UZ

Сўнгги янгиликлар

01:01Абдуқодир Ҳусанов Манчестерга етиб борди  0 00:46Испания Кубоги. "Реал" – "Сельта" баҳси асосий таркиблари маълум!  0 00:30HERE WE GO: Омар Мармуш - "Манчестер Сити" футболчиси!  5 00:15Саудия Арабистони. "Ал Иттиҳод"дан йирик ғалаба, Бенземадан гол  0 23:53АПЛ. "Манчестер Юнайтед" - "Саутгемптон" баҳси асосий таркиблари маълум!  3 23:27Аморим Гарначо яна нималарни ўрганиши кераклигини айтди  2 23:02Ўзбекистон миллий терма жамоаси сафида ўзгариш  1 22:50"Манчестер Сити" яна бир ҳимоячи сотиб олмоқчи  5 22:19Саудия Арабистони. Пешқадам "Ал Ҳилол" аутсайдер дарвозасига 9та гол урди  3 21:50"Навбаҳор" БААда Хорватия, Арманистон ва Хитой жамоаларига қарши ўйнайди  1 21:30"Сўғдиёна" дарвозабони билан шартномани узайтирди  3 21:08Златан Роналдуга жавоб берди  18 20:44АПЛ топ-клублари қизиққан футболчини "Бавария" илиб кетмоқчи  0 20:16ПСЖда 7-рақамнинг янги эгаси маълум!  1 19:59Гави: "Ямал дунёнинг энг яхши футболчиси"  9

Мен соғинган футбол яна қайтармикан? (Мулоҳаза) Янгиликлар

Мен соғинган футбол яна қайтармикан? (Мулоҳаза)

Бугун яна ўзимизнинг олий лига ҳақида фикр-мулоҳаза юритамиз.
Қанча танқид қилмайлик, қанча мақтамайлик, бу барибир ўзимизнинг олий лига. Ўзбек футболининг кўзгуси ҳам, таянчи ҳам олий лига. Халқаро даражадаги турнирларда иштирокимизни белгилаб берадиган ҳам мана шу олий лига. У қанча ривожланса, клубларимиз, мураббийларимиз ва футболчиларимиз шунчалик ўсади.

Охирги пайтларда ички чемпионатда савия тушиб кетгани-ю, келишилган ўйинлар билан боғлиқ гап-сўзлар роса авж олди. Мутасадди кишилардан ким ўз фикрини билдирмасин, ҳамма бизда келишилган ўйинлар йўқлиги ҳақида гапиряпти. Лекин ҳозир бу ҳақда тўхталмоқчи эмасман. Бор бўлса бор, йўқ бўлса йўқ-да. Буни мухлисларнинг ўзлари ҳал қилиб олишади.

Шу ўринда ўзбек футболига энди-энди кириб келган пайтларимни эслашни лозим топдим. Эсимда, ҳозирги  ЎФФ биноси жойлашган ерда олдин “Спорт” ва “Ўзбекистон футболи” газеталари таҳририяти бўларди. Журналистикадаги илк қадамларни айнан ўша ерда қўйганман десам бўлади. “Пахтакор” стадиони бир қадам эмасми, ҳар бир ўйинга таҳририятдагилар билан бирга борардик. Ўша йиллари ЎФФга бориш учун “Халқлар дўстлиги” (ҳозирги “Бунёдкор”) метро бекатидан чиқиб, Бешёғоч томон пиёда юриб борардик.  

ЎФФ биноси Олимпия қўмитаси ёнида жойлашган эди. Хоналари ҳам унчалик кўп эмасди. Ички чемпионатни назорат қиладиган “Мусобақаларни ўтказиш бўлими” бўлиб, бу бўлимда фақат икки киши ишларди: Алишер Никимбаев ва Мирғофир Мирюнусов. У пайтлари ПФЛ ҳам, ҳозиргидек Терма жамоалар маркази ҳам йўқ эди. Шунга қарамай, олий лига ўйинларида қандайдир файз бўларди. Майли, у маҳаллар стадионларда журналистлар учун ложа, вай-фай кабилар бўлмасди, интернет ҳозиргидек ривожланмаганди, лекин ўйинларнинг ўзида файз бўларди, мириқиб футбол томоша қилардик.

Керак бўлса, ўша кўримсиз “Трактор” стадионида ҳам жуда шиддатли ўйинларни кўп бор кузатганмиз. “Насаф”, “Нефтчи” каби клубларнинг Тошкентга келиши мухлислар учун ўзгача байрам эди. Нафақат мухлислар, балки биз журналистлар учун ҳам. Ўйиндан бир кун аввал “Насаф” ёки “Нефтчи” жойлашган меҳмонхонага бориб мураббий, футболчилардан интервью олишга ошқардим. Юрий Саркисян, Зафар Холмуродовга ўхшаган футбол кишиларидан интервью олиш мен учун жуда қизиқ эди. Улар билан кўришиб гаплашишнинг ўзиёқ мен учун катта бахт эди.

Гарчи ўша пайтлари ҳозиргидек пластмасса ўриндиқларда эмас, тахта скамейкаларнинг устига бир парча қоғоз қўйиб футбол томоша қилган бўлсак-да, ўйиннинг ўзидан завқ олардик. Одам ҳам роса келарди лекин. 2003 йили ўтказилган “Пахтакор” ва “Насаф” ўртасидаги Кубок финалини айтмайсизми, шу ўйинни кўриб жуда маза қилганман. Кучли жала остида ўтган бўлишига қарамай, 2007 йилги “Пахтакор” ва “Қурувчи” ўртасидаги Кубок финали-чи? “Лой жанги” деб таъриф бергандик ўша ўйинга. Бутун ўйин давомида ёмғир ёғиб турганига қарамай, мухлислар тик турганча ўйинни охиригача кузатишганди.

У куни “Локомотив” - “Машъал” баҳсига бориб, ўша аввалги йиллардаги ФАЙЗни кўрмадим. Шу куниям ўйин пайти аҳён-аҳёнда ёмғир ёғиб турди, аммо ўйин шиддати анча паст бўлди, стадионгаям деярли одам кам келди. Ўзиям футбол кўриб эмас, уч-тўртта танишлар билан валақлашиб вақтни ўтказадиган ўйин бўлди. Биз-ку - журналист, ишимиз футболни ёритиш бўлганидан кейин мажбурликдан бўлсаям борамиз. Лекин мухлисни мажбурлаб бўлмайди, у қизиққанидан келади. Афтидан, олий лигамизга мана шундай қизиқиш кескин пасайиб кетгандек.

Негадир охирги кунларда ўзбек футболига энди кириб келган ўша пайтларни соғиндим. Шароит бўлмасаям, тахта ўриндиқларда ўтириб бўлсаям файзли футбол кўришни соғиндим. Футболчиларнинг футболкасида фамилияси ёзилмаган бўлсаям, биз уларнинг афтидан таниб оладиган ўйинчиларни соғиндим. Ўша пайтлардаги файз яна қайтармикан? Мен соғинган футбол қачондир яна қайтиб келармикан?

Изоҳли луғатдан: ФАЙЗ. Ўзига жалб қиладиган, завқ-шавқ бағишлайдиган хусусият; жозибадорлик, иссиқлик, кўрк. Масалан: Базмга файз кирди; Суҳбатнинг файзи кетди.

Х.Холиқов.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика