги, чунки 9 ноябрдан "Нефтчи" учун таътил кунлари бошланиши ҳақида эслатиб ўтишди. Шундан сўнг биз 9 ноябрь куни Тошкентга ҳақиқатан ҳам "Нефтчи" эмас, "Навбаҳор" боришига амин бўлдик ва поездга чипта олиш муаммосидан қутулдик. Сабаби "Навбаҳор" автобусида пойтахтга қайтиш биз учун қулай эди (шундай бўлди ҳам).

"Навбаҳор" - "Нефтчи" ўйини "ойнаи жаҳон" орқали бутун мамлакатга олиб кўрсатилди, кичик тўртбурчак экранга нима сиғгану-сиғмагани бизга қоронғу. Лекин шу куни "Нефтчи" астойдил курашмаганидан ҳатто наманганлик ишқибозлар ҳам норози бўлишди. Иккинчи бўлимда ҳуштакбозлик авжига чиқиб, кўпчилик стадионни тарк эта бошлади. Улар бекор шошилишди, чунки мағлуб командага қандай совғалар берилганини кўра олишмади. Албатта, бу ўйинни келишилган дейишга ашевий далилларимиз йўқ, лекин у ҳақиқий курашдан иборат бўлди дейишга ҳам виждонимиз қийналади. Кейинчалик биз бу масалани республика футбол федерациясида кўтарганимизда, ўйинни келишилганини аниқлаш учун учрашув назоратчи ҳакамининг рапорти зарур дейишди. Лекин бундай машмашани бошлашни ким ҳам ўз зиммасига оларди?!

Хуллас, ўтган мавсумда киши дилини оғритадиган ҳоллар ҳам бўлди. Афсус, буларга эътиборсиз қаралди. Футболда ўйиндан ташқари ҳолат нималигини ҳар бир мухлис еддан билади. Бизнинг ҳам юқорида кўтарган муаммоларимиз ўйиндан ташқари ҳолатда қолиб кетиши, яъни инобатга олинмаслигини жуда-жуда истамас эдик. Майли, аввалгилари қайта ўрганилмасин. Муҳими - бу йилги мавсумда улар такрорланмаса бўлгани.


ТАҲРИРИЯТ.

Рейтинг: +2   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика