UZ

Сўнгги янгиликлар

23:10"Фулхэм" сўнгги марта "Челси" майдонида қачон ғалабага эришганди?  0 22:49"Бухоро-W" қизлари Қозоғистон жамоасига қарши ўртоқлик ўйини ўтказди  1 22:12МТРК учун футбол мусобақаларини ёритишга мослашган КТС сотиб олинади  7 21:57ДАҲШАТ! "Фулхэм" дербида "Стэмфорд Бриж"да ғалабага эришди!  27 21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  4 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  29 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  2 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  6 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0

Миржалол Қосимов: "Ҳамма ўз чўнтагига қараб иш қилади" Янгиликлар

Миржалол Қосимов: "Ҳамма ўз чўнтагига қараб иш қилади"

"Бунёдкор" бош мураббийи Миржалол Қосимов "championat.asia" сайтига қисқача интервью берди.

Ўтган мавсум якунларига кўра "Бунёдкор"ни икки нафар футболчи тарк этди.
Бири Вадим Чемиртан бўлса, иккинчиси Ўзбекистон терма жамоаси ярим ҳимоячиси Отабек Шукуров.

Шунингдек, "Бунёдкор" вингери Достон Ҳамдамовга "Пахтакор" томонидан жиддий қизиқиш билдирмоқда.

"Бунёдкор" бош мураббийи Миржалол Қосимов ушбу масалалар бўйича қуйидаги фикрларни билдирди:
- Айни пайтда ижарага бериб юборган футболчиларимизни жамоага қайтарганмиз ва улар йиғинда қатнашишмоқда. Таркибда ҳозирча янгилар йўқ, ўша-ўша футболчилар билан тайёргарликни давом эттиряпмиз.

Шукуров масаласига келадиган бўлсак, Отабек Шукуровни ўтган йили жамоамиз билан ўртадаги шартномаси тугагани боис БААга кетди.

Ўйлашимча, агарда ЖЧга чиққанимизда Отабек Шукуров БААга кетмасди. Унинг БАА вариантини танлашига асосий сабаб ЖЧга чиқолмаганимиз бўлса керак. Шукуровга ЖЧга чиқолмаганимиз қаттиқ таъсир кўрсатди, шекилли. Акс ҳолда Шукуров янги мавсумни ҳам ўзимизда ўтказиб турарди, назаримда. Эшитишимча, "Пахтакор" ҳам ҳозирги шароити билан Игорь Сергеевни жамоада олиб қололмади.

Бунга қадар Отабек Шукуровни "Пахтакор" ўз сафига чорлашга уриниб кўрганди. Бироқ Шукуров "Пахтакор"га ўтишдан кўра хорижга йўл олишни маъқул топди. Шукуровни қарорини ҳам тўғри тушуниш мумкин. Футболнинг умри қисқа, шу боис футболчи яхшироқ шароитда ўйнашни истагани туфайли "Бунёдкор"дан кетди. Чунки ҳозирда биз футболчиларга улар истаган шароитларни таклиф қилолмаймиз.

Тўғрисини айтиш керак, ҳозирги кунда "Пахтакор" биздан кўра яхшироқ шароитга эга. Шу боисдан ҳам улар эркин агент мақомидаги Сайфиев, Абдурахимов ва бошқа футболчиларни ўз сафларига қўшиб олишмоқда. 

- Биздаги маълумотларга кўра, "Пахтакор" Достон Ҳамдамовга жиддий қизиқмоқда...
- Ҳа, Достон Ҳамдамовга "Пахтакор" томонидан қизиқиш бўлмоқда. Ҳамдамовнинг жамоамиз билан амалда яна бир йиллик шартномаси мавжуд. Агарда клуб раҳбарлари ушбу трансфер бўйича келиша олишса, балки Ҳамдамов келгуси фаолиятини "Пахтакор" билан боғлаши мумкин.
Бу борада кўп нарса футболчининг ўзига боғлиқ. Агарда Ҳамдамов "Пахтакор"га ўтишни истаса, унда уни жамоага мажбурлаб олиб қололмаймиз.
Футболни мажбуран ўйнатиб бўлмайди.

- Аввалига Шукуров ва энди Ҳамдамов жамоадан кетиши мумкин...
- Нима демоқчи эканлигизни тушундим. Футбол шундай. Футболда ҳар доим барчаси бир текис давом этмайди. Спортда паст-у баландликлар бўлади. Ҳозирда шундай пайт. Биз истаган футболчиларни жамоада олиб қололмаслигимиз мумкин. Буёғига асосий эътиборни академиядан чиқиб келаётган ёшларимизга қаратамиз.

- Кетаётган футболчиларни номларига қарайдиган бўлсак ва ҳозирга қадар жамоага янгилардан ҳеч ким келмаганидан хулоса қилсак, "Бунёдкор" кучсизланмоқда...
- Ҳамма ўз чўнтагига қараб иш қилади. Масалан чўнтагизда 10 сўм пул бўлса, бозорга кириб шунга яраша нарса сотиб оласиз. 10 сўмга 20 сўмлик нарсани харид қилолмайсизку.
Жамоадан етакчи футболчиларимиз кетишмоқда. Уларнинг ҳар бирини "Бунёдкор"да ўз ўрни бор. Шукуровни ҳам ёки бўлмаса Ҳамдамовни ҳам. Лекин шуни унутмаслик керакки, футбол бу аввало жамоавий ўйин. Ҳали айтиб ўтганимдек, футболчини мажбурлаб ўйнатиб бўлмайди. Кетганларни ўрнини босадиган футболчилар эса чиқиб келаверади. Бизда академия кучли. Энди асосий урғуни академияга қаратамиз. 

Яқинда Муҳтарам Президентимиз Шавкат Миромонович Мирзиёев спортга, хусусан футболга алоҳида эътибор қаратишларини ва бу бўйича янги қарор қабул қилиниши ҳақида айтиб ўтдилар. Бу албатта кишини жуда қувонтирди. Зеро, футбол бу аввало халқ ўйини. Умид қиламанки, келажакда "Бунёдкор" академиясида таҳсил олаётган ёшлар футболимиз ютуқларига катта ҳисса қўшишади. Биз эса ўз навбатида футболимиз ривожи йўлида ишлашда, меҳнат қилишда давом этамиз.

Ҳамма ўз чўнтагига қараб иш қилади. Масалан чўнтагизда 10 сўм пул бўлса, бозорга кириб шунга яраша нарса сотиб оласиз. 10 сўмга 20 сўмлик нарсани харид қилолмайсизку.

(c) Миржалол Қосимов

- Айтайлик, "Пахтакор" Ҳамдамовни сотиб олса, "Бунёдкор" футболчининг трансферидан тушадиган пулларга яхшироқ савиядаги легионерни жалб этиши мумкинки?
Чунки биламиз, сиз легионерларни чертиб-чертиб танлайсиз...
- Менга қолса Достон Ҳамдамовни "Бунёдкор"да олиб қолишни истардим. Агарда бу трансфер амалга ошса, унда аввало тушадиган пулларга футболчилар олдидаги қарздорлик ёпилади. Кейин кўрамиз. Балки сиз айтгандек яхши савияли легионерни жалб этармиз. Балки умуман легионер хизматидан фойдаланмасмиз. Буни вақт кўрсатади.

- Демак ҳар қандай ҳолатда ҳам "Бунёдкор"нинг мақсад ва вазифалари ўзгармайди, десак бўладими?
- Шуни алоҳида таъкидлашни истардим, жамоамиздан ким кетади ёки ким келади, бундан қатъий назар "Бунёдкор"нинг мақсади ўзгармайди. Нега янги футболчилар жалб этилмаяпти? Чунки жамоамизнинг ҳозирги молиявий ҳолати бунга имкон бермаяпти. Ҳар бир мураббий ўз жамоасини кучайтиришни, таркибга юқори малакали футболчиларни кўришни истайди. Лекин мавжуд шароит ва имкониятдан келиб чиқиб ишлаяпмиз.

Жамоамиздан ким кетади ёки ким келади, бундан қатъий назар "Бунёдкор"нинг мақсади ўзгармайди.

(c) Миржалол Қосимов

Биз ҳар қандай таркиб ва футболчилар билан доимо курашга тайёрмиз. Футбол курашни хуш кўрадиган спорт тури. Қачонки кураш, рақобат бўлсагина ўсиш, ривожланиш кучаяди. Бу эса якунда барибир терма жамоамизга бориб тақалади. Қачонки чемпионатимизда кучли рақобат ҳамда интрига бўлса, бундан аввало мухлислар ва терма жамоамиз манфаат кўришади. "Бунёдкор" эса ҳар доим майдонга тушгандан кейин келган мухлислар ҳаққи-ҳурмати ғалаба учун ўйнайди.
Мухлислар эса стадионга чиройли футбол ва майдондаги кескин курашни кузатгани келишади. 

Шаҳбоз Беғамов суҳбатлашди.

Рейтинг: +37   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика