“Келишилган ўйинлар қироли”. ХVI боб
30 дек 2014 18:00
Янгиликлар
“Келишилган ўйинлар қироли”. ХVI боб
Мутахассисларнинг гапига қараганда, ўйинни сотиш ҳақидаги таклифларга рози бўлганлар кейинчалик ҳам шундай иш билан шуғулланишда давом этаверадилар. Бундай тоифадагиларни юқимли касалга учраганларга ўхшатадиганлар ҳам топилади. Акс ҳолда ғирром учрашувларда қатнашганлар кейинчалик Перумал ва унга ўхшаганларнинг талабини яна бажаришдан бош тортган бўлардилар. Акс ҳолда мана шундайлардан бири ҳисобланадиган кениялик дарвозабон Уиллис келишилган ўйинларнинг «қироллари»дан бирига айланган эски танишига пешвоз чиқмаган бўларди.
Уиллис Кения - Нигерия терма жамоалари ўртасидаги учрашувда қатнашиб, «Бургутлар»га ЖЧ йўлланмасини тақдим этганди. Унинг клуб билан тузган шартномаси қишда ниҳоясига етарди. «Марихамн» раҳбарияти эса у билан ҳамкорлик қилишни давом эттириш ниятида эмасди. Дарвозабон нима қилиб бўлмасин, пулларга ишлашни истарди. Икки гол фарқидаги мағлубият учун унга 25 минг евро ваъда қилдим. «Марихамн» шу номдаги оролда жойлашганди. Даннинг курьери билан паромга чиққан ҳолда ўша ёққа йўл олдим. Жамоада қора танли яна икки йигит ўйнарди. Лекин Уиллис улар билан гаплашиб олишга ваъда берди. Келишилган ўйинларни ташкил этиш нуқтаи назаридан олиб қараганда, Уиллис идеал футболчи ҳисобланарди. У ҳаммасини тушуниб, ишга зўр иштиёқ билан киришарди. Бизнинг ишимизда эса дарвозабонлардан кўра икки нафар марказий ҳимоячини сотиб олиш қулайроқ. Баъзида ўзим ҳимоячиларга рақиб ҳужумчиларини қандай қилиб «ўтказиб» юборишлари кераклигини эринмай тушунтирардим. Уиллис иккита ўйинни ажойиб тарзда ўтказди. Унга ўхшаган йигитлар билан ишлар экансан, борингни тиксанг арзийди. Афсуски, ҳамма футболчилар ҳам садоқатли эмаслар. Уларнинг айримлари гоҳида «керакли» ҳисоб ўз-ўзидан таъминланиши мумкинлигидан умидвор бўлишдан уялмайдилар.
«БИЗГА ҚАДАР ЖАНУБИЙ АМЕРИКАДА КЕЛИШИЛГАН ЎЙИНЛАР ҲАҚИДА ЎЙЛАШМАГАН»
2010 йилнинг сентябрида Жанубий Америкага эътибор қаратдим. У ерга боргунимизга қадар ҳамма ҳалол ўйнарди. Айтиш мумкин бўлса, бизга қадар Жанубий Америкада бошқалар келишилган ўйинлар ҳақида ўйлашмаган. Биз эса у ерга ҳам бироз ахлат олиб кирдик. Жанубий Америкада тўғридан-тўғри мақсадга ўтишнинг иложи йўқ. Бунинг учун айёрлик қилишингиз керак бўлади. Масалан, ФА вакилларидан ўз ҳакамингизни ўйинга тайинлаш борасида шундай ишдан фойдаланишингиз мақсадга мувофиқ. Африкада эса ҳаммаси қулай. Финляндияда ишлаётган пайтимда Энтони бутун қитъа бўйлаб кезиб чиқди. Бугун у Перуда бўлса, эртага Боливияда иш билан юрарди. Мен эса Хельсинки ёки Лондонда туриб уни бошқарардим. Энтонига шунчаки чипталар сотиб олардим холос. Унга қаттиқ ишонардим. Чунки бир-биримизни 20 йилдан бери яхши билардик. Перуликлар ҳақиқий профессионаллар чиқиб қолишди. Улар Энтонини ҳайдаб солдилар. Навбатдаги нуқта Боливия эди. Ҳакамларни алмаштириш ва ёшлар ўртасида турнир ташкил этиш орқали ўзимизга хос бўлган дастурни илгари сурдик. Боливияликлар жуда қашшоқ аҳволда яшайдилар. Уларнинг топ-лигасида ўйинчиларга ойига минг доллар тўлайдилар. Биз ташкил этадиган бир ўйин учун улар 5 мингдан олиб, ой давомида 20 минг долларга ишлашлари мумкин эди. Боливия миқёсида 20 минг доллар - бу жуда катта пул. Унинг ёрдамида футболчилар ҳаётини буткул ўзгартириб юборишлари мумкин. Маълум вақт давомида Энтони йўқолиб қолди ва қўнғироқ қилиб шундай деди:
- Пуллар тугади, яна юбора оласанми?
- Боливияликлар билан иш қандай кечмоқда?
- Ҳозирча ҳеч қандай натижа йўқ.
- Пулларни юбораман, аммо уларни Перуда олишинг мумкин. Агар бирор натижа чиқмаса, Боливияни тарк эт.
Ўша пайтда Дан негадир Энтонининг Боливияга учиб борганидан шубҳаланиб қолди. Аммо у ўзига қарашли сайёҳлик фирмаси билан боғланганда у ердагилар Боливияга элтадиган чипта сотиб олинганини тасдиқладилар. Даннинг шубҳага тушиб қолганини унутдим. Эквадорга боришга ҳаракат қила бошладим. Чунки маҳаллий ФА президенти билан учрашишга келишиб олгандик. Йўлга чиқиш арафасида кўчмас мулкларни сотиб олиш учун олган 200 минг долларни Данга қайтардим. Лондондан Гуаякилга тўғридан-тўғри рейс йўқлиги боис Перуда тўхталиб ўтдим. Фурсатдан фойдаланиб ва Энтонининг қандай ишлаганини текшириш мақсадида маҳаллий ФАга киришга қарор қилдим. Улар чиндан ҳам ҳақиқий профессионаллар эканлигини исботладилар. Чунки перуликлар таклифимни диққат билан тингладилар ва ўрганиб чиқишлари учун вақт керак бўлишини айтдилар.
Эквадорликлар эса ўйинларни келишиш борасида ҳеч нарсани билмасдилар. Улар перуликлардан ҳам ҳалол эдилар. Эквадор футбол ассоциациясининг президенти инглизчада ёмон гапиргани боис унинг таниши телефон орқали ҳаммасини таржима қилиб турди. Унга ҳакамларни алмаштириш дастурини таклиф қилдим. Амалдорлар ёшлар терма жамоасининг Венесуэладаги ўртоқлик ўйинига бориб келиши учун йўл харажатларини қоплашимиз кераклигини илтимос қилдилар. Миллий терма жамоанинг Индонезиядаги ўртоқлик ўйинига юборган тақдирда бунга рози бўлишимни айтдим. Улар билан мутлақо ҳалол ишладим. Агар Эквадор терма жамоаси Индонезияга учиб борадиган бўлса, стадионга 60-70 минг атрофида ишқибоз йиғилади. Биргина чипталарнинг ўзидан катта пул ишлаб олиш мумкин. Аммо эквадорликлар таклифни рад этдилар:
- Бунинг иложи йўқ. Аргентина ТВ билан шартномамиз бор. У бошқа компаниялар билан иш олиб боришимизга йўл қўймади. Агар гап ёшлар устида борар экан, у ҳолда бемалол ҳамкорлик қилишимиз мумкин. Ёшларимизни исталган жойга олиб бораверинг.
Президент мени учрашувларни ташкил этадиган аргентиналиклар билан қандай алоқага чиқишим мумкинлиги ҳақида маълумотлар берди. Улар билан боғланиб, олти миллат вакиллари ўртасида уюштириладиган Копа Кордобага ҳакамларимизни олиб келиш масаласини муҳокама қилиб олдим. Бу ёшлар ўртасида ўтказиладиган турнир эди. Меҳмонхонага келган пайтимда оқшом тушиб бўлганди. Телевизорни ёқдим. Унда Венесуэла ва Боливия терма жамоалари ўртасидаги ўйин намойиш этилаётган экан. Венесуэла 3:1 ҳисобида ғалаба қозонди. Учрашувни бизнинг Иброҳим бошқаргандек таассурот уйғонди. Лекин трансляция сифати аъло даражада эмаслиги боис бунга ишонмадим. Данга қўнғироқ қилдим, у банд экан. Боз устига Дан ҳам интернет орқали долзарб маълумот пайдо бўлганидан бехабар эди.
ХИЁНАТ КЕТИДАН ХИЁНАТ
Шундан кейин Коста-Рикага йўл олдим. У ердаги футбол ассоциациясида ишлайдиган Армандо исмли киши бизнинг ҳакамлардан фойдаланиш истагида эмасликларини айтди. Ўзаро тажриба алмашиш ва ҳоказолар ҳақида гап бўлмади. Албатта, у ҳаммасини бузиб қўйганди. Вазиятни ўнглаш учун Даннинг одами ҳисобланадиган Алассан етиб келди. У Коста-Рика - Сальвадор ўйинига бизнинг ҳакамни тайинлаш борасида Армандони кўндиришга урина бошлади. Аксига олиб бу пайтга келиб ФА президенти нимадандир шубҳаланиб қолди. Коста-рикаликлар айёрлик қилиб бизни алдаб кетдилар. Улар ўртоқлик ўйинини ташкил этиш ҳақидаги шартномага имзо чекдилар. Биз эса Сальвадор терма жамоасининг йўл харажатлари ва меҳмонхонада яшаши учун пул тўлагандик. Улар эса ўйинга ўз ҳакамини тайинладилар. Қўлимиздан ҳеч нима келмади.
Баҳрайн - Того ўйини билан боғлиқ можаро Сингапургача етиб борди. Газеталар мен ҳақимда келишилган ўйинларнинг ташкилотчиси дея ёзардилар. Лондонда эканлигимни ватанимдагилар билиб қолмасликларини истардим. Сальвадордаги одамим таҳририятлардан бирига қўнғироқ қилиб келишилган ўйинларни эмас, балки ўртоқлик учрашувларини ташкил этиш билан шуғулланишимни тушунтиришга ҳаракат қилди. Лекин ҳеч ким уни эшитишни истамади. Бу орада ўзим ҳам таҳририятлардан бирига электрон хат ёздим. Бефойда. Венесуэлада олти миллат вакиллари ўртасидаги турнирни ўтказишга тайёргарлик кўришни бошладик. Унда мезбонлардан ташқари Никарагуа, Панама, Эквадор, Тринидад ва Тобаго ҳамда Камерун терма жамоалари иштирок этардилар. Аммо Коста-Рикадаги ишлар билан боғлиқ миш-мишлар жуда тез тарқалиб кетди. Масалан, никарагуаликлар бизга рад жавобини бердилар. Турнир эса бутунлай барбод бўлди. Рефериларимиз тайёр эдилар, аксига олиб букмекерлик идоралари ўйинлар учун ставкаларни қабул қилмадилар. Салкам 400 минг доллар йўқотдик. Муруган менга қўнғироқ қилди:
- Уилсон, Сьерра-Леонедаги Абу Бакар билан гаплашдим. Энтони ноябрда Боливияда ўтадиган турнирга ҳакамларимизни олиб боришимиз кераклигини сўради.
Қизиқ, Энтони боливияликлар билан келиша олмаганини айтганди. Шунда унинг менга панд бериб қўйганини тушуниб етдим. Энтони тўғридан-тўғри Дан билан ишларди. У Боливия ФА билан хусусий компанияси номидан шартнома тузганди. Улар ёшлар учун мўлжалланган Копа Аэросур турнирини ташкил этиб, Буркина-Фасо ва Сьерра-Леонедан ҳакамларни жалб этдилар. Албатта, бу ифлос бизнес эканлигини тушуниб турардим. Одамлар имкон туғилган заҳоти бир-бирларини сотмоқдалар. Лекин Энтонидан буни кутмагандим. У менинг ҳисобимдан саёҳат қилиб, йўлга қўйган бизнесимни қўш-қўллаб Данга тутқазмоқда. Аблаҳ!
«Тампере»га дастлабки маблағни ўтказиш учун Финляндияга қайтдим. Сингапурдан 100 минг доллар жўнатдилар. Шу куни кайфиятим яхши эмаслиги боис уларга фақат 50 минг бердим. Биз 1 миллион долларга келишиб олгандик. Данга эса бунинг учун 1,5 миллион доллар керак бўлишини айтгандим. Ярим миллион долларни ўзимда олиб қолмоқчи эдим. 2010 йилнинг 18 ноябрида бирданига учта келишилган ўйин ўтказилди: Қоҳирада Миср - Австралия, Китода Эквадор - Венесуэла ҳамда Мисрдаги ёшлар ўртасидаги мусобақада мезбонлар Молдавияга қарши. Биз африкалик ҳакамлар бригадаларидан ташқари Болгариядан яна бир бригадани тайёрлаб қўйгандик. Одамимиз маҳаллий ФА билан келишиб олиш учун Қоҳирага учиб кетди. Мисрликлар Антон Генов бошчилигидаги болгариялик ҳакамлар бригадасини маъқулладилар. Бир йил муқаддам у Канада - Македония терма жамоалари ўртасида бўлиб ўтган ўртоқлик ўйинида тўрт марта пенальти белгилагани учун УЕФАдан огоҳлантириш олганди. Қолаверса, бу пайтга келиб букмекерлар учта тотал учун жуда кўп ставкалар қабул қилганларини айтдилар. Дан учрашув олдидан Антон билан гаплашиб олди:
- Дисквалификациянг энди тугади. Панд бериб қўйишни ўйлама. Керакли вазият юзага келишини кутиб тур.
Антоннинг кўриниши мисрликларни бироз саросимага солиб қўйди. Чунки у семиз бўлиб, ҳакамга умуман ўхшамасди. Биз қатъий туриб олганимиздан кейин уни учрашувга тайинладилар. Миср 3:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Антон баҳс охирида пенальти белгилади. Беллашув ниҳоясига етганидан кейин Дан менга қўнғироқ қилди:
- Миллион тиккандим. Сенинг улушинг 200 минг доллар.
- Нималар деб алаҳсираяпсан? Фақат миллион тикдингми?
- 200 минг доллар - бу сенинг ҳаққинг.
- Ҳазиллашяпсанми?
Дан яна мени аҳмоқ қилди. Олдиндан эҳтиёт чорасини кўриб, ўша ўйин учун ўзимнинг ярим миллион долларимни тиккандим. Миср ва Молдавия ёшлари ўртасидаги беллашувдан ҳеч нарса ютмадик. Дан буни африкалик ҳакамимиз кўрсатмаларни яхши тушунмагани билан изоҳлади. Китога учдим. У ердаги учинчи ўйинни Иброҳим бошқарарди. Учрашув олдидан ўзаро гаплашиб олдик:
- Иброҳим, Боливия - Венесуэла ўйинини сен бошқарганмидинг?
- Ҳа.
- Нега мени бундан хабардор қилмадинг?
- Буни билсанг керак, деб ўйлагандим.
Иброҳимдан учта гол фарқи билан тотални таъминлаб беришни сўрадим. Бу менинг терма жамоалар иштирокида ўтказган охирги ўртоқлик ўйиним эди. Дастлабки беш дақиқада Эквадор икки бор гол киритди. Биринчи бўлим охирида эса яна бир марта рақиб дарвозасини ишғол этди. Иброҳим ўз ишини бажарди. Беллашув 4:1 ҳисобида ниҳоясига етди. Шундан сўнг Иброҳимни Копа Аэросурда нималар бўлаётганидан хабардор бўлиб келиши учун Боливияга юбордим. Икки кун давомида у ҳеч қандай маълумотга эга бўлмади ва Нигерга қайтди. Энтонидан кейин Ҳасан ҳам менга хоинлик қилди. У почта қутимдаги паролни биларди ва уни Данга ҳавола қилди. Бундан хабар топганимда кеч бўлганди. Улар энг керакли барча маълумотларни қўлга киритдилар.
Ноябрь ойининг охирида «Тампере» учун Сингапурдан 400 минг евро олиб келишди. Дан менга ишонмади ва пулларни курьер орқали клубнинг директорлар кенгаши вакили қўлига топширга қарор қилди. Аммо курьер билан келишиб олдим:
- 20 минг еврони ўзингга олиб қўй. Пулларнинг қолганини менга бер. Бу ёғини ўзим уддалайман.
У шартимга рози бўлди. Мен эса пулларни бир зумда маишатга сарфлаб юбордим. «Тампере»га 250 минг бериб, қолган 130 минг еврони ўзимда олиб қолдим. Дан мени алдаб кетганди. Мен ҳам унга шу тариқа жавоб қайтардим. «Тампере» билан таркибга 5-6 нафар ўз футболчиларимизни олиб келиш борасида келишиб олдик. Фақат бир шарт билан: биз олиб келган ўйинчилар маҳаллийлардан кўра яхшироқ бўлиши керак эди. Даннинг Европадаги алоқалари ёрдамида шундай футболчиларни жуда тез топа олишимизга шубҳа қилмасдим.
Декабрда Копа Кордоба бошланди. Мусобақа учун ҳакамларнинг иккита бригадаси керак эди. Дан Венгрия ва Болгариядан шундай бригадаларни топди. Уларни синдикат аъзолари кузатиб келдилар. Венгер миллатига мансуб Зекай юртида катта ҳурматга сазовор киши эди. Бирор бир ифлос иш унинг аралашувисиз амалга ошмасди. Европалик ҳамкасбларимиз дастлаб уни Дан билан таништириб қўйишни хоҳламагандилар. Мусобақанинг икки учрашуви жуда омадли бошланди. Кейин эса Аргентина билан Боливия терма жамоалари тўқнаш келдилар. Баҳрайн ва Того ўртасидаги беллашувдан сўнг бу менинг фаолиятимдаги иккинчи энг муваффақиятсиз ўйин ҳисобланади. Учрашувни венгриялик ҳакам Колос Ленгель бошқарди. Дан сўнгги уч дақиқада бир гол талаб қилди. Ҳакамлар билан масофалардан туриб гаплашиш имконини берадиган мосламалар билан «қуроллангандик». Уларнинг ёрдамида трибунада ўтириб бемалол ўйинни бошқариш ёки бир-биримиз билан мулоқот қилишмиз мумкин эди. Ўйиндан олдин унга очилган лимитлар доимгидан кўра пастроқ эканлигини илғаб қолдим. Шу боис Данга қўнғироқ қилдим:
- Бирор нарса ўйлаб чиқиш шарт эмас. Тез орада «Бока» ва «Ривер» иштирокида турнир ўтказилиши, унда эса бизнинг ҳакамлар қатнашишлари керак. Ҳозирдан ўзимизни ошкор қилишимиз керак эмас.
Биринчи бўлим хотиржам руҳда кечди. Аргентина соф гол киритди. Ишқибозлар эса қувонганларидан ўринларидан туриб кетдилар. Аммо Зекай рация орқали шундай деди:
- Голни бекор қилинг!
Аргентиналик футболчи тўпни икки ҳимоячи орасида қабул қилган бўлса-да, қанот ҳаками байроқчасини кўтарди. Ваҳоланки, ҳеч қандай ўйиндан ташқари ҳолат юзага келмаганди. 90-дақиқа ўтиб борарди. Ҳакамимиз эса ҳуштак чалишни пайсалга соларди. Ниҳоят, учрашувдаги тўхталишлар ўрнини қоплаш учун қўшиб берилган 11-дақиқада ҳакам мезбонлар фойдасига шубҳали пенальти белгилади. Финал ҳуштаги чалинганидан сўнг майдонда можаро бошланди. Боливиялик ўйинчилардан бири ҳакамнинг юзига тупурди.
Трибунада Аргентина ФА президенти ўтирарди. Ўша учрашувга қадар Жанубий Америкада келишилган ўйинлардан қўрқмасдилар. Лекин шундан кейин ҳар бир телеканал аргентиналик киритган соф гол қай тариқа бекор қилинганини намойиш этишга тушди. Катта шов-шув бошланди. Эҳтимол, Дан билан Зекай ҳаммасини аъло даражада уддаладик, дея ўзларида йўқ хурсанд бўлсалар керак. Аслида эса улар ҳаммасини барбод қилгандилар. Ўйинни ТВ орқали кўрсатдилар, стадионга эса муҳим одам кирганди. Мезбонлар иштирокидаги беллашувда бундай ишни амалга ошириш шарт эмасди. Иккинчи даражали ўйин орқали бизнинг Жанубий Америкадаги бизнесимиз барбод бўлди. Ваҳоланки, баҳс учун 2 минг доллардан ортиқ пул қабул қилинмаганди. Бундай пайтда ўйинни ютқазсанг ярашади. Чунки навбатдагисида зарарнинг ўрнини қоплашинг мумкин. Шундай вазиятлар юзага келганки, ҳакамлар икки бор пенальти белгилаганларига қарамасдан футболчилар гол кирита олмаганлар. Йил охирида Дан ва унинг ёрдамчилари Қувайт, Замбия, Шимолий Корея ва Мисрда ўртоқлик ўйинларини уюштирдилар. Улар ҳатто менга қўнғироқ қилмадилар. Буниси камлик қилганидек, ҳамкасбларим беллашувларга Иброҳимни жалб эта олдилар. Бу ярамаслар менинг алоқа базамдаги маълумотларни ўғирлаган эканлар, фойдани беш қисмга бўлишимнинг нима кераги бор? Одатга кўра Дан синдикати учун Сингапурда янги йил оқшоми уюштирди. Қочиб юрганим боис у ерга учиб бора олмадим. Январь ойининг бошида сайёҳлик фирмасидан менга қўнғироқ қилишди:
- Уилсон, Гонконгдан кимдир сени сўраб қўнғироқ қилди. У паспортингдаги рақамларни билишни хоҳлади. Эҳтиёт бўл, сени қидиришмоқда.
(Давоми бор...)
Ж.ЗАЙНОБУТДИНОВ тайёрлади.
Фикрлар