UZ

Сўнгги янгиликлар

00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  0 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1

МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ: “ТЎҒРИ ТАНҚИДНИ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН, ЛЕКИН ШАХСИЯТГА ТЕГАДИГАН ГАПЛАРГА МУТЛАҚО ҚАРШИМАН” Янгиликлар

МИРЖАЛОЛ ҚОСИМОВ: “ТЎҒРИ ТАНҚИДНИ ҚАБУЛ ҚИЛАМАН, ЛЕКИН ШАХСИЯТГА ТЕГАДИГАН ГАПЛАРГА МУТЛАҚО ҚАРШИМАН”

Миллий терма жамоамизнинг тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига чиқа олмагани ҳаммамизга бирдек қаттиқ таъсир қилди.
Чунки ҳали ҳеч қачон мундиалга боришга бунчалик яқин келмагандик. Вазифа бажарилмагач, кўпчилик томонидан ҳам терма жамоа, ҳам бош мураббий Миржалол Қосимов кескин танқидга учради. Қизиғи шундаки, аксарият қаламкашлар бутун вужуди билан танқидий фикрлар ёзишга берилиб кетди. Бу орада деярли ҳеч кимда Қосимовни ҳам бир эшитиб кўрайлик, балки мураббийнинг ҳам айтадиган гаплари бордир деган хаёлга бормади. Масаланинг шу томонларини обдон ўйлаб кўргач, менда Миржалол Қўшоқович билан учрашиб, дилдан суҳбатлашиш фикри туғилди. Натижада ўтган ҳафтанинг муборак жума кунида Миржалол Қосимов билан учрашганимда аввал бир қувончли хабарни эшитиб, у кишини табриклаб қўйдим. Яъни, худди шу куни Миржалол ака ўғил неварали бўлди. Шундан сўнг мавзу одатий савол-жавобларга кўчди.

- Қатар билан ўйиндан кейин орадан бир ойдан кўпроқ вақт ўтган бўлса-да, кенг жамоатчилик ҳамон жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқа олмаганимизни муҳокама қилмоқда. Бундан чиқди, халқимиз жаҳон чемпионатига боришимизни жудаям кутган ва шунга ишонган экан, тўғрими?
- Жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланмани қўлга кирита олмаганимиз ҳали кўп вақт эсланади. Чунки бундай катта мусобақага бориш учун бунчалик яқин келмагандик. Жаҳон чемпионатига чиқиш ҳаммамизнинг орзумиз эди, мухлисларимиз узоқ йиллардан бери буни кутишаётганди. Лекин узоқ кутилган йўлланмани қўлга киритишимизга озгина етмай қолди. Бу эса барчага жуда-жуда алам қиляпти. Энди олдимизда фақат плей-офф орқали йўлланмага эга бўлиш қолди, шундай экан, барибир охиригача курашамиз. Шу ўринда айтиб ўтишим керак, 14 очко тўплаб ҳам жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиздан кейин бунга кўпчилик турли муносабатда бўлди. Ҳозир ҳам одамларнинг бу борадаги фикр-мулоҳазаси давом этмоқда. Қатарни йирик ҳисобда ютиб ҳам вазифа бажарилмаганидан кейин атрофимдагиларнинг кўпчилиги мени руҳан қўллаб қувватлади. Биринчи навбатда оиламга раҳмат айтмоқчиман, шунингдек, яқин дўстларимга ҳам. Тўғрисини айтишим керак, агар жаҳон чемпионатига чиққанимизда ҳозир мендан яхши мураббий бўлмасди, ҳамма мақташга тушиб кетарди. Аммо чиқа олмаганимиздан сўнг орадан кўп ўтмай ким мен томонда, ким қарши томонда эканлиги ажралиб қолди. Шунга қараб мен ҳам атрофимдаги кишиларнинг менга бўлган асл муносабатини билиб олдим. Тўғриси, жамоа қачонки ютқазса ёки вазифани бажара олмай қолган тақдирдагина дўст ким, душман ким билиниб қолар экан. Мабодо ютишда давом этаверсангиз, сизни танқид қилишга ҳеч ким ботина олмайди ва шунда ҳамма мен томонда экан деган фикрга борасиз. Лекин мана энди кўрдимки, орамизда ҳар хил одамлар бор экан.

 
- Ўтган йил сафарда Қатар ва Эронни ютганимиздан сўнг терма жамоага бўлган ишонч янада юксала бошлади. Аммо бу йил ҳисобидан олиб қарайдиган бўлсак, ўйинларимизда пасайиш юзага келди. Буни бош мураббий сифатида тан оласизми?
- Пасайиш? Қайси ўйинларда?
 
- Масалан, Гонконг ва Ливан билан кечган баҳсларни олайлик.
- Тўғри, Гонконг билан кечган учрашувда ўйинимиз қовушмагани рост. Буни бемалол айтишим мумкин. Лекин Ливанни аранг ютдик деган фикрларга қўшилмайман. Негаки ўйиннинг тўлиқ қисми бизнинг устунлигимиз остида кечди, фақат хавфли вазиятлардан унумли фойдаланишда оқсадик, холос. Биргина Фарҳод Тожиевнинг ўзида учта юз фоизли имконият бўла туриб, бирортасида гол ура олмади. Шунингдек, бошқа футболчиларда ҳам тўп киритиш учун вазиятлар бўлганди. Тўғри, ягона гол рикошет ҳолатида рақиб дарвозасига кирди, аммо бу - ўйинни аранг ютдик дегани эмас. Футболда олдиндан сценарий ёзиб шу асосда майдонга тушишнинг иложи йўқ. Жамоа ҳарқанча тайёргарлик кўрмасин, майдонда рақибга карши кураш олиб боради ва рақиб ҳам ғалаба илинжида тўп суришини унутмаслик лозим. Мана шунинг учун ҳам дунёнинг ҳар бир чеккасида футболни севишади. Футболда эпизодлар кўп нарсани ҳал қилади. Жанубий Корея билан ҳар иккала учрашувда ҳам голга тортадиган вазиятларга эга бўлдик. Лекин фойдаланишга келганда барибир ўйинчилар оқсаб қолишди.

- Жанубий Кореяга қарши сафарда кечган ўйинда Акмал Шораҳмедовнинг автоголи кўплаб гап-сўзларга сабаб бўлди.
- Мен Акмални жуда яхши биламан. У тоза бола. Унинг атайлаб жамоа зарарига нимадир қилишига умуман ишонмайман. Айтганимдек, футболда кўп нарсани эпизодлар ҳал қилади. Ўша автогол бошқа ўйинчи билан ҳам содир бўлиши мумкин эди. Шундай бўлдики, Акмал кутилмаганда тўпни ўз дарвозамизга киритиб қўйди. Ўйиндан кейин футболчи анча пайт ўзига кела олмади. “Пахтакор” стадионида бўлиб ўтган “Пахтакор” – “Бунёдкор” учрашувида тўп Шораҳмедовга тушган заҳоти баъзи мухлислар “Акмал – Корея!” деб бақира бошлашди. Орадан кўп ўтмай “Пахтакор” ҳимоячиси Боян Миладинович ўзига ўзи гол уриб қўйди. Хўш, бу билан нима демоқчиман? Олдин қирқ йилда қайтса, ҳозир қирқ дақиқада қайтар дунё бўляпти. Акмал Кореяда автогол қилгани билан барибир терма жамоамиз учун жон куйдириб ўйнади-ку. Нега энди уни руҳан қўллаш ўрнига ҳар хил гаплар билан кўнглини чўктириш керак? Агар ўшанда Шораҳмедовнинг ўрнида бошқа футболчи бўлганида ҳам мен терма жамоа бош мураббийи сифатида ўша ўйинчини ҳимоя қилган бўлардим. Сабаби, миллий терма жамоа аъзосини ўз дарвозасига билиб туриб гол уришда айблаш аҳмоқликдан бошқа нарса эмас.  

- Нима деб ўйлайсиз, мураббийнинг ишига ҳар доим натижага қараб баҳо бериш тўғримикан?
- Футболда шунақа: ҳаммаси охири бориб барибир натижага тақалади. Футболни ҳамма турлича талқин қилади. Кимдир чиройли ўйин кўрсак бўлди дейди, кимдир эса фақат натижа талаб қилади. Чиройли ўйин кўрсатишни ҳаммаям хоҳлайди, лекин қаршилик бор, майдоннинг нариги тарафида сизга ўхшаган рақиб бор. Шу боис ҳам ўйинлар доим чиройли чиқмаслиги мумкин. Қолаверса, замонавий футболда мураббийлардан биринчи навбатда натижа талаб қилиш одам тусига кириб улгурди. Бу худди мазали овқат пиширсанг-у, бундан ўзинг истеъмол қилмасанг, овқат пиширишни нима кераги бор дегандек гап. Натижа ҳам шунга ўхшайди, мураббий ўз ишининг мевасини кўра билиши керак.
 
- Гарчи жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри чиқа олмаган бўлсак-да, мана шу бир йил ичида амалга оширган ишимдан роҳат олдим деб ўйлайсизми?
- Ўйлайманки, йигитлар билан катта ишни бажардик. Фақат жаҳон чемпионатига чиқа олмадик, холос. Агар якуний натижани бир четга қўйиб турадиган бўлсак, қилган ишларим бесамар кетмади деган умиддаман. Бундан ташқари, мана шу бир йил ичида мураббий сифатида анча улғайдим.

- Терма жамоа ўйинчилари билан муносабатингиз қандай?

- Ҳозирги кунда ҳаммага бир хил ёқишнинг иложи йўқ. Жамоада бош мураббий ҳаммага талабчан бўлганидан кейин хоҳлайсанми-йўқми, барчага бирдек ёқмайсан. Ҳар бир жамоада авваламбор тартиб-интизом бўлиши шарт. Мана сиз футболчилар билан муносабатимни сўраяпсиз, бундай ўйлаб қарасак, мен ўйинчилар билан нимани талашишим мумкин? Албатта, ҳеч нарсани. Футболчининг иши майдонга чиқиб ўйнаш, мураббийнинг вазифаси эса шогирдларини бўлажак беллашувга тайёрлаш ҳисобланади. Шундай экан, бу ерда талашадиган нарсани кўрмаяпман. Терма жамоадаги ҳамма ўйинчиларни доим ўзимга яқин олиб келганман, талабни ҳам ҳаммага бир хил қўйганман.
 
- Мабодо футболчилар орасида гуруҳбозлик йўқми?
- Йўқ. Масалан, мен буни сезмадим. Хитой ва Жанубий Корея билан ўйинларда саккиз кунча четда юрдик. Ўшанда футболчиларга эътибор бериб, жамоада гуруҳбозлик йўқлигига амин бўлдим. Бежизга йўл азоби – гўр азоби дейилмаган. Хитойдан то Кореяга етиб боргунча қандай қийинчиликларни бошдан кечирдик. Мана шундай қийин шароитда футболчиларнинг яққол жамоа эканлигини ҳис қилдим. Ўшанда барчамиз кайфиятни туширмасликка ҳаракат қилдик.
 
- Охирги пайтларда футболга оид баъзи сайтларда сизни жуда кўп танқид қилишмоқда. Танқидлардан чарчаб кетмадизми?
- Мен танқидга ҳар доим тўғри муносабатда бўлиб келганман. Аммо шахсиятга тегадиган гап-сўзлар ёзилса, буни асло қабул қилолмайман. Биласизми, нимадан жаҳлим чиқади? Бизда кўпчилик терма жамоа машғулотига, ўйинига келмай туриб, қандай шароитларда яшаётганимизни билмай туриб, телевизорда ўйинни кўради-ю, ютқазиб қўйсак дарров танқид қилишга тушади. Бунинг устига баъзилар шахсиятга тегадиган гапларни ҳам ёзишади. Яна қайтариб айтаман, агар жаҳон чемпионатига чиққанимизда мендан зўри бўлмасди, тўғрими? Ҳозирги танқидларни ўқир эканман, буларнинг бари атайлаб уюштирилмоқда деган фикрдаман. Қаранг, 18 июнь куни Қатар билан ўйнаган бўлсак, 19 июндан бошлаб давом этиб келаётган танқидий мақолалар бирма бир таҳлил қилиб чиқилса, буларнинг ҳаммаси уюштирилган, “заказной” эканлиги маълум бўлиб қолади. Негадир то ҳозирги кунгача фақат минус томонлар ёзиляпти. Танқидчи эса масаланинг ижобий томонини ҳам кўра билиши лозим.

- Сизни оммавий равишда танқид қилаётганлар ҳеч ўзингиз билан учрашиб суҳбат қилишга уриниб кўришмадими?
- Йўқ, бу борада менга ҳеч ким мурожаат қилгани йўқ. Ваҳоланки, танқидчи аввал мураббийни ҳам эшитиши керакми-йўқми? Журналистлар орасида мен танийдиган Камолиддин Алимов, Норбек Ниёзов, Ойбек Юнусов каби қаламкашлар ҳам бор ва улар доим мен билан мулоқот қилиб туришади. Ўйинларга, машғулотларга келишади ва ўз кузатувлари натижасида керак бўлса танқид ҳам қилишади. Мен бундай танқидга қарши эмасман. Лекин фақат телевизорда кўриб кейин ўзича бир нарсалар деб ёзаётганларни қандай тушуниш керак? Мен бир гапни кўп қайтараман: ҳар кимни инсоф аввало ўзига берсин. Худога шукур, менинг виждоним тоза ва буни исталган жойда гапира оламан.

- Танқидчиларга қандай жавоб бермоқчисиз?
- Мен ҳеч кимга жавоб бермоқчи эмасман. Айтдим-ку, ҳаммани инсоф аввало ўзига берсин. Фақат бир нарсага ҳайрон қоламан, бизда кўплаб мураббийлар, футбол фахрийлари, вақтида терма жамоани елкасида кўтариб юрган собиқ футболчилар бор, нега шуларнинг фикри билан биров қизиқмайди? Мураббий – мутахассис дегани, майли мендан интервью олишмасин, лекин бошқа мураббийлар билан терма жамоа хусусида суҳбатлашса бўлади-ку. Ҳозир ёппасига мени ва терма жамоани танқид қилаётганлар гўёки ўзларини мутахассисдек тутиб гапиришмоқда. Мен ҳеч кимга оппоқман, беайбман демоқчи эмасман, хато қилдимми, буни тан оламан ва хатони тузатиш устида ишлайман.

  • - Хўп, сизни танқид қилишаётган, керак бўлса, шахсиятга тегадиган гапларни ёзишаётган экан, унда нима учун ЎФФ матбуот котиби сизни ҳимоя қилмаяпти?
  • - Бу ҳолни мен қуйидагича қабул қилдим. Хитойда эканлигимизда бир воқеа содир бўлди. Аммо уни кенг жамоатчиликка дастурхон қилиб ёймоқчи эмасман. Фақат бир жумла билан тушунтираман: терма матбуот котиби ўз шахсий муаммосини жамоа режасидан устун қўйди ва натижада мен бош мураббий сифатида бунга кескин муносабатда бўлдим. Шундан кейин у нафақат мени ҳимоя қилиш, балки менга қарши “кампания” бошланишига ҳам шароит яратиб берди. Бор гап шу. Майли, у мени ҳимоя қилмасин, лекин терма жамоани матбуот орқали ҳимоя қилиш унинг иши-ку. Хуллас, терма жамоа тўғридан тўғри жаҳон чемпионатига чиқа олмаганидан кейин ўтган бир ой ичида кимнинг қанақа одамлигини яққол ажратиб олдим. Ризаев Хитой ва Кореяда биз билан бирга юрди, қандай вазиятларга тушганимизни ўз кўзи билан кўрди. Лекин қайтиб келганимиздан бери бу борада лом-мим демади. Бемалол айтишим мумкин, жаҳон чемпионатига боришни ҳеч ким бизчалик кўп хоҳламаган эди.
 
- “Бунёдкор” иштирокидаги ўйинлардан кейин матбуот анжуманига кирмаётганингиз ҳам турли гап-сўзларга сабаб бўлмоқда.
- Қатар билан ўйиндан кейин гарчи йирик ҳисобда ғалаба қозонган бўлсак-да, жаҳон чемпионатига чиқа олмаганимиз мен учун жуда қаттиқ руҳий зарба бўлди. Шундан сўнг ўзимга ўзим биринчи давра тугагунча ўйиндан кейинги матбуот анжуманларига бормай тураман дедим. Сабаби шу.
 
- Аммо регламентда бош мураббийларнинг матбуот анжуманида иштирок этиши шарт қилиб белгилаб қўйилган.
- Хўп шундай экан, унда олий лиганинг ҳар бир ўйинидан кейин матбуот анжумани ўтказиляпти дея оламизми? Ҳозир гапирсак гап чиқаверади. Шундай бўляптики, баъзи клубларда нуқул ёрдамчи мураббийлар интервью беришади, лекин биров миқ этмайди. Ҳайронман, нима учундир ҳамма фақат мени кўради. Айтганимдек, вазифа бажарилмагани менга қаттиқ таъсир қилди ва шу боис ҳам биринчи давра тугагунча матбуот анжуманига кирмай турдим.

- Миллий терма жамоамизни 14 август куни Туркия термасига қарши ўртоқлик учрашуви кутиб турибди. Бу ўйинга тайёргарлик режаси қандай бўлади?
- Туркия билан ўйинга тайёргарлик кўриш учун бизда кўп вақт бўлмайди. Маҳаллий футболчиларни 11 август куни тўпласак, легионерлар 12 августда ихтиёримизга етиб келишади. Қатар билан бўлиб ўтган учрашувдан бери мана энди тўлиқ таркиб сифатида августда йиғиламиз. Туркия билан баҳсгача футболчиларни йиғиб албатта суҳбат ўтказамиз. Чунки ҳали жаҳон чемпионатига бориш умидини узганимиз йўқ.
 
- Яқинда шу ўйин учун 30 кишилик рўйхат эълон қилинди. Бевосита ўйинга нечта футболчини танлаб оласиз?
- 23 кишини. Яъни, йигирмата майдонда тўп сурадиган футболчи ва уч нафар дарвозабон. Ўртоқлик ўйинларида олтита ўзгаришни амалга ошириш мумкин. Ўйиннинг боришига қараб барча ўзгаришларни амалга оширмоқчимиз.
 
- Туркия билан ўртоқлик учрашувига Александр Гейнрихнинг чақирилмагани мухлисларда қизиқиш уйғотмоқда.
- Гейнрихнинг имкониятлари менга тўлиқ маълум. Шунингдек, Улуғбек Бақоевнинг ҳам. Шу боис балки кейинчалик Бақоевни ҳам чақирмаслигим мумкин. Мен учун ҳужумда Иван Нагаев, Игорь Сергеев, Баҳодир Насимов ва Фарҳод Тожиевни синаб кўриш қизиқарли туюляпти. Негаки бу футболчиларга терма жамоада ўйин амалиёти кўпроқ керак.
 
- Яна бир мавзу кўп муҳокама қилинмоқда. Яъни, терма жамоа бош мураббийи бўлишингиз билан бир пайтда “Бунёдкор”да ҳам ишлаяпсиз. Бу эса аксарият мухлисларнинг эътирозига сабаб бўлмоқда. Бу борада нима дея оласиз?
- Менинг “Бунёдкор” билан шартномам бор. Қолаверса, ЎФФ раҳбариятини ҳам, “Бунёдкор” раҳбарларини ҳам икки жойда ишлаётганим қониқтиряпти. Ўзимга қолса жаҳон чемпионатига тўғридан тўғри йўлланмани қўлга киритганимизда “Бунёдкор”дан бўшаб, фақат терма жамоа учун ишлаш ниятим бор эди. Шундай экан, кейинчалик нима бўлишини вақт кўрсатади.
 
- Кейинги йиғинларда Вагиз Галиулин билан Камолиддин Тожиевни ҳам чақириш режада борми?

- Вагизни “Рубин” ўтган йил ўйин амалиёти ошсин деган мақсадда бошқа жамоага ижарага бериб юборганди. Мана энди бу йил яна ўзининг жамоасига қайтиб секин-аста асосий таркибда ўйнай бошлади. Ҳозирча уни безовта қилмай турганимиз маъқул, аввал ўз клубида мунтазам жойига эга бўлсин, кейин чақириш режада бор. Камолиддин Тожиевни ҳам кузатиб келяпмиз. Вақти келиб уни ҳам терма жамоага таклиф этамиз.
 
- Шавкат Муллажонов деярли барча йиғинларда иштирок этган бўлса-да, бу йил ҳисобидан расмий ўйинларда ҳали майдонга тушмади. Бунинг сабаби нимада?
- Ҳимоя марказида Анзур Исмоилов – Ислом Тўхтахўжаев жуфтлиги ёмон кўринмаяпти. Бу ўйинчиларнинг ҳаракатида ўзаро боғлиқлик бор. Шавкатнинг ўнг қанотда ҳам тўп сура олишини инобатга олсак, бу ерда Акмал Шораҳмедов билан Ислом Иномов бор. Аммо шунга қарамай, Муллажонов ҳам яхши футболчи ва келажакда ундан ҳам фойдаланамиз.


Хайрулла ХОЛИҚОВ суҳбатлашди.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика