Интервью. Ислом Исоқжонов: “Наманганга Бразилия келган тақдирда ҳам уларга осон бўлмайди”
24 апр 2020 10:00
Янгиликлар
Интервью. Ислом Исоқжонов: “Наманганга Бразилия келган тақдирда ҳам уларга осон бўлмайди”
Барча футболчилар уйда индивидуал тарзда машғулотларни олиб боришмоқда. Албатта, карантиндан сўнг жамоаларнинг маълум бир ўйин темпига тушиб олиши осон бўлмайди. Биз бу борада “Навбаҳор” ўйинчиси Ислом Исоқжоновнинг фикрлари билан танишдик. Футболчи суҳбат давомида наманганлик мухлислар ҳақида алоҳида тўхталиб ўтди.
- Жорий мавсумни “Навбаҳор” бошладингиз. Бу қарорингиз тўғри эканлигига аминмисиз? Чунки, Наманганда босим ва талаб жуда юқори...
- Албатта. Менда иккиланиш бўлганида бу ерга келмаган бўлардим. Аммо, қайтиш вақти келганди деб ўйлайман. Қолаверса жамоа ва муҳит бегона эмас. Мен ўз уйимга қайтдим деб баралла айта оламан.
- Шундай клублар бўладики ким келиб кетишидан қатъий назара фалсафасини сақлаб қолади. Мана сиз орадан бир неча йил ўтиб қайтишга қарор қилдингиз. Хўш бугунга келиб нималар ўзгарган, қандай янгиликларга қўл урилган экан?
- Тўғриси “Навбаҳор” доим ўз олдига юксак вазифаларни қўяди. Ҳозирда клубда олиб борилаётган ишлар таҳсинга сазовор. Наманган футбол академиясида ёшлар учун барча шароитлар яратиб берилган. Улар фақат футбол ҳақида ўйлашлари керак. Шунга яраша бош жамоа ҳам бу йил чемпионлик учун курашишни ният қилган. Олдингига қараганда ижобий ўзгаришлар талайгина.
- Аввалги йилларга қараганда қай даражада ўсишга эриша олган?
- Айни кунларга келиб жамоа ҳар томонлама кучайтирилган. Таркибда тажрибали футболчилар, ўринбосарлар жамоасида иқтидорли ёшлар ўртасида рақобат юзага келган. Рақобат бор жойда ўсиш ва ривожланиш бўлади.
- Бош мураббий Андрей Канчельскис билан ишлаш сиз учун ўзига хос янгилик бўлаётгани табиий. Чунки, олдинги жамоаларингизда асосан маҳаллий мутахассислар билан ишлагансиз. Канчельскис эса барибир таниқли клубларда тўп тепган, Фергюсон қўл остида ўйнаган...
- Андрей Антанасович бошчилигида машғулотлар ўтказиш футболчи учун катта ютуқ саналади. Унинг иш услуби ҳам буткул бошқача. Ўрганадиган ва ўзлаштирадиган нарсаларимиз жуда кўп. Европа футболида камол топгани билиниб туради. Канчельскисдан иложи борича келажак учун кўп нарса эгаллашимиз лозим. Умуман олганда ушбу мураббий билан бирга ишлаш бизга қўшимча куч бермоқда.
- Суперлиганинг биринчи турида сафарда “Пахтакор”га қарши майдонга чиқдинглар. “Навбаҳор” қандай шароитда бўлмасин пойтахт жамоасига жиддий қаршилик кўрсатиб келган. Меҳмонда ҳам жамоа яхши ўйнади. Иккинчи даврада бўлиб ўтадиган жавоб ўйини Наманганда ўтишини инобатга олсак, реванш олиш учун қулай имконият бўлади...
- Мавсумнинг илк ўйинида қизил карточка олиб жамоадошларимни қийин аҳволга солиб қўйдим. Буни умуман кутмагандим. Ҳакамларни ишига аралашмаганим маъқул. Уларни назорат қиладиган шахслар бор. Биз нимага қодир эканлигимизни кўрсата олдик. “Пахтакор”ни қандай кучга эгалигини билардик. Шунга яраша тайёргарлик билан майдонга тушдик. Лекин, уч очко билан қайтиш насиб қилмади.
- Иккинчи турда “Локомотив” устидан ғалаба қозонишдан боша чора йўқ эди...
- Биласизми, минглаб ишқибозлар қаршисида фақат ғалабани тантана қилишимиз талаб этиларди. Биз “Локо”дан ҳар томонлама устун келдик. Уларга ўйин бермадик. Стадионда муҳитни сўз билан тарифлашни иложи йўқ. Фақат ўша ерда бўлган одамгина ҳис қилиши мумкин. Ҳақиқий аншлаг, ишқибозларни тинмай олқишлашлари зое кетмади.
- Наманганда “Навбаҳор”га қарши ўйнаш барча жамоалар учун қийин ҳисобланади. Минг кучли рақиб бўлмасин барибир якунда ортига муваффақиятсиз натижа билан қайтишга мажбур бўлади. Аниқроғи, стадиондаги мухлислар бунда улкан улуш қўшадилар...
- Бу ерда футбол ўйнаш рақиблар учун ноқулай. Боиси, мухлисларнинг қўллаб-қувватлашлари уларга катта босим юклайди. Шунчаки даҳшат дея оламан. Кўпчилик айтганидек Наманганга Бразилия келса ҳам жуда қийин бўлади. ОЧЛга йўлланмани қўлга киритиладиган бўлса жамоа тайёрми? Бунга тайёрмиз. Мақсадимизга эришиш учун бутун мавсум давомида қўлимиздан келган ишни қиламиз. Боримизни берамиз.
- Ўтган мавсумда “Металлург” билан Суперлигада кучли бешликдан жой олдингиз. Мазкур натижа жамоанинг салоҳияти ва даражасидан далолат берадими? Ёки бекободликлар бундан ҳам кўпроғига қодирмиди?
- Ушбу жамоанинг номини эшитсам ажойиб туйғуларни ҳис қиламан. Биз бешинчи ўринни эгалладик. Совриндорлар қаторига киришимиз учун олти очко етишмади. Агарда ўз майдонимизда қимматли очколарни бой бермаганимизда учинчи ўринда якунлашимиз ҳеч гап эмасди. Муҳими жамоа аҳиллигини йўқотмаган.
- Карантин футболчиларнинг жисмоний ҳолатига таъсир қилиши аниқ. Чемпионатга старт берилса жамоалар аввалгидек ўйнай оладими?
- Карантиндан сўнг ўйин темпига тушиб олиш қийин кечади. Шуни унутмаслик керакки, барча клублар профессионалларга хос иш кўради. Ҳамма футболчилар ўз уйида машқларни бажармоқда. Мен ҳам мураббийларимиз берган кўрсатмалари асосида якка тартибда жисмоний машғулотларни олиб боряпман. Бироз вақт ўтгач жойига тушиб олади. Юртимизда коронавирус пандемиясига қарши курашаётган инсонларга чексиз миннатдорчилик билдираман.
Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.
Фикрлар