UZ

Сўнгги янгиликлар

17:26Про лига. "Машъал" сафарда "Олимпик-MobiUz" билан дуранг ўйнади  1 17:11АПЛ болбойларнинг ўйинга таъсирини чеклайди  0 16:45МЮ "Ювентус" футболчиси учун ўз вингерини беришга ва қўшимча тўлов қилишга тайёр  1 16:11"Барселона" тарбияланувчисини қайтармоқчи  0 15:41"Ницца" АПЛ клублари қизиқаётган ҳимоячиси учун нарх белгилади  0 15:10ПСЖнинг 2 нафар футболчиси сафга қайтди  0 14:08Шенсни "Юве"да қолиши учун маоши камайишига рози бўлиши керак  0 13:40Гризманн қайтди  1 13:21Дилмурод Назаров хотирасига бағишланган "Наврўз Кубоги-2024" мусобақаси қандай ўтди?  7 13:09"Бавария" "Штутгарт" вингерига кўз тикди  0 12:46"Манчестер Юнайтед" Каземирога ўринбосар топди  2 12:20Эшитдик-да! ФИФА "Бунёдкор"га илк санкцияни қўллади  28 11:48Клоппнинг ассистенти "Аякс" бош мураббийига айланиши мумкин  1 11:24Ўзбекистон – Гонконг учрашувида майдонга югуриб тушган мухлислар маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафар шахс 5 суткага қамалди  22 10:57Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»даги келажаги борасида бир қарорга келди  7

⚡️ ЖЧ-2022. Даврон Файзиев, Элдор Мустафоев, Диёр Имомхўжаев, Мурод Ризаев ва бошқа шарҳловчиларнинг мундиал олдидан фикрлари қандай? Янгиликлар

⚡️ ЖЧ-2022. Даврон Файзиев, Элдор Мустафоев, Диёр Имомхўжаев, Мурод Ризаев ва бошқа шарҳловчиларнинг мундиал олдидан фикрлари қандай?

Кун давомида Қатардаги бошланажак мундиалга доир қизиқарли маълумотларни бериб бормоқдамиз.

Навбатдаги материалимиз эса шарҳловчиларнинг фикри асосида тайёрланди. Уларнинг ЖЧ-2022 олдидан билдирган тахминларини эътиборингизга ҳавола этамиз.

Даврон Файзиев

Чемпион: Бразилия

"Таркиб бўйича, мантиқ бўйича ҳам оладиган бўлсак, Бразилия кучлироқ кўринмоқда. Ниманинг ҳисобига? 2-3 юлдуз ҳисобига эмас, чизиқлар ўртасида тенг баланс бор. Оддий мана дарвозани олсак, икки топ кипер. Бошқа юлдузли жамоаларда дарвозабон яхши, лекин энг зўр киперлари қаторида эмас. Мисол учун, Аргентинаники ҳам, Францияники ҳам кирмайди, бошқа юлдузли жамоаларда ҳам. Шу туфайли, Бразилия кучли кўринмоқда, лекин жамоа сифатида шаклланиш борасида Англия ҳам хавфли, деб ўйлаяпман. Чунки, улар секин-секин шу даражага етиб келди. Саутгейт ёш авлодни тарбиялаб, ҳозирги даражага олиб чиқди. Бироқ, Саутгейтга ишонч камроқ, мана шу тўсқинлик қилиши мумкин".

Мухлислик: – 

"Аниқ бир жамоага эмас-у, Аргентина ва Португалия финалига мухлислик қиламан. Яъни, шу икки жамоани финалга етиб боришини хоҳлаяпман. Энди ўзингиз ҳам биласиз негалигини... Шу финал билан ҳаммаси якун топиши керак. Яъни, 10 йил давомида, ундан ҳам узоқроқ вақтда битта сериални кўриб-кўриб, охири нима билан тугаши қизиқ бўлади-ю, шу кулминация бўларди. Лекин, ҳаёт сериалдан фарқ қилади. Шунинг учун бу финал бўлмаслигининг эҳтимоли катта".

Элдор Мустафоев

Чемпион: фаворитлар кўп

"Қайси жамоа чемпион бўлади? Жуда ҳам қийин савол. Ҳар доимгидек, Бразилия, Аргентина, Германия фаворит. Кутилмаган жамоа бўлса яхши бўларди. Бельгия, Нидерландия ўзини кўрса олса, анча қизиқарли ўйинлар бўлиши эҳтимоли кўпроқ. Португалия ҳам ўзгача таркибга эга. Тўғриси, Португалиядан кўп нарса кутмоқдаман. Балким сенсацион чемпионликни қайд этиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас.

Франция ҳақида жуда кўпчилик гапирмоқда. Шахсий фикримча, Франция термасидаги муҳит жуда “зўр”га ўхшамаяпти. Сабаби, футболчилар “юлдузланиб” кетган, бир-бирини хурмат қилмай қўйгандек кўринмоқда менга. Германия, Бразилия, Аргентинада эса футболга нисбатан бошқача менталитет шаклланган. Агар Португалия мен тахмин қилган натижани қайд этмаса, мана шу уччаласининг орасида Германия кўпроқ имкониятга эга бўлса керак, деб ўйлайман.

Испания қолиб кетди-ку, деб ўйласангиз, билмадим. Янги таркиб бошқа-бошқа футболчилар билан тўлдирилмоқда. Лекин, ўша Рамос каби ўйинчиларга ўрганиб қолганим туфайли, Испаниянинг имкониятини бироз пастроқ баҳолаётгандирман. Аммо испанлардан кўп нарса кутмаяпман.

Яна кимлар бор? Африка жамоалари мундиални ҳар сафаргидек ўтказса керак".

Мухлислик: Қатар

"Қайси термага мухлислик қиласиз? дебсиз. Туркия эди, аммо улар Ўзбекистон каби чопонни кийиб, мазза қилиб телевизордан футболни кўрадиган бўлиб турибди. Шунинг учун, билмадим... Бироз қизиқ бўлгани учун, жамоаларимиз билан ўйнайвериб, яқинроқ бўлиб қолгани туфайли мезбон Қатарга мухлислик қилиб кўриш ниятим бор. Кўрамиз, Иншааллаҳ! Ҳам бир томони Осиё, ҳам бир томони асосийси мусулмон юрти бўлгани учун.

Жаҳон чемпионатида бир нарса ўйлантирмоқда – ВАР масаласи. Бу классик футболни анча ўзгартириб юборди. Агар, чемпионатда ВАР билан боғлиқ ҳолатларда вақт кўп тўхтаб қоладиган бўлса, шахсан мен ВАР тизимини ўзини-ўзини оқламаган деб қабул қиламан. Боиси, ўзимизнинг Суперлигада 11 дақиқагача ўйин тўхтаб қолди. Россияни кўрдим, максимал тарзда тезроқ ҳал қилишга ҳаракат қилишмоқда, аммо уларда ҳам вақт масаласида муаммолар бор. Европа эса тез ўзлаштиришга интилмоқда, балки, уларнинг имкониятлари юқоридир.

Мана шу мундиалдаги ВАР тизими агар регламентдагидек идеал ишга солинса, Қатардаги Жаҳон чемпионатида айнан ВАР борасида мастер-класс ўтказган бўларди, деб ўйлардим. Шуни кутяпман ҳам, шундай бўлиши керак. Қандай стандартни, мувозанатни белгилаб бериши керакдек туюляпти.

Кейин кўпчилик Роналду билан Мессини гапирмоқда, яна ўша таққослаш... Тўғриси, кимга қандай билмадим-у, иккиси ҳам ҳеч нарса қила олмаслик эҳтимоли кўпроқдек кўринмоқда.

