Георгиос Донис: “Ўзбекистонга қарши дастлабки 60 дақиқада диққатни жамлай олмадик”

18 ноя 2026, 00:33
Саудия Арабистони миллий терма жамоаси бош мураббийи Георгиос Донис Ўзбекистонга қарши ўртоқлик учрашувидаги мағлубиятдан (1:2) сўнг ўз фикрларини билдирди.

Грециялик мутахассис ўйиндан кейинги матбуот анжуманида жамоасининг хатолари ва Қатардаги йиғин якунларига тўхталди.

“Ўзимиз истаган натижага эриша олмаган бўлсак-да, бу ўйиндан фойдали сабоқлар олдик. Улардан тўғри хулоса чиқаришимиз керак.

Дастлабки 60 дақиқада диққатни жамлай олмадик. Рақибга кўплаб имкониятлар яратиб бердик ва улар бундан фойдаланиб, иккита гол уришди. Сўнгги ярим соатда эса футболчиларимиз ижобий муносабат билдириб, ўйинни ўзгартиришга ҳаракат қилишди”, – деди Донис.

Шунингдек, мураббий мағлубиятга қарамай, йиғиндан қониқиш ҳосил қилганини таъкидлади.

“Йиғинни кўплаб ижобий жиҳатлар билан якунладик. Энг муҳим ютуқлардан бири – терма жамоага янги қўшилган футболчиларнинг имкониятларини кузатиб, баҳолаб олдик.

Бу босқич биз учун 40 нафар футболчидан иборат асосий номзодлар гуруҳини шакллантиришда муҳим аҳамият касб этди. Терма жамоада иқтидорли ёш футболчилар бор ва уларни қўллаб-қувватлашимиз зарур.

Ҳозирги асосий вазифамиз – хатолардан сабоқ чиқариб, келажакда уларни такрорламаслик. Шу билан бирга, барча футболчиларга ўзини кўрсатиш имкониятини беришда давом этамиз”, – деди мутахассис.

Эслатиб ўтамиз, 17 ноябрь куни Доҳадаги “Жассим бин Ҳамад” стадионида ўтказилган учрашувда Ўзбекистон терма жамоаси Саудия Арабистонини 2:1 ҳисобида мағлуб этди. Жамоамизнинг ҳар икки голига Шерзод Эсанов муаллифлик қилди.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›