UZ

Сўнгги янгиликлар

13:55Ўзбекистон U-23 термасининг Саудия Арабистонига қарши тахминий таркиби билан танишинг  19 13:50Футзал бўйича Осиё Кубоги. Афғонистон Ироқни уйига кузатиб қўйди  2 13:22Шенсни "Ювентус" билан шартномасини узайтиришдан бош тортди  2 12:58"Челси" вингерини маълум шартлар асосида қўйиб юборишга тайёр  1 12:31"Милан" "Штутгарт" етакчисига қизиқиш билдиряпти  0 12:05Ши Таэ Йонг: "Ўзбекистон ва Саудия учрашувини стадиондан томоша қиламан. Корея мусобақани эрта тарк этгани учун бироз хафаман"  4 11:40"Интер" эгалари ўзгариши мумкин  1 11:16"Бавария", ПСЖ ва АПЛ клублари Меньян ва Теога қизиқишмоқда  0 10:50“Ливерпуль” ва “Арсенал” 80 миллион евролик футболчи учун курашмоқда  0 10:30Жанубий Кореяни уйига жўнатган Индонезия ОТЖ ким бошқараётганини биласизми? (Мутолаа учун)   6 10:13«Манчестер Юнайтед» ходимлардан пул тежашни яна бир йўлини топди  2 09:46«Фейеноорд» устози «Ливерпул»нинг қизиқиши ҳақида фикр билдирди  0 09:19Хави «Барселона»да қолиши маълум бўлганидан сўнг нималар деди?  11 08:54«Кальяри» Шомуродовни олиб қолмоқчи. «Рома» эса терма жамоамиз сардорига нарх белгилади  11 08:30Анчелотти «Олтин тўп»га ким лойиқлиги ҳақида фикр билдирди  27

Европа Чемпионлар лигасида ниҳоят адолат тантана қилди Янгиликлар

Европа Чемпионлар лигасида ниҳоят адолат тантана қилди

Футбол мусобақалари ичидаги энг жозибадори Европа Чемпионлар лигаси десак муболаға бўлмайди.

Ҳар йили ўтказиладиган, лекин доим такрорланмас ва шиддаткор ўйинлари билан ишқибозларни катта ҳаяжонда ушлаб турадиган мусобақани кўрмайдиган футбол мухлиси бўлмаса керак. Жорий мавсумда Европа Чемпионлар лигасининг нимчорак ҳамда чорак финал ўйинлари мухлисларга етарлича ҳаяжон ва юқори эмоция тақдим этди. Жуда камтар жамоага айланиб қолган "Манчестер Юнайтед"нинг даҳшатли кўринган ПСЖга қарши "камбэк"и, "Аякс"нинг ЕЧЛнинг 3 йиллик хўжайини саналган "Реал"ни тор-мор келтириши, "Ювентус"нинг "Атлетико"га қарши жавоб тўқнашувидаги "камбэк"и ёки чорак финалда "Аякс" болаларининг давом эттираётган эртакнамо ўйини ва ниҳоят кечаги "Манчестер Сити" - "Тоттенхэм" учрашувидаги фантастик футбол.

Манчестердаги ўйинни томоша қилган футбол мухлисига кечаги учрашувни алоҳида тасвирлаб беришни ҳожати йўқ. Ўша омадли ишқибозлар футболда кам учрайдиган сценарий остида ўтган баҳсни жонли кўришди. Бир қарашда тезда икки ўйинлик ҳисобни тенглаштирган "Сити", кейинчалик 4 дақиқа ичида дублга эришган Сон лондонликларга жуда катта устунликни тақдим этгани ёки Бернарду Силванинг ғалати голи эвазига "шаҳарликлар" курашдан четда қолишмагани ва танаффусга қадар ўз дублини нишонлаган Стерлинг "шаҳарликлар"га аванс бергани сценарийни тобора мураккаблаштириб юборди. Иккинчи таймда ҳам мухлислар яна қатор голларнинг гувоҳига айланишди. Дастлаб Агуэронинг голи ниҳоят "Сити"ни икки ўйин натижасига кўра олдинга олиб чиққан бўлса, захирадан майдонга қўшилган Льорентенинг сони билан киритган ғалати голи "Тоттенхэм"га устунликни қайтарди.

Ҳар иккала жамоаларнинг ўйин давомида бир-бирига берган жавоблари кетма-кетлиги жуда чиройли кўриниш олиш билан биргаликда, тўқнашув тақдирини охирги сонияларга қадар катта сўроқ остида ушлаб туришга замин яратди. Таблодаги ҳисоб 4:3, икки ўйин натижасига кўра 4:4, аммо сафардаги голлар туфайли бу тенглик Маурицио Почеттино жамоасига устунликни тақдим этиб турганди.


Ҳакам томонидан қўшиб берилган дақиқаларда Стерлинг томонидан "Сити"нинг бешинчи, ўзининг эса учинчи голини йўллади. Шу сонияда "Этихад" ларзага келди, Пеп Гвардиола эса 2009 йили "Стэмфорд Бриж"да Иньестанинг голидан кейинги ҳолатини такрорлади. Ақлбоварқилмас даражадаги хурсандчилик.

Картинанинг иккинчи тарафида жимгина мултиллаб қолган Маурицио Почеттино. Стерлинг эса жуда катта қувончда ғалаба келтирган ва хет-трикини расмийлаштирган голини жамоадошлари билан нишонлаш билан овора.

Маълум вақт ўтиб, учрашув бош ҳаками Жунейт Чақирнинг қулоғидаги мосламада VAR тизимидаги ҳакамлар томонидан гол ўйиндан ташқари ҳолатда урилгани ҳақида хабар келди ва гол инобатга олинмади. Шу пайт бутун эмоцияларни сарфлаб бўлган "Этихад"даги "Сити" мухлислари ва футболчилари, айниқса Пеп Гвардиолани устидан "муздек сув" қўйиб юборилгандек бўлди. Чунки бутун "Сити" ва мухлислар ярим финал йўлланмасини нишонлашга тушиб кетишганди. Ҳаёлан улар нафақат фантастик ўйинни, балки бутун тўқнашувни ютиб бўлишганди.


Гол бекор қилинганидан кейинги Гвардиоланинг ҳолати исталган футбол мухлисини таъсирлантирди, чамамда. Нима бўлганини тушунмай қолган, эмоцияси буткул тугаган Пеп ниҳоятда қийин ҳолатда қолди. Маурицио Почеттино эса аксинча, маълум сония ичида кўрган "қўрқинчли туши"дан уйғониб кетди.

Кеча футбол мухлислари учун идеал ўйин бўлди. Тажовузкор, ҳужумкор футбол, голлар-шоуси, "Сити"нинг "камбэк"ига "Тоттенхэм"нинг жавоби, юксак иродаси. Кулминацион нуқта эса ЕЧЛда жорий мавсум илк бор тажрибадан ўтаётган VAR тизими.

Мазкур тизим кеча "Тоттенхэм"нинг муҳим, якунда тўқнашув тақдирини ҳал этган голни аниқлашда қўл келди. Льоренте бурчак зарбасидан сўнг тўпни қоидага хилоф равишда дарвозага йўлламагани, яъни оёқ сони билан тўпни дарвозага киритгани ойдинлашди. Жунейт Чақир қайта-қайта кўрган лавҳаларидан сўнг голни инобатга олди. Тўғри, баъзи ракурсда тўп Льорентенинг қўлига теккани кўринди. Аммо у ерда ҳужумчининг қўли табиий равишда турганди, яъни Льоренте қўлини қорин қисмига тортиб туриб, тўпни қўл билан ўйнашга ҳаракат қилмади. Гарчи тўп сонидан аввал бироз қўлига теккан бўлсада, бу вазиятда ҳаммаси қоида бўйича тўғри амалга оширилди. Льоренте тўпни қўли билан ўйнамади ёки ўйнашга ҳам интилмади. Стерлингни учинчи голи эса яққол ўйиндан ташқари ҳолатда урилгани кўринди.


Бир қарашда "Манчестер Сити" кечаги ажабтовур, фантастик ва супер эффектив ҳужумкор ўйини учун муносиб тақдирланмагандек кўриниши мумкин. Шу тарафлама адолат юзасидан "Сити"ни ярим финалга чиқишини истаганлар кўпчиликни ташкил қилиши мумкин. Тўғри, ўйин бобида "Сити" кеча рақибидан кучлироқ ўйнади. Таблодаги ҳисобда ҳам бу акс этди.

Фақатгина сафардаги гол қоидаси туфайли "Сити" ўз юришини чорак финалда тўхтатди. Иккинчи тарафи шундаки, "Тоттенхэм" ҳам кеча ёмон ўйнамади. "Сити"га муносиб қаршилик кўрсатилди, характер намойиш этилди. "Этихад"да рақиб дарвозасига 3 маротаба йўл топиш осон иш эмас. Жавоб ўйинини инобатга олсак, "Сити" "Тоттенхэм"дан кучли ўйнади. Лекин биринчи ўйиндаги натижани эслайлик, агарда иккала баҳсни таққослайдиган бўлсак, унда Маурицио Почеттино жамоаси кейинги босқич тақдирини ўз фойдасига ҳал этгани камида ноҳақлик бўлмади. ЕЧЛ плей-офф босқичида биргина баҳсда эмас, ҳар иккала ўйинда барқарор ўйнай олган жамоалар асосан кейинги босқичга йўл олишади. Шу тарафлама қаралса, кечаги тўқнашувнинг якуний натижаси мутлақо адолатли.

Агарда вазиятга ўйин тарафлама эмас, шунчаки ёзилган қоидалар бўйича қарасак ҳам "Тоттенхэм" буткул тоза ғалабани қўлга киритганини кўрамиз. Эсланг, биринчи баҳсдаги Агуэронинг пенальтисини қайтарган Льорис, Соннинг "Сити" ҳимоясини ёриб ўтгани ва аниқ зарбаси. Манчестерда ҳам ўша иштиёқда ўйнаган "Тоттенхэм" ва "Сити" учун русча айтганда, "страшный Сон"га (қўрқинчли туш) айланган кореялик вингернинг ажойиб самарадорлиги.

Ниҳоят ЕЧЛда ҳакамлар хатоси эвазига ғалабаларни қўлга киритган жамоаларни эмас, ҳақли равишда кейинги босқичга ўтган жамоаларнинг фантастик ўйинларини муҳокама қиладиган пайтлар келди. Кечаги супер баҳс исталган футбол ишқибозини том маънода сармаст қилди.

"Манчестер Сити" - "Тоттенхэм" қарама-қаршилигида мағлуб жамоа бўлмади. Шунчаки VAR ғалабани тантана қилди. Адолат тарози палласи эса лондонликлар тарафида бўлди. Агарда ЕЧЛда жорий мавсумдан эътиборан VAR тизимидан фойдаланилмаганида, унда катта эҳтимол Льорентенинг ғалати голи қўл билан урилди деб топилган ёки Стерлингнинг қўшиб берилган дақиқаларда киритган голи тўқнашув тақдирини ҳал этган ҳамда "Сити" ярим финалга ўтган, "Тоттенхэм" эса ҳакамлар хатоси қурбонига айланган, уларга нисбатан ноҳақлик қилинган бўларди. Ҳар йилги ҳолат, яъни ҳакамлар хатоси муҳокамаларнинг бош мавзусига айланарди. VAR эса мухлисларни ЕЧЛда неча йиллардан буён давом этиб келаётган ғирромликлардан асради.

"Сити" жамоаси футболчилари, мухлислари ва айниқса Гвардиоланинг ҳолатини тушунса бўлади. Жуда аламли VAR. Чунки жамоа шу кеча ғалабага лойиқ ўйнади, ярим финал чиптаси учун катта куч билан курашди. Бироқ уларга VARдан кўра сафардаги гол қоидаси тўсқинлик қилди.


Кечаги футбол ўйини яқин йиллар ичидаги энг томошабоп ва самарадорлиги билан биргаликда, адолатли ўтгани билан ёқимли бўлди. Жамоалар кўрсатган футбол, мухлисларни 90 дақиқа давомида турли ҳолатлар ва ҳаяжонда ушлаб турилгани, хаттоки бу ўйиндан энг кўп роҳатланган нейтрал ишқибозларда ҳам футболчи ёки мураббийлар каби эмоция қолмаганди. Эмоциянинг сўнгги томчилари Жунейт Чақирнинг Стерлингни учинчи голидан кейин VARга мурожаат қилгани ва голни бекор қилиши биланоқ тугади.

Қизиғи, VAR тизимини энг кўп танқид қилган ва ушбу тизимга қарши бўлган Маурицио Почеттинога кеча айнан у қарши чиққан тизим ярим финал чиптасини "Сити"дан "Тоттенхэм"га қайтариб берди. Ўйлайманки, футбол жозибасини ўлдириб қўйишини таъкидлаган Почеттинонинг VARга бўлган қараши эндиликда ўзгаради. Кечаги ўйинда жозиба ҳам, адолат ҳам бўлди. Аксинча, жозиба бўлиб адолат четроққа чиқишига VAR йўл қўймади.

Эмоция, кайфият, жамоаларнинг ҳолатлари ўз йўлига. Энг муҳими, тўқнашув тақдирини ҳал этган голлар қоида бўйича киритилди. Ёки қоидага хилоф урилган голлар бекор бўлди. Адолат тантана қилди. Яшасин VAR.


Шаҳбоз Беғамов

Рейтинг: +35   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика