UZ

Сўнгги янгиликлар

00:32Расман: "Милан" Павлович трансферини эълон қилди  1 00:01"Атлетико" "Барселона" ҳимоячисини сотиб олмоқчи  0 23:31ЕЧЛнинг янги формати тасдиқланди: анъавий гуруҳ босқичи ўтмишга айланди, қуръани махсус компьютер ўтказади  9 22:30Аёллар футболи афсонаси Марта ўзининг Олимпиададаги катта эҳтимол билан сўнгги ўйинида қизил карточка олди  1 21:43Расман: АПЛ "Манчестер Сити"ни жаримага тортди  2 21:18Килиан Мбаппе ўзи ўйнаган клубни расман сотиб олди  2 20:49Юрген Клопп қачон мураббийликка қайтиши ҳақидаги саволга жавоб қайтарди  3 20:25Расман: "Насаф" сербиялик вингер трансферини эълон қилди  8 19:46Суперлигада тоза ўйин вақти ошди  6 19:20"Боруссия" "Манчестер Сити" футболчисини сотиб олади  0 18:43Расман: U-20 Осиё кубогида чемпион бўлган футболчимиз легионерга айланди  8 18:18Флик "Барса" ҳақида: "Манчестер Сити"дек иш тутмоқчимиз"  0 17:41"Барселона" Европа чемпионининг трансфери устида ишлашни бошлади  3 16:53"Пахтакор" фахрийлари 11 август куни Минскда "Динамо"га қарши ўйнайди  8 16:11Ўзбекистон терма жамоаси амалдаги Жаҳон чемпионига қарши ўйнайди  9

Кеча Кубок финали ўтказилдими ё тайёрлов гуруҳларими? Янгиликлар

Кеча Кубок финали ўтказилдими ё тайёрлов гуруҳларими?

12 ноябрь қачон келаркин деб кўпчилигимиз орзиқиб кутгандик.
Ва ниҳоят кечаги кунни ҳам ўтказиб олдик. Ўзбекистон Кубогининг финал учрашуви бу сафар Олмалиқ шаҳрида бўлиб ўтди. Аввало "Олмалиқ" футбол клуби раҳбариятига журналистлар учун қулай шароит ҳамда Тошкентдан автобус ташкил қилиб бергани учун миннатдорчилик билдирамиз. Энди ўйин ва ўйин атрофидаги воқеаларга ўз муносабатимизни билдирсак.

Кубок финали - ўз номи билан Кубок финали. Бу ўйин барчанинг эсида қоладиган баҳс бўлиши керак. Аммо кечаги учрашувни кўриб, бундай фикрга бориш қийин. Ўйиннинг умумий картинасига тўхталадиган бўлсак, беллашув бирмунча зерикарли кечди. Кўплаб футболчиларда индивидуал маҳорат юқори эмаслиги кўриниб қолди. Йил бўйи мақталган Сардор Рашидов майдонда деярли кўринмади. Эшитишимча, бу футболчи Европага кетишни орзу қилаётган экан. Лекин бу ўйини билан Европа тугул, биронта араб клубига боришиям даргумон.

Кечаги ўйинда тажриба барибир ўз сўзини айтди. Александр Гейнрих, Жасур Ҳасанов, Игнатий Нестеров сингари футболчиларда тажриба кўплиги Локо ғалабасига сабабчи бўлди. Лекин темирйўлчилар таркибида алоҳида бир футболчини ажратиб кўрсатмаган бўлардим. Ҳамма ўз имкониятидан келиб чиқиб ҳаракат қилди. Аммо терма жамоа кўзи билан қарайдиган бўлсак, ҳеч бир клуб сафида ярқ этиб порлаган ўйинчи кўзга ташланмади. Афсуски, футболчиларимиз савияси йилдан йилга тушиб кетмоқда ёки бўлмаса бир жойда қотиб турибди.



"Локомотив" кеча "Бунёдкор"дан кучли эди, шу боис жамоа ҳақли ғалабага эришди. "Локо" рақибига қараганда кўпроқ хавфли вазиятларни юзага келтирди. Ютишни жудаям хоҳлаётгани кўриниб турди. Аммо майдонда 120 дақиқа ҳаракат қилган футболчиларга қарар экансан, темирйўлчилар таркибида клубнинг бирортаям ўз тарбияланувчиси йўқлиги дилни хира қилди. Кеча ақалли битта ўйинчи "Локо"нинг ўз тарбияланувчиси бўлганида эди, биз бу жамоага нисбатан футболчилар йиғиндиси деган атамани ишлатмаган бўлардик.

Ўйиндан кейинги матбуот анжуманига дастлаб ютқазган жамоа бош мураббийи кирди. Сергей Лушан ортиқча тушкунликка тушмай саволларга эркин ва батафсил жавоб қайтарди. Биз жангда қариялар билан ғалаба қозонмоқчи эдик, лекин ўхшамади деб қўя қолди. Негаки мураббийга нима учун Ўринбоев, Комилов, Ҳамдамов каби ёшларни захирада ушлаб ўтирдингиз деган эътирозли савол бўлганди. Лушан ўз жамоаси билан фахрланишини айтди ва келаси йил клуб академиясидан яна 5-6 нафар тарбияланувчини асосий таркибга жалб этишини маълум қилди.

Ундан кейин анжуманлар хонасига Кубокни ютган жамоа устози кириб келди. Вадим Абрамов ўйин ҳақида ўз фикрларини билдиргач, одатдагидек савол-жавобларга ўтилди. Саволлар кўп бўлмади, нари борса учта. Аввало келаси йилги режалар ҳақида сўралди. Абрамов бу борада тайинли гап айтмади, мужмал жавоб қайтарди. Ва мана шу жойда мен бир нарсани тушуниб етдим: қаерда клубнинг ўз тарбияланувчиси асосий таркибда ўйнар экан, ўша жамоа бош мураббийи бемалол керилиб гапирар экан. Ҳар ҳолда керилмаса ҳам эртанги кунга ишонч билан ўз фикрини дадил баён эта олади. Масалан, ютқазган бўлса ҳам Лушан Мен ёшларимизга ишонаман деб фахр билан гапирди.

Ундун-бундан ўйинчиларни йиғиб олган "Локо"дан кимдир шундай дея оладими? Мана нима учун Абрамов кейинги йилги режалар борасида мужмал гапиряпти. Таркибни кучайтирамиз деяпти-ю, лекин кимнинг ҳисобига деган савол очиқ қоляпти. Негаки клубдан ўз ўйинчилари етишиб чиқмагандан кейин жамоанинг яна уни-буни сотиб олишга куни қолади. Эътиборингиз учун Пахтакор бош менежери Самвел Бабаян ҳам олий лиганинг тур ўйинларидан сўнг ўтказилган матбуот анжуманларида гарчи биринчи даврада ўйини ўхшамаган бўлса-да Игорь Сергеев борасида фахр билан гапириб келди. Чунки Сергеев клуб тарбияланувчиси, бугун бўлмаса эртага ўйнаб кетади. Асосийси унга ишонч бор, узоқ муддатли шартномаси бор, мавсум тугагач ўзича бошқа клубга кетиб қолмайди. Ўзим ҳам бир неча йил Машъалда ишлаганим боис клуб тарбияланувчисининг асосий таркибда майдонга тушиши нима эканлигини, бу нарса футболчи ва мураббийга қандай ҳиссиётларни беришини яхши биламан.

Яна қайтариб айтамиз, "Локомотив"га нисбатан ҳеч кимнинг ҳеч қандай ғараз нияти йўқ. Юртимизда кучли жамоалар кўпайгани яхши. Лекин кучли жамоа фақат яхши футболчиларни йиғиб олмасдан, вақт-бевақт ўз академиясидан ҳам хабар олиб туриши керак. Ҳозир Бунёдкорда катта пуллар йўқ, аммо катта пуллар бор пайтида клуб ўз академиясини йўлга қўйиб олгани учун ҳам бир жойда мустаҳкам тура оляпти. Молиявий ҳолат "Локомотив"да ҳам яхшилигини инобатга олсак, клуб асосий таркиб билан бирга ўз мактабига жиддий эътибор қаратмас экан, эртага пушаймон еб қолиши мумкин. Чунки ҳозирги ўйинчилар эртага кетиб қолиши мумкин, лекин клуб тарбияланувчилари бош мураббий ва раҳбариятнинг юзидан ўтиб ҳеч қаерга кета олишмайди.



Ўйиндан кейинги тақдирлаш маросими ПФЛга хос тарзда кечди. На ютган жамоа аъзолари чиқиши учун саҳна қурилди, на орқага "Локомотив" - Ўзбекистон Кубоги ғолиби 2014 деган баннер илинди. Назаримда, ПФЛ учун буларнинг қизиғи йўқдек. Масалан, мен ўйинни юқоридан томоша қилганим учун тақдирлаш маросимининг жуда суст ўтказилиши ғалати таъсир қилди. Нимага саҳна қўйилмади? Нима учун кимдир микрофон орқали ғолиб жамоани икки оғиз табрикламади? Кубок қандай тартибда топширилди? Худди болалар ўртасидаги тайёрлов гуруҳлари мусобақасида ғолибга кубокни бергандек кечаги ўйинда ҳам оддийгина топшириб қўйилди. Мен ҳатто Кубок кимга берилганиниям кўролмай қолдим.

Хуллас, финалдан кейин тақдирлаш маросими жуда савиясиз ўтказилди. Эҳтимол, ПФЛдагилар буям битта ўйин-да, ўтса бўлди-да қабилида ўта саёз фикрлашга ўрганиб қолишгандир, аммо мен бунақасини ҳазм қила олмайман. ПФЛдагиларнинг мушугини биров пишт демайди, булар ҳатто қўлини совуқ сувга урмайди. Улар учун ўйин ўтса, ойлик вақтида келиб турса бўлди. Ўзбек футболи ривожи, футбол оммавийлигини ошириш каби тушунчалар улар учун бегона. Фақат оғизда бор ва номигагина қоғозга ёзиб қўйилган. "Локо" футболчилари шундоқ майдоннинг ўзида эсдалик учун суратга тушишди. Тепадан қараганда жуда хунук кўринаркан. Тақдирлаш маросими тўғридан тўғри эфирга узатилганини ҳисобга олсак, икки ўртада ПФЛнинг бутун мамлакатга шарманда бўлгани қолди.


Хайрулла Холиқов.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика