UZ

Сўнгги янгиликлар

14:38Парехо Винисиус ҳақида: "Ажойиб спортчи, аммо ўйинчилар ўзини футболга бағишлаши керак. Мени пиёниста дейишарди, лекин бунга эътибор бермаганман ва жавоб қайтармаганман – бундай одамлардан юқорироқ бўлиш зарур"  0 13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  4 13:44"Манчестер Юнайтед" "Реал" футболчисини сотиб олмоқчи  0 13:23Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди   1 12:50Ўзбекистон кубогининг саралаш босқичига қуръа ташланди  3 12:15Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим"  2 11:53Начо ва Васкес "Реал" билан шартномасини узайтиради  2 11:23"Шўртан"нинг мавсумдаги илк ғалабаси қандай қўлга киритилди?   0 10:37Футзал. Терма жамоамиз бугун Қирғиз Республикасига қарши баҳс олиб боради  0 10:00Хави «Барселона»да қолиши мумкин, бироқ бош мураббий сифатида эмас  4 09:24Месси футболдан ташқари яна қайси спорт турларига қизиқишини айтди  13 08:50Про лига. Бугун турнинг марказий учрашуви бор  8 08:34Шеригини «нокаут» қилган Бекмуродов жарима тўлайди. ЎФА Тартиб-интизом қўмитасининг қарорлари эълон қилинди  17 08:21Депайнинг агенти: «Бу ёлғон»  10 07:50«Реал Мадрид» келаси ҳафта 2 нафар футболчи билан шартномани узайтирганини эълон қилади  0

Копа Америка ҳақида билишимиз керак бўлган муҳим маълумотлар Янгиликлар

Копа Америка ҳақида билишимиз керак бўлган муҳим маълумотлар

Агар сиз ёзда дам олиб, катта футболдан узоқлашмоқчи бўлсангиз адашасиз.

Эртага тунда Бразилияда 7 июлгача давом этадиган 3 ҳафталик Копа Америка турнири старт олади.


Турнир ҳақида нималарни билишимиз керак?

Копа Америка - сайёрамиздаги терма жамоаларнинг энг кекса турнири ҳисобланади. Биринчи марта ушбу мусобақа 1916 йил, жаҳон чемпионатидан 14 йил олдин, биринчи Европа чемпионатидан 44 йил аввал ўтказилган. Бу ҳисоб бўйича 46-Копа Америка бўлади. Турнир сони кўплигидан ҳайрон бўлманг, чунки аввалига бу мусобақа ҳар йили ўтказилган, кейинроқ эса 2 йилда бир марта.


Ушбу турнирда ғалаба қозониш бўйича сиз кутганингиздек Бразилия ёки Аргентина эмас, Уругвай етакчи. Уларда Копа Американинг 15та соврини мавжуд. Уругвайликлар бу ғалабаларга анча аввал эришиб олган деб ўйлаётган бўлсангиз адашасиз, аксинча, ушбу терма жамоа ўша даврдан ҳозиргача барқарор ўйин кўрсатиб келмоқда: Фақат 70 ва 2000 йилларда ғалабалар бўлмаган, жамоа сўнгги бор 2011 йилда совринни боши узра баланд кўтарган.


Аргентина ёш Батистута билан 26 йил аввал Копа Америка чемпиони бўлган. Ҳозир жамоанинг ишлари яхши эмас: Сўнгги 5та турнирда, улар 4 марта финалгача етиб боришди, аммо уларнинг ҳаммасида имкониятни бой беришган (2 мартадан Бразилия ва Чилига).

Бразилияликлар 1997 йилгача турнирга мезбон бўлсагина Копа Америка ғолиби бўлган, аммо айнан ўша йили уларнинг 10 йиллик ҳукмронлиги бошланган. Ўша 1997 йилда таркибида Кафу, Роберто Карлос, Роналдо ва Ромарио бор жамоа барча рақибларни таслим қилган. Икки йил ўтиб Ромарио ўрнини Ривалда ва Роналдиньо эгаллади ва 6та турнирда 6та ғалаба қайд этилди.


2000 йилларда бразилияликлар турнирга иккинчи таркибни олиб кела бошлашди, аммо барибир зафар қучаверишди. 2001 йилда Гондурасга мағлуб бўлиб, турнирни шармандаларча тарк этган бўлишига қарамай, кейинги иккита соврин Бразилия терма жамоасига насиб этди. 2004 йилда жамоанинг ўртача ёши 22,5ни ташкил қиларди.


Кейин нафақат индивидуал балки жамоавий кучли бўлган термаларнинг даври келди: Сўнгги икки турнирда Чили терма жамоаси ғолиб бўлди, ундан олдин Уругвай зафар қучганди.


Формат қандай?

4та жамоадан ташкил топган 3та гуруҳ. Квартетнинг энг яхши 2та жамоаси ва энг яхши натижани қайд этган 2та 3-ўрин эгалари кейинги босқичга чиқишади. Бундай схема 1993 йилдан бери қўлланилмоқда, фақат 2016 йилда 16та жамоа иштирок этган эди.

Кейинги Копа Америкада қоидалар ўзгаради: 6та жамоадан 2та гуруҳ ташкил қилинади. Мусобақа 2020 йилда ўтказилади. КОНМЕБОЛ кетма-кет 2-3та турнирни битта схемада ўтказишни ёқтирмайди.


Япония ва Қатар бу ерда нима қиляпти?

Гуруҳ таркибини кўрганлар биринчи шу саволни берса керак. Жавоби оддий: Қизиқиш ортиши учун. Бошқа қитъа вакилларини таклиф қилиш 1993 йилдан бошланган. Ўша йили АҚШ ва Мексика турнирга чақирилган эди. Япония биринчи марта Копа Америкада иштирок этмаяпти. 20 йил олдин ҳам кун чиқар юрт вакиллари ушбу турнирда қатнашишган.


КОНМЕБОЛдагилар Осиё Кубоги финалида Япония ва Қатар ўйнаганидан жуда хурсанд бўлишгани тайин. Уларнинг иштироки ҳақида деярли бир ярим йил аввал эълон қилинганди, ўшанда ҳеч ким бу жамоалар Бразилияга Осиёнинг энг яхши икки жамоаси бўлиб келишини тасаввур қилмаган.


Турнир қаерда бўлади?

14 июндан 7 июлгача Бразилияда. 5та шаҳарнинг 6та стадионида. Ушбу шаҳарларнинг 4таси - "Арена Коринтианс" (Сан-Паулу), "Фонте-Нова" (Сальвадор), "Минейран (Белу-Оризонти), "Маракана" (Рио) 2014 йилда ЖЧ-2014ни қабул қилган . Қолган иккита стадион "Арена Гремио" (Порту-Алегри) ва "Морумби" (Сан-Паулу).

"Арена Гермио" танланишини тушунсак бўлади: Порту-Алегрида иккита янги стадион бор, аммо "Бейра-Рио" катта турнирни қабул қилганига 5 йил бўлди ва мухлислар сиғими "Гремио"никидан кам. "Морумби" борасидаги қарор бироз тушунарсиз. Бу майдондан узоқроқ бўлган ва трибуналар устида томи йўқ эски "Колизей". У ўз бағрига 67 минг мухлисни сиғдира олади, аммо Бразилиада бундан кўп ишқибоз сиғадиган "Гарринча Миллий стадиони" мавжуд.


Стадионлар сиғими:

"Маракана" - 78 838

"Морумби" - 77 011

"Белу Оризонти" - 58 170

"Арена Гремио" - 55 662

"Фонте Нова" - 51 900

Копа Америка. Ўйинлар қайси стадионларда бўлади?


Тахминлар қандай?

Асосий фаворит - Бразилия. Аввалги Копа Америкадаги муваффақиятсизлик (гуруҳдан чиқа олишмаган) ва Тите келишидан сўнг бразилияликлар 35та учрашувда бор-йўғи 2 марта мағлуб бўлишди. Статистика бироз алдамчироқ, чунки бразилияликлар ўтказган кўплаб ўртоқлик учрашувлари Панама ва Сальвадорга ўхшаган жамоалар билан бўлган. Бироқ бир нарсани ҳисобга олиш керак, Бразилия ўз қитъасидаги терма жамоалар билан яхши ўйин кўрсатмоқда. Тите жамоаси ЖЧ саралашида 12та учрашувда 32 очко тўплади, тўплар нисбати эса 33:3. Бунга бир йилдан кўпроқ вақт ўтган бўлишига қарамай, Бразилия кучсизланиб қолгани йўқ.

Чиройли статистикадан ташқари Бразилияда кучли таркиб ва ўзига хос услуб бор. Жамоанинг асосий юлдузи Неймар жароҳат олган бўлсада, Селесао бу форвардсиз ҳам ажойиб ўйин кўрсатишга қодир.


Муваффақиятсизликларга қарамасдан Аргентина ҳам етакчилар сафида. Таркибда Отаменди, Ди Мария, Месси ва Агуэро каби ветеранлар бор. Терма жамоада энди ёш футболчи деб чақириб бўлмайдиганлар (Тальяфико, Акунья, Ло Чельсо) ҳам мавжуд. Аргентинадаги барча футболчилар топ даражада бўлмаса ҳам, чемпионлик учун ҳаммаси юлдузлар бўлиши шарт эмас.

Аргентинанинг муаммоси шундаки уларда маълум бир ўйин услуби йўқ. Агар гуруҳ босқичида муаммо пайдо бўлса яна "тўпни Мессига узат" тактикаси бошланиши мумкин.


Ҳақиқий иккинчи фаворит Уругвай терма жамоаси. Табарес қўл остида ажойиб дарвозабон Муслера, ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиб келаётган Годин ва Хименес, юқори савиялик форвардлар Суарес ва Кавани бор. Агар ветеранларнинг иши ўхшамаса, уларнинг ўрнини "Сельта" тўпурари Макси Гомес эгаллаши мумкин.


Бундан ташқари Табаресда кўплаб ажойиб ярим ҳимоячилар бор - Бентанкур, Торрейра, Вальверде, Перейро, Нандес, Арраскаэта. 4 йил олдин Уругвайда ёшлар йўқлиги ва терма жамоани қийин даврлар кутиб тургани айтилган эди, аммо Табарес авлодлар алмашинувини яхши ўтказмоқда. Бу жамоа 2011 йилда чемпионликка эришганлардан кучлироқ бўлиши мумкин.

Таркибда ҳақиқатдан ҳам янгилар етишмаётган жамоа бу Чили. Копа Америкага келган таркибнинг ярми 2010 ЖАРда бўлган ЖЧда иштирок этишган. Лихновски ва Кастижога ўхшаган йигитлар 25-26 ёшга тўлишди, аммо ҳали ҳам асосий таркибга кира олишмаяпти. Икки йил аввалги Конфедерациялар Кубогидан сўнг Чили ЖЧга чиқа олмади ва яхши ўйин кўрсатмаяпти. Ҳа, жамоа сўнгги иккита турнирда ғолиб бўлди, бироқ бу сафар ушбу муваффақиятни такрорлашнинг деярли иложи йўқ.


Колумбия терма жамоасида имкониятлар кўпроқ, аммо уларнинг ўз муаммолари бор: Куадрадо, Хамес ва Фалькао аввалгидек ёрқин ўйин кўрсатмаяпти. Бироқ Оспина, Йерри Мина, Давинсон Санчес ва Вильмар Барриос яхши формада. Терма жамоага "Пачука" форварди Эдвин Кардона қайтди, ҳужумда Фалькао ўрнини "Аталанта"да тўпурар бўлган Дуван Сапата эгаллаши мумкин.

Карлуш Кейруш жамоасига биринчи саватчадаги энг кучсиз терма - Аргентина рақиб бўлди. Агар Колумбия финалгача етиб борса, улар учинчи бор ушбу турнирнинг ҳал қилувчи баҳсида ўйнашади.


Копа Америка - тез якунига етадиган турнир ва унда 3-ўрин эгалари ҳам кейинги босқичга чиқиши мумкин. Демак, мусобақада сенсациялар қайд этилиши мумкин. Перу Россиядаги ЖЧга боришдан олдин икки марта Копа Америкада учинчи ўринни эгаллади. Хатто Венесуэла терма жамоаси 2011 йилда ярим финалгача етиб борди. Шу сабабли учинчи ўрин учун баҳсда Япония ва Эквадор ўйнаса, ҳайрон бўлманг.


Қаерда томоша қилиш мумкин?

Ўзбекистонда турнирни "СПОРТ" телеканали тўлиқ олиб беради. Кўплаб ўйинлар биз учун ноқулай вақтда бошланади: Бразилия ҳамда Боливия ўртасидаги очилиш учрашуви Тошкент вақти билан 05:30да бошланади. Бироқ 3-турнинг баъзи ҳал қилувчи ўйинлари ва плей-офф учрашувлари ҳамда финал Чемпионлар лигаси ўйини вақтидан фарқ қилмайди.

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика