UZ

Сўнгги янгиликлар

18:20Суперлига. "Динамо" – "Металлург": Асосий таркиблар маълум  0 18:15ПРО лига. Тошкентда ўтган "Бухоро" - "Хоразм" учрашувида дуранг қайд этилди  11 17:43Винченцо Итальяно мавсум охирида клубдан кетади  0 17:25Альфонсо Дэвис "Бавария" билан янги шартнома имзоламайди  0 17:01"Бунёдкор" янги бош мураббий номини эълон қилди  12 16:20"Евро-2024"да ҳеч ким Англия билан тенглаша олмайди"  7 15:57"Қизилқум" "Локомотив" билан ўйин учун қайдномасини эълон қилди  0 15:26Суперлига. 4-тур учрашувларини ўтказиб юборадиган футболчилар  4 15:10Маркус Рэшфорд Евро-2024га бора олмаслиги мумкин  1 14:38Парехо Винисиус ҳақида: "Ажойиб спортчи, аммо ўйинчилар ўзини футболга бағишлаши керак. Мени пиёниста дейишарди, лекин бунга эътибор бермаганман ва жавоб қайтармаганман – бундай одамлардан юқорироқ бўлиш зарур"  1 13:47Суперлига. 9та клуб дастлабки 3та турда фақат бир хил формадан фойдаланди. Бунга сабаб нима?  5 13:44"Манчестер Юнайтед" "Реал" футболчисини сотиб олмоқчи  1 13:23Хавининг дисквалификацияси бўйича апелляция рад этилди   1 12:50Ўзбекистон кубогининг саралаш босқичига қуръа ташланди  5 12:15Месси: "ЖЧ-2022да ғолиб бўлмаганимизда, мен терма жамоадан кетардим"  8

Футболимизга Давлатовдек менежерлар керак, “Рубин”дан кетиш сабаблари ҳақида Жаҳонгир Жиямуродов билан суҳбат Янгиликлар

Футболимизга Давлатовдек менежерлар керак, “Рубин”дан кетиш сабаблари ҳақида Жаҳонгир Жиямуродов билан суҳбат

Ўзбекистон биринчи лигасида иштирок этувчи Тошкент вилоятининг “Рубин” жамоасида яна эътиборга молик ўзгаришлар юз берди.

Жорий мавсумга Явар Нажафалиев бошчилигида тайёргарлик кўрган “Рубин” жамоасида чемпионатдаги дастлабки ўйинда учралган мағлубиятдан кейин раҳбарият ва бош мураббий истеъфога чиққанди. Клуб хусусий бўлгани сабабли, унинг тасисчилари ҳам ўзгариб, молиялаштириш бошқа тадбиркорга ўтганди. Олган маълумотларимизга кўра, ўз вақтида “Пахтакор” ёшлар жамоасида ўйнаган, бугунги кунда бизнес соҳасида фаолият юритиб келаётган собиқ футболчи Анвар Бердиев “Рубин” жамоасини тасисчисига айланганди. Шундан сўнг бош мураббийликка ўз вақтида “Машъал” ва “Насаф” жамоаларида ёрқин ўйинлари билан мухлислар қалбидан жой олган Жаҳонгир Жиямуродов таклиф этилди. Гарчи клуб тепасига футбол соҳасини яхши тушунадиган шахслар келган бўлсада, натижалар бир зумда ижобий томонга ўзгариб қолмади. Аксига олиб яқинда Жаҳонгир Жиямуродовни истеъфога чиққанидан хабар топдик. Клубнинг янги хўжайинлари ҳам бир ой вақт ўтиб жамоани аввалги раҳбарларига топшириб, жуфтакни ростлаганини эшитдик. Шундан сўнг вазиятга ойдинлик киритиш мақсадида, “Рубин”нинг собиқ мураббийига айланган Жиямуродов билан боғландик.



- Жаҳонгир ака, Сизни яқинда “Рубин” жамоасидан расман кетганингизни эшитдик. Шу боис бу хабарга ўзингиздан аниқлик киритиб ўтсак?
- Ҳа, бу тўғри маълумот. Афсуски “Рубин”даги фаолиятим узоқ вақт давом этмади. Жамоага яхши ниятлар билан боргандим. Лекин хаётда баъзида шунақаси ҳам бўлиб турар экан.

- Бошқарувни қўлга олганингиздан кейин ҳам жамоа кетма-кет қимматли очколарни бой берди. Истеъфонинг сабаби кўпроқ натижанинг салбий кўриниш олгани билан боғлиқ бўлса керак?
- Йўқ, бошқа сабабларга кўра ўз истагим билан жамоадан кетишга қарор қилдим. Менга умуман бошқа вадалар берилганди.Ишга киришганимдан кейин раҳбарият томонидан ҳам ташкилий ишлар бўйича олдинга интилиш бўлмади. Қисқача айтганда, клуб хўжайинларининг қуруқ вадалари туфайли “Рубин”га ўтиб хато қилганимни хис қилдим. Шунинг учун 5-турдан кейин, аниқроғи “Лочин” қарши кечган (1:1) баҳсдан сўнг раҳбарият билан учрашиб, жамоада ортиқча ишлай олмаслигимни билдирдим ва ариза ёзиб ишдан кетдим.

- Айтишларича клуб хўжайинларининг ўзлари ҳам яқинда жамоадан бутунлай кетибди. Шу ростми?
- Билмасам, балки бўлиши мумкин. Чунки улар билан охирги марта учрашиб, кетиш ҳақида суҳбатлашганимда буни гап-сўзларидан пайқагандим. Менимча улар ҳам жамоадаги келажагини кўришмаган. Акс холда мен билан ишлаган кунларим учун ойлик маошларим бўйича тўлиқ хисоб-китоб ишларини қиларди. Кетишини олдиндан билиб, бу борада гап очишмади.

- Қизиқ, бир ой вақт ишлаган бўлсангизда ойлик маошларингизни бериб хайрлашишмадими?
- Йўқ. Ўзлари бу борада ташаббус кўрсатишмаганидан кейин, мен ҳам ғуруримни устун қўйиб, қатъийлик қилиб туриб олмадим. Биласизми аслида “Рубин”га жуда катта ойлик маошларни кўзлаб бормагандим. Олдин ишимни кўрсатай кейин мехнатимга яраша хақ берасизлар қабилида таклифларига рози бўлганман. Шунга қарамай мени жамоага таклиф этган инсонлар бу борада сукут сақлашдан нарига ўтмади. Тажрибали мураббийлар ўзи бирорта жамоага ўтишдан аввал катта суммаларни талаб қилиб, тўғри йўл тутаркан. Чунки шартномада катта суммалар ёзилса, клуб раҳбарияти ҳам кейин мураббийни истеъфога чиқаришдан аввал компенсация тўлашни обдон ўйлаб чиқаркан. Шунинг учун ҳам ЎзПФЛ бу борада қаттиқ турганини энди тушуниб еттим. Шартнома бандларига компенсация ёзилиши қайсидир маънода Суперлигада истеъфолар сони нисбатан қисқаришига сабаб бўлмоқда.

- Бу жамоага ўтишингиз катта хато бўлдими?
- Албатта. Юқорида айтиб ўтганимдек, клуб хўжайинларининг катта ваъдалари билан, уларга тўлиқ ишониб астойдил ишга киришгандим. Мақсадим жамоани ПРО-Лигага олиб чиқиш эди. Аммо шунга яраша қўллаб-қувватлаш бўлмади. Клубга келишдан олдин гаплашганимизда, менга Тошкент шаҳридаги “Геофизика” қароргоҳига тўлиқ кўчиб ўтишимизни, уй ўйинларимизни эса “NBU-Осиё” стадионида ўтказишимизни айтишганди. Яқин ўн кун ичида бу ишлар тўлиқ амалга ошишини, бу борада ҳаммаси хал бўлганини таъкидлашганди. Унгача менга квартирада истиқомат қилиб туришимни айтиб, раҳбарият бир ўзимга алоҳида квартира олиб берганди. Бошқа вилоятдан келган футболчиларга эса адашмасам шаҳардан иккита квартира олиб бериб, 4 кишидан ажратиб қўйишган. Машғулотларни иккита стадионда олиб бордик. Тўғриси футболчилар ҳар хил жойдан қатнади. Уларни сарсон қилиб юбордик. “Оқ-Тепа” стадионини илтимос қилиб гаплашган пайтларимиз бўлди. Ўз олдига юқори мақсадларни қўйган жамоага сира ўхшамади. Ваъдалар қуруқ гап-сўзлигича қолиб кетди. Клуб раҳбарини олдиндан яхши танирдим. Лекин энди инсонларга кўп ҳам ишониб юбормасликни ўргандим.

- “Рубин” сизда қандай таассурот қолдирди?
- Кубок баҳсларида гуруҳимиздаги рақиблар Суперлиганинг гранд клублари эди. Шу боис бу мусобақада футболчиларнинг имкониятларини кўздан кечириб олиш асосий вазифа эканлигини яхши тушуниб тургандим. Чемпионат ўйинларида жамоа ёмон ўйин кўрсатмади. Бир ой вақт ишлаган бўлсам, секин-секин ўзгариш бўлаётганди. Асосийси вазиятларни ярата олаётгандик. Фақат олдинги чизиқда ишларимиз юришмади. Айрим учрашувларда тўпни дарвозага ўзиз хоҳламасдан тепсангиз ҳам гол бўлиши мумкин бўлган вазиятларни яратдик. Лекин ёшларга бироз тажриба етишмади. Таркибни ҳам аста-секин шакллантириб бораётгандик. Мен боргунга қадар жамоада Акром Баҳритдинов ва Алишер Азизов сингари тажрибали ўйинчилар тўп сураётганди. Кейин “Истиқлол” жамоаси тарқатиб юборилгач, улардан Аҳрор Ўктамов, Элдор Эргашев, Аббос Махсталиев ва Шохруҳ Бойқўзиевни ўз сафимизга қўшиб олгандик. Уларни ёнида бошқа ёшларни ҳам ўйнатиб, курашчан жамоа тузиб боришга интилаётгандик.



- Биринчи лиганинг савияси қай даражада деб ҳисоблайсиз?
- Жуда зўр эмас. Жамоалар асосан лигада ўз ўрнини сақлаб қолиш учун иштирок этмоқда. Тан олиш керак, олдинга интилаётган жамоани кўрмадим ҳисоб. Шароитлар ҳам шунга яраша паст даражада эканлигига гувоҳи бўлдим. Ўз олдимга энди камида ПРО-Лигада ишлашни мақсад қилиб қўйдим. Биринчи лигада ўсишга эришиш қийин. 

- Ҳар бир бош мураббийнинг энг камида битта ишонган ёрдамчиси бўлади...
- Тўғри айтиб ўтдингиз. Бу ҳам менинг ёш мураббий сифатида бир камчилигим бўлди. “Рубин”га бир ўзим келиб ишладим. Энди келажакда бу борада ҳам ўйлаб иш тутаман.

- Бу борада ёрдамчиликка қайси мураббий билан қарашларингиз мос тушади деб ўйлайсиз?
- Буни ҳозир олдиндан айтишим қийин. Келажакда вазиятдан келиб чиқиб, ёрдамчи мураббийимни ҳам топаман. Барибир бир-биримизни иш услубимиз ва характеримизни тўлиқ тушуниб кетишимиз учун вақт керак бўлади. Шунинг учун бу жараён бир зумда амалга ошиб қолмайди.

- Сизда ҳозир “А” мураббийлик лицензияси бор. Хадемай мамлакатимизда ПРОга ўқиш бошланади. Ушбу курсларда ўқиш режангиздан ўрин олганми?
- Шунақа ниятим бор эди. Аммо ҳозирча юз фоизга аниқмас. Чунки бу кўпроқ маблағга бориб тақалмоқда. Ҳозир жамоасиз эканлигим учун ЎФАга бу борада мурожаат қилдимки, курсларда ўқишим учун тўловни қисмларга бўлиб ўз ҳисобимдан тўлаб юборишимни айтиб. Агар футболимиз мутасаддилари рухсат берса, ПРО лицензияси учун ҳам албатта ўқиб оламан. 



- Суперлигада кўпроқ қайси мураббийларнинг ишини кузатиб борасиз?
- Собиқ жамоам “Насаф”даги сиёсат менга жуда ёқади. Жамоада молиявий муаммолар юзага келган пайтларда ҳам бу нарса натижага салбий таъсирини ўтказмаяпти. Рўзиқул ака Бердиев қандай мутахассис эканлиги барчага яхши маълум. У кишига ортиқча изоҳ беришим шарт эмас. Фақат ҳавас қиламан. Ундан ташқари Миржалол ака Қосимов бошчилигида АГМК жамоаси грандлар сафига қўшилди. Ҳар йили Суепрлигада ўз ўрнини сақлаб қолиш билан овора бўладиган “Қўқон-1912”га Бахтиёр ака Ашурматов келгач жамоа ўйинини анча шакллантириб қўйди. Шунингдек Улуғбек ака Бақоевнинг мураббийлик фаолияти ҳам таҳсинга лойиқ. “Сўғдиёна”ни йилдан-йилга кучайтириб, мана бу йил совринли ўринларга давогарлик қиладиган даражага кўтарди. Биласизми аслида Суперлигада ўз даврининг моҳир футболчилари бўлган инсонлар мураббийлик қилмоқда. Юқорида номлари келтириб ўтилган мураббийлар қаторига Нўъмон ака Ҳасанов билан Даврон ака Файзиевларни ҳам қўшиш мумкин. Мени фақат бир нарса ранжитиб келмоқда. Шундай мураббийлар олдига муносиб менежерлар етишмаяпти. Баҳром Давлатов, Самвел Бабаян сингари ишни кўзини биладиган, мураббийни қай тарзда ишлатиб, инфраструктурани кучайтириш пайида юрадиган менежерларни кўрмаяпман. Футбол клубларимиз ҳозир шундай менежерларга муҳтож. Клуб хомийларидан тушадиган маблағларни тўғри йўлда, мақсадли сарфлайдиган жонкуяр менежерлар зарур.

- Кейинги режаларингиз нималардан иборат?
- Уйда бекор ўтиргандан кўра, болалар футболида ишлаб туришни ўйлаяпман. Мураббийлик соҳасида тўхтаб қолишни истамайман. Бунинг учун изланишда давом этаман. Умид қиламанки келажакда ўз олдига аниқ мақсадларни қўйган жамоалардан таклиф бўлади ва ўзимни кўрсатаман.

Рейтинг:    

Ўхшаш янгиликлар

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика