UZ

Сўнгги янгиликлар

00:40U-23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Саудия Арабистони 2:0  2 00:25Хосе Венансио Лопес Эронга қарши учрашувдан кейин қандай фикрлар билдирди?  4 00:05Ла Лига. "Реал Мадрид" аралаш таркиб билан "Сосьедад" меҳмони бўлмоқда (онлайн ҳисоб)  26 23:46"Персеполис" Ўрунов гол урган ўйинда пенальтилар сериясида мағлубиятга учраб, Эрон кубогини тарк этди  3 23:20Саудия чемпионати. "Ал Ҳилол" - "Ал Фатех" 3:1   1 23:15Футзал бўйича Осиё Кубоги. Таиланд - Тожикистон 3:3 (пенальтилар 6:5)  0 23:10Футзал бўйича Осиё Кубоги. Вьетнам - Қирғиз Республикаси 2:3  0 22:58Ўзбекистон олимпия терма жамоаси бош мураббийи Тимур Кападзе Саудия Арабистони устидан қозонилган ғалабадан сўнг (2:0) нималар деди? (тўлиқ матбуот анжумани)  37 22:11Ўзбекистон футзал термаси Осиё кубоги бронза медали учун Тожикистонга қарши ўйнайди (турнир сеткаси)  6 21:57U-23 Осиё кубоги. Ироқ – Вьетнам. Таркиблар аниқ!  12 21:35Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон финал остонасида Эронга пенальтилар сериясида мағлуб бўлди  95 21:33Ўзбекистон U-23 Осиё кубоги ярим финалида Индонезияга қарши баҳс олиб боради (турнир сеткаси)  44 21:14U-23 Осиё кубоги. ҒАЛАБА! Ўзбекистон қийин кечган ўйинда Саудия Арабистонини мағлуб этиб, ярим финалга чиқди! Олимпиадага бир қадам қолди  448 20:47Тен Хаг бир неча нашрларга ўзи иштирокидаги матбуот анжуманларида савол беришни тақиқлади  2 20:00"Бавария" мухлислари Тухель қолишини исташади  5

"Бунёдкор" ўзбек футболига керак! Янгиликлар

"Бунёдкор" ўзбек футболига керак!

Ўзбекистоннинг беш карра чемпиони, тўрт марта Ўзбекистон Кубоги ҳамда бир бор Суперкубок соҳиби “Бунёдкор” шу кунларда ниҳоятда қийин даврни бошдан кечиряпти.

Клубни ўтган йилдан бери молиявий муаммолар қийнаётгани бор гап. Албатта, маблағ томонлама қийналиб қолган ҳозир фақат “Бунёдкор” эмас, Суперлиганинг уч-тўртта жамоасини ҳисобга олмаганда бундай муаммо ҳар бир жамоа бошини оғритиб юборяпти. Лекин "Бунёдкор"ни янада ташвишга солаётган нарса клуб ўз фаолиятини тугатиши мумкинлиги. 

Яъни оддий қилиб айтганда, “Бунёдкор” йўқ бўлиб кетиши мумкин. Бу шунчаки миш-миш эмас, балки тобора ҳақиқат сари тус олиб бораётган гап.

Аввалига “Қурувчи”, кейинчалик “Бунёдкор” номи билан фаолият юрита бошлаган клуб шу пайтга қадар турли вазиятларни бошдан кечирди. Жамоа фаолиятида чўққили онлар билан бирга пастга шўнғишлар ҳам кузатилди. 2007 йил ўзбек футболида биринчи марта “Қурувчи” олий лигада ўйнаганини бир эсга олинг-а. Қандай зўр даврлар эди!

Ўшанда “Қурувчи” олий лигадаги илк мавсумидаёқ иккинчи ўринни эгаллаган, шунингдек Кубок финалида “Пахтакор” билан “лой жанги”да иштирок этиб пенальтилар сериясига кўра мағлуб бўлганди.

2008 йилнинг иккинчи ярмига келиб жамоа номи ўзгарди: “Қурувчи” эