Кўза кунда эмас, кунида синади. Про лигада прожекторлар муаммоси ёхуд Суперлигага яқин жамоаларнинг стадиони тайёрми?
15 авг 2022 21:45
Янгиликлар
Кўза кунда эмас, кунида синади. Про лигада прожекторлар муаммоси ёхуд Суперлигага яқин жамоаларнинг стадиони тайёрми?
Интрига кучли, ҳар бир очко олтинга тенг. Бу эса кишини хурсанд қилмай қолмайди. Лекин шундай муаммолар борки, буларга кўз юмиб кетиш қийин. Зеро мазкур камчиликлар кейинчалик барибир клубнинг оёғига болта уради. Кўза кунда эмас, кунида синади. Бугунги кунда ғалабалардан сармаст бўлаётган айрим жамоалар кейинги мавсум учун прожектор масаласини ҳал қилса ютса ютадики, асло ютқазмайди. Хўш, бугунги кунда Про лига клублари майдонларидаги прожекторлари қандай ҳолатда?
"Андижон"
Про лига турнир жадвалида етакчилик қилаётган "Андижон" клубининг шу кунга қадар кўплаб муаммоларни бартараф этгани, жамоага кўтаринкилик олиб киргани таҳсинга лойиқ. Лекин бир неча йиллардан бери клубни қийнаб келаётган прожектор масаласи ҳали ҳамон тўлиқ ҳал бўлгани йўқ. Ушбу йўлда ишлар ҳали чўққисига чиқди, дея олмаймиз. Бугунги кунда "Андижон" уй учрашувларини қабул қиладиган "Соғлом авлод" стадионинг ёритиш даражаси 200 люксни ташкил қилади. Бу паст натижа ҳисобланиши маълум. ОЧЛ лицензияси ва Суперлига учун норма 1800 люксни ташкил қилади. Агарда мавсум якунида жамоа Суперлига йўлланмасини қўлга киритган тақдирда, бу камчилик ҳал этилмаса, кейинги йил мезбон мақомида бошқа стадиондан фойдаланишига тўғри келади.
"Суперлигага қайтишга асосий даъвогармиз. Мавсум охирига қадар прожекторларни белгиланган талабга етказиш йўлида изчил ҳаракат кетяпти. Бунингсиз иложи йўқ. Клубимиз раҳбари ҳаракатларни бошлаган",- дейди клуб матбуот хизмати.
"Турон"
Яйпандаги "Ўзбекистон" аренаси жорий йилда бир нечта клубларнинг жонига оро кираётганини барча кўриб турибди. Майдон сифати яхши, прожектор масаласига клуб ўтган йилдаёқ нуқта қўйиб бўлган. Стадионнинг прожектори 1900 люкс. Бу Про лигадаги энг яхши 2та кўрсаткичдан бири бўлиб турибди. Демак "Турон"га ортиқча тўхталишга ҳожат йўқ.
"Машъал"
Муборакликларда ҳам Суперлигага қайтишга ҳаракат ёмон кетмаяпти. Улар турнир жадвалида 3 ўринда кетмоқда. Бироқ клуб стадион прожектори борасида талабларни тўлиқ бажарганича йўқ. "Баҳром Вафоев" номидаги стадионнинг ёритгичлари 150 люкс ҳисобланади. "Андижон"да бўлгани каби бу клуб ҳам 1800 люксга етказиши лозим. "Машъал" вакиллари билан боғланганимизда прожекторларнинг иккинчи қисми келтирилганини, раҳбарият иш олиб бораётганини ва мавсум сўнггига қадар бу муаммо бартараф этилишини маълум қилишди. Демак бироз бўлсада олдинга силжиш бор.
"Шўртан"
Клуб Ғузордаги "Марказий" ўйингоҳга сўнгги йилларда эътиборни ошириши натижасида прожекторларини 1300 люксга яқинлаштириб олди. Мазкур арена шом вақтидан кейин ҳам ўйинларни қабул қилиш имкониятига эга бўлди. "Шўртан" кейинги йилларда Суперлига учун жиддий курашга қўшилса, янада яхшилаши даркор.
"Бухоро"
Ниҳоят "Бухоро" икки йилдан сўнг ўз уйига қайтди. Бунинг учун анча йўл босиб ўтишгани ҳақиқат. Футболчилар, мураббийлардан қарзларни қоплаш билан бир қаторда арена қайта фойдаланиб топширишга жиддий киришилди. Клуб нафақат майдон чими, балки прожекторларини яхши ҳолатга келтирди, 1900 люкс. Жамоа Суперлигага қайтса ҳеч қандай муаммоси майдонидан фойдаланиши мумкин.
Фикрлар