UZ

Сўнгги янгиликлар

04:11Улар бу кубокка иккинчи бор жуда яқин келишганди...  2 02:03Лига 1. "Ланс" Абдуқодир Ҳусановсиз ҳам ғалаба қозонди  4 01:51УЕФА Евро-2024 қайдномасини 26 нафар ўйинчигача оширди  0 01:40Жасур Жалолиддинов: "Рақибдан кучлироқ эдик"  6 01:26Умарали Раҳмоналиев: "Бутун Ўзбекистон халқидан минг бор узр сўрайман"  26 01:13БАА. Ҳожимат Эркинов "Ал Ваҳда" сафида ОЧЛ финалчисини мағлуб қилиб, Лига кубогини қўлга киритди!  5 00:35Фоден журналистлар талқинига кўра АПЛнинг ушбу мавсумдаги энг яхши ўйинчиси деб топилди  0 00:08Тимур Кападзе Японияга қарши кечган финалдан сўнг нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  60 23:49Ўзбекистон ОТЖ U-23 Осиё кубоги "Fair Play" соврини билан тақдирланди  61 23:31"Ланс" Абдуқодир Ҳусановни тез орада бошланадиган "Лорьян"га қарши ўйин қайдномасига киритмади  18 23:19Япония – Ўзбекистон ўйинида қандай статистика қайд этилди?  29 23:01U-23 Осиё кубоги. Абдувоҳид Неъматов турнирнинг энг яхши дарвозабони деб топилди!  27 22:51Ўзбекистон Олимпия ўйинларининг "С" гуруҳидан жой олди. Испанияга қарши ўйнаймиз  60 22:40Винисиус ЕЧЛда ҳафта ўйинчиси деб топилди  7 22:38U-23 Осиё кубоги. Япония чемпион! Олимпиадага чиқиб бўлган Ўзбекистон пенальтидан гол ура олмади  534

Мозийга қайтиб... Футболимиз ривожи учун пойдевор қўйилди, эндиги вазифа уни юқорига кўтариш Янгиликлар

Мозийга қайтиб... Футболимиз ривожи учун пойдевор қўйилди, эндиги вазифа уни юқорига кўтариш

Теглар :  Мозийга қайтиб
“Мозийга қайтиб...” рукнининг аввалги сонида битта мақола туфайли “Ўзбекистон футболи” газетасидан ишдан кетганим ҳақида ёзган эдим.

Лекин ўша танқидий-таҳлилий материал газетадаги сўнгги мақолам бўлиб қолмади. Сўнггиси ва энг довруғлиси ҳали олдинда эканини ўзим ҳам билмасдим.

Газетанинг 16-февраль сонида “Мутасаддиларга очиқ хат ўрнида” рукни остида эълон қилинган “Ўйиндан ташқари ҳолат” мақоласи катта шов-шувга сабаб бўлди. Шу қадар каттаки, ҳатто Президент администрациясида ҳам муҳокама қилинган ва “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича футбол раҳбарининг ўзи изоҳ бериши мақсадга мувофиқ деб топилган. Ўша пайтда юртимиз футболининг энг катта раҳбари эса – Ўзбекистон Бош вазири Абдулҳошим Муталов эди!

Энг юқори доирада қабул қилинган қарорга кўра, “Ўйиндан ташқари ҳолат” мақоласи муаллифи Ўзбекистон футбол федерацияси президенти А. Муталовга ўзини қизиқтирган саволлар билан мурожаат қилиши ва раҳбар уларга батафсил жавоб қайтариши мақсадга мувофиқ бўлади деб ҳисобланган.

Менга бу ҳақда хабар беришганда, мен аллақачон ишдан бўшаб уйда ўтирган эдим. Лекин юқоридагиларга албатта, муаллиф ўша мақола туфайли ишдан бўшаган деган маълумотни етказишмаган. Менга чора кўришни бор-йўғи газета таъсисчиси ҳисобланмиш Давлат спорт қўмитаси раҳбари сўраган, ундан юқори доираларда эса мақола ҳатто ижобий баҳоланган ва айнан ўша муаллиф Бош вазир билан суҳбатлашиши таъкидланган, яъни интервью менинг фамилиям билан чиқиши лозимлиги белгиланган.

Мен ўжарлигимга бориб, аллақачон ишдан бўшаганман ва қайтиб у ерга бормайман деб туриб олдим. Шунда бош муҳаррир (раҳматли) отамга (раҳматли) мурожаат қилган ва бу қарор энг юқори доирада қабул қилингани ва унга нисбатан беписандлик яхши оқибатларга олиб келмаслиги мумкинлигига ишора қилган.

Қисқаси, футболимиз раҳбарига энг долзарб саволларни тайёрладим ва таҳририятга йўл олдим. Кутилганидек, бош муҳаррир мамлакатнинг иккинчи раҳбарига бу тарзда қатъий саволлар берилиши мумкин эмаслигини тушунтирди, энг дангалларини ўчирди, қолганларини таҳрир қилди ва Вазирлар Маҳкамасига шахсан ўзи топшириб келди. Орадан кўп ўтмай, жавоблар ҳам келди ва маълум бўлдики, саволлар Бош вазирга киритилишидан аввал яна ўзгартирилган ва бир текис этиб силлиқланган экан. Бизга интевью ҳудди шу тарзда берилиши ва ҳеч қандай ўзгартириш киритилмасдан чоп этилишини таъкидлашди. Шунингдек, Бош вазир суратини ҳам тақдим қилишди. Шу тариқа, мақоласи туфайли ишдан бўшаб уйда ўтирган мухбирнинг фаолиятидаги энг довруғли интервьюси газетада чоп этилди...


ФУТБОЛИМИЗ РИВОЖИ УЧУН ПОЙДЕВОР ҚЎЙИЛДИ, ЭНДИГИ ВАЗИФА УНИ ЮҚОРИГА КЎТАРИШ


Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, футбол федерацияси президенти Абдулҳошим Муталов "Ўзбекистон футболи" газетаси мухбирининг саволларига жавоб беради.

(“Ўзбекистон футболи” газетасининг 1994 йил 23 март сонидан олинган).


- Абдулҳошим Муталович, яна бир неча кундан сўнг навбатдаги миллий чемпионат ўйинлари бошланади. Айтмоқчимизки, бир йиллик иш таҳлили ҳамда навбатдаги режалар билан ўртоқлашиш учун ҳозир қулай фурсат. Лекин саволлар берилишидан олдин Сизни янги футбол мавсуми бошланиши билан табриклашга ижозат бергайсиз. 

- Раҳмат, мен ҳам ўз навбатида газетангиз орқали барча футбол ишқибозларини, мутахассисларни, мураббийу, футболчиларни янги мавсум билан қутлаб, уларга омад ёр бўлишини тилайман. 

- Бу йилги мавсум муваффақиятли кечиши учун ўтган йили замин яратишга ҳаракат қилинди. Мамлакатда футболни ривожлантириш соҳасидаги ишларга Сиз шахсан қандай баҳо берган бўлардингиз?

- Ўтган йили биз футболимиз ривожи учун катта қадам ташладик. Айииқса, юртбошимиз Ислом Каримов имзо чеккан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида футболни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорини бажариш бўйича жойларда талайгина ишлар амалга оширилди.  

Энг муҳими, ўзбек футболининг истиқболига умид уйғонди. Мамлакатда футболга муносабат ўзгарди. Футбол соҳасидаги ишни, ҳар бир қадамни дунё миқёсидаги мезонлар билан ўлчаш зарурлигини англай бошладик. 

Буни жойларда футболга эътиборнинг нисбатан кучайганлигида ҳам кўриш мумкин. Ҳашар йўли билан стадионлар қурилмокда. Маҳаллий аҳамиятга эга бўлса-да, биринчиликлар, ҳар хил турнирлар ўтказилмокда. Совринларни ҳокимлар топширмоқда. Бу ҳам футболга бўлган муносабат, эътибор, қолаверса футбол ривожи учун ўзига хос ташвиқот.

Ўтган давр мобайнида жойлардаги футбол федерациялари, ҳокимликлар, қатор вазирликлар, идоралар ва жамоатчилик билан ҳамкорликда асосий эътиборни турли ёшдаги болалар ўртасида мусобақалар ўтказишга қаратдик. Мамлакат аҳолисининг ярмидан кўпи 18 ёшгача бўлган ёшлар ташкил этишини инобатга олсак, бу нечоғли муҳим эканлиги яққол намоён бўлади. Оммавийлик орқали ёш авлодни соғломлаштиришга эришиш асосий мақсадлардан бири бўлди.

Аммо Қорақалпоғистон Республикаси, Сурхондарё, Қашқадарё, Жиззах, Навоий вилоятларининг 50 фоиздан ортиқ шаҳар ва туманларида болалар ўртасида оммавий мусобақалар ташкил этилмагани, бу соҳада ҳали ишлар кўнгилдагидек эмаслигини билдиради. Болалар-ўсмирлар махсус мактаблари спорт базалари ҳақида қанча гапирилса ҳам, иш олға силжимаяпти. Мамлакатдаги 200 дан ортиқ футбол мактабининг фақат 16 таси ўз стадиони ва футбол майдонига эгалиги ачинарли ҳолдир. Биз болалар футболига эътиборни кучайтирмас эканмиз, катга футболда муваффақиятга эришишимиз амримаҳол бўлиб қолаверади.

Вазирлар Маҳкамасининг юқорида зикр этилган қарорига мувофиқ футбол клублари ва спорт мактаблари уч йил муддатга хамма турдаги солиқлардан озод қилиниб, уларга катта имтиёз берилган эди. Афсуски, клуб ва стадионлар футболимиз ривожи учун қилинган бу гамхўрликдан ҳали тўғри фойдаланмаяптилар. Газетангизда яқинда чоп этилган "Ўйиндан ташқари ҳолат" мақоласида бу муаммо кўтарилиб, унинг долзарблиги мутасаддиларга яна бир бор эслатилган. Ундан тегишли хулоса чиқарилмас экан, футбол бизда ҳамон замон талабларига жавоб бермай қолаверади.

Спорт либослари ва буюмлари ишлаб чиқариш долзарблигини ҳис қилган ҳолда хорижий шериклар билан ҳам иш олиб борилмокда. Жумладан, Қўқон ностандарт асбоб-ускуналар ва жиҳозлар заводи негизида Германиянинг "Индиана ва ДДС ГМБХ" компанияси билан қўшма корхона тузилмоқда. Айни вақтда ишлаб турган корхоналар дастлабки спорт маҳсулотларини савдога чиқардилар.

"Қибрай" ўқув-машғулот масканида капитал таъмирлаш ишлари ниҳоясига етказилди. Бунинг учун ҳукумат қарори асосида маблағ ажратилди. Энди "Қибрай"да бир йўла 5-6 команда ўқув машғулотларини ўтказиши мумкин. "Пахтакор" Марказий стадионини таъмирлаш ишлари ҳам охирига етказилаяпти. Кейинги навбат "Чиғатой" спорт масканига. Мўлжалланган таъмирлаш-ободонлаштириш ишлари тугаллангандан сўнг, бу ерда мамлакатимизда энг иқтидорли футболчи болаларнингтарбияланиши учун барча шарт-шароитлар муҳайё бўлади.

- Катта футболимизга қандай баҳо берасиз?

- Менимча, чемпионатимиз даражаси бир поғона юқори кўтарилди. “Нефтчи", "Пахтакор", "Навбаҳор", "Сўғдиёна", "Темирйўлчи", "Нурафшон" каби командалар чиройли ўйинлар намойиш қилишди.

Ўсмирларимизнинг Марказий Осиё давлатлари ўртасида ўтказилган мусобақаларда ғолиб чиқишлари, "Пахтакор" ва “Нефтчи” командаларининг Қозоғистон ва Қирғизистон чемпионларини мағлубиятга учратишлари ва ниҳоят "Нефтчи" МДҲ чемпионлари турнирида фахрли иккинчи ўринни эгаллаши орзу-ниятларимиз ушалаётганидан далолат беради.

Лекин командаларимизнинг ўйин савиясини жаҳон футболининг бугунги даражасига чиқариш учун ҳали кўп ишлашга, маҳоратни оширишга тўғри келади. Энг мақтовли командамиз "Нефтчи"нинг МДҲ чемпионлари турнири финалидаги йирик ҳисобдаги мағлубияти ҳаммамизга сабоқ бўлсин.

Футболда орзуларга ўз-ўзидан эришилмайди. Бунинг учун биринчи навбатда тўлиқ профессионалликка ўтиш керак. Командаларимиз кучли бўлсагина терма жамоамиз ўйини ҳам юқори даражада бўлади. Командаларда "юлдуз"лар етишиб чиқиши учун эса клубларда ишни яхши йўлга қўйиш лозим. Ҳозир бизда ўз-ўзини маблағ билан қоплайдиган клуб йўқ. Чемпионат ўйинларига ўртача 1,5-2 минг ишқибоз тушган клублар қандай қилиб ўз харажатларини ўзи қопласин?!

Ўтган йили бир команданинг сарф-харажати 200-250 миллион сўм атрофида бўлди. Ўйинларга энг кўп (300 мингдан ортиқ) томошабин тўплаган "Навбаҳор"га эса чипталар сотишдан бор-йўги 65 миллион сўм тушди, бу энг юқори кўрсаткич бўлиб, сарф-харажатнинг учдан бирини қоплади, холос. Бошқа жамоаларда чипталар сотишдан тушган пул умумий харажатнинг 15 фоизини ҳам қопламаяпти.

Нима кидиш керак? Биринчи навбатда клубларда тадбиркорликни кенг йўлга қўйиш лозим. Клублар қошида кичик корхоналар, дўконлар, ишлаб чиқариш цехлари очиш зарур. Ҳукумат қарорида       кўрсатилганидек лотерея ўиинлари, шоу- концертлар уюштириш мақсадга мувофиқ бўлади. Афсуски, кўпчилик клублар "бер-бер"дан нарига ўтмаяпти. Нолиш билан иш битмаслигини, четдан келган пул иқтисодни кўтармаслигини эса тушунмайди.

Хорижда футбол орқали жуда катта бизнес қилинади. Агар бизда ишлар тўгри йўлга қўйилса, футбол бу ерда ҳам жуда катта фойда келтириши аниқ. Бунинг учун бу соҳага тадбиркор ва ишбилармонларни жалб қилиш мақсадга мувофиқ бўлади. Ўзбекистон Республикаси Конституциясидан келиб чиққан имкониятлар, Президентимизнинг тадбиркорликка кенг йўл очиб берган қатор фармонлари туфайли бевосита футбол соҳасида ҳам катта ишлар килиш мумкин. Мамлакатимизда тузилган тадбиркорликни ривожлантиришга, кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришга кўмаклашадиган қўшма корхоналари билан тил топишиш, ҳамкорлик қилиш, ўзаро фойда асосида иш юритиш даркор. Агар моддий рағбатлантириш яхши йўлга қўйилса, маркетинг, менежерлик фаолиятлари амалга оширилса, яхши ўйинчиларни ушлаб туриш муаммо бўлмайди. Команда чиройли ўйин намойиш қилгач, стадион мухлисларга тўлади. Сўм тийиндан ҳосил бўлади дегандек, улардан тушган пул харажатнинг бир қисмини қоплайди.

"Нефтчи", "Навбаҳор", "Наврўз", "Янгиер", "Темирйўлчи", "Орол" клублари ўзлари ўйнайдиган стадионларни сотиб олиб, фойдали иш қилдилар. Бошқалар ҳам шу йўлдан борсалар мақсадга мувофиқ бўларди. Ўз-ўзини бошқара оладиган профессионал клубда иш ҳам унумли кечади.

- Ўтган йилдан бошлаб туман, шаҳар, вилоятлар ҳокимлари зиммаларига футболни ривожлантириш учун шахсий масъуллик юклатилди. Ўтган мавсум якунига кўра уларнинг бу соҳадаги фаолиятларига қандай баҳо берасиз?

- Ҳозирги иқтисодий шароитда ҳокимларни шахсан жалб этмай туриб, катта футболни ривожлантириш мумкин эмаслигини вақтнинг ўзи кўрсатди. Фаргона, Наманган, Сурхондарё вилоятлари ва Тошкент шаҳар ҳокимларининг футболга эътибори салмоқли бўлди. Улар футбол федерацияларига бевосита раҳбарлик қилиб, жойларда ишлар олға силжиши учун амалий ёрдам кўрсатдилар. Самарқанд, Навоий, Қашқадарё вилоятларида эса ҳали кўп иш қилиниши лозим.

Биринчи лигада сўнгги икки поғонани Андижон вилояти жамоалари эгаллагани ташвишли ҳолдир.

Тошкент вилоятида ҳам аҳвол кўнгилдагидек эмас. Аввал олмалиқликлар иқтисодий қийинчилик туфайли мусобақадан чиқмоқчи эдилар, энди Янгийўлнинг "Мебелчи" командаси ҳам шундай вазиятга тушди. Айниқса, Олмалиқ шаҳрида профессионал команда бўлмаслиги ташвишли ҳолдир. 149 та саноат корхонаси ишлаб турган бу шаҳарда 1 командани ушлаб туриш мумкинмаслигига ишониш қийин. Ўйлайманки, вилоят футбол федерациясининг раиси бу муаммоларни ижобий ҳал этишда жонбозлик кўрсатади.

- Агар бу икки жамоа биринчи лига мусобақасида қатнашмаса, улар ўрнига Зарафшоннинг "Прогресс" ҳамда Урганчнинг "Динамо" жамоалари қўйилиши ҳақида эшитдик. Унда спорт принципи бузилмайдими?

- Ёдингизда бўлса, январь ойида бўлиб ўтган Ўзбекистон футбол федерациясининг ижроия қўмитаси йигилишида ҳам шу масала кўтарилиб, қонун ҳамма учун баробар эканлиги, ғалабага фақат меҳнатлар эвазига эришмоқ лозимлиги тўғрисида айтган эдик. Биринчи лигадан икки жамоа чиқиб кетиши ҳақида фикр билдирилганда мутахассислар улар ўрнини "Прогресс" ва Динамо" билан тўлдиришни таклиф этишди. Прогресс" масаласида спорт принципига амал қилинди. Яъни у ўтган йили биринчи лигани тарк этган уч жамоа орасида энг яхши кўрсаткичга эга бўлган. Урганчнинг "Динамо" командаси борасида эса...

Шуни ҳисобга олиш керакки, ҳозир олий ва биринчи лигамизда фақат Хоразмдан бирорта жамоа йўқ, холос. Ваҳоланки, вилоятда 6 та катта стадион (Урганчдагиси 30 минг кишига мўлжалланган), ҳашаматли меҳмонхоналар бор. Биз агар ҳеч бўлмаганда битта командани биринчи лигага қўймас эканмиз, у ерда футбол ҳаваскорлик даражасида қолаверади.

- Ҳакамлар савияси ва мураббийлар маҳоратини ошириш учун қандай ишлар бажарилаяпти?

— Бу йил Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институтида илк бор олий ҳамда биринчи лига жамоалари мураббийларининг икки ҳафталик семинар- машғулотлари ўтказилиб, унга М. Годик, О. Рихсиева, Э. Шатерников каби фан докторлари таклиф этилди. Биринчи маротаба мураббийларга ўз ишини давом эттириш тўғрисида махсус лицензия (гувоҳнома) берилди.

Афсуски, тренерлар ўқувига айрим мураббийларгина қатнашдилар. Қоида бўйича эса, лицензиясиз олий лига командаларини бошқариш мумкин эмас.

Футбол ўйинларининг қай даражада ўтказилиши кўп жиҳатдан уни бошқариб борувчи ҳакамларга боғлиқдир. Ҳакамнинг ўйин давомида биттагина жиддий хатоси жамоа мураббийсининг бир йиллик меҳнатини йўққа чиқариши ҳеч гап эмас. Шу сабабли футбол федерацияси ҳакамлар ва назоратчи ҳакамлар фаолиятидаги йўл қўйилган нуқсонларга нисбатан муросасиз бўлмоқда. Фақат ўтган мавсумнинг ўзида йўл қўйилган хатолар учун Л. Бойзоқов, А. Кулик каби ҳакамлар, В. Каротеев, Э. Вертоградов, Т. Зоиров, Р. Канзафаров, В. Копанев каби назоратчи ҳакамлар мусобақалардан бутунлай четлатилдилар. Бундан буён ҳам бупдай қоидабузарлар билан муроса қилинмайди. Ҳакамларимизнинг ўз соҳаларига виждонан ёндошиш вақти аллақачон етиб келди.

Чунки мамлакатимиз футбол федерацияси ФИФА ва ОФК аъзолигига қабул қилинди. Энди ҳакамларимиз учун ҳам турли даражадаги халқаро учрашувларни бошқариш имконияти тугилди. Б. Ҳайдаров, 3. Абдуллаев, Н. Лутфулин, Т. Эшонхўжаев, X. Мухторов, С. Нажафалиев каби ҳакамларимиз халқаро учрашувларни ўтказиш учун биринчи номзодларимиздир.

Назоратчи-ҳакамлар таркиби ҳам янги мутахассислар билан тўлдириб бориляпти. Бу йил улар қаторига республика тоифасидаги ҳакамлар Н. Раҳмонов, Н. Доронин, М. Отабоев, Ўзбекистон Давлат жисмоний тарбия институти футбол кафедраси мудири Р. Нуримов ҳамда "Пахтакор" командаси фахрийси, спорт устаси Р. Зокировлар қўшилдилар.

Яқинда Фаргона вилояти футбол федерацияси томонидан ҳакамларнинг мавсумга тайёргарлиги юзасидан ўтказилган, 20 дан ортиқ ёшлар қатнашган 10 кунлик йиғинида бу соҳада ўз ишининг фидойилари фақатгина Фарғона, Қўқон, Марғилон каби шаҳарлардагина эмас, балки Боғдод, Риштон, Учкўприк, Охунбобоев туманларида ҳам борлиги маълум бўлди.

- Яқинда Малайзияда Осиё футбол федерациялари вакилларининг семинари бўлиб ўтди, унда Ўзбекистон футбол федерацияси вакиллари ҳам иштирок этдилар. У ерда бизга тегишли янгиликлар ҳам бўлгандир?

- Мендаги маълумотга кўра, семинарда қитъада футболни ривожлантириш, ўқув-машғулот босқичларини замонавий услубда ўтказиш, тиббий хизмат кўрсатиш масалалари кўрилган.

Семинар якунлари билан танишиб чиққач, ўтган йили биз футболни ривожлантириш тўгрисида қарор қабул қилиб жуда муҳим ишни бошлаганимизга, бу борада жаҳон футболи ривожидаги тамойилларга мос иш тутаётганимизга амин бўлдим.

Эндиги вазифа футболга профессионал ёндошувни таъминлашдан, бунинг учун дунёқарашимизни бироз ўзгартиришдан иборат. Ўринбосарлар тайёрлаш усулларини, мусобақалар тизимини янада мукаммаллаштириш керак.

Биз ўтган йили катта футболни ривожлантиришга пойдевор кўйдик. Энди ҳаммамиз биргалашиб уни тиклашимиз, мустаҳкамлашимиз зарур. Ана шундагина биз кўзлаган мақсад - яъни жаҳон футболида ўз ўрнимизга эга бўламиз.

Лекин бунинг учун мусобақаларимизда ФИФА қонун-қоидаларига тўла амал қилиниши лозим, унда эса ҳар қандай тартиб бузиш қаттиқ жазога сабаб бўлади.

Шунинг учун мураббий ва ҳакамларимиз, ўйинчи ва ишқибозларимиз агар ўз командаларини севсалар, ўта одобли бўлишлари талаб қилинади. Яна шуни қўшимча қилмоқчиманки, республикамизда футболга бўлаётган эътибор ФИФА ва ОФК раҳбарларини бефарқ қолдирмади. Шу йил 20-30 май кунлари Тошкентда 19 ёшли ўсмирлар ўртасида жаҳон чемпионатининг саралаш учрашувларини ўтказишга қарор қилинди. 11-19 апрель кунлари эса шу ерда Марказий Осиё давлатлари терма командаларининг халқаро турнири бўлиб ўтади. Худди шу муддатда ҳакамларнинг халқаро семинари ўтказилиши ҳам режалаштирилган.

- Энди халқаро алоқалар ҳам кенгайса керак?

- Ҳа, ҳозирда Сингапур, Таиланд, Қувайт, Катар, Шри Ланка, Хитой, Япония, Корея мамлакатлари футбол федерациялари билан ўзаро алоқа ўрнатилмокда.

Ҳамкорлик доирасида ўртокдик учрашувлари, биргаликда спорт буюмлари ишлаб чиқариш, футболга хизмат қиладиган кичик ва ўрта корхоналар очиш ва шунга ўхшаш режалар белгиланган. Биргина ўтган йилнинг ўзида "Нурафшон" Эронга, "Навбаҳор" Бирлашган Араб Амирликларига, "Пахтакор" ва ўсмирлар терма командамиз Ҳиндистонга, "Нефтчи" Малайзияга, "Атласчи" Хитойга, "Темирйўлчи" Туркияга бориб келганлиги ҳам хорижий алоқаларнинг мустаҳкамланаётганини кўрсатади. Олимпия терма командамиз ҳам Малайзияда ўртоқлик учрашувлари ўтказиб қайтди.

- Қарорда кўрсатилганидек футболни тарғибот ва ташвиқот қилиш борасида оммавий ахборот воситаларининг роли беқиёс. Бу борадаги ишлар Сизни қониқтирадими? 

- Қарордан сўнг "Ўзбекистон футболи" газетасининг нашр этилаётганлиги айни муддао бўлди. Билишимча, газета журналистлари асосан ёшлардан ташкил топган, ёшлар бор жойда эса шижоат, интилувчанлик, изланиш, янгиланиш бўлади. Энг муҳими, газетада фақат рақамлар ва ҳисоботлар берилмай, балки қарорнинг бажарилиши, жойларда футболни ривожлантириш масалаларига оид долзарб мақолалар берилди. Ишга совуққонлик билан қараётган рақбарлар танқид қилинди.

Мамлакатимизда нашр этилаётган газеталарда футбол соҳаси кенг ёритилди. Жумладан "Халқ сўзи", "Правда Востока", "Тошкент оқшоми", "Олтин водий" каби газеталарда футболга кенг ўрин берилди, мухлисларни қизиқтирадиган мақолалар чоп этилди, кўплаб муаммолар ўртага ташланди.

Ўзбекистон радиосининг мамлакат стадионларида ўйинлар ўтказиладиган кунлар уюштирган радио йўқламалари кўпчиликка манзур бўлди.

Афсуски, бу соҳада Ўзбекистон телевидениесининг иши кўнгилдагидек бўлмаяпти.

Бир вақтлари мутахассислар ва мухлислар эътиборини қозониб келган, барча ишқибозлар сабрсизлик билан кутадиган кўп кўрсатувлар кейинги пайтда деярли экранга чиқмайдиган бўлди.

Ўз навбатида мамлакат футбол федерацияси спорт журналистлари билан ҳамкорлик қилишга интилмокда.

Бу йилдан эътиборан спорт журналистлари ҳам командалар билан биргаликда чет эл сафарига чиқа бошлайдилар, биз футбол тарғиботига бундан кейин ҳам катта аҳамият берамиз.

- Сўнгги савол: ўтган мавсумда Сизни энг хурсанд қилган ва энг ранжитган воқеалар нималардан иборат бўлди?

- АҚШнинг Лас-Вегас шаҳрида бўлиб ўтган ФИФА ижроия қўмитасининг йиғилишида Ўзбекистон футбол федерацияси бу мўътабар ташкилотга қабул қилинганида беҳад шодландим. Федерациямиз билан ФИФА ва ОФК орасида тўғридан-тўғри амалий алоқалар ўрнатилганлиги ҳам мени мамнун қилади.

ФИФА халқаро ўйинлар календарини 3-4 йил олдиндан тузиб қўйганлиги сабабли терма командаларимизнинг халқаро ўйинларда қатнаша олмагаци фақат мени эмас, барча мухлисларни ранжитди.

Биз халқаро ўйинлар календарини яқинда олдик. Демак, Хиросимада ўтадиган Осиё ўйинларигача бир қанча учрашувлар ўтказишга имкон яратилди.

Биз аввалги суҳбатимизда келажаги буюк давлатнинг футболи ҳам довруғли бўлади дегандик. Ана шу довруғли бўлиш ҳисси эса ҳаммамизни ҳамжиҳатлик билан ҳаракат қилишга даъват этади. Бизнинг қадимий обидаларимиз, маданиятимиз каби Ўзбекистон футболи ҳам ўз ўйин даражаси, ажойиб базалари, стадионлари билан, бироз баландпарвозроқ бўлсада, жаҳонни лол қолдириши керак. Футбол орқали ҳам Ўзбекистон обрўсига обрў қўшишимиз, унинг жаҳондаги нуфузини оширишимиз лозим.

Ҳар бир тегишли масъул шахс ўз вазифасини сидқидилдан бажариб, футболни ривожлантиришга ғамхўрлик кўрсатсагина жаҳон ўйингоҳларида Ўзбекистон байроғи баланд кўтарилиб, футболчиларимиз ғалабалари шарафига давлатимиз мадҳияси янграйдиган кунлар тезроқ келади. Ана шундай кунларни кўриш, юртимизнинг шарафини улуғлаётган, обрўсини оширишга имкон қадар ҳисса қўшаётган ҳар бир ватандошимизга насиб этсин.

- Мазмунли суҳбатингиз учун раҳмат!


Суҳбатни Аброр ИМОМХЎЖАЕВ ёзиб олди.


P.S. Бу суҳбат газетада чоп этилгач, яна анча шов-шувга сабаб бўлди. У “Спорт” газетасининг 25-31 мартдаги 12-сонида ҳам берилди. Юқори доирада ушбу мақола мамлакатнинг марказий нашри – “Халқ сўзи” газетасида кўчириб босилиши ҳақида ҳам кўрсатма берилган экан. Газетанинг 26 март кунги 60-сонида у эълон қилинди. Фақат “Ўзбекистон футболи” газетасидан олдинди деган ишора йўқ эди. Сарлавҳадани кейинги тагсўзни ҳам “Ўзбекистон Республикаси Бош вазири, футбол федерацияси президенти Абдулҳошим Муталов билан мулоқот” деб ўзгартиришган эди. Энг муҳими, муаллифга тегинишмаганди ва мақола “А. Имомхўжаев суҳбатлашди” имзоси билан тугаган эди. Шунисига ҳам шукр.

Мен учун энг муҳими – менга чора кўрилган “Ўйиндан ташқари холат” мақоласининг долзарблиги ва ҳаққонийлигини Бош вазирнинг ўзи эътироф этган эди! Тўғри, ушбу мақола туфайли ишдан кетдим, лекин бошимни тик кўтарган, мағрур холда.

Шу тариқа, фаолиятим давомидаги энг довруғли мақолам – Бош вазир билан суҳбат “Ўзбекистон футболи” газетасидаги сўнгги чиқишим бўлди. Лекин ишсиз узоқ ўтирмадим. Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва “Пахтакор” клуби бош мураббийи Рустам Акрамов (раҳматли) “Ўйиндан ташқари холат” мақоласи учун қўнғироқ қилиб шахсан миннатдорчилик билдирган эди. У туфайли ишдан кетганимни эшитиб, клубга таклиф қилди. “Хорижда ҳар бир клубнинг матбуот котиби бўлади, бизда бу ҳали йўлга қўйилмаган, шуни сен бошлаб бергин” деди Рустам Акрамович. Мен бажонидил рози бўлдим ва мамлакатимизда футбол сохасида илк матбуот котибига айландим...    

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика