UZ

Сўнгги янгиликлар

09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  5 08:42УФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  6 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2

Жои Бартон: “Ўтмишга қайтсам, барчасини ўзгартирган бўлардим” Янгиликлар

Жои Бартон: “Ўтмишга қайтсам, барчасини ўзгартирган бўлардим”

Теглар :  Жои Бартон
Футбол оламидаги энг жанжалкаш шахслардан бири саналган Жои Бартон аксарият ишқибозлар ёқимтойига айланган.

Чунки ярим ҳимоячи ҳамиша рост сўзлашни маъқул кўради ва ҳеч нарсани яшириб ўтирмайди. “Глазго Рейнжерс” сафида тўп тепаётган футболчи “FourFourTwo” журналига интервью берди.

– Ёш пайтингизда “Эвертон” сиз билан шартномани бекор қилганда уни енгиб ўтишингиз қийин бўлганми?
– Бу даҳшатли қийин давр бўлганди. Болалигимдан “Эвертон”га мухлислик қилардим. Ҳамиша айвонда кезиб юриб, футболчилардан дастхат олишга уринардим. Академияда етти ёшдан ўн тўрт ёшгача шуғулланганман. Шундан кейин кимдир етарлича катта эмаслигим сабабли ўқишдан ҳайдашга қарор қилган. Гап ўйинимда эмас, айнан тана тузилишимда эди. Буни қабул қилиб бўлмайди. Бундай ҳолда қўлларингни тушириб, барчасига тан бериш ёки уларнинг ноҳақлигини исботлаш лозим эди. Ўйлашимча, барчага “Эвертон” раҳбарияти эмас, балки мен ҳақ бўлганимни кўрсатиб бўлганман.

– 2005 йил “Манчестер Сити”да кўрикда бўлган Пеп Гвардиола билан йўлингиз кесишганми?
– Мен у билан суҳбатлашган кам сонли футболчилардан бири эдим. Ўшанда унинг кимлигини камчилик биларди. У билан суҳбат қурганимизни эслайман. Футболга боғланганман: унинг кимлиги, қандай ўйнаганини билардим. Телевизорда кўплаб ўйинларини кузатгандим. Ўшанда ундан айтиши мумкин бўлган ҳамма гапини суғуриб олишни хоҳлардим. Шундан буён кўришмадик. Баъзан унга қўнғироқ қилиб, мени эслаши ҳақида сўрагим келади. Агар мени унутган бўлса, бундан ажабланган бўлардим. Келажакда мураббийга айлансам, ундан ўрганишни истардим. Унинг “Манчестер Сити”ни қабул қилишига шубҳалангандим, чунки ўз вақтида жамоа уни рад этганди. Пеп бундан кўпроғига арзирди. Эҳтимол, сиёсий ҳолатлар бунга йўл қўймагандир – аниқ билмайман.


– Нима сабабдан ёниб турган сигаретни “Сити”нинг ёш ўйинчиси Жейми Тэндининг кўзига тиқиб олгансиз?
– Шундай бўлиб қолган. “Сити”да бутун жамоа Рождество оқшомини байрам қилган, биз ичиб олгандик. Футболда ўзига бино қўйганлар учраб туради. Баъзан улар ўзини ёмон тутади, эҳтирослар жунбушга келади ва кейин одамлар афсусланадиган ишларни амалга оширади. Ҳар бир шаҳар марказида жума ва шанба кунлари шундай воқеа учраб туради. Истеъмол қилинган ичимлик шундай ёмон ҳолатларга олиб келади. Афсуски, ўша оқшомда шундай ҳолат содир бўлганди.

– “Манчестер Сити”даги даврингизда кўплаб ҳодисалар юзага келган: Таиландда “Эвертон” мухлислари билан тўқнашув, машғулотда Усмон Дабо билан келишмовчилик. Сиз бевосита футболга боғлиқ бўлмаган шундай кўнгилсизликлар содир бўлганидан афсусланмайсизми?
– Афсусланаман, албатта. Бутун фаолиятимда шундай бўлиб келган. Агар ўша пайтга қайта олсам – Марти Макфлай мени вақт машинасида ташлаб келса, бажонидил қайтган бўлардим ва хурсандчилик билан барчасини ўзгартирардим, бироқ буни қилишнинг иложи йўқ. Тарихни ўзгартириб бўлмайди, ихтиёримизда фақат ҳозир ва келажак бор. Кўп нарсалардан афсусланаман. Биласизми, барча ҳодисаларнинг сабаби бўлган, мени тез-тез бунга мажбур қилишган. Куч ишлатиш ўрнига бошқа бирор нарсани танлай олармидим? Ҳа, лекин ўша пайтда бу шунчаки осон эмасди.

– Ёшлигингизда ўзингизни бошқача тутганингизда ҳамон “Манчестер Сити” аъзоси сифатида қолишингиз мумкин бўлармиди?
– Тўғриси, йўқ. Ўшанда хотиржамроқ бўлсам, ишларим яхши кечарди, аммо мен бундай бўлмаганман. Ҳаётда қилмишларимга жавоб беришимга тўғри келган. “Сити”ни тарк этишни истаганман. Жонимга текканди. Кўп нарсаларни енгиб ўтишга тўғри келди ва у ердан кетиб, бирор янги нарсани синаб кўргим келди.

– Англия терма жамоаси кийиниш хонасига 2006 йилги жаҳон чемпионатидаги шармандали иштирокдан кейин кирганингизда нимани ҳис қилгансиз? Терма жамоа аъзоларини мундиалдан сўнг автобиография чиқаргани сабабли танқид қилгандингиз. Стивен Жеррард китобига дастхат қўйиб, эшик олдида қолдиргани ростми?
– Ҳа, бу ҳақиқат. Стивен билан анча вақтдан бери таниш эдим. Уни ёки Фрэнк Лэмпардни назарда тутмаганман. Тўғриси, мен Уэйн Руни ва Эшли Коул ҳақида гапирганман. Ўшанда ўйлагандим: “Улар нима ҳақида ёзиши мумкин?” Бироқ мен Жеррард ва Лэмпард асосида шаклланган ярим ҳимояда ўйнаганим туфайли ОАВ улар тўғрисида гапирганимни эътироф этганди. Айтилган гап айтиб бўлинганди, ҳолат талаб қилганда ўша гапларимдан тонмоқчи эмасдим. Терма жамоада йигитлар бундан муаммо ясашмади. Жеррард ҳам, Лэмпард ҳам бунга эътибор қаратмади.

– Терма жамоа учун майдонга бир марта Испанияга қарши захирадан майдонга туширилгансиз. Нега Англия учун жуда кам ўйнадингиз?
– Мамлакат шарафини ҳимоя қилиш мен учун катта фахр бўлганди. Хурсандчилик билан кўпроқ учрашувларда ўйнаган бўлардим, бироқ ўша пайтда ўзимни тутишим вазиятни қийинлаштирди. Ҳамиша нима биландир, ўзим билан ҳам курашардим. Энди тушуняпман: терма жамоада бир марта ўйнаганимда ҳам омад кулиб боққан. Бундай ўйинларда беш дақиқадан кейин босимга дош бера олишингни тушунасан. Биламан, халқаро майдонда бемалол ўйнай олардим.

– Сэм Аллардайс сизни Ньюкаслда қамоққа олишганда унга панд берганингизни айтганди. Сизнингча, унинг бундай дейишга ҳаққи бормиди?
– Ўйлайманки, ҳа. Унда тўлиқ ҳуқуқ бор эди. “Ньюкасл”да у билан беш ой давомида бирга ишладик. Сэм мен билан шартнома имзолагандан икки ҳафта ўтгач, оёғимни синдириб олдим. Уч ойга сафдан чиқдим ва шошдим: савиямни йўқотдим, жароҳат доим безовта қиларди. Кейин менда пасайиш бошланди ва таркибдан чиқиб қолдим. Ҳаммаси жуда ёмон кўриниш олганди. Сэм қамоққа олинганимдан кейин менга бақирдими? У шунчаки қила олмасди: олти кун мени Уолтондаги турмада ушлаб туришди. У билан телефон орқали гаплашдим, у бундан хурсанд эмасди. Мени қўйиб юборишиб, майдонга қайтганимда барчасини тузатишни хоҳлагандим, бироқ Майк Эшли уни бўшатишга қарор қилди.

– Турмадаги даврда энг қийини нима бўлганди? Яхши нарса ҳам бормиди?
– Сендан озодликни тортиб олишганини тушунган биринчи тунинг энг қийини. Буни қабул қилиш осон эмас. Ўзингдан афсусланиш, бошқаларни айблаш, қилмишларингни оқлаш? Ёки бу бошқа такрорланмаслиги ҳақида ўйлайсан. Ўзим учун сабоқ чиқариб, келажакда бундай хатоларни қайтармасликка қарор қилдим. Турмадаги вақтдан имкон қадар унумли фойдаланишга ҳаракат қилдим. Буни амалга оширдим.


– “КПР” ўрнига “Арсенал”га ўтишингиз мумкин бўлганми? Арсен Венгер билан суҳбатлашганмисиз?
– Йўқ, ўртакашлар орқали гаплашганмиз. Тўғриси, улар жуда кучсиз қизиқиш билдиришган, якунда келишув амалга ошмади. “Арсенал”да ўйнашни хоҳлармидим? Албатта. Ким буни истамайди?

– “Манчестер Сити” Премьер-лигани ютганда ярим жамоага қарши ташланиб, нималар ҳақида ўйлагансиз?
– Биринчи ўринда бизга “КПР” зарур натижага эришиб, лигада қолиши керак эди. Биз ҳисобни тенглаштирдик ва бир ҳолатда Тевес юзимга зарба беришга уринди. Мен ўрнимдан турдим ва Майк Дин ҳам, ёрдамчилар ҳам ҳеч нарсани кўришмаганини тушундим. Бу қаттиқ таъсир қилди. Адолатни тиклашни хоҳладим ва унга жавоб қайтардим. Буни қилишим керак эмасди. Бироқ мен шунчаки ҳисобни тенглаштирдим. У Тевес фойдасига 1:0 эди, тирсагимдан кейин 1:1 бўлди. Фақат шу сафар ёрдамчи ҳакам кўрди ва мени майдондан четлатишга қарор қилди. У мен билан бирга “Сити”нинг бирор ўйинчисини четлатиши лозим эди, шунда жамоа Премьер-лигада қоларди. Ўшанда бунга аралашишим керак бўлмаганди. Тевесга жавоб қайтармасам, кейинчалик футбол ассоциацияси унга чора қўлларди.

– Францияда бир мавсум ўйнадингиз. Инглиз футболчилари хорижда кўпроқ тўп тепишлари керакми?
– Премьер-лига клубларининг молиявий имкониятини ҳисобга олсак, бу осон эмас. Лекин энг яхши футболчилар хорижда ҳам бундан кам олишмасди. Гарет Бэйл яхшироқ ўйнашни бошладими? Албатта. Мени “Марсель”да жуда илиқ қабул қилишган ва ўша мавсумни унутмайман.

– Златан Ибрагимовични “ПСЖ” билан учрашувда уни ҳақорат қилганингизда жаҳли чиққанми?
– Қаердан биламан – ундан сўранг, энди у Премьер-лигада ўйнаяпти! Бундай ҳолатлар майдонда доим юз беради. Балки, бундай очиқ эмасдир. Афсуски, камералар мени жаҳлим чиққан пайтда тутишди. Мен шунчаки вазиятга баҳо бердим. Ибрагимовичнинг бурни катта.

– “Бернли”да ажойиб мавсум ўтказиб, жамоага юқорига кўтарилишга ёрдам бердингиз? Нега Премьер-лигада яна бир йил қолмасдан “Рейнжерс”га ўтдингиз?
– “Бернли” мухлислари жамоада менга қанчалик яхши бўлганини билишади. Чемпионшипни ютдик, жамоа ажойиб эди. Шон Дайч – биринчи сифатли мураббий. Аммо баъзи таклифлардан бош тортиб бўлмайди, акс ҳолда умринг охиригача афсусланасан. Бу “Рейнжерс”ни шотланд футболи чўққисига қайтариш учун имконият, шахсий фаолиятингдан кўра кўпроқ нарсанинг бир қисмига айланишдир. Бу ҳаётимдаги энг қийин қарорлардан бирига айланди.

– “Селтик” учун ҳамон мухлислик қиласизми?
– Қачондир бу клуб ишқибози бўлганман деб айтолмайман. “Эвертон”га мухлислик қилиб улғайдим. Ҳеч қачон икки жамоани қўллаб-қувватлайдиган ишқибозни учратмаганман. Бувим католик эди ва шу сабабли атрофингдаги инсонлардан келиб чиқиб, бир томонни танлайсан. “Селтик” ва “Рейнжерс” тўқнашуви деярли “Барса” ва “Реал” баҳсига тенг. Бироқ бундай нарсалар одамларни биринчи ўйингача безовта қилади. Кейин ким томонида эканингни барча кўради.

– Ёқтирган файласуфингиз ким? Эшли Барнсдан ташқари, албатта.
– Ҳа, Эшли ўша файласуф. Эпикурни танлаган бўлардим. Диплом иши ёзганимда Эпикур мени ўзига тортди. Унда ҳеч қандай дунёвий файласуфча қарашлар бўлмаган. У фақат ягона тўғри йўл йўқлиги, ҳамма нарсага калит қайсидир атрофда бўлишини гапирган. Файласуфлик – ажойиб фан, уни мактабда ўқитиш лозим. У болаларга ўргатиладиган баъзи ахмоқликлардан муҳимроқ. Файласуфлик тушуниш санъатини ўргатади. Аниқ нарса бор ва сен у ҳақида фикр қилишдан аввал унга турли томондан қарашга уринасан. Агар одамлар кўпроқ шундай қилган тақдирда ақлли қарорлар кўпаярди ва олам яхшироқ бўларди.

– Сиёсат билан шуғулланишни режалаштирмаяпсизми?
– Йўқ. Нега керак? Оддий ходимдек маош олиб, суперюлдузлар сингари жамоат босимини ҳис қилиш учунми? Суперюлдузлар маоши учун бундай ишга тайёрман, аммо оддий ходимлар маоши билан эмас. Бу қизиқ касб ва мени у тарафга ҳеч нарса тортмайди. Баъзида уларга қарайман ва ўйлайман: “Сизларга омад, йигитлар”.

Беҳзод НАЗАРОВ тайёрлади.

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика