UZ

Сўнгги янгиликлар

13:35ВАР «отмен». Европанинг илк чемпионати юқори технологиядан воз кечди  2 13:07«Байер» юлдузи Флориан Вирцнинг келажаги маълум  1 12:33Тожикистон терма жамоаси бош мураббийи: " Бу бизга яхши тажриба бўлди ва унинг самарасини Жаҳон чемпионатида кўрсатамиз"   8 12:10Веско Стешевич: "Забиҳилло Ўринбоевнинг сафга қайтишини интиқлик билан кутмоқдамиз"  0 11:48Интервью. Станислав Андреев: "Пахтакор" ҳар қандай ҳолатда ҳам кучли рақиб. "Сўғдиёна" кубокни ютишни мақсад қилган"  3 11:46Воҳид Шамсаи: "Ўзбекистонга қарши ўйинда футзалда учратмаган ҳодисага гувоҳ бўлдим"  14 11:33Хосе Венансио Лопес: "Ушбу Осиё кубогидан мамнунман"  9 11:09Баҳодир Ҳакимқулов: "Кубок ўйинлари давомида тажриба тўпладик"  1 10:55Саудия Арабистони U-23 бош мураббийи: "Шогирдимнинг четлатилишига Ўзбекистон терма жамоасининг тактикаси сабаб бўлди"  39 10:45«Барселона» Левандовски билан янги шартнома тузишга тайёр, фақат битта шарт билан  6 10:23Виталий Левченко: "Иккинчи бўлимда назорат қўлимизда бўлишига қарамай вазиятлардан фойдаланмадик"   0 10:21Шуҳрат Қурбонов: "Бизга битта ғалаба зарур эди"  1 09:55«Ливерпуль» Слот учун «Фейеноорд»га қанча товон тўлагани маълум  5 09:31Мбаппенинг «Реал Мадрид»даги маоши маълум  5 09:05Хушбек Қосимов: "Мақсадимиз ёш футболчиларни катта футболга муносиб тайёрлаш"  1

Дилшод Каримов: "Пахтакор"нинг янги сиёсати - академия" (интервью) Янгиликлар

Дилшод Каримов: "Пахтакор"нинг янги сиёсати - академия" (интервью)

Тошкентнинг "Пахтакор" клуби янги мавсумга ўзгача қиёфада кириб келмоқда.

Авваллари биз фақат жамоада пул бўлмасагина ёшларга куни қолиб кетишини кўрардик. Лекин "Пахтакор" ҳозир ундай ҳолатда эмас, жамоанинг ҳомийси AKFA мамлакатнинг энг қудратли заводларидан бири. Аммо бу йилги таркибга қарасангиз фақат ёшлар. "Пахтакор"да ростдан ҳам стратегия ўзгардими? Бюджет қанчага қисқарди? Шацкихга ишонишда давом этиладими? Диёр Холматовга Италиядан қизиқиш борлиги ростми? Клуб хусусий бўлса нималар ўзгаради? Стадион қачон таъмирланади? Шу ва бошқа саволларга жавоб олиш мақсадида "Пахтакор" клуби раиси ўринбосари Дилшод Каримовдан интервью олдик.




- "Пахтакор" клубининг амалга оширган трансферлари ва жамоани тарк этган футболчиларга қарасак стратегия ўзгарганини сезиш мумкин. Бунга нима сабаб бўлди?

- Балки четдан шундай кўринаётгандир, аммо бизнинг стратегия ўзгаргани йўқ. Агар сиз таркибнинг ёшарганини айтаётган бўлсангиз "Пахтакор" тарихига эътибор қилсангиз доимо клуб ўз академиясига таяниб ўйнаган. Бу мавсум ўз академиямиздан чиққан футболчиларга кўпроқ имконият беришга қарор қилдик.

- Шота Арвеладзе давридан бошланган юлдуз футболчилар ва қиммат легионерлар олиб келиш тўхтагани рост. Тўғри ундан олдин "Пахтакор" кўпроқ ўз академиясига таянарди. Демак шу нарсага қайтилмоқда?

- Ҳа шундай. Бир нарсани айтаман, Арвеладзе даврида клубга келган ва клуб билан 4-5 марта чемпион бўлган, яхши пул топиб, шартномаси тугамай туриб "Пахтакор"дан кўпроқ маош таклиф қилган клубга кетган футболчилар ҳам бўлди. Биз ҳар қандай вазиятда ҳам жамоа учун туриб бера оладиганларни кашф қилишимиз керак. Яна бир мақсадимиз, энди Россия орқали эмас, тўғридан-тўғри Ўзбекистондан кучли чемпионатларга футболчиларни трансфер қилиш. Бу осон иш эмас, лекин уддалаб бўлмайдиган ҳам. Қиммат легионер олиб келишга пул йўқ эмас. Лекин ўша олиб келган ўйинчингиз иш бермасачи, куйганимиз қолади. Академияга йўналтирилган пулга ҳеч қачон куймайсиз.

- Билишимча, Фарруҳ Сайфиевнинг шартномаси бор эди, Ҳамробеков эркин агент сифатида кетди. Нега клуб масалан Сайфиевни сотиш орқали пул ишлаб олиш имкониятидан фойдаланмади?

- Иккала футболчи ҳам кетишни ўзи хоҳлади. Агар уларни олиб қолганимизда академиямиздан чиқаётган футболчиларнинг йўлини тўсарди. Тажрибали ўйинчиларни қўйиб юбордик ва унинг ўрнида ёшларни ўйнатамиз. Тўғри иккала футболчи ҳам маҳоратли, терма жамоа аъзолари, лекин ёшларга ҳам имкон беришга ва уларни кашф қилишга қарор қилдик.




- Агар клуб хусусийлаштириладиган бўлса, AKFA Group'нинг "Пахтакор"га оид режалари қандай?

- Яқинда бу хабар катта ажиотаж бўлиб кетди. Шу боис бироз тўхтаб турибди. "Пахтакор"ни қайси компания олса ҳам инвестор давлат билан тузиладиган шартномага амал қилади. Яъни янги хўжайин стадиондан спорт йўналишида фойдаланишга мажбур. Масалан, бу бассейн бўлиши мумкин, фитнесс зал бўлиши мумкиндир. Шартномага кўра, стадионни ўрнига ёки атрофига турар-жой мажмуаси ёки савдо маркази қуриш мумкин эмас. Агар AKFA Group'нинг режаларига келадиган бўлсак, тез кунларда ўз лойиҳамизни кўрсатамиз. "Пахтакор" стадиони атрофида дараҳтлар кўп уларни кесиш керак эмас дейишди. Бизнинг режамизга кўра шу ерга яна 2000 та кўчат экилади. Атрофда ўралган панжаларни олиб ташлаш ва 24 соат давомида одамлар бемалол сайр қилиб юрадиган тематик-боғ қилмоқчимиз. Мақсадимиз ҳам стадионни реконструкция қилиш, ҳам одамларнинг футболга қизиқишини ошириш.

Бундан ташқари академиямизни бошидан қуришни режа қилганмиз. Клубимиз раҳбари Жаҳонгир Обидович билан бирга лойиҳалар ишлаб чиқдик. Ундан олдин Туркияга бориб Измирдаги, Россияда "Динамо" ва Қозоғистонда "Қайрат" академияларини ўрганиб чиқдим. Барча академияларда кўрган ва ўзимизга маъқул келган жиҳатларини олиб академия қуриш. Бунинг натижасида янги футболчиларни кашф қилиш ва миллий терма жамоага янада кўпроқ футболчиларни етиштириб беришни мақсад қилгандик.

- "Пахтакор" стадиони атрофидаги панжаралар олиб ташланади дедингиз, 4-5 йил аввал "Бунёдкор" стадионида ҳам шундай ҳолат бўлганди. Яъни дарвозалар очиб қўйилган ва стадиони атрофи "бардак"ка айланганди. Шу нарсадан қўрқмайсизми?

- Йўқ, чунки аҳамият берсангиз футбол бўладиган майдон атрофи ўралган, унинг ташқарисида яна каттагина майдон бор ва у панжара билан ўралган. Масалан, одам узоқдан келиб панжара бўлса ёки эшик ёпиқ бўлса киргиси ҳам келмайди. Очиқ бўлса стадион атрофида айланиб юришади, аммо бу футбол майдонига бемалол кириб кетишади дегани эмас.




- Академия учун жой танландими? Чунки Тошкент шаҳрида жой муаммо...

- Хабарингиз бўлса, Чилонзорда "Пахтакор"нинг иккита сунъий майдони бор. Айни пайтда сунъий майдонимиз талабга жавоб бермайди, футболчилар кўп жароҳат олишмоқда. Шу боис майдонни янгилаш учун Италиянинг Italgreen компанияси билан музокара олиб боряпмиз. Ўша майдон атрофига қўшимча ётоқхона биносини қуришни режа қилганмиз. 12-13 ёшгача бўлган ёшлар Чилонзорда яшайди. Ундан ёши катталар учун Қибрайдаги базада яна 200 кишилик ётоқхона қурамиз ва академия учун қўшимча майдонлар бунёд қиламиз.

- Демак, Қибрайдаги базадаги бинони ҳам таъмирлаш режада бор? Билишимча бу жой қурилганидан буён умуман таъмирланмаган...

- Айнан бино ҳақида атаётган бўлса ҳа, қурилганига анча йил бўлган. Лекин аввалги "Пахтакор" базаси билан ҳозиргисининг фарқи жуда катта. Майдонларда прожектор йўқ эди, фитнесс учун қурилмалар йўқ эди, бассейн йўқ эди, сауналар қурилди. Ҳозир шуларнинг барчаси базада мавжуд. Олдинлари футболчилар ўйиндан кейинги тикланиш учун меҳмонхонага бориб фитнесс билан шуғулланишарди. Ҳозир бемалол базанинг ўзида тикланиш машқларини бажариш мумкин.

- Таркиб ёшарган бўлса ҳам мақсад барибир чемпионликми? "Пахтакор" айнан ниманинг эвазига чемпион бўлмоқчи?

- Битта гапни ишонч билан айта оламан. "Пахтакор"да бошқа клубларда йўқ нарса бор - чемпионлик руҳияти! Барча футболчиларимиз академияда ўз ёш тоифасида чемпион бўлиб катта бўлишмоқда. Шу сабаб ҳеч иккаланмасдан таркибни ёшартирдик, уларга ишонамиз. Бугунги ёшларимиз клубимиз логотипидаги 3та юлдузни 4тага айлантириш учун пойдевор қўйишади деб ўйлайман.




- Максим Шацкихнинг "Пахтакор" клубидаги фаолиятига қандай баҳо берасиз? Кўпчилик Шацких клубни икки марта чемпион қилган бўлса ҳам, у томонига кўп танқидлар бўлди.

- Футбол шундай спорт турики битта ўйин билан чемпион бўлмайсиз. Мавсум узоқ давом этади. Ҳамма ўйинни ютадиган клуб ҳам йўқ. Қайсидир учрашувда ютилади, қайсидир баҳсда ютқазади. Чемпионат тугаганидан кейинги очколарга кўра чемпион аниқланади. Танқидчилар хоҳлайдими ёки хоҳламайдими икки мавсумда ҳам Шацких қўл остида чемпион бўлдик, бу факт. Жаҳонгир Обидовичнинг битта гапи бор: Ҳақиқий мутахассис бу йўқдан бор қила оладиган одам. Бош мураббий олдига янги вазифалар қўйдик: Ёш футболчиларни ўйнатиб улар орасидан янги юлдузларни кашф қилиш. Тўғри қийин бўлади, озгина вақт керак. Лекин йўналишни тўғри қўйганмиз. Кўрасиз, ҳали "Пахтакор"дан терма жамоада сардор бўладиган юлдузлар чиқади.

- Ёшлар билан ўйнаганда натижа яхши бўлиши учун вақт кералигини айтдингиз, бу жуда тўғри фикр. Натижа дарров бўлмаса мураббий ишдан кетиб қолиши мумкинми? Демоқчиманки Максим Шацкихда раҳбарият томонидан ишонч кредити борми?