Ёрқин юлдуз сифатида порлаши кутилаётган футболчилар кўп, уларнинг етакчиси эса Мбаппе. Ёки Жоау Фелиш... Бразилия чемпионатидан термага жалб қилинган футболчилар. Шу мақомни қўлга киритиш имконига эга, Мбаппе эса улардан анча устун. Шу боладан нимадир чиқишини кутмоқдаман. Яъни, терма жамоани юқорироқ босқичларга етиб бориши билан боғлиқ ҳолат бор. Шу туфайли, мазкур тарафга ҳам қизиқиш бор. Мен учун жаҳон чемпионати интригасини кўтариб беради деган ҳаёлда ва умиддаман.

Қозоғистон билан ўйнадик, кейин Россия билан. Қозоғистон ТЖ мураббий билан гаплашгандим. Карпиннинг ўйиндан олдинга интевьюсида ҳам бир нарса бор экан, яъни, бугунги замонавий футболда минтақа танланмаяпти. Бу Африка экан, бу Осиё экан, бу Европа экан... Ҳа, Европанинг даражаси баланддир, лекин, Лотин Америкаси, Осиё ҳам анча шаклланди. Қуйи ўринда келаётган Осиё ҳам тенглашиб олгандек кўринмоқда. Назаримда, Осиё термалари ҳам нимадир кўрсатишга қодир кўринмоқда. 

Фақат Эронга бўлган муносабат термани потенциалини кўрсатишга имкон бермаса керак. Ҳамжамият уларга қарши, балким, улар буни енгиб ўтиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Аммо енга олмаслик эҳтимоли кўпроқ. Чунки, биздек ёши каттароқ инсонлар Собиқ Иттифоқ ўйинларини жуда кўп кўрганмиз: Олимпиада, ЖЧ, Европа чемпионати... Босимлар бўлган, ноҳақликлар бўлган. Ўзимнинг ўтмишимдан келиб чиқиб, фикрлашга мажбурман, яъни, ўша даврни ёмон кўрсам ҳам, мана шундай воқеаларга гувоҳ бўлганмиз деб айтмоқчиман. Чунки, ўша вақтда Собиқ Иттифоқни жуда кўп таҳқирлашга ҳаракат қилишарди. Бу дунё сиёсатидаги мавжуд ҳолат, Эрон ҳам худди шундай вазиятда ҳозир. Шунинг учун, Эрон, Ж.Корея, Япониядан эмас, нима учундир Қатар бошқача кўринмоқда. Сабаби, мамлакат Хави келишидан олдин испан футболини жорий қилишга киришган, кейин уни олиб келиб бироз тўлдиргандек бўлди. Осиёнинг бошқа жамоаларига қараганда, менга Қатар ТЖ ёрқинроқ кўринмоқда. Қолаверса, яна бир жиҳати бор қатарлик футболчилар анчадан бери терма жамоада биргаликда ҳаракат қилиб келмоқда. Юқоридаги қитъавий терма жамоаларнинг даражаси нуқтайи назаридан, Осиёга қизиқишим ва осиёлик бўлганим, симпатиям Қатарга бўлгани учун уларга тўхталмоқдаман. Яна бир жиҳат бор, С.Арабистонидаги ҳолат. Уларда ҳам шунга ўхшаш кўриниш, адашмасам, голланд футболини синовдан ўтказишга ҳаракат қилишмоқда. Жуда кучли, ўша ЖЧ-2022 саралашидаги бизга қарши ўйинлар. Балки, уларнинг “кетмони учиб” қолар".

Отабек Жўраев

Чемпион: фаворитлар кўп

"Қайси жамоа ғолиб бўлишини эса Худо билади. Буни тахмин ҳам қилолмайман. Фаворитлар эса ўша-ўша: агарда биринчи эшалонни гапирадиган бўлсам, Бразилия билан Аргентина термалари. Авваламбор, Бразилия ТЖ, иккинчи Аргентина ва уларнинг ёнида Франция бор. Франция ўйин бўлмасада, жамоа жуда кучли. Индивидуал кучли футболчилардан иборат бўлган кучли терма. Шунинг учун Франция ҳам юқорида бор ва Германия, Испания, Англия, ўйини зўр шаклланган Нидерландия ҳамда Португалия бор. Мана шу жамоалар чемпионликка давогарлар қаторида. Аммо асосийлари Бразилия, Аргентина ва Франция бўлиши мумкин".

Мухлислик:  

"Ҳеч кимга мухлислик қилмайман. Фақатгина симпатияларим бўлади. Улар ҳам ОФК термаларига: Саудия Арабистони, Қатар, Эрон, Жанубий Корея, Австралия. Чунки, Осиёдаги қўшниларимиз ҳисобланаишади. ОФКдан иштирок этадиган жамоалар қанча улар кучли бўлса, шунча Ўзбекистонга яхши бўлади. Шу туфайли уларга симпатия бор, аммо ҳеч қандай мухлислик бўлмайди".

Мурод Ризаев

Чемпион: Аргентина, Бразилия, Франция

Мухлислик: Аргентина, Германия

Диёр Имомхўжаев

Чемпион: Бразилия

“Таҳмин қилиш қийин. Аммо Бразилиянинг таркиби қолганларникидан кучлироқ деб биламан”.

Мухлислик: Осиё термалари, Аргентина, Англия

“Осиёнинг барча терма жамоасига. Аргентина ва Англияга ҳам симпатия бўлса керак”.

Сардор Раҳимов

Чемпион: Бразилия, Англия, Аргентина, Германия

Мухлислик: Англия

“Менимча, ҳозир Францияни олиб ташлаймиз, чунки, асосий ўйинчиларидан махрум бўлди. Бразилия, Англия, Аргентина ва ҳар доимгидек Германия. Фикримча, мана шу тўрттадан биттаси ғолиб бўлади. Бу менинг фикрим.

Мухлисликка келсак, доимо Англия ишқибозлик қиламан. Бразилияда ҳам ўйин зўр, саралаш мусобақасида кўрдик. Жуда кўп ўйинчилари юқори тонусда. Умуман чемпионат кучли бўлса керак. Европада ўйнайдиган ҳамма футболчилар юқори формада. Айни дам энг чўққига чиққан пайти, айримлар бундан хафа бўлса керак, менимча. Иккинчи жиҳати эса Германияда ҳар доим ўйин бўлган. Бундан кейин ҳам бўлса керак. Англияда танқид кўп-у, менимча, улар ҳам ҳеч кимга бўш келмаса керак. Ҳар доимгидек Аргентина: ҳозирги замонавий таркиби уларники ҳам кучли, саралашда ҳам бошида бироз қийналдику, аммо кейин ўзига келиб олган терма жамоалардан бири ҳисобланади”.

Ҳасан Турдиалиев

Чемпион: фаворитлар кўп

"Бу сафар фаворитлар кўп. Бразилия ва Аргентинанинг ҳужум чизиғи охирги йилларга нисбатан анча кучайди. Титедаги таркиб менимча ҳеч кимда йўқ. Скалони эса жамоанинг ўйинини анча эпақага келтириб қўйди. Англия ҳам катта мусобақаларда ўзини яхши томондан кўрсата олмоқда. Бу сафар Саутгейт жамоасида ўйин тақдирини бир ўзи ҳал қилиши мумкин бўлган Беллингем, Фоден, Сака, Маунт сингари ёшĺар ҳам бор ва улар анча пишиб қолди. Франция эса бироз қийналса керак деб ўйлаябман. Жароҳатлар барибир ўз сўзини айтса керак. Французларнинг қандай натижа қайд этиши Мбаппе ва Дембеленинг ўйинига кўпроқ боғлиқ бўлади деб ўйламан. Бензема эса ҳали тўлиқ тикланмаган ва формада эмас чоғи. Португалиядаги таркиб ҳам сўзсиз ўзини кўрсатиши аниқ. Фақат Сантуш ҳалал бериб қўймаса. Нидерландия ва Сербия эса ҳаммага бошоғриқ бўла оладиган жамоалар. Бу кетишда ҳаммани санаб чиқаман) Қисқаси бу сафар ўтган мундиалга ўхшаб битта, яққол фаворит йўқ. Балки фаворитлар бор".

Мухлислик:  

"Бирор терма жамоага мухлислик қиламан дея олмайман. Аммо Бразилияда бу ҳужумчиларни ўйинини кўпроқ кўргим келяпти. Тите таркиб танлашдаги бу ёқимли бошоғриқдан қандай чиқиб кетар экан ? Шуниси қизиқ.

Хулоса. Бу сафар юқорида айтганимдек фаворитлар кўп ва бу мундиал сўнгги 4-5та мундиалдан ўйинларнинг даражаси томондан анча қизиқарли ўтадиганга ўхшамоқда. Ташкилотчилик шунга муносиб бўлса зўр бўларди".

Зуҳриддин Қиличев

Чемпион: фаворитлар кўп

Мухлислик:

“Жаҳон чемпионатида “Е” ҳамда “G” гуруҳлида кучли терма жамоалар жамланиб қолган. “Е” тўртлигига эътибор қаратсак: Испания, Коста-Рика, Германия ва Япония. Бу терма жамоалардан Коста-Рика аутсайдер бўлиши мумкин, қолган уч терма жамоа ўртасида плей-офф учун кураш қизиқарли кўриниш олади. Шунингдек, Бразилия, Сербия, Швецария ва Каметун ўртасида ўйинлар ҳам қизиқарли бўлади. 

Бу галги ЖЧ қишда бўлиб ўтмоқда. Кутилмаган натижалар кўп бўлса керак. Учликни санаш қийинроқ, фикримча 6 терма жамоада имконият яхшироқ: Англия, Аргентина, Франция, Испания, Германия, Бразилия.

Юқорида ёзганимдек, Япония қийин гуруҳга тушиб қолди. Мезбон Қатар, Эрон ва Жанубий Кореяда гуруҳдан чиқиш имкониятлари яхшироқ, деб ҳисоблайман.

Килиан Мбаппе порлаши мумкин. Месси, Роналду, Неймар учлигидан ўз терма жамоасида Лео каттароқ фигура. Португалияда Рональду, Бразилияда Неймар асосий планда бўлмаса керак". 

Ориф Толипов

Чемпион: фаворитлар кўп

"Мусобақада қайси жамоа чемпион бўлишини тахмин қилиш қийин. Фаворитлар доимгидек кўп. Бразилия, Аргентина, Германия, Франция, Португалия, Англия, Нидерландия ва бу ҳали ҳаммаси эмас. Шунинг учун ғолибни тахмин қилиш бу лотереядек гап. Тўғри чиқса омаддан бўлади, таҳлилни кучли қилгандан эмас".

Мухлислик:  

"Касб эътибори билан кўплаб ҳамкасбларимиз қатори менда ҳам клуб ёки терма жамоага қизиқиш, мухлислик қилиш сўниб бўлган. Болаликда эса Англияга мухлислик қилардим".

Санжар Маҳмудхонов

Чемпион: фаворитлар кўп

"Жахон чемпионатида қайси терма жамоа чемпион бўлишини тахмин қилиш жуда ҳам қийин. Ягона фаворит бундай даражадаги турнирларда бўлмайди. Бразилия, Германия, Аргентина, Франция, Португалия ва Нидерландия термаларини имкониятини қолганларга нисбатан юқори қўйган бўлардим. Ўзини қолганлардан устун қўйиб “биз фаворитмиз” деган терма жамоалар узоққа бормайди бундай ёндашувда. Кўп терма жамоалар турнирга тайёр ва зўр формада келган, унвонни ютиш учун кучли рақобат бўлади".

Мухлислик: Япония

"Япония терма жамоасига симпатиям бор. “Кўк самурайлар” терма жамоасига хурматим доим баланд бўлган. Узоқ вақтдан буён японларнинг ўйинини кузатиб бораман. Уларга омад тилайман!".

Дилшодбек Тўхтабеков

Чемпион: Бразилия, Аргентина, Германия

"Бразилияни имконияти яхшироқ бўлса керак. Яна Аргентина, Германия ҳам зўр".

Мухлислик: – 

"Биронтасига атайин мухлислик қилмайман".

Умид Рўзиев

Чемпион: Португалия, Франция, Германия, Аргентина

"Тахминим Франция, Португалия, Германия ва Аргентина фаворит. Менимча, Португалия чемпион бўлса керак. Португалия ёки Аргентина. Иккисидан бирини тахмин қилмоқдаман. У ерда терма жамоаларда алоҳида шахслар бор. Ҳар доим эмас-ку, аммо, кўпинча мана шундай шахслар, термадаги етакчилар жамоани чемпионликкача етаклай олган".

Мухлислик: – 

"Мен мухлислик қиладиган терма жамоа мусобақада қатнашмаяпти. Шунинг учун, ҳеч қайси иштирокчига ишқибозлик қилмайман. Ўзига хос Жаҳон чемпионати бўлмоқда. Деярли қиш мавсуми кириб келди. Бошқача бўлса керак, кўп нарса кутмоқдамиз бу мундиалдан. Ишонамизки, қизиқарли жаҳон чемпионатларидан бири бўлади, худди, 1998 йилдагига ўхшаб".

Абдулла Нурмонов

Чемпион: фаворитлар кўп

“Давогарлар кўп. Чунки, жаҳон чемпионатига жуда кучли таркиб билан келаётган терма жамоалар анчагина: Бразилия, Испания, Франция, Аргентина, Германия. Доимгидек, мазкур термаларда таркиб яхши ва айни пайтда жаҳон чемпионатигача бўлган ўйинларига эътибор қаратадиган бўлсак, ўйин ҳам бу терма жамоалар яхши йўлга қўйилган.

Энди нисбатан имконияти юқорироқ терма жамоаларга тўхталишим мумкин. Сўзсиз, Бразилия. Мукаммал таркиб билан келмоқда. Менимча, ниҳоят 20 йилдан кейин бу мундиал яна Бразилияга аталаши мумкин. Бразилия 2002 йил ғолиб бўлганда, у ерда катта номлар, юлдузли таркиб ўйнаганди. Охирги 2 ЖЧда ҳужум чизиғида муаммолар бўлди. Тўғри, доимо Бразилияда исталган чизиқ кучли бўлган. Лекин, охирги 4 йилда Бразилиянинг ҳужум чизиғида ёшлар улғайиб, терма жамоага кириб келди. Ҳозирги таркибга чақирилган ҳужумчиларнинг деярли ҳаммаси ўзлари учун биринчи мундиалда иштирок этади ва жаҳон чемпионатига қадар термада асосий футболчиларга айланишди. Энди ҳимоя ва ярим ҳимоя чизиғи ҳақида ортиқча гапириб ўтириш шарт эмас. Шунинг учун, Бразилиянинг имкониятларини энг яхши деб баҳолайман.

Шунингдек, Испания ТЖ ўтган Еврода ўзини кўрсатди. Янги авлод шаклланди ва бу терма жамоа катта мусобақага тайёр деб ўйлайман. Испанлар жаҳон чемпионлигига давогарлардан бири. Энди ҳар доим тартибли ўйин кўрсатадиган, жамоавий ўйинни устун қўядиган Германия ҳам давогалар қаторида. Белгия терма жамоасига ҳам тўхталиб ўтмоқчи эдим, ғолибликка давогар бўлмаса ҳам, мундиални энг қизитадиган жамоалардан бири бўлиши мумкин. Охирги 2 мундиалда Белгия термасидаги ўйинчилар улғайди, нисбатан ёш эди. Ҳозирги таркибга эътибор қаратсак, сўнгги икки ЖЧда қатнашган футболчилар тўпланган. Тажриба тўплаб, бироз улғайиб келмоқда мусобақага белгияликлар. Сўнгги 2 жаҳон чемпионатида ғолиблик учун давогарлар қаторида бўлишган, айниқса, 2018 йилги мундиалда улардан кўп нарса кутилганди. Лекин, жамоа ярим финалга чиқди, аммо чемпион бўла олмади. Бу сафар ҳам яхши натижага эришишлари мумкин.

Мухлислик:

Албатта, чиройли футболга. Бирор бир терма жамоага мухлислик қилмайман. Аммо ҳар бир ЖЧда бу кузатилади, қайсидир терма жамоа камтарин таркиб билан келади, фаворитлар қаторида эътироф этилмайди, лекин мундиал давомида мухлислар мехрини қозона олади. Ўйлашимча, ЖЧ-2022ъда ҳам шундай терма жамоа топилади ва ана шундай термага мухлислик қиламан. Бу қайси жамоа бўлади, тўғриси, бир нарса дейиш қийин.

Аброр Жўрақулов

Чемпион: Бразилия, Аргентина, Франция, Португалия

Кўп жойда шу савол бериляпти. Бразилия, Аргентина, Францияни кўрсатяпман. Аммо яқиндаги воқеалардан кейин Португалия ҳам нимадир қилиши мумкин деб ўйлаяпман. Роналду нима қилишни билади). Қатарда умуман бошқа шароит, бошқа фасл эканини унутмаслигимиз керак. Бу натижага таъсир қилиб, умуман бошқа Чемпионни кўришимиз мумкин.

Мухлислик: 

Мен мазза қилиб футбол кўрмоқчиман. Мен учун ҳар бир жамоада кўплаб интригалар бор. Икки ёки уч термага мухлислик қилиб қолган воқеалардан фокусни қочиришни хоҳламайман. Ҳар бир учрашув қизиқ бўлсинки, уларни соғиниб эслаб юрай дейман.

Муҳаммадиёр Солиев

Чемпион: Бразилия

"Бразилия. Таркиб нуқтайи назаридан ва авлоддаги футболчилар аллақачон бир жамоа бўлиб шакллангани учун".

Мухлислик: Дания

"Дания терма жамоаси сўнги Европа чемпионатида ирода кўрсата олди. Мундиалга ташриф буюраётган скандинавияликлар таркиби ҳам яхши футболчилардан ташкил топган. Дания айни пайт фаворит ҳам аутсайдер ҳам эмас. Бундай жамоа ўйинини кузатиш қизиқ бўлади".

Абдурашид Одилов

Чемпион: Франция

Ғолибликка асосий даъвогар сифафида Францияни айтишим мумкин. “Ле Блу”ни тўхтатиш осон бўлмайди.

Мухлислик:

Касб этикаси нуқтаи назаридан иккинчи саволингизга жавоб бера олмайман. Жиддий мухлислик қиладиган жамоам ҳам йўқ аслида. Фақат озроқ симпатия уйғота оладиган жамоалар бор. Лекин Ўзбекистон Мундиалга чиқса, ҳамюртларимизга мухлислик қилишим аниқ. Демак, ҳали бери ЖЧ да бирор жамоага том манода мухлислик қилмасам керак)) Жавобларни сақлаб олинг афсуски кейинги 4 йилликнинг энг нуфузли турнирида ҳам жавоблар долзарблигини сақлаб қолиши мумкин.

*Қўлдан келганча барча шарҳловчиларга алоқага чиқдик, уларнинг бир қисмидан эса иш ва бошқа сабаблар туфайли фикр олишнинг иложи бўлмади.

⚡️ ЖЧ-2022. “Championat.asia” сайтининг 30 га яқин ходими мундиал олдидан ўз тахминларини билдиришди (+рейтинг) 

⚡️ ЖЧ-2022. 1-тур тақвими ва уларда ишлайдиган шарҳловчилар рўйхати 

Муаллиф : Eldor Akmurzayev
Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика