Матея Кежман - буюк футболчими ёки буюк омадсиз…?
24 окт 2016 08:36
Янгиликлар
Матея Кежман - буюк футболчими ёки буюк омадсиз…?
Клублар борасида ҳам шундай: ё дунёга таниқли жамоа бўлиш керак, акс ҳолда ҳеч кимга кераксизсан. Мураббийлар борасида ҳам шундай дейиш мумкин: ё доимо ўсишда бўлиш лозим, ёки...
FootballHD.ru XXI аср бошларида Сербиянинг ёрқин юлдузи деб башорат қилинган, алал-оқибатда эса, ўз ички имкониятларидан тўлиқ фойдалана олмаган ҳолда буюк омадсизга айланган «Белградлик Бэтмен»нинг футболдаги фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтади.
Матея Кежманнинг «Челси»дай жамоа сафида омадсиз иштироки унинг аввалги буюк карьерасини бир лаҳзада йўққа чиқарди, «катта футбол»даги муваффақиятсизлик яқиндагина бутун футбол оламини зир титратган ҳужумчини тарих ахлатхонасига юборди. Ҳеч кимни бу футболчининг болалиги собиқ Югославияда фуқаролар уруши авж олган оғир бир пайтга тўғри келгани, ундаги туғма истеъдод ўйлантирмади ҳам. Ҳаммага натижа ва фақат натижа керак эди.
Кўпгина футбол фанатлари Кежманни буюк омадсиз деб билади, унинг «Челси»га трансферини эса клуб тарихидаги энг ёқимсизи эканлигини айтишади. Шундай футболчи келди, майдонга тушди ва кетди - гап тамом.
Юқорида айтилган гапларнинг аксарияти тўғридай ҳам - Матея Кежман чинданам «Челси»да ўта муваффақиятсиз тўп сурди, кетганидан кейин эса янада ёмон. Аммо у қачонлардир эга бўлган юксак иқтидорни унутиб бўлармиди?
«Партизан» ва ПСВда Кежман тўхтатиб бўлмас кучга эга эди, ўйини эса кўзни қувнатарди. Бу ёрқинликни «Стэмфорд Бридж»га кўчириш борасидаги ўта шошқалоқлик эса футболчи руҳиятига салбий таъсир этди. Эредивизияда Кежман иштирокидаги баҳслар гигантнинг бошқалар устидан ҳукмронлигидай кўринар эди. У голлар кетидан голлар урар ва энг ҳайратланарлиси, барча киритган тўплари турли нуқтадан, ғаройиб кўринишларга эга эди. Дастурланган робот майдонда ўз ишини бажараётгандай тассурот қолдирарди, барчада. У ҳамма нарсага қодир эди: тезлик, фикрлаш, зарба ва тўп оширишлар, комбинацияларни ниҳоясига етказиш - Кежманда кучсиз нуқтанинг ўзи йўқдай қилиб кўрсатарди. Голландияда у худди суперқаҳрамондай ҳаракат қилар, ақлли ўйин кўрсатар, тўп ортидан тўплар киритишдан тўхтамасди.
Балки, у нисбатан кучсиз бўлган лигаларда тўп сургани учун чиройли ўйнагандир. Бироқ санъат қаерда бўлмасин санъатлигича қолади. Ҳамма гап ундан маза олишни билишда, холос.
***
Златко Кежман номи ўтган асрнинг 80-йилларида профессионал голкипер сифатида собиқ Югословияда танилганди. У Белграднинг «Земун» жамоси шарафини ҳимоя қилар, 1979 йилда туғилган ўғли Матея ҳам футбол ҳавосида вояга етганди. Бола 7 ёшида «Земун» академиясига ўқишга борди, орадан 10 йил ўтгач эса иқтидори юзага чиқмаган ҳолда уни тарк этди.
Матея 16 ёшга тўлганида «Раднички» клубида пайдо бўлди ва бу жамоа унинг учун қадрдон бўлган Белграддан 300 км. узоқда жойлашганди. Кейинчалик у «Лозница» ва «Сартид» клубларида тўп сурди. Матеядаги иқтидор учқунларини биринчи бўлиб «Партизан» вакиллари - мамлакатдагина эмас, кўҳна қитъада ҳам таниқли ҳисобланган жамоа скаутлари пайқашди. Шу тариқа у 1998 йилда ушбу клубда пайдо бўлди..
