Исломбек Исмоилов: "Перица қишдаги охирги трансфер"

Narzulla Saydullayev
11 фев 2026
"Нефтчи" бош мураббийи Исломбек Исмоилов кечаги "Динамо Батуми"га қарши ўртоқлик учрашувидан (4:1) кейин сайтимизга қисқа интервью берди.

- Груизиянинг "Динамо" клуби 4:1 ҳисобида мағлуб этилди. Бугунги баҳс ҳақида қандай фикрдасиз?
- "Динамо"га қарши ўйин тайёргарлик пайтидаги оддий учрашувлардан бири. Жуда кўп баҳсларда майдонга тушяпмиз. Ҳали футболчиларнинг жисмоний ҳолати етарли даражада эмас. Чунки оғир юкламалардан кейин ўйинларда иштирок этяпмиз. Умуман олганда жамоа яхши ўйнади, лекин бундан ҳам яхшироқ ўйнай оламиз. Худо хоҳласа жамоа мавсумга 100 фоиз тайёр ҳолда кириб боради.

- Таркибга хорватиялик ҳужумчи Стипе Перица қўшиб олинди. Бу охирги трансферми ёки яна янгиларни кутсак бўладими?

- Йўқ, ўйлашимча бу сўнгги трансфер. Жамоа шаклланиб бўлди.

- Мураббийлар штабида тажрибали Ханс Юрген Гёде бор. У ўзбек футболини яхши билади...

- Гёде учрашувлардан кейин хатоларни таҳлил қилишда ёрдам беради. Улкан тажрибага эга инсон, ўзингиз айтиб ўтганингиздек ўзбек футболини яхши билади. Бундай мутахассисларнинг маслаҳатлари доим биздек ёш мураббийларга ёрдам беради.


Камолиддин Алимов суҳбатлашди 


Narzulla SaydullayevМуаллиф
Манба: championat.asia