"Кучли-бешлик"да тур бошланмоқда: Энг зўр қарама-қаршилик Германияда ва бошқа ўйинлар

Tolibjon Qosimov
5 окт 2018, 15:13
Бугун Европанинг "кучли-бешлик" чемпионатларида навбатдаги тур ўйинларига старт берилади.

Англия премьер лигаси, А Серия, Ла Лига, Бундеслига ва Франция Лигасида турнинг дастлабки ўйинлари бўлиб ўтади.

Дастлаб Германия Бундеслигасининг 7-турини очиб берадиган "Вердер" - "Вольфсбург" тўқнашуви ҳақида тўхталиб ўтамиз.

Мазкур жамоалар ўртасидаги қарама-қаршилик доимо Германия футболи иҳлосмандлари учун катта қизиқиш уйғотиб келган. Сабаби, бу тўқнашувда мухлисларбоп, голларга бой тарзда кечади. Айни пайтда турнир жадвалининг юқори қисмидан жой олган ва еврокубоклар учун йўлланма берувчи ўринларда бораётган жамоаларнинг ўзаро баҳси шиддатли ўтишига шубҳа йўқ.

"Вердер" ва "Вольфсбург" жамоалари иштирокидаги жорий мавсумдаги ўйинларда жами 19тадан гол киритилгани ҳам фикримиз исботи.

Флориан Кохфельдт ҳамда Бруно Лаббадиа қарама-қаршилигида қайси мутахассиснинг тактик режалари иш беришини бугун тунда билиб оламиз.

"Вердер" 11 очко тўплаган ҳолда турнир жадвалида 5-ўринни эгаллаб турибди. "Вольфсбург" эса 9 очко жамғариб 7-поғонанин банд этмоқда. "Бўрилар"да бременликларни турнир жадвалида қувиб ўтиш имконияти мавжуд. "Вердер" эса "кучли-учлик"ка кириш учун мазкур турда ғалаба нашидасини сурмоғи лозим.




А Серияда 8-турни расман очиб берадиган "Торино" - "Фрозиноне" учрашувида чемпионат аутсайдери мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритиш учун уриниб кўради. "Торино" эса муваффақиятсиз стартдан сўнг аста-секин турнир жадвалида юқорилашни давом эттириш учун ҳам бугун фақат ғалабани кўзлаб майдонга тушади.

"Фрозиноне" ҳозирча А Серияда ғалаба қозонмаган икки жамоадан бири сифатида қолмоқда. Морено Лонго шогирдлари ушбу нохуш серияга Туринда барҳам беришга бел боғлашган. Бироқ Вальтер Маццари бунга осонликча рози бўлмаслиги аниқ.

Ушбу жамоалар бунга қадар тўрт маротаба ўзаро тўқнаш келишган. Устунлик ҳеч бир томонда эмас. Ўтказилган учрашувларнинг тенг ярмида "Торино", қолган ярмида эса "Фрозиноне" ғалабани тантана қилишган. Қизиғи, мазкур жамоалар ҳозирча ҳечам муросага келишмаган. 2011 йилги мавсумда Б Серияда тўқнашган рақиблар, 2016 йилга келиб А Серияда ўзаро курашни давом эттиришган. Икки йиллик танаффусдан сўнг "Торино" - "Фрозиноне" қарама-қаршилиги А Серияда яна қайта тикланди.

Айни пайтда "Фрозиноне" А Серияда 1 очко билан 19-ўринни эгаллаб турибди. "Торино" ҳисобида эса 9 очко мавжуд ва жамоа турнир жадвалида 12-поғонада бормоқда.




Франция 1 Дивизионида янги 9-тур "Тулуза" - "Ницца" тўқнашуви билан бошланмоқда. Патрик Виейра бошқарувида "Ницца" "Тулуза" меҳмони бўлади. Айни пайтда мазкур жамоалар ўтказилган 8 учрашувдан сўнг 3тадан ғалабага эришган. "Тулуза" турнир жадвалида 7-поғонада бораётган бўлса, "Ницца" 5 ўрин пастроқда, яъни 13-ўринни банд этиб турибди. Аммо "Ницца"да бу турнинг ўзидаёқ "Тулуза"ни қувиб ўтиш имконияти бор. Жамоаларнинг очколаридаги фарқ 2 очкони ташкил этмоқда ва биргина ғалаба орқали "Ницца" вазиятни ўзи томонга оғдириб олиши мумкин.




Испания Ла Лигасида бугун 8-турга старт берилади. Турни эса "Атлетик" ва "Реал Сосьедад" ўртасидаги баҳс очиб беради. Турнир жадвалида деярли ёнма-ён кетаётган жамоаларнинг ўзаро тўқнашуви қизиқарли ўтиши аниқ.

"Атлетик" турнир жадвалида 7 очко билан 15-ўринда бормоқда, "Реал Сосьедад" эса 8 очко жамғарган ҳолда 13-поғонада. Эдуардо Бериццо жамоаси бугунги баҳсда ғалаба қозониб турнир жадвалида "Сосьедад"ни қувиб ўтишни режалаштираётгани аниқ. Асиер Гаритано эса бунга қарши тактик қўлланмалардан фойдаланиб кўради.




Англия премьер лигасида ҳам бугун 8-тур ўйинлари бошланади. Турни "Брайтон" - "Вест Хэм" ўртасидаги қарама-қаршилик очиб беради. Турнир жадвалида ёнма-ён кетаётган "қўшнилар"нинг ўзаро баҳсини Кевин Фрэнд бошқариб боради. Крис Хугтон ва Мануэль Пеллегринининг тўқнашувида қайси мураббийнинг қўли баланд келишини тунда кўрамиз.


"Вест Хэм" ўтказилган 7 турдан сўнг 7 очко жамғарган ҳолда 14-ўринни эгаллаб турибди. "Брайтон" эса 5 очко билан 15-поғонани банд этмоқда. Мазкур ўйин жамоаларга турнир жадвалида каттагина сакрашни амалга ошириш учун хизмат қилиши мумкин. Бу жамоалар бунга қадар Чемпионшип ва премьер лигада тўқнаш келишган. Ўзаро ўйинлардаги тарози палласи тенг. Ўтказилган 4 ўйинда "Брайтон" ва "Вест Хэм" 2тадан ғалаба қозонишган. Бу тўқнашувда ҳозирча дуранг натижаси қайд этилмаган.

Ўхшаш янгиликлар


Tolibjon QosimovМуаллиф
Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›