Ёшлигидан «Партизан» мухлиси бўлган Матеянинг орзулари рўёбга чиқаётган эди. Афсуски, мамлакатда бошланган фуқаролар уруши унинг мазкур клубдаги карьерасига путур етказди. Собиқ Югославиянинг 1-лигаси 1992 йилда тарқатиб юборилди ва «Партизан» Сербия ва Черногориянинг янги 1-лигасида пайдо бўлди. Кежман ҳали жамоага киришиб кетмай туриб эса НАТО Белградга ҳужум бошлади.
Матея 20 ёшини бомбапаноҳда нишонлади. Барча ёшлар каби унинг учун ҳам аввалги нормал ҳаёт ниҳоясига етгандай туюларди. Аммо бизнинг қаҳрамонимиз тенгдошлари билан кўчада тўп тепишда давом этди, зеро фақат футболгина мақоламиз қаҳрамонига уруш даҳшатларини бир зумгина бўлсада унутишига ёрдам берарди. Шу тариқа у майдонда борини бериб ўйнашни ўрганди. «Партизан»даги дастлабки мавсумда 33 баҳсда майдонга тушиб, 23 бор рақиблар дарвозасини аниқ нишонга олди.
Келгуси мавсумда Кежман жамоасининг асосий бомбардирига айланди. Унинг ҳисобида 41 учрашувда киритган 35та гол бор эди. Стадионга келган фанатлар Матеянинг майдондаги ҳар бир ҳаракатини олқишлашдан чарчашмасди. У футбол билан яшайдиган одамга айланганди.
***
Югославия термасидаги дебют 2000 йилнинг мартида - Хитой термасига қарши ўртоқлик баҳсига тўғри келди. Унинг жамоаси Евро-2000 чиптасини қўлга киритди, бироқ Кежман Норвегияга қарши ўйинда майдондан чиқариб юборилди.
2000 йил июлида ПСВ футболчи билан 8.000.000 еврога шартнома имзолади. Аммо карьерада олдинга ташланган яна бир қадам яна битта кўнгилсизлик билан ёдда қолди: трансфер тўлови собиқ Югославияга қўлланилган санкциялар боис ниҳоясига етмади, шартномада кўрсатилган «Партизан» стадионига ўрнатилиши лозим бўлган янги ёритиш тизими ҳам фақат қоғоздагина қолди. Бироқ Кежман барибир «Эйндховен»да пайдо бўлди ва мухлисларнинг ёқимтойига айланди.
***
Голландиядаги дебют мавсумида Кежман 49 ўйинда 31та гол киритди. Маълум муддат ҳатто Рууд ван Нистелрой билан жуфтликда ҳам ўйнади, кейинроқ эса уни «Манчестер Юнайтед» ўз сафига қўшиб олди. 2001 йил ПСВ учун омадли келди. Клуб Кежман, Боммель, Фогель ва Роммедаль кўмагида қийинчиликларсиз мамлакат чемпионига айланди. УЕФА кубоги чорак финалигача етиб борди.
Кейинги мавсумда Рональд Куман «Аякс»га янги ҳаёт баҳшида этганидан сўнг ПСВдаги ўсиш тўхтаб қолгандай туюлди. Кежман камроқ гол ура бошлади, аммо, барибир, 41 ўйинда рақибларини 20 бор ранжитишнинг уддасидан чиқди. Рақиб мураббийлари серб қандай тўп суришини ўрганиб чиқишган ва бунга қарши чоралар кўришни уддалашаётганди. Тўғри, Кежман тўп киритишда давом этди, лекин УЕФА кубогида принципиал рақиби «Фейеноорд»ни мағлуб этишни уддалаёлмади.
Геретс клубни ташлаб кетгач, 2002 йилда бошқарувни Гус Хиддинк ўз қўлига олди. қайтадан кучга тўлган ПСВ «Аякс»ни «олтин» учун курашда ортда қолдиришга эришди, Кежман киритаётган голларнинг қадри янада кўпайиб бораверди - барча 40тасининг ҳам. Вингер Арьен Роббеннинг келиши унинг қанот ёзишига хизмат қилди: «Бэтман» ва Роббен дуэтининг ҳар бир голидан сўнг стадионда севимли сериалдаги машҳур қўшиқ янграрди. Йил охирида Кежман Голландиянинг йил футболчиси деб тан олинди, бу эса дунё скаутлари эътиборини унга қаратди.
2003 йил февралида Кежман Сербия ва Черногория термасини Евро-2004 саралашидаги шармандали иштирокдан сўнг вақтинча ташлаб кетди. Янги мураббий тайинлангач эса у яна бош жамоага қайтди.
Келгуси мавсумда футболчи яна бир бор (3-марта) голланд олтин бутсасини ютиб олди - 31 гол билан. Грандлар Матея Кежман учун астойдил курашга киришдилар, аммо «Челси» уларнинг барчасини доғда қолдирди - жамоа Роббен-Кежман дуэтига эга бўлди.
Кежманнинг голланд чемпионатидаги 176 учрашувда киритган 129та голи уни маҳаллий фанатлар орасида ҳали-ҳануз афсона сифатида қабул қилинишига сабабдир.
***
Барча буюк футболчилар сингари Кежманга ҳам тўп қаердалигини билиш учун кўзнинг ҳожати йўқ эди. Унинг заҳираси турли финт ва трюкларга бой бўлиб, у ҳаракатдан, ўйлашдан тўхтамасди. Тўпни ўзида узоқ вақт сақлаб туришни уддалар, ажойиб ўйин кўрсатарди. Бир қарашда бундай футболчини ҳеч нарса тўхтатолмайдигандек. Бу унинг «Челси» сафида майдонга тушгунига қадар давом этишини ва Кежманда нимадир «синишини» ўшанда ҳеч ким тасаввурига ҳам сиғдиролмасди.
***
Англияда Матея дарҳол оғир босим остида қолди. Лондонда унга 9-рақамли футболка беришди ва бу рақам остида унгача Жимми Флойд Хассельбайнк ўйнаганди. Шу тариқа, серб машҳур клубнинг яқин ўтмишдаги бундан-да буюк футболчилари сояси остида майдонга тушишга мажбур бўлди. Олдига эса нафақат буюк футболчи, балки, мухлислар суюклисини ҳам алмаштириш вазифаси қўйилганди.
Биринчи гол эса ҳадеганда киритилмасди. Орадан ҳафталар, ойлар ўтди... Стресс ҳамон давом этар, илгарилари ўта мураккаб вазиятлардан дарвозага йўл топа билган Кежманнинг «қуруқ сериялари» тугай демасди. Ва, ниҳоят, 2004 йилнинг октябрида лига кубоги доирасида «Вест Хэм»га қарши учрашувда «Челси»даги илк голини урди. АПЛда эса бундайин дақиқалар декабргача куттирди, ўша ўйинда «Челси» шундоқ ҳам 3:0 ҳисобида олдинда бораётганди.
Навбатдаги гол мартда киритилди, аммо бу сафаргиси анчайин муҳим ўйинда. Аммо бу тўп ҳам таниқли серб 41 учрашувда рақиблар дарвозасини бор-йўғи 7 бор забт этишдай кичик натижа қайд этгани фактини йўққа чиқаролмади. Жамоа ҳайратланарли натижаларни қайд этиб, 1955 йилдан кейин биринчи марта чемпионликни қўлга киритган бўлса-да, мухлислар Кежманнинг ҳаракатларидан норози эдилар. Футболчини ҳам майдонда мутлақо таниб бўлмай қолганди.
Лига кубоги доирасида «Ливерпул»га қарши ўйинда у яна битта ўта муҳим голни ҳисобига ёзиб қўйди, бироқ ундан янада кўпроғини кутишганди. Йўқ, барча Матеяни ҳамон севар, ҳурмат қиларди, бироқ Кежман тисмолида Эйндховен ва Белграддан янги даҳони кутишгани ҳам бор гап эди-да. қишга бориб Кежман заҳиралар ўриндиғининг қимматли «меҳмони»га айланди. Энди унинг ортидан шон-шуҳрат эмас, ҳакамлар томонидан кўрсатилган сон-саноқсиқ карточкалар қуварди, холос.
Барча муаммоларга қарамай, Матея Англиядаги ҳаёт тимсолидан лаззатланишда давом этарди. Унда янги жамоага мослашишда муаммолар бўлмаган, клубни эса карьерасидаги энг юқори чўққи деб биларди. Аммо майдонда ҳали-ҳамон ўз ўйинини тополмас, серҳаракат «Бетмен» ўрнини оддийгина ҳаракатларни ҳам уддалолмайдиган футболчи эгаллаганди. Нега бундай бўлди? деган савол эса ҳануз ўз жавобини топа олгани йўқ!
- Кежман ПСВда ажойиб ҳаракат қилди. Гол кетидан голлар урди. «Челси»да эса ҳаммаси бошқача эди. Ушбу жамоанинг бошқа ҳужумчилари ҳам бўлиб, улар орасида етакчи бўлиш қийин эди. Бунинг устига, Кежманни тез-тез нотўғри позицияга қўйишарди, тўғри, у ҳужумчи эди, аммо ўзига имкониятни ўзи яратишни ёқтирмасди, - деб ҳисоблайди Serbian Footyдан Милош Душанович. Балки, Кежманнинг омадсизлигини лигалар ўртасидаги даражадаги фарқ билан изоҳласак тўғридир. АПЛда тезкор, қаттиқ футбол ўйнашади, аммо Матея голланд лигасида бошқалардан айнан шу жиҳатлари билан устунлик қиларди-ку. Моуринью раҳбарлиги остида у ўзини топа олмади, бу ҳолат қанчалик узоқ давом этган бўлса, ўзига бўлган ишончи шунчалик пасайиб кетди.
«Челси»да Кежман ўз-ўзининг соясига айланди. У ҳеч қачон элегант футболчи бўлмаганди, аммо ўзига бўлган ишонч ҳисси барча муаммоларни ортда қолдиришига кўмаклашарди. «Стэмфорд Бридж»да у Роман Абрамович томонидан яратилган футбол галактикасининг бир юлдузи бўлди, холос. Дидье Дрогба, Эйдур Гудьонсон, Дамьен Дафф, Джо Коул ва Роббен - уларнинг барчаси олдинда ўйнашарди, Кежман эса бу жойни доимо ўзиники деб биларди.
Ҳа, Кежман янги жойга, у ердаги тартиб-қоидаларга мослаша олмагани туфайли омадсизликка юз тутди. Буюк футболчилар эса ҳамма жойда бирдай аъло даражада ўйнашлари лозим. Кежман эса буни уддалолмади ва оддий инсон сифатида катта футболдаги босимни енголмади. Бу - факт.
***
Ўша мавсумдан сўнг Кежманни Мадриднинг «Атлетико»сига юборишди. Бу ерда эса у тиззасидан жароҳат олди ва узоқ даволанди. Шу билан унинг муаммолари сони яна биттага - бу сафар, саломатлик билан боғлиқ - кўпайди.
Халқаро даражадаги ўйинда Кежман томонидан урилган гол Сербия ва Черногорияга ЖЧ-2006да жойни нақд қилди. Мазкур тарихий тўп айнан уйдаги баҳсда урилгани футболчининг обрўсини анчагина кўтарди ҳам. Аммо бу унинг терма сафидаги сўнгги юлдузли онлари бўлди: Аргентинага қарши ўйинда олинган қизил карточкадан кейин у термага бошқа чақирилмади.
2006 йил ёзида Кежман Туркиянинг «Фенербахче» клубига ўтишга рози бўлди. 19 учрашувда 11 та гол урди ҳам. Аммо унинг ҳаракатларида илгариги ёрқинлик йўқ эди. Фанатлар уни меҳнаткашлиги учун ҳурматлашар, Кежмар эса жамоанинг чемпионликни қўлга киритишида ёрдамини аямасди. Турклар ЧЛда чорак финалга қадар етиб боришди. 2008 йили эса сербни ПСЖга ижарага бериб юборишди.
Францияда Кежманнинг карьераси ниҳоясига етди. Фанатлар уни қабул қилишмади, босим эса ўйнаб кетишига тўсқинлик қилди. Матеянинг фанатлар билан муносабати ўта совуқ тус олгач, ПСЖ уни 2 ҳафтага ўйиндан четлатди, қайтиш эса яна фанатларнинг ҳуштаклари остида кечди. Шундан сўнг «Зенит»га «сургун» ва 2010 йилда шартноманинг бекор қилиниши. 2011 йилда 33 ёшли футболчи ўз карьерасига нуқта қўйишга мажбур бўлди.
***
Муваффақиятсизликка қарамай, Матея ҳамон футболни севади. Ҳозир у 37да, Сербияда агент сифатида фаолият кўрсатмоқда. Шунингдек, маълум муддат мамлакат ёшларига мураббийлик ҳам қилди. Аммо унинг карьераси ҳали-ҳамон кишини ўйлашда давом эттиради - мураккаб старт ва умумхалқ муҳаббати, кутилмаган омад ва омадсизлик. Балки уни чиндан ҳам ўта омадсиз сифатида ёдда сақлаб қолишар, аммо Матея Кежманнинг ҳаётида кўпчиликка хурсандчилик ҳадя этган голли лаҳзалар анчайин кўпроқ бўлганини ҳам эсдан чиқармаслик керак.
Фикрлар