UZ

Сўнгги янгиликлар

12:46"Манчестер Юнайтед" Каземирога ўринбосар топди  0 12:20Эшитдик-да! ФИФА "Бунёдкор"га илк санкцияни қўллади  7 11:48Клоппнинг ассистенти "Аякс" бош мураббийига айланиши мумкин  0 11:24Ўзбекистон – Гонконг учрашувида майдонга югуриб тушган мухлислар маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафар шахс 5 суткага қамалди  16 10:57Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»даги келажаги борасида бир қарорга келди  4 10:28«Бавария» Алонсони қўлга кирита олмаганидан сўнг бошқа бир топ мураббий билан шартнома тузмоқчи  1 10:00ЦСКА устози РПЛнинг энг кучли футболчиси кимлигини айтди  7 09:3410 ойга четлатилган Тонали яна узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин  2 09:10«РБ Лейпциг» грандлар қизиқаётган футболчига нарх қўйди  1 08:47Златан рамзий термасини тузди ва ўзини қўшмади. Нега қўшмаганини эса Ибра супер тарзда тушунтириб берди  12 08:25Фабрицио Романо Хаби Алонсонинг келажагини очиқлади  4 07:49Про лига. Бугун учинчи тур якунланади  1 07:25Суперлига. Бугун Олмалиқ ва Қаршида ўйинлар бор  3 01:46"Фулхэм" стадион трибунасида очиқ бассейн қурмоқчи  1 01:29Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади  3

Красницкий номидаги тўпурарлар клубининг янги аъзоси Темурхўжа Абдухолиқов 29 ёшда Янгиликлар

Красницкий номидаги тўпурарлар клубининг янги аъзоси Темурхўжа Абдухолиқов 29 ёшда

Бугун "Локомотив" ва Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳужумчиси Темурхўжа Абдухолиқов ўз таваллуд айёмини нишонламоқда.

Истеъдодли ҳужумчи 29 ёшни қарши олди. Суперлиганинг 11-туридан ўрин олган "Локомотив" - "Қўқон-1912" баҳсида Темурхўжа рақиб дарвозасига тўп киритишга муваффақ бўлди. Айнан шу гол унинг Ўзбекистон чемпионати, Ўзбекистон Кубоги, Осиё чемпионлар лигаси ҳамда Ўзбекистон миллий терма жамоасидаги жами голлари сонини 100тага етказиб, Темурхўжа Абдухолиқов ҳам Геннадий Красницкий номидаги тўпурарлар клубига расман қабул қилинди. 

Айтиш мумкинки, унинг голлари 100тадан ошди ҳам. Негаки ўтган турда "Бухоро" билан кечган баҳсда Темурхўжа яна тўп киритишга муваффақ бўлди. "Локомотив" 3:1 ҳисобида зафар қучган ўйинда Абдухолиқов 15-дақиқада ҳисобни очди. У рақиб дарвозабонини моҳирона алдаб ўтган ҳолда тўпга оҳиста, бироқ айёрона зарба бериб дарвозанинг узоқ бурчагини аниқ нишонга олди.



100та гол учун босиб ўтилган йўл

Темурхўжа Абдухолиқовга 100лик маррани забт этиши учун 10 йил керак бўлди. У олий лигадаги илк голини 2011 йил "Пахтакор" сафида "Қизилқум" билан кечган учрашувда урганди. Умумий ҳисобда Темурхўжа шу пайтгача Ўзбекистон чемпионатида 72та, Ўзбекистон Кубогида 14та, Осиё чемпионлар лигасида 13та ва миллий терма жамоамиз сафида 2та гол урган. Темурхўжа Абдухолиқов ички мусобақаларда иккита жамоа - "Пахтакор" ва "Локомотив" либосида ўйнаб шундай натижа қайд этгани эътиборга молик. 

Темурхўжа ОЧЛда қайси жамоаларни хафа қилган?

Cтатистикага мурожаат қиладиган бўлсак, Темурхўжа Абдухолиқов шу пайтгача Осиё чемпионлар лигасида 13та гол урганини айтиб ўтдик. Мана шу 13та голни у "Ал Араби" (Қатар, 2та гол), "Ал Ваҳда" (БАА, 2та гол), "Ал Иттиҳод" (Саудия Арабистони, 2та гол), "Ал Райан" (Қатар, 2та гол), "Ал Иттифоқ" (Саудия Арабистони, 1та гол), "Ал Наср" (БАА, 1та гол), "Ал Садд" (Қатар, 1та гол), "Ал Ҳилол" (Саудия Арабистони, 1та гол) ва "Сепахон" (Эрон, 1та гол) каби клублар дарвозасига киритган.

Темурхўжа илк бор 2011 йил "Пахтакор" сафида ОЧЛ ўйинларида майдонга тушиб, ўзининг дастлабки голини "Ал Садд" дарвозасига киритган. 2012 йил Қатарнинг "Ал Араби" клуби билан кечган баҳсларда эса 2 бор рақиб дарвозабонини ранжитган. 2013 йил ҳам "Пахтакор" либосида халқаро майдонларда ўзини кўрсатиб Саудия Арабистонининг "Ал Иттифоқ" дарвозасини бир бор ишғол қилган.

Истеъдодли ҳужумчи 2015 йил "Локомотив"га кўчиб ўтди. Бунгача эса 2014 йилни Хорватиянинг энг номдор клубларидан бири "Хайдук"да ўтказганди. Абдухолиқов 2015 йил ОЧЛ баҳсларида фақат битта гол урган, лекин бу гол Осиёнинг энг номдор клуби "Ал Ҳилол" дарвозасига киритилгани эътиборга молик. 2016 йилга келиб Темурхўжа ОЧЛда 3та гол уришга муваффақ бўлди: "Ал Иттиҳод", "Сепахон" ва "Ал Наср" клублари дарвозаси бир мартадан ишғол қилинди. 

Шундан сўнг фаолиятини бир муддат Қатарнинг "Ал Сайлия" клубида давом эттирган ҳужумчи "Локомотив"га қайтгач, ўтган йил Осиё чемпионлар лигасида 5та гол уришга эришди. У "Ал Ваҳда" ва "Ал Райан"га иккитадан, "Ал Иттиҳод"га эса бир бор тўп киритди.



Абдухолиқовнинг Ўзбекистон чемпионатидаги голлари

Қуйида Темурхўжанинг Ўзбекистон чемпионатида киритган тўплари ҳақида фикр юритамиз. Бунда қайси жамоаларга қарши жами нечта ўйинда майдонга тушиб, қанча гол ургани ҳақида сўз боради. 

"Бухоро"га қарши - 12 ўйин, 8 гол. 

"Навбаҳор"га қарши - 15 ўйин, 7 гол.

"Андижон"га қарши - 11 ўйин, 6 гол.

"Машъал"га қарши - 8 ўйин, 6 гол.

"Нефтчи"га қарши - 11 ўйин, 6 гол.

"Динамо"га қарши - 7 ўйин, 5 гол.

"Шўртан"га қарши - 8 ўйин, 5 гол.

"Қўқон-1912"га қарши - 7 ўйин, 4 гол.

"Қизилқум"га қарши - 8 ўйин, 4 гол.

"Насаф"га қарши - 14 ўйин, 4 гол.

"Сўғдиёна"га қарши - 10 ўйин, 4 гол.

"Бунёдкор"га қарши - 15 ўйин, 3 гол. 

"Металлург"га қарши - 13 ўйин, 3 гол.

АГМКга қарши - 9 ўйин, 2 гол.

"Гулистон"га қарши - 1 ўйин, 1 гол.

"Локомотив"га қарши - 3 ўйин, 1 гол.

"Обод"га қарши - 2 ўйин, 1 гол.

"Пахтакор"га қарши - 9 ўйин, 1 гол.

"Сурхон"га қарши - 3 ўйин, 1 гол. 



Голларни қачон урган? 

Темурхўжа Абдухолиқовнинг Ўзбекистон чемпионатидаги дебюти 2011 йилга тўғри келади. Ўшанда у "Пахтакор" сафида 3та гол уришга муваффақ бўлганди: "Қизилқум", "Навбаҳор" ва "Шўртан" клублари дарвозасини бир мартадан нишонга олган. 2012 йил "Андижон"га қарши баҳсда эса чемпионатдаги илк хет-трикини нишонлаб рақиб дарвозасига учта тўп киритган. Шунингдек "Динамо" ва "Нефтчи" жамоаларига иккитадан гол урган. АГМК, "Бухоро", "Қизилқум", "Локомотив", "Машъал" ва "Металлург" билан беллашувларда бир мартадан ўз ҳисобига гол ёзиб қўйган. 

2013 йилга келиб Темурхўжа навбатдаги хет-трикини қайд этади. Бу сафар у бир ўйинда "Шўртан" дарвозасига учта тўп киритган. Қолаверса, "Бунёдкор", "Гулистон", "Динамо" дарвозаларига биттадан гол урган. 2015 йилдан Абдухолиқовнинг "Локомотив"даги фаолияти бошланди. У ўша йил "Навбаҳор" дарвозасини икки бор ишғол этиб, "Бунёдкор", "Қўқон-1912", "Машъал", "Нефтчи", "Сўғдиёна" ва "Шўртан" жамоаларига биттадан гол урди. 



2016 йил у бир бор хет-трик ва 4 марта дубль қайд этган. Темурхўжа "Машъал" дарвозасига бир ўйинда 3та (ҳар икки баҳсни қўшиб ҳисоблаганда 4та) гол уришдан ташқари "Насаф", "Сўғдиёна", "Андижон" ва "Навбаҳор" билан кечган баҳсларда ўз дублларини нишонлайди. Умумий ҳисобда у ўша мавсум "Машъал"га 4та, "Насаф"га 3та, "Сўғдиёна"га ҳам 3та, "Андижон", "Металлург", "Навбаҳор", "Нефтчи"га иккитадан ҳамда "Бухоро", "Қизилқум", "Обод" ва "Пахтакор"га бир мартадан гол урган.

2017 йилни Қатар чемпионатида ўтказган Темурхўжа Абдухолиқов кейинги мавсум яна "темирйўлчилар" сафига қайтиб "Бухоро" дарвозасини 3 бор, "Бунёдкор", "Навбаҳор" ва "Нефтчи" жамоалари дарвозасини бир мартадан аниқ нишонга олди. Унинг ўтган йилги кўрсаткичи қуйидагича бўлди: "Динамо" билан "Қўқон-1912"га 2тадан гол, АГМК, "Андижон", "Бухоро", "Қизилқум", "Навбаҳор", "Насаф" ва "Сурхон" билан кечган ўйинларда эса биттадан гол. Бу мавсум Темурхўжа ҳозирча Суперлигада 3та гол урди: "Бухоро" дарвозасига иккита ва "Қўқон-1912" билан кечган ўйинда 1та.



Ўзбекистон Кубогидаги голлари

Темурхўжа Абдухолиқов шу пайтгача Ўзбекистон Кубогида ўз ҳисобига 14та гол ёзиб қўйганини юқорида айтиб ўтдик. Шундан 6тасини "Пахтакор", 8тасини эса "Локомотив" таркибида амалга оширган. У 2012 йилги Кубок ўйинларида "Бунёдкор", "Андижон" ва "Навбаҳор" дарвозасини бир мартадан аниқ нишонга олган. 2013 йил "Гулистон"га қарши ўтказилган иккита беллашувда учта гол урган. "Локомотив"га ўтгач 2015 йил "Навбаҳор" дарвозасига икки марта, 2016 йил "Машъал"га 3та, "Ўз-Донг Жу"га 2та ҳамда "Насаф" дарвозасига бир бор тўп киритишга эришди. 



Терма жамоада иккита гол 

Абдухолиқов Ўзбекистон миллий терма жамоасида икки бор гол муаллифи бўлган. У 2017 йил Таиланд ҳамда 2019 йил КХДР билан кечган ўйинларда бир мартадан ўз ҳисобига гол ёзиб қўйди. Умумий ҳисобда эса унинг голлари 101тага етди ва фаолияти давомида 4 бор хет-трик ҳамда 9 марта дубль қайд этган. Ўйлаймизки, бугун туғилган кунини нишонлаётган Темурхўжа Абдухолиқов ҳали кўплаб голлар уради. Унга сиҳат-саломатлик билан бир қаторда кейинги фаолияти янада ёрқин кечишини тилаб қоламиз. 


Х.Холиқов

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика