Илёс Зейтуллаев: "Иккинчи бўлимдаги ўйини учун "Металлург"га тан бериш керак"
08 ноя 23:13
Янгиликлар
Илёс Зейтуллаев: "Иккинчи бўлимдаги ўйини учун "Металлург"га тан бериш керак"
- Ўйинни икки қисмга ажратиш мумкин. Биринчи бўлимда биз яхши, жамоавий, зич ҳимояли ўйнадик, вазиятимиздан фойдаландик. Иккинчи бўлимдаги ўйини учун "Металлург"га тан бериш керак. Лигада жон сақлаб қолиш учун кураш сўнгги сонияларгача бўлади. Катта меҳнат қилган, қийинчиликлардан ўтган жамоа учун барчаси яхши бўлади.
- Жамоангиз иккинчи бўлимда биринчидагидан кўра ёмонроқ ўйнади деб айтдингиз. Бунга сабаб нимада? Иккинчи бўлимда ҳам яхшироқ ўйнашнинг иложи йўқмиди?
- Ҳа, бор эди. Баъзида бу гаплар сўзларда қолиб кетади. Футбол шундай ўйин, унда ҳиссиётлар, қўрқувлар, босим ёнма-ён юради. Биз гол уриб олганимизгача яхши ўйнаётгандик. Ҳудудларга эга бўлдик. Иккинчи бўлимда ҳам шундай давом этишимиз, хотиржамроқ бўлишимиз керак эди. "Металлург" мағлуб бўлаётган пайти босим уюштириши аниқ эди. Чунки лигада жон сақлаб қолаётган жамоалар шундай. Шундай пайт хотиржамроқ бўлиб, фикрларни бир жойга жамлаб, иккинчи голни уриш керак. Йигитларга 1:0 ҳисоби бундай ўйинларда 0:0дан фарқ қилмаслигини айтдим. Шу сабабли биз яхшироқ ҳаракат қилишимиз керак эди. Мавсум бошидан буён босим бўладиган жамоаларда футболчилар мавсум якунида кучни йўқотиши мумкин. Шу сабабли бироз дам олиб, олдиндаги икки ўйинни финал каби ўтказиш керак.
- Иккинчи бўлимда голгача Филипович ва Абдунабиев ўртасида қандайдир можароли суҳбат бўлди ва шундан кейин жамоа гол ўтказиб юборди. Лигада жон сақлаб қолиш учун курашаётган жамоа учун бундай ишлар яхши ҳолат эмас. Ўшанда футболчилар нимани келиша олмай қолишди?
- Бу нормал ҳолат. Жамоадошлар ниманидир келиша олишмай қолиши бўлиб турадиган ҳолат. Лекин мен буни кўрмай қолдим. Агарда шундай ҳолат бўлмаса, мен учун ёмон бўлиши мумкин. Демак, жамоа ўлик аҳволда, футболчилар келиша олишмаяптими, демак, жамоанинг ривожи учун нимадир қилишмоқчи. Уларнинг иккиси ҳам жамоага ёрдам беришни исташган. Бу умумий натижа учун керак.
- Келаси ўйин "Олимпик"ка қарши. Бу ўйин иккала жамоа учун 6 очколик ўйин. Бу учрашув ҳақда нима дея оласиз?
- Бу ўйин аҳамиятли. Лекин ҳозир дам олиб, куч тўплаш керак. "Олимпик" - яхши, ёш жамоа. Кўп югуради. Бу ўйинга ҳар доимгидек яхши тайёрланамиз. Лекин энди характеристикаларга таянмаслик вақти келди. Чунки айтганингиздек, бу 6 очколик ўйин.
Фикрлар