- Максим Шацкихга клуб раҳбарияти томонидан ишонч билдирилган. Ёшлар билан ўйнаш ва янги юлдузларни кашф қилишни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Буни ўтган йили ҳам гаплашганмиз. Бу йил ишонамиз. Хоҳлаймизми, хоҳламаймизми бизда "Пахтакор" деган ном бор ва доим чемпионлик учун курашамиз.

- Кузда "Пахтакор"ни Осиё Элит чемпионлар лигаси кутиб турибди. У ерда Осиёнинг энг кучли жамоалари иштирок этади. "Пахтакор" бу мусобақада ҳам шу йигитлар билан ўйнамоқчими?

- Очиғини айтаман, бу мусобақа сентябрь ойида бошланади. Шу боис ҳозирча якуний қарор қабул қилинмаган. Барчасини вақт кўрсатади. Суперлигадаги ўйинларга қараб қарор қабул қиламиз. Дастлаб ўз ёшларимизни кузатайликчи. Ўтган йил Жаҳонгир Ортиқхўжаев билан айнан шу мусобақа бўйича суҳбатлашгандик. Раҳбаримиз "Пахтакор"га 3 нафар зўр легионер олиб келсак Элит чемпионлар лигасида ғолиб бўла оламизми дедилар. Спортда, айниқса футболда олдиндан ҳеч нима деб бўлмайди. Вазиятга реал қарасак, масалан Саудия Арабистони клублари неча миллионлаб пул тикаётганини кўриб турибмиз. Шу боис қайсидир босқичгача етиб боришимиз мумкин, лекин юта олмаймиз дедим. Шунда Жаҳонгир Обидович ундай ҳолда 3 нафар қиммат легионер олиб келмай, ўша пулларни академияга йўналтирамиз ва ўзимиз юлдузларни кашф қиламиз дедилар.

- Диёр Холматов Италиядан қизиқиш ростдан бўлдими? Муҳаммадали Ўринбоевнинг "Брентфорд"га ўтиш жараёни ҳақида ҳам тўхталиб ўтсангиз...

- Ўринбоев "Пахтакор" тарбияланувчиси ҳисобланади. Ўтган йил Рамазон ойида "Брентфорд" клуби скаутлари келиб унинг ўйинларини кузатишди. Кейинроқ ўзимиз унинг ҳаракатларини видеога олиб уларга юбориб турдик. АПЛда трансфер бўлиши жуда мураккаб экан. Футболчи АПЛ клубига ўтиши учун халқаро мусобақада ҳам ўйнаши керак экан. Шу боис ОЧЛда ҳам адашмасам иккита ўйинда иштирок этди. Демоқчиманки клуб Ўринбоевнинг хориж клубига ўтиши учун қўлидан келганича ёрдам берди. 6-7 ой давомида музокара ўтказилди ва Ўзбекистон тарихида илк бор АПЛ клубига футболчи трансфер қилинди. Истиқболлли келажакда бундай трансферларни ҳали кўп амалга оширамиз.

Диёр Холматовга келадиган бўлсак, Италия клубидан қизиқиш ҳақиқатдан ҳам мавжуд. Италиялик скаутлар Қатардаги Осиё кубогида уни кузатишди. Йил давомида ҳам Холматовнинг ўйинларини кузатиб боришади. Яна бир нарсани айтаман баъзи ёш футболчиларимизга Испания ва Германия клублари қизиқишмоқда. Скаутлар йил давомида уларни кузатишади.




- Айнан қайси футболчилар эканини айта оласизми?

- Биласизми агар ҳозир фамилияларни айтсам, бу интервьюни ўқиб ўйини ўзгариб қолиши мумкин. Босим остида қолиши мумкин. Шу боис аниқ кимлигини айтсам тўғри бўлмайди. Адашмасам 2000 йилларда Япония ва Жанубий Корея футболни ривожлантириш учун ўз футболчиларини Европа клубларига ижарага беришган ва маошни ҳам Япония ва Корея клублари тўлашган. Ҳозир эса бу мамлакатлардан Европа жамоаларида қанча футболчи ўйнаётганини кўриб турибсиз. Биз ҳам ўз ёшларимизни Европа клубларига ўтказиш ва бунинг натижасида миллий терма жамоамизга муносиб футболчилар етиштириб беришга ҳаракат қиламиз.

- "Пахтакор"дан пул қочди деган гапларга муносабатингиз? Умуман олганда клуб сметаси ўтган йилга нисбатан қанчалик ўзгарди?

- Смета ошган бўлса ошдики, камайгани йўқ. Энди сиз савол беришингиз мумкин, катта маош оладиган футболчилар кетишдику, нега смета барибир катта деб? Катта маошлардан иқтисод бўлган пулларни биз академияга йўналтирдик: Майдонларни қуриш, ётоқхона қуриш, витаминизация ва бошқалар.

- "Пахтакор" стадиони трибуналарининг каттагина қисми ўтган йил ёпиб қўйилганди. Трибуналар таъмирландими?

- ПФЛ "Пахтакор" стадионида ўйин ўтказиш учун фақат биринчи даврага рухсат берди. Агар таъмирланмаса иккинчи даврада бу ерда футбол ўйнаш мумкин бўлмайди. Ҳозирги кунда "Пахтакор" клуби 100 фоиз Тошкент шаҳар ҳокимияти қарамоғида. Лекин AKFA компанияси ва бошқа бир қатор ҳомийлар маблағ берилмоқда. Нафақат "Пахтакор" давлат улуши бўлган клублар хусусий бўлганида биринчидан юртимизга кўмак берган бўлардик, иккинчидан хусусий бўлганидан кейин ҳар бир сўм мақсадли сарфланади. Шу боис агар тезроқ стадионни таъмирламасак иккинчи даврада бу ерда ўйнай олмаймиз.




- "Пахтакор" дарвозабонлар мураббийи Денис Иванков клубдан ўзи кетдими ва унинг ўрнига нега айнан Павел Бугало ишга олинди?

- Қисқа қилиб айтганда қонида "Пахтакор" ДНКси бўлганларни йиғишга қарор қилдик. Бекорга Бугало, Камолиддин Тожиев, Шуҳрат Мақсудов, Илҳом Суюнов каби собиқ футболчиларни клубга қайтармадик. Бир нарсани айтиб бераман: Ҳожиакбар Алижоновга Ўзбекистоннинг бошқа клубидан молиявий жиҳатдан яхшигина таклиф бўлди. Алижонов маошга учгани йўқ ва Ўзбекистонда бўлса фақат "Пахтакор"да ўйнайман деб жавоб берди.

- "Пахтакор" клубида яна қандай янгилик бор?

- Янгилик сифатида бу йилдан Биринчи лигада ҳам жамоамиз бўлади. Шуҳрат Бўриев мураббий қўл остида 2007 йилда туғилган футболчилардан иборат жамоа Биринчи лигада тажриба тўплашади. U-19 Чемпионатида "Пахтакор" 2008 йилда туғилган футболчилар билан иштирок этади. Яъни бизнинг жамоа 3 ёш катталар билан ўйнайди. Бу ерда натижа муҳим эмас, асосийси тажриба тўплаш.

- Сўнгги савол, "Пахтакор" мухлисларига янги мавсум олдидан нималар дейсиз?

- "Пахтакор"га мухлислик қилишдан чарчашмасин. Уларнинг ишончини оқлаймиз. Таркиб ёшартирилди дейишди, битта гап: "Пахтакор" таркибида 14 ёки 15 ёшлик футболчи майдонга тушса ҳам барибир биз чемпионлик учун курашамиз. Чунки биз "Пахтакор"миз!


Нарзулла Сайдуллаев суҳбатлашди

Муаллиф : Narzulla Saydullayev
Рейтинг: +19   

Фикрлар

+12   
29 фев 17:39:05
Erkakcha gap
O'zbek futbolini haqiqiy lideri bayroqdori brendi bu PAXTAKOR. Shu paytgachanam Sasigan sassiqlar sasib qogan va bundan keyinam sasib qoluradi.
+11   
29 фев 17:21:28
БЕК@
Пахтакорга мавсум олдидан омад тилаймиз
+7   
29 фев 18:47:08
JUVE & LIV
ШЕДЕВР ИНТЕРВЮ БЎЛИБТИ, ПАХТАКОРГА ОМАД !!!
+7   
29 фев 18:25:13
Бахтийор Ашуров
Man U фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Ха булган агар Пахтакорми Насафми Навбахорми кайси клуб булса хам ёшларни академиядан олиб чикиб танитиб четга сотса мана шуни халол чемпионат деса булади. Палон пулга сифатсиз легионердан канча откат коларкин деб пулларни талон тарож килиш билан эмас.
Иложим йўқда. Ўзбекистонда фақат иккита академия ишлаябди. Пахтакорда ФМ. Шундай бўлгандан кейин сифатсиз легионерларни олиб откат қилишадида. Ҳатто академияси бор насаф ҳам, шу усулдан фойдаланади!
+7   
29 фев 17:38:00
GALABA Bizni take etmasin
Эслиман СССР даврида стадионга отам рахматлик олиб
борар эдилар, ёш пайитларим эди.
Шу сабаб булса керак Пахтакор хотираларда мерос булиб колган.
Нима булса хам омад Пахтакорга!
+4   
29 фев 17:35:27
Man U
Бахтийор Ашуров фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Эсласангиз Бабаян ёшлар билан чемпион бўлган!
Ха булган агар Пахтакорми Насафми Навбахорми кайси клуб булса хам ёшларни академиядан олиб чикиб танитиб четга сотса мана шуни халол чемпионат деса булади. Палон пулга сифатсиз легионердан канча откат коларкин деб пулларни талон тарож килиш билан эмас.
+4   
29 фев 17:09:01
Azizjon Abrorov
киска клиб битта гап этаман ИШОНИШГА МАЖБУРМИЗ бошка иложимиз хам йук
+2   
29 фев 17:30:12
Бахтийор Ашуров
Man U фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Мактаниш ва баландпарвоз гаплар куп бизда. Амалда курсатиш керак бизда факат оfзакидан зурмиз.
Эсласангиз Бабаян ёшлар билан чемпион бўлган!
+1   
29 фев 17:22:11
Man U
Forza_inter фойдаланувчининг фикрига жавоб бериш
Shu yoshla blanam chempion bo'p ketsa nasaf navbahorchila yig'lab yurmalarin. Sanlani peshanalaringa chempionli yozilmagan bo'ladi prosta.
Халоллик билан чемпион булса Навбахор Насаф мухлислари хам Пахтакорга мухлислик килади керак булса.
+1   
29 фев 17:18:49
Forza_inter
Shu yoshla blanam chempion bo'p ketsa nasaf navbahorchila yig'lab yurmalarin. Sanlani peshanalaringa chempionli yozilmagan bo'ladi prosta.
   
28 мар 19:08:26
Шухрат
Бирданига бутун командами янгилаб очко таркатувчи Пахтакор бувоттику шуни оз-оздан килса бумасмиди
   
28 мар 19:04:42
Шухрат
Бирданига бутун командами янгилаб очко таркатувчи Пахтакор бувоттику шуни оз-оздан килса бумасмиди
   
01 мар 00:43:55
MYU&LIVERPOL
Клубга омад якин 2 3 йилда чемпион була олмасаям агар ёшларни тарбиялаб хакикий Пахтакор болларини уйнатса клуб котта фойда куради биз мухлислар доим севамиз жамоани
   
29 фев 20:21:56
Мирзаев А.
Бундан 20-30 йил олдин шу йўлга ўтиш керак эди, чемпионликни Навбахор ва Нефтчига бериш керак, мухлислари нега биз чемпион бўлмиймиз деб Ютубда президентга мурожаат қиларди
   
29 фев 19:07:27
A.S.А
Яхши интервью булибди. Узбек футболи ривожи учун фойдаси тегадиган лойиҳа булишига тилакдошмиз. Но айрим гапларидан ПФЛдаги пахтакорчилик анъанаси яна давом этиши мумкинлиги, МТЖга пахтакорнинг булар булмас уйинчиларини тикиштиришнинг максади, шунингдек жамоага голиблик рухи майдон ташкарисидаги омиллар ердамида сингдирилишига оид хулосаларни олса хам булар экан. Хуллас уша гапларррр! (313 нафар кариндошнинг наздида бу фикрлар кура олмаслик еки ичи коралик сифатида бахоланиши мумкин... но...)
championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика