Карло Анчелотти: “Реал”дан кейин “Бавария”да ишлаш орзум эди”
19 сен 2016 22:50
Янгиликлар
Карло Анчелотти: “Реал”дан кейин “Бавария”да ишлаш орзум эди”
- “Реал”дан сўнг руҳий тарафдан дам олишингиз зарурмиди?
- Руҳан – йўқ. Футболдан ҳеч қандай босим сезмайман. Шуғулланаётган нарсам менга ёқади ва шу тарзда имкон қадар узоқроқ ишлашда давом этаман. “Милан”га боришим мумкин эди, аммо бу яхши фикрдек туюлмади.
- Мюнхенда сизга нима маъқул келди?
- Буюк клуб, ажойиб муҳит ва яхши ҳаёт тарзи. Мени ажаблантирадиган бирор нарса йўқ.
- Мадридни соғиняпсизми?
- Биргаликда бир неча фантастик йилларни ўтказдик. Одамлар менга ҳамиша ижобий муносабатда бўлишди. Лекин энди ўзим учун янги қирраларни очадиган пайт келди: янги маданият, тил.
- Немис тили қандай?
- Мен учун у чинакамига жуда қийин. Айнан шу сабабли Ванкуверда ўқишни бошлагандим.
- Мураббийнинг ҳаёти Криштиану Роналдусиз янада қийинлашадими?
- Криштиану билан жуда яхши муносабатда эдим. У Чемпионлар лигасини ютишда сезиларли ёрдам берди. Бироқ ҳозир бошқалар сингари у “Реал”да ва биз учун рақиб. Ҳар бир жамоа қаҳрамонларига эга. Мадрид клубида Криштиану Роналду, Серхио Рамос, Тони Кроос, Лука Модрич, Карим Бензема шундай – улар ростдан ҳам кучли футболчилар. Ҳозир бошқа жамоани бошқаряпман, аммо ишим аввалгидек қолган. Мақсадим – ўйинчилар билан яхши муносабатда бўлиш. У Криштиану ёки Левандовски бўладими, фарқи йўқ.
- Флорентино Перес сиз билан Хаби Алонсонинг сотилиши ҳақида гаплашганмиди?
- Ҳа, албатта, у мендан сўраганди. Бу футбол масаласидан кўра шахсий савол бўлганди. Хаби янги тажриба олиш учун клубни тарк этмоқчи эканини айтди. Кроосни қўшиб олишимиз сабабли унинг трансферига рози бўлдим.
- Зинедин Зиданнинг “Реал” мураббийи сифатида муваффақиятни қандай тушунтирасиз?
- Кимдир мураббийлик фаолиятини бошлаганда унинг мавқеи катта аҳамият касб этади. Ўтмишдаги ишларингиз учун ҳурматли бўлишга Зидан мисол бўлади. У билан шундай ҳолат рўй берди. Шундан кейинги ҳар бир кун мураббий учун имтиҳондир. Ўйинчилар сенга қарайди, нима гапиришингни тинглашади ва уларга ёқсанг, ҳаммаси жойида бўлади. Акс ҳолда, мураббий сифатида ҳурматни йўқотасан. Зиданда обрў ва шу билан бирга билим бор. У барчасини жуда яхши бажармоқда.
- Мураббий учун нима муҳим – обрўга эга бўлишми ёки билимми?
- Мен учун энг муҳими – ўйинчилар билан мулоқот.
- “Реал” футболчилар билан муносабат борасида фаолиятингиздаги энг қийин жамоа бўлдими?
- Йўқ, ундай эмас. Ўйинчилар билан доим биргаликда иш олиб борганман. Бу энг яхши тажрибага айланди, эришган нарсаларимизга биргаликда етишдик. Энг қийин нарса – футболчиларга ғоянгни етказа олмаслик ёки унинг ўйинчиларга маъқул келмаслиги.
- Мадридга клуб ва Жозе Моуриньо ўртасида кескин муносабат юз берганда келгандингиз.
- Мураббийда топ-клубда 2-3 йилдан иборат иш даври бўлади. Моуриньодан фарқ қиламан, лекин “Челси”, ПСЖ ва “Реал”да икки йилдан ишладим. Ҳамиша ютишни истайдиган катта жамоада бу давр унчалик узоққа чўзилмайди.
- Зидан билан кўп суҳбатлашасизми?
- Кўп эмас. У билан кўп ёзишмаймиз, аммо ўртамиздаги муносабат жуда яхши. “Реал”да Зидан менга катта ёрдам берди ва у клубни жуда яхши билади.
- Хамеснинг майдон марказида Каземирога алмаштирилиши Зидан қабул қилган энг муҳим қарорми?
- Зиданнинг энг яхши ҳаракати Чемпионлар лигасидаги ғалаба бўлди. Бу юз берган экан, демак, у ростдан яхши иш олиб борди.
- Рафаэль Бенитес таркибда Каземирони туширишни бошлади. Бироқ “Класико”да уни ўйин бошидан туширмади ва жамоа 0:4 ҳисобидаги мағлубиятни қабул қилиб олди.
- Бу тўғрисида мендан сўраманг. Мен мавсумни ярим ҳимояда Модрич, Хамес ва Кроос билан ўйнадим ҳамда ғалабали сериямиз 22 ўйиндан иборат бўлди. Муваффақиятларда ўша футболчиларнинг ҳиссаси юқори эди. Бу ўйинчиларнинг фаоллигига боғлиқ. “Сити”да Гвардиоланинг ишига қаранг. У тўрт ҳужумкор ярим ҳимоячи ва бир ҳужумчи билан ўйнаб, барча учрашувларда ғалабага эришяпти. Мен Чемпионлар лигасини Модрич, Ди Мария, Бейл, Криштиану ва Бензема билан ютгандим.
- Ди Марияни сотишни Флорентино Перес таклиф қилганми?
- Йўқ, барча ишларни биргаликда амалга оширганмиз. Бу борада бирор нарсадан четда қолмаганман.
- Хамеснинг ўйинидаги пасайиш сизни ҳайрон қолдирдими?
- Бу озроқ ажаблантирган. Лекин у жуда ёш ва бундай пайтда барчаси силлиқ кетавермайди. Баъзи муаммоларга дуч келиш мумкин, аммо ҳар учрашувда ўйнамасанг ҳам курашишда давом этиш муҳим. “Реал”да ўйнаш қийин, чунки бу ерда ўйинчилар орасида катта рақобат мавжуд.
- Нега Перес сизни қўйиб юборди?
- Чунки мавсумнинг иккинчи ярмида ишларимиз унчалик юришмади.
- У сизга нима деди?
- Бу шахсий масала, лекин Флорентино мен билан ҳамиша софдил бўлган. Баҳс юзага келмаслиги учун бирор нарса дейишни истамайман. “Реал”га келганимда бир кун келиб клубни тарк этишимга тўғри келишини билардим. Мураббий учун “Қироллик клуби”даги тажриба мукаммалликдир, бунинг учун Пересдан миннатдорман. У мени таклиф қилди ва биз “Десима”ни қўлга киритдик. Кетиш ишнинг бир қисми эканини анча аввал тушунганман. “Реал” ҳақида ўзим билан бирга ишлаган ишчилардан тортиб президентгача ёқимли хотиралар қолди. Мадриддан кейин “Бавария”ни бошқаришни орзу қилгандим ва ҳозир айнан шуни амалга оширяпман.
Фикрлар