UZ

Сўнгги янгиликлар

07:55Канада терма жамоаси гуруҳда иккита учрашувда ғалаба қозонди, бироқ уларда ҳозирча 0 очко. Қандай қилиб?  1 07:24Бугун Доминикан Республикасига қарши майдонга тушамиз  6 01:30Педри ваъдасида туриб, мўйлов қўйди  3 00:30Левандовски: "Мбаппе - "Барселона" учун қўшимча мотивация"  4 00:00Назорат учрашувида "Пахтакор" "Машъал"га мағлуб бўлди  2 23:45"Челси" билан музокара ўтказган Кьеза "Тоттенхэм"га ўтиши мумкин  0 23:11"Арсенал" ҳужумчи борасида яна Италия клубига мурожаат қилди  2 22:44Мбаппе Франция клубининг бошқарув акциялари пакетини сотиб олади  0 21:55"Насаф" яна бир трансфер ҳақида эълон қилди  5 21:35"Арсенал" 45 млн. еврога ҳимоячи сотиб олди  2 21:23Клейди Даци - ОКМК футболчиси  5 21:14"Фулхэм" 34 млн. фунт эвазига "Арсенал" футболчисини сотиб олади  1 20:45"Барселона" футболчиси "Ал Ҳилол" таклифини рад этди  1 20:14Абдураимов "Нефтчи"га ўтди  2 20:00"BMW" Мбаппега машина совға қилди, лекин...  4

Ҳиндистон мўжизаси - 2 ёҳуд ОТЖ Осиё чемпионатида! Энди нима бўлади? Янгиликлар

Ҳиндистон мўжизаси - 2 ёҳуд ОТЖ Осиё чемпионатида! Энди нима бўлади?

Футболимизга жонини берадиган мухлисларимиз Бангладешдаги инқироздан сўнг, салкам математика фанлари доктори бўлиб кетдилар.

Журналистлар ҳам улардан қолишмади. Аввал тўплар нисбатини ҳисоблаб чиқдик, кейин бошқа жамоалар иштирокидаги гуруҳ ўйинларини кузатдик. Ҳисоб китоблар авжига чиққан бир паллада, барчаси бизнинг зараримизга хизмат қилди. Лекин қор кўчиши оқибатида тоғдан қулаётган альпинист каби тоғдаги энг сўнгги нажот нуқтага илиниб олдик. Аммо бу билан қор кўчкиси тугамаган эди. Илиниб турган альпинистни кичик шамол эсиши ерга қулатиши мумкин эди. Лекин ундай бўлмади, балки мухлисларнинг туни кун тилаган омади, катталаримизни қилган дуоси ижобати ўлароқ бугун Иордания Ўзбекистонга қўл чўзиб уни ҳалокатдан қутқариб қолди. Бу билан у, ҳозирча Марказдаги ўзгаришларни ҳам тўхтатди. Бу яхшими ёки ёмон қуйида ўқийсиз. Муҳими бизда яна РИО-2016га чиқиш учун имконият пайдо бўлди ва биз унга футболчиларнинг маҳорати, мураббийнинг топқирлиги, марказнинг ажойиб иши натижасида эмас, одатдагидек, иккинчи гуруҳдаги натижаси қараб эришдик. Бундан эса уялишимиз керак, ҳа уялишимиз!

АШУРМАТОВ “НАВБАҲОР”ДАН ЭРТАГАЁҚ КЕТИШИ КЕРАК!
Келинг энди ҳар бир нуқтага бирма-бир ёндошсак. Ашурматов учун икки жамоага бош мураббийлик қилиши ортиқчалик қилгани бугунга келиб ўз исботини топди. Ўз пайтида кўплаб мақолаларимда Қосимовдан ё “Бунёдкор”ни, ё МТЖни танлаши кераклиги ҳақида ёзганман. Бугун эса Ашурматовдан шу нарсани сўраган бўлардим. Агар ОТЖда яна мураббий алмашадиган бўлса, бу ҳисобдаги тўртинчиси бўлади. Шундоқ ҳам футболчилар йилма-йил турли ўзгаришларни бошидан кечиравериб чарчаб кетдилар. Аксига олиб “Навбаҳор”нинг ҳам бу йилги иши кўнгилдагидек эмас, боиси Бахтиёр Ағзамович клубга 2014 йилги мавсумдаги каби эътибор қарата олмаяпти. Қатардаги ОК тайёргарлик босқичи жараёнида энди яна йиғинлар ўтказилинади, терма жамоага номзод футболчиларни эса ҳар бирини бирма-бир кузатиш керак. Булар билан росмана шуғулланиш учун “Навбаҳор”ни четга суриш керак, бу ишлар билан шуғулланиш жараёнида эса ўз-ўзидан клуб изтироб чекади. Қолаверса, Осиё чемпионати 2016 йилнинг дастлабки ойида,  олий лига клубларининг айни мавсумга ҳозирлик кўраётган пайти бўлади. Демак-ки, камида декабрда йиғин бошлайдиган олимпия терма жамоаси устози сифатида Ашурматов 2 ойдан ортиқ вақтни клубга ажрата олмайди. Бундай пайтдаги энг яхши йўл - Ашурматов учун ҳам, терма жамоа ва “Навбаҳор” учун ҳам бу - ИСТЕЪФО!

СЕЛЕКЦИЯ!
Энг оғриқли нуқтамиз. Токи бирон бир футболчи ўз жамоаси сафида асосий таркибга тушмас экан, унга ОТЖда жой йўқ. Биринчи лига аъзоларига эса бу ушалмас орзу. Бу нарса бугун муаммога айланмади, аввалдан шундай.  Бугун олий лигада кўзга ташланиб қолган Павленко ва Алибаев кеча шундай ўйнаб қолмаган бўлса керак? Нега уни йиллар давомида селекционерларимиз кўрмадилар, Марказда селекция бўлимига ким жавоб беради ва у нима учун бу футболчиларни кўрмади? Жавоҳир Соҳибов ЁТЖ аъзоси, агар унинг салоҳияти ОТЖдаги футболчидан ҳам юқори бўлса, нима учун уни ёшлар таркибидан олиб ОТЖга қўймаслик керак? Умуман олганда, бу 3 футболчидан ташақари яна ўнлаб футболчиларни кўрмай қоляпмиз. Ўз пайтида Мирзо Улуғбек бирон бир техника воситасиз, оддий дурбинда юлдузларни кўра олганида, биз жуда катта имкониятлар билан кўз олдимизда югуриб юрган қора кўзларни кўра олмаяпмиз. Бу иш эмасда энди.  Биргина Тоҳир Шамситдиновнинг ўрнига футболчи топа олмадик. Айнан шу таркиб Туркияда бўлиб ўтган ЖЧга кетаётганида, “турист” мақоласини ёзган эдим. Агар захирангиздаги футболчи ҳам ЖЧга мос бўлса, сиз ҳеч иккиланмай у билан йўқотишингизга ечим бера олишингиз мумкин.
Таркибга эътибор беринг, БААда бўлиб ўтган ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати ва Туркиядаги ЖЧда қатнашган футболчиларнинг ўзгинаси. Айтарли ўзгариш йўқ. Бирон бир йиғинга йўл олаётган терма жамоамиз, 1 ой аввал клубларга мазкур футболчиларнинг рўйхатини беради ва айтилган вақтга терма жамоа ихтиёрига етиб келишини қайд этишади. Футболчи 100% ўзига ишонади, у олий лигада ўйнай олдими йўқми фарқи йўқ, терма жамоадаги жойи аниқ. Бу рақобат деган нарсалар бор. Рақобатни бегона футболчи, мени терма жамоага олинг деб юзага келтиришмайди-ку! Бунинг учун бош мураббий, ёрдамчи мураббий ва селекционер дастур асосида фаолият олиб бориш керакми?
Терма жамоага Аҳмаджон Мусаев бошқарганида у киши ҳам терма жамоада, ҳам  “Локомотив” ёшлари билан фаолият олиб борди. Кейин Шуҳрат Мақсудов, у киши ҳам МТЖ, ҳам ОТЖда. Ундан кейин Ашурматов... Кўриб турганингиздек, бир мураббий бор эътиборини тўлиқ бу терма жамоага қаратмаган. Натижаларнинг тушиб кетишида уларнинг ҳам айблари бор. Агар биз биронта ишни охиригача маромига етказиб бажаришни истасак, бундан буён бу каби ишларга нуқта қўйишимиз керак. Етар мухлисларимизни, бошқа гуруҳга қараб ҳисоб-китоб қилишлари. Калькуляторни ҳам қуввати тугаб битди шекили.


ЗЕРИККАН ФУТБОЛЧИЛАР...
Балки етар икки ҳафталик йиғинларни давомий тарзда ташкил этиш? ОТЖга ҳам МТЖ каби эътибор берайлик, бўлди. Майли икки ойда бир чет элга 3 кунга бориб битта жиддий рақибга қарши ўртоқлик ўйинини ўтказиб келишсин. Ўзбекистонга чақиришсин рақиб, лекин икки ҳафта БААда, икки ҳафта Туркияда. Футболчилар қачон ўз клублари билан шуғуллансин. Тан олиш керак, Қатардаги мусобақага йўл олганимиздан “Пахтакор”, “Локомотив”, “Олмалиқ”, “Бунёдкор”  ва “Нефтчи” каби клубларимизнинг мураббийлари у қадар хурсанд бўлмадилар. Тўғрида, энди жамоамни шакллантирдим деганида икки ҳафталик йиғин. Асосий таркибда ўйнаб турган аксар футболчилар йиғин давомида захира ўриндиғини тозалаб қайтадилар. Шундан кейин энг ёш футболчи дебютини олий лигада 22-23 ёшида амалга оширади. Ўз пайтида биз Шерзод Каримов, Санъат Шихов, Суннатилла Мамадалиев, Ислом Тўхтахўжаев каби футболчиларни мана шу йиғин деб йўқотдик. Тўғри, улар ҳозирда ўз клубларида етакчилар, лекин терма жамоадачи? Асл мақсад МТЖми? Эрон, Жанубий Корея ва Японияни кўрганмисиз, ёшлар, ўсмирлар ёки олимпия терма жамоаси учун куйиб-пишиб ишлашларини? Агар олий лига ва терма жамоа ўртасидаги иш тўғри йўлга қўйилса, улар ўз-ўзидан олимпиадага ҳам, ЖЧга ҳам чиқадилар. Эътибор беринг, ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги мусобақаларда асосан араблар ва биз муваффақият қозоняпмиз. Лекин катталар ўртасидаги ЖЧда на биз, на араблар чиқа олмаяптилар. Бобур Давлатовга саралаш ўйинлари учун “Рубин” рухсат бермади. Агар бизда биронта клуб ўз ҳуқуқини талаб қилиб кўрсин, мухлису мутахассислар уни юртга хизмат қилмаганликда айблаб чиқадилар. Ёшлар ва ўсмирлар ўртасидаги 10та ЖЧдан битта катта ЖЧ юрт шаъни ва мамалакат футболини 10 бараварга ошириб юборади. Аслида биздаги истеъдодлардан келиб чиқиб, тўғри селекция қилинса, иккинчи таркиб билан ҳам муваффақиятга эришса бўлади. Аввало олий лига клублари жабр кўрмаслиги керак, зеро, улар МТЖ манфаати йўлида ишласинлар.


СИЗГА МУКОФОТ КЕРАКМИ?
Энди йигитлар сизлар ҳам оппоқ эмассизлар. Ватан учун ўйнаймиз деган гапларни фақат интервьюда эмас, амалда, юракдан ҳис қилиб бажариш вақти келмадими? Тўғри ҳаммаси эмас, аммо оддий ўртоқлик ўйинларига келаётганда ҳам, “премия” бор эканми дейдиганлар йўқ эмас. Мукофот пулини клубда ишлаб топ барака топгур, бу Ватан жамоаси-ку, бу терма жамоага унга интила-интила футболчилик фаолиятини тугатиб юборган қора кўзларнинг кўзи билан қарагин, шунда уни нақадар улуғ эканлигини тушуниб етасан. Бангладешга бордингиз, шароитни кўрдингиз? Ҳаётда бундай ҳолатда яшашга рози бўлмайсиз, шундай экан ЎЗБЕКИСТОН деган юртни кўзингизга суртишга мажбурсиз, халқнинг ишончини суистеъмол қилмаслигингиз керак, кўчада кўрган киши сизни ўз қаҳрамони сифатида кўрсатсин, ёш болалар расм дарсида суратингизни чизсин. Яхшигина ёдимда, мактабда ўқиб юрган кезларим Роналдо, Шацких ва Гейнрих каби юлдузларни тинмай дафтаримга чизиб ўтирардим. Чунки улар менинг қаҳрамоним эдилар. Газеталарда чиққан суратларини қирқиб олиб эсдалик учун йиғардим. Сизнинг шундай мухлисингиз борми? Яхшилаб ўйлаб кўринг, буни танқид сифатида эмас, соғлом танда бир ўйланг. Мукофот бу пул эмас. Асл мукофот бу халқнинг олқиши!

МАРКАЗДА ЎЗГАРИШ БЎЛАДИМИ?

Йил бошида бўлиб ўтган йиғилишда сайтимиз вакили Хайрулла Холиқовнинг “агар терма жамоамиз РИО-2016 йўлланмасини қўлга кирита олмаса...”, - деган саволига ЎФФ президенти Мираброр Усмонов “барчасини бўшатаман”, - дея қисқача ва аниқ жавоб берган эдилар.
Лекин Марказ раҳбари кетди ҳам дейлик, унинг ўрнига ким бўлади? Бу билан Толибжонов шу лавозимда доимий ишласин деган фикрдан йироқман, эртами кечми унинг ўрнига кимдир келади, бу ҳаёт қонуни. Лекин ўша киши, бугунги ички имкониятлардан келиб чиқса ким бор? Мана шу савол мени қийнаяпти, янги раҳбар тайинланди ҳам дейлик, лекин ишчи гуруҳ ўша-ўшаку!? Марказ ва ПФЛнинг бугунги ҳолатига фақат раҳбарлари айбдорми, йўқ албатта. Алишер Никимбаев дейишингиз мумкин. Ички имконият деганда у кишини инобатга олмадим, бу киши аллақачон Ўзбекистондан ташқарида фаолият олиб боряпти. Яна бир маълумот, куни кеча суҳбатлашганимда ОК-2019 ташкилий қўмитасидан чорлов бўлгани ҳақида айтдилар. Катта эхтимол билан Қатардаги ЖЧда ҳам ишлайдилар. Бундай мусобақаларга ташкилотчилари камида 4 йил тайёргарлик кўради, бу дегани Алишер Никимбаевни 2022 йилга қадар профессионал ва ҳамма нарсаси жой-жойига қўйилган иши бор.
Олий лига клубларида ўйнаш орқали МТЖга ўтилади, лекин ҳудди шундай, вилоят футбол федерацияларида ишлаб туриб марказ ва ПФЛга ўтиши мумкин ва у ерда замонавий ишни йўлга қўя оладиган бирорта вице-президент йўқ! Агар бундай кишилар бўлса, аллақачон Мираброр Усмонов уни жалб қилган бўларди, бунга яққол мисол Ойбек Касимов. Тошкент шаҳар футбол федерацияси вице-президентлигидан Ўзбекистон олимпия қўмитасининг бош котиблигига кўтарила олди. Қолган вице-президентлар ғоялар билан келиш ўрнига, йилда бир бўладиган мажлисларда, яратилган шароитлар учун раҳмат айтиб кетишдан бошқасига бормаяпти. Афсуски, бу аччиқ ҳақиқат! Вилоятларга борсангиз, болалар футболи .... Келинг, шундоқ ҳам касалхонадаман, асабимни бузмай.

ИОРДАНИЯ - ҚУВАЙТ ЎЙИНИ БОШЛАНМАСДАН АВВАЛ ЁЗИЛГАН МАҚОЛА
Балки ишонмассиз, аммо Иорданияни мағлубиятга учрмаслигини билган эдим. Юқорида айтиб ўтдим, саралаш ўйинлари БААнинг Ал Айн шаҳрида бўлаётганлиги учун, уни бевосита кузатаётган Алишер Никимбаев билан ҳар куни хабарлашиб турдик. Иордания қандай ўйнаяпти, Қувайт қандай. 2-тур якунига етгач Алишер ака иорданиялик ҳамкасбларидан Қувайт билан қандай ўйнашлари билан қизиқди. Улар келишув бўлмаслиги ва барчаси “фэйр плей” асосида ўтиши ҳақида айтиб ўтдилар. Шу ва яна бошқа деталлардан келиб чиққан ҳолда терма жамоамизни саралаш бахсларидан “ўтиб” олганини билдим ва мақолани, сизларга тезкорлик билан ўйин тугаши ҳамоноқ, иссиғида беришни мақул кўрдим. Ҳозирча шулар, марказ бу ишлардан қанчалик тўғри хулоса чиқарди ва кейинчалик ўз ишига бошқача ёндошадими йўқми буни вақт кўрсатади, ҳозирча камида 2016 йилгача биргамиз. Омон бўлинг, ота-онангиз учун соғ бўлинг, футболни эмас кўпроқ уларни севинг! Фарзандларингиз учун соғ бўлишга мажбурсиз! Асабингизни бузиш орқали соғлиқни йўқотсангиз, уларни на севган жамоангиз, на кумирингиз деб билган футболчингиз боқмайди. Қўшниларимиз, Қирғизистонга раҳмат айтиш ёддан чиқибди...

“Комент” қолдиришдан аввал эҳтиросларга берилманг!


Нодирхўжа Юлдашев

Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика