UZ

Сўнгги янгиликлар

20:57Футзал. Ўзбекистон иккинчи ўйинда Қирғиз Республикасини мағлуб этди  0 20:56Суперлига. "Динамо" "Металлург" устидан мавсумдаги илк ғалабасини қўлга киритди  17 20:32Дунёнинг етакчи лигалари ФИФАни судга бермоқчи  1 20:15"Локомотив" "SWM Motors" билан ҳамкорлик шартномаси имзолади  0 20:00Руслан Аҳмедов: "Биз натижа учун ўйнаяпмиз. Чиройли ўйин иккинчи даражали"  0 19:50Улуғбек Бақоев: "Футболда шунақаси ҳам бўлиб туради"  9 19:33Кварацхелия "Наполи"дан кетмоқчи эмас  2 19:11"Арсенал" Йозуа Киммихга қизиқмоқда  6 18:15ПРО лига. Тошкентда ўтган "Бухоро" - "Хоразм" учрашувида дуранг қайд этилди  14 17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  1 17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  14 16:20"Евро-2024"да ҳеч ким Англия билан тенглаша олмайди"  14 15:57"Қизилқум" "Локомотив" билан ўйин учун қайдномасини эълон қилди  0 15:26Суперлига. 4-тур учрашувларини ўтказиб юборадиган футболчилар  4

Голлар "ёмғири": А Серия 15-тур якунлари Янгиликлар

Голлар "ёмғири": А Серия 15-тур якунлари

Италия чемпионати 15-тури кутилмаган натижалар ва голларга бой бўлди.

"Ювентус", "Интер" ва "Милан" ғалаба қозонди, "Наполи" эса... Эътиборингизга ортда қолган тур якунларига бағишланган материални тақдим этамиз.

 

"Ювентус" "Салернитана"дан устун

Албатта, сщнгги пайтлардаги ишлардан кейин "Салернтина"га қарши ўйин "Ювентус" учун муҳим аҳамият касб этарди. Жамоа дарҳол ўйин тизгинини қўлга олди, Дибала узоқ масофадан аниқ зарба йўллаб, голкипер диққатини текширувдан ўтказди. Кутилмаганда, жарима майдончаси ичидан яратилган дастлабки хавфли вазиятни "Салернитна" яратди, Нванквонинг бош билан берган зарбасидан кейин тўп устун ёнгинасидан ўтиб кетди. "Ювентус" эса омадини узоқ масофадан берилган зарбалардан изларди. Кулушевски билан "девор" услубида ўйнаган Дибала ажойиб тарзда дарвоза бурчагини нишонга олди. Кўп ўтмай "Ювентус" яна гол урди. Бурчак зарбасидан кейин дарвозабон Киннинг зарбасини қайтарди, аммо Кьеллини барчадан чаққонроқ ҳаракат қилиб, тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Лекин такрорий лавҳа томоша қилингач, гол бекор қилинди. 

Иккинчи бўлим стартида энди "Салернитана" футболчиларида қулай вазият юзага келди. Ҳимоячиларнинг хатосидан кейин тўп Цортеага келиб тушди, аммо у йўллаган тўп дарвоза устунига тегиб қайтди. Шундан сўнг ўйин анча сокинлашди ва Моратанинг баҳсга қўшилиши темпни ошишига сабаб бўлди. Майдонга тушганидан бир неча дақиқа ўтиб, Альваро қанотдан узатилган тўпни оёғининг учи билан дарвозага тўғрилаб юборди. Қўшиб берилган дақиқаларда "Ювентус" ҳисобни йирик кўринишга олиб бориб қўйиши мумкин эди, рақиб дарвозаси томон пенальти белгиланди. Бироқ Пауло Дибаланинг нуқтадан берган зарбаси голга айланмади. Натижада, "кекса синьора" қийин, аммо муҳим ғалабани тантана қилди.


"Интер" "Специя"га имкон қолдирмади

"Интер" анчайин қийин тақвимни бошдан ўтказмоқда, лекин Индзагида бемалол ротация ишларини амалга ошириши учун вариантлар ҳам йўқ ҳисоби. Биринчи эсда қоларли зарбани аргентиналик Лаутаро амалга оширди. Умуман олганда ўйин курашларга бой, муросасиз руҳда давом этарди. "Специя" яхши ҳимояланар ва ўз дарвозаси олдида кераксиз вазиятлар юзага келишига йўл бермасди. "Интер" эса асосан узоқроқдан зарбалар берарди, бироқ Проведель ишончли ҳаракат қиларди. Бироқ "нерадзурри" охири ниятига етди. Шунчаки шедеврга айланиб кетган ҳужумда ҳеч ким ортиқча ҳаракатлар амалга оширмади, сўнгги паллада эса Лаутаро товони билан тўпни Гальярдинига қолдирди у эса чўзиб ўтирмай, дарвоза бурчагини нишонга олди. Танаффусга жамоалар дуранг натижа билан чиқиб кетишига Ханданович йўл қўймади. Тажрибали посбон Христовнинг зарбасидан кейин жамоаси жонига оро кирди.

Иккинчи бўлим бошида Корреа кўп нарсани ҳал қилиб қўйиши мумкин эди. Аммо унинг зарбасидан кейин тўп тўсинга тегиб қайтди. "Интер" босимни давом эттирарди, Проведель эса ажойиб ўйин кўрсатиб, кетма-кет ҳужумларни йўққа чиқарарди. Маълум вақт ўтгач, аниқроғи 58-дақиқада "Специя" дарвозасига пенальти белгиланди, тўп олдига Лаутаро яқинлашди ва голли узатмага гол ҳам қўшиб қўйди. Мухлисларни қувонтириб, "Интер" иккинчи голдан кейин ҳам ҳужумкорликни бўшаштирмади. Чалханоглуда яхши имконият бўлганди, аммо унинг зарбасидан кейин Проведель қойилмақом ташланиш билан тўпни қайтариб юборди. Оқибатда, "Интер" анча ишончли ғалабани қўлга киритди, "Специя" эса бу учрашувда ҳужумдаги пассив ўйини билан кўпчиликни хайрон қолдирди. 


"Милан" "Женоа" дарвозасига жавобсиз 3та гол урди

Албатта, Андрей Шевченко учун бу беллашув айниқса алоҳида аҳамиятга эга эди. Бироқ майдондаги футболчилар даражасидаги фарқ тезда билиниб қолди, 10-дақиқада "Милан" хавфли нуқтадан жарима зарбаси тепиш ҳуқуқига эга бўлишди. Тўп олдига Ибрагимович келди ва қойилмақом зарба билан Сиригуга буткул имкон қолдирмади. "Женоа" тезкор жавоб бериш илинжида ҳужумга ташланди, аммо "Милан" бу ишни яхшироқ уддаларди, Диас ажойиб ҳаракатларидан кеийн зарба йўллади, бироз ноаниқ. Тайм сўнггида унинг фаоллигидан кейин Крунич зарба берид, ҳимоячи тўп йўлига тўғаноқ бўлди, Мессиас эса қайтган тўпга ҳаммадан аввал етиб борди ва орадаги фарқни оширди.

Иккинчи бўлим бошида "Женоа" ҳеч бўлмаса битта гол уриш учун жуда қулай имкониятга эга бўлди. Ровелла тўпни ажойиб тарзда узатди, Васкес ҳам яхши зарба берди, лекин Меньян ҳам ҳамкасбларидан қолишмади ва дарвоза тўсини остидан тўпни қайтариб юборди. Бу вазият "Милан"ни ўзига келишга мажбур қилди ва рақибга бошқа бундай имкон қолдирмаслик кераклигини эслатиб қўйди. Яна бир неча дақиқа ўтиб, Диас тўпни қизғанмади ва Мессиас дубль расмийлшатирди. "Женоа" ўйин сўнггида шедевр гол уриши мумкин эди, Стураро рақиб посбони Меньян анча олдинга чиқиб кетганини пайқади ва майдон марказидан тўпни кипернинг устидан ташлаб қўймоқчи бўлди, бироқ Майк ақлбовар қилмас ҳаракат билан тўпни бу сафар ҳам қайтариб қолди. Қаторасига икки мағлубиятдан кейин "Милан" ғалаба қозониши ўта муҳим эди, "Женоа" эса январни кутишда давом этади.


"Наполи" ва "Сассуоло" иштирокидаги драма

Ҳар икки жамоа ўтган тур яхши ўйин кўрсатгани сабаб ҳам бу беллашув ўзгача қизиқиш билан кутилди. Рақиблар курашни "разведкаларсиз" бошлаб юборишди ва биринчи қулай имконият Зельинскида бўлди, аммо польшаликнинг зарбасига аниқлик етишмади. "Сассуоло" ҳам ўз имкониятларига эга бўларди. Беррарди ва Феррари ҳисобларига гол ёздириб қўйишлари мумкин эди, лекин Оспина бунга йўл қўймади. Секин-аста ўйин темпи тушиб, дарвозалар олдида хавфли вазиятлар йўқолиб борди. 

Иккинчи бўлим аввалида эса Мертенснинг прессинги оқибатида тўпни эгаллаб олган Зельински дарҳол Руисни кўрди, Фабиан эса заргарона зарбаси билан дарвоза бурчагини нишонга олди. Орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, "Наполи" яна гол урди. Зельински қанотдан Мертенсни олға бошлади, у эса биринчи уринишда тўпни ўнглаб, иккинчиси билан тўпни дарвозага жойлаб қўйди. Бир қарашда ўйин тақдири ҳал бўлгандек эди. "Сассуоло" эса бундай фикрда эмас ва таслим бўлиш ҳақида ўйламасди. Тўпга кўпроқ эгалик қила бошлаган мезбонлар орадаги фарқни қисқартиришга эришди. Скамакка жарима майдонида керакли нуқтада, керакли вақтда пайдо бўлди ва кучли зарба билан гол урди. Бироқ бу гол футболчиларни "уйғотиб" юбориш ўрнига, аксинча, темпнинг жуда тушиб кетишига сабаб бўлди. Ўйиндаги охирги гол ҳам стандарт вазиятдан кейин урилди. 89-дақиқада Беррардининг узатмасидан кейин Феррари ҳаммадан баланд сакраб, ҳисобни тенглаштирди. Ўйиннинг сўнгги дақиқасида Дефрель ҳаттоки Оспина дарвозасига учинчи голни ҳам урганди, лекин такрорий лавҳадан кейин гол инобатга олинмади. Умуман олганда "Сассуоло" дурангдан ҳам хурсанд бўлиши тўғрироқ, "Наполи" эса нега 3 очкони бой бергани ҳақида ўйлашига тўғри келади.


"Лацио" - "Удинезе": "Шоу"ни кўрганлар дармонда, кўрмаганлар армонда... 

"Лацио" футболчилари "Наполи"га қарши ўйиндан кейин илк дақиқаларданоқ ҳужумга ташланиб, жамоанинг нималарга қодир эканлиги ва бугунги кунда ажойиб спорт формасидалигини исботлаб қўйишни ният қилишганди. Бироқ бу фаоллик қимматга тушди. Фойдаланилмаган икки вазиятдан кейин "бургутлар" рақибнинг қарши ҳужумини ўтказиб юборишди. Яялонинг узатмасидан кейин ёлғиз қолиб кетган Бето боши билан тўпни дарвозага йўллади. "Лацио" ҳисобни тенглаштиришга уринарди, лекин буни уддалаш осон эмасди. Натжида, яна бир қарши ҳужум ўтказиб юборилди. Бето майдон марказидан дарвозабон билан "учрашувга" қочиб кетди, Рейнани ҳам алдаб, тўпни бўш қолган дарвозага йўллади. Деярли кейинги ҳужумдаёқ "Лацио" гол уришни билишини исботлаб қўйди. Чиро Иммобиле жарима майдончасидаги вазиятдан унумли фойдланиб кетди. Голдан руҳланган "Лацио" вакиллари рақибга қочишга жой қолдирмайдигандек туюларди, аммо Делофеу яна қарши ҳужумга қочиб кетиб, тўпни Молинага аниқ етказди, иккинчи темпда ҳужумни қўллаш учун етиб келган тажрибали футболчи зарбада адашмади.

Танаффусда Сарри кеакрли сўзларни топа олди чоғи "Лацио" умуман бошқача футбол намойиш қила бошлади. Навбатдаги ҳужум давомида рикошетлардан кеийн тўп Педрога келиб тушди, испаниялик эса эҳтиёткор зарбаси билан орадаги фарқни қисқартирди. Яна бир неча дақиқа ўтиб, "бургутлар" прессинги иш берди, Милинкович-Савич айланма зарба билан мувозанатни тиклади. Бу "Лацио"га кўтаринки руҳ бағишлади, ҳужумлар ёмғирини тиндирмас ва ғалаба учун ҳаракат қиларди. Бунга 57-дақиқада ҳимоячи Патрик Габарроннинг қизил карточка олиши ҳам тўсқинлик қила олмади. 79-дақиқада эса Башич узатган тўпни Ачерби баланд сакраб дарвозага йўллади. кўпчилик "Лацио" иродали ғалабани тантана қилади деб турганида, асосий вақтга қўшиб берилган 9-дақиқада Толгай Арслан тўпни яна Рейна қўриқлаётган дарвозага йўллади ва "Удинезе"ни мағлубиятдан қутқариб қолди.


Сергей Румянцев

Рейтинг: +1   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика