UZ

Сўнгги янгиликлар

16:55U-23 Осиё кубоги. Норчаев финалда гол урса тўпурар бўлиши мумкин  0 16:26Отабек Ғуломхўжаев: "Тарихий ғалаба орқали ўзбек халқига хурсандчилик улашган йигитларга раҳмат"  3 16:02Месси навбатдаги бор энг яхши бўлди  6 15:24Ўзбекистон U-23. Абдуқодир Ҳусанов ва Ҳожимат Эркинов ўз клубларига жўнаб кетишди  22 15:16Чемпионлар лигаси. "Бавария" - "Реал" ва "Боруссия" - ПСЖ. Тахминий таркиблар  4 14:55 ФАКТ. Индонезия Ўзбекистон дарвозасига бирорта аниқ зарба йўлламади   12 14:35Дилшод Раҳматов: "Тарих билан яшаш керакмас. Осиё кубоги кучсиз жамоа қолмаганини кўрсатиб берди"  0 14:01Ўзбекистон кубоги. "Машъал" гуруҳ босқичида ҳеч ким қила олмаган ишни бажарди  1 13:15Аббос Элмуродов: "Пенальтилар серияси? Рустам Умаров кимни қаерга тепишини ёзиб берганди"  2 12:53Левандовски Это'Oнинг 2005 йилги натижасини такрорлади  4 12:35Бектемир Абдуманнонов: "Қийин гуруҳдан чиқдик. Энди бизга рақибнинг фарқи йўқ"  4 12:10Роналдо "Крузейро"ни сотади  3 11:45"Жаҳон чемпионатида мухлисларни хурсанд қила оламиз" — Ўзбекистон футзал миллий терма жамоасини кутиб олиш маросимидан видеорепортаж  2 11:11Эшитдик-да! Абдуқодир Ҳусанов бугун Францияга жўнаб кетади  64 11:11Муҳиддин Ортиқов: "Темур Султоновнинг тажрибасидан унумли фойдаланмоқчимиз"  3

Фарғонада замонавий стадион қад ростламоқда (фото) Янгиликлар

Фарғонада замонавий стадион қад ростламоқда (фото)

Мамлакатимизда янги барпо этилаётган стадионларнинг сони йилдан-йилга ортиб бораётгани, албатта ҳар қандай одамни хурсанд этмай қолмайди.
Айниқса футболни жуда ҳам қадрлайдиган водийда жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган замонавий ўйингоҳларнинг қад ростлаётгани мухлисларни беҳад қувонтирмоқда. Хабарингиз бўлса керак, газетамизнинг олдинги сонида, Наманган шаҳридаги “Марказий” стадионнинг капитал таъмирдан чиқарилаётгани хусусида маълумот бериб ўтгандик. Бу сафар эса эътиборимизни Фарғонага қаратдик. Боиси ушбу вилоятда ҳам янги стадион қуриб битказилаётгани ҳақида шу кунгача жуда кўп эшитдик. Шунинг учун холатнинг ўзидан туриб, бевосита танишишни анчадан буён дилимизга тугиб юргандик. Ваниҳоят бу режамиз ўтган ҳафтада амалга ошди.

СТАДИОН ҲУДУДИ 16 ГЕКТАРНИ ЕРНИ ЎЗ ИЧИГА ОЛАДИ

Ўтган шанба куни тушликдан сўнг, Фарғона томон сафарга чиқдик. Суриштирувларимизга кўра, янги қуриб битказилаётган стадионни излаб топиб бордик. Фарғона аэропорти ҳудудига яқин жойда қад ростлаган стадионга кириб борар эканмиз, у ерда ҳам ҳудди Намангандаги каби ишлар жадаллик билан кетаётганини кўрдик. Стадионнинг асосий ишлари поёнига етган. Яъни қовурғаси тайёр холатда, фақат уни эндиликда косметик таъмирлаш ишлари қолган. Стадиондаги қурилиш ишлари билан танишиш истагида унинг ичига кириб борар эканмиз, у ерда 100 зиёд ишчи ходимларнинг турли соҳалар бўйича жавлон ураётганини кўрдик. Шунингдек биз борган пайтда ҳарбий хизмат сафаридаги аскарлар ҳам стадионга келиб, ишчи ходимларга ҳашар йўли орқали кўмаклашишди. У ерда масъул шахслардан дастлаб, Дилмурод Исмоиловни учратдик. Ўзини ушбу обектдаги иш юритувчи, раҳбар деб таништирган Исмоилов мақсадимизни билгач, саволларимизга жавоб берди.

- Ўзим асли марғилонликман – дейди Дилмуроджон Исмоилов. Қурилиш ишлари бўйича мутахассисман. Ушбу соҳада деярли қирқ йилдан буён фаолият юритиб келмоқдаман. Тўғриси, илгари бошқа жойларда стадион қурмагандик. Бу дастлабкиси бўлди. Фарғона вилояти ҳокимлигининг қарорига биноан 2012 йилнинг январь ойидан, стадион қуришни бошлагандик. Бу ерда ишлар нолдан бошланди. Катта обект бўлганлиги учун, қурилиш ишлари деярли бир йилдан ортиқ вақтни ўзи ичига олиши кутилмоқда. Имкон қадар янги йил байрамига қадар битказиб, фойдаланиш учун топширишга ҳаракат қиламиз. Лекин катта эхтимол билан стадион Наврўз байрамига, яъни март ойида тўлиқ тайёр холатга келтирилади.

- Ушбу ўйингоҳнинг номи, Фарғона “Марказий” стадиони деб номланади. Бу фақат “Нефтчи” жамоаси учун эмас. Балки шаҳар ҳокимиятига қарашли бўлиб, олимпиа стадиони саналади. Яъни спортнинг футболдан ташқари, бошқа турларига ҳам мўлжалланган холда қурилмоқда. Ушбу стадионнинг қуриб битказилиши учун қанча маблағ ажратилгани ва шу кунгача қилинган сарф-ҳаражатлар сони қанчани ташкил этгани тўғрисида ҳозир сизга аниқ бир маълумот бера олмайман.

- Стадион ҳудуди 16 гектарни ерни ўз ичига олади. Кўриб турганингиздек, стадионнинг ўнг томонида футбол академияси учун махсус бинолар қуриб битказилмоқда. Келажакда бу ерда болалар футбол академияси ҳам иш бошлайди. Бундан ташқари стадион атрофида автомашиналар учун махсус турар жойлар ҳам қилинди. Мухлисларнинг стадион ичига киришлари учун иккита асосий кириш жойлари, “шарқ” ва “ғарб” томонида биттадан эшиклар бўлади. Ҳар бир ҳудудга чипта сотуви учун дўконлар қурилмоқда.

- Стадион 20000 мухлисга мўлжалланган бўлиб, икки қаватдан иборат. Марказий трибуна эса уч қаватли бўлади. Ушбу бинонинг биринчи қаватида мезбон ва меҳмон жамоалар учун “А” ва”Б” тоифадаги кийиниш хоналари бўлиб, ҳар бир жамоа ихтиёрида иккитадан кийиниш хоналари бўлади. У ерда футболчилар учун барча замонавий шароитлар мужассам қилинади. Шунингдек ҳакамлар хонаси ҳам айнан ушбу бинода жойлашади. Марказий трибунага қарама-қарши томонда эса тамддихона (буфет) қилинади. Мухлислар ўйин чоғида, ташқарига чиқиб юрмасдан, ўзи учун керак бўлган егуликни стадион ичидаги махсус дўконлардан харид қилиши мумкин. Ўйлайманки, ушбу яратилаётган шароитлар билан ишқибозлар эхтиёжини қондира оламиз.

- Ушбу стадионнинг шу кунгача қуриб битказишимизда 600 нафар ишчи-ходимларнинг хизматидан фойдаландик. Уларнинг барчаси турли жойлардан келган бўлиб, аксарияти, Қўқон шаҳри ва Риштон ва Олтиариқ каби туманлардандир. Ҳатто Тошкент шаҳридан ҳам ёрдам кучлари келган. Қўқондан ташриф буюрган ишчи-ходимлар асосан трибунанинг бетонларини қўйиш билан шуғулланишди. Пойтахтликлар эса майдон майсаси борасида иш олиб бормоқда. Майдон ва трибунанинг оралиқ масофаси 15 метрни ташкил этади. Стадиондаги секторлар сони 32та бўлиб, ўриндиқларни Россиядан олиб келишни мўлжаллаб турибмиз. Ҳозирча 3 дона ўриндиқ кўргазмага олиб келдик. Суянчиқли, ҳар бир мухлисга аълоҳида бўлган ўриндиқ. Сифати анча яхши экан. Тўғри, буни ўзимиздан ҳам олсак бўларди. Лекин биласизми, юртимиздан чиқаётган пластмассалик ўриндиқларнинг ранги бизни унчалик қониқтирмади. Шу боис бу борада чет эл маҳсулотидан фойдаланишни ўйлаб турибмиз. Ўриндиқлар оқ ва кўк рангли бўлади. Яқин кунларда ўриндиқларни ҳам қўйишни бошлаймиз.

- Стадионда ҳар бир сектор учун иккитадан карнай ўрнатилади. Демак, стадиондаги карнайларнинг умумий сони, 60дан ортиқ бўлади. Ўйин натижасини кўрсатиб туриш учун “Philipps” фирмасининг таблосидан олиб келинади. Ўйиндаги хавфли ва голли вазиятларни ушбу табло орқали такрорий равишда кўриш мумкин. Замонавий таблонинг бўйи 4, эни эса 12 метр кўринишда бўлади.

МАЙДОНГА УРУҒ ГОЛЛАНДИЯДАН КЕЛТИРИЛДИ

Суҳбатдошимиз билан шу ерга келганда, савол-жавобларга якун ясадик ва шундан сўнг стадионнинг ичига кириб, қурилиш ишлари қандай кетаётгани билан танишдик. Эътиборимизни, майдонга уруғ сепиш учун тупроғни тайёрлаётган ишчи-ходимларга қаратдик. Айтиш керакки, майдонда шу куни 50га яқин ишчилар меҳнат қилаётганди. Уларнинг раҳбари бўлмиш, Икром Суюновни тўсатдан учратиб қолдик. Асли сурхондарёлик бўлган, майдон мутахассиси билан бундан роппа роса бир ой олдин, Намангандаги стадионда кўришгандик. Тошкентдаги “Аграр” институтини тамомлаб, икки йилдан буён ЎФФда майдонлар бўйича бўлим мутахассиси сифатида ишлаб келаётган Суюнов ҳам бизни майдоннинг қоқ марказида кўриб, очиғи бундай бўлишини кутмаганини айтиб ўтди. – Намангандаги ўзингиз кўрган стадионнинг майдони бугунги кунга келиб, тайёр холатга келтирилди– дея гап бошлади Икром Суюнов. У ердаги ишларни тамомлагач, Фарғонага келдик. Бизнинг гуруҳ 5 кишидан иборат. Бу ерда иш бошлаганимизга эндигина, уч кун бўлди. Ҳозирча уруғ сепишдан аввал, майдонни тайёрлаб чиқяпмиз. Намангандаги стадионнинг майдонидаги тупроғи 20 фоиз эди. Бу ерда тупроғни биз йўқлигимзда шошилиб, бироз кўпайтириб юборишибди. Яъни 30 фоиз ҳозир. Шунинг учун уни озгина камайтиришга ҳаракат қилмоқдамиз. Беш кун иш олиб борамиз. Бу тупроғнинг таркибига ўғит аралашган бўлиб, махсус лабараториядан ўтказилган. Уруғ Голландиядан олиб келинди. Сифати яхши. Намангандаги майдонга Португалиядан келтирилган уруғларни сепгандик. Ўзи аслида уруғни Дания ишлаб чиқаради. Голландия билан Португалия эса уни бошқа давлатларга экспорт қилади. Бу ерда яна уч кундан сўнг уруғ сепилади. Уруғни сепишда ёрдамчи кучлар шарт эмас. Бир ўзим махсус Голландиядан келтирилган ускуналар ёрдамида сепиб чиқаман. Дастлаб 550 кг уруғ сепилади ва маълум муддат ўтгач, 250 кг уруғ сепиб чиқилади. Уруғ сепилганидан кейин, ҳар куни вақти-вақти билан, албатта об-ҳавога қараб майдон суғорилиб борилади. Майдоннинг ўзида 32та фонтан бўлиб, уларнинг ҳар бири 18 метр узоқликка сув сочиб беради. Кейинги йилнинг баҳор фаслида майдоннинг холатига қараб, яна қўшимча уруғ сепилади. Ошиғи билан 200 кг.

Бу ерда ҳам майдоннинг умумий ўлчами, 113х73. Майдоннинг асосий қисми эса 105х68 бўлади. Майдон кейинги йилнинг баҳор фаслига бориб, деярли тайёр холатга келтирилади. Унга қадар асосан шу ерда бўламиз. Кейинги бекатимиз эса Жиззах вилояти. У ерда ҳам майдон барпо этилмоқда экан, чақиришмоқда.

Шу билан стадионга қилган сафаримиз поёнига етди ва шунга амин бўлдикки, кейинги мавсумдан водийнинг яна бир жамоаси “Нефтчи” ҳам рақибларини  жаҳон андозаларига тўла жавоб берадиган стадионда қабул қилади.

Исломбек РУСТАМБЕКОВ.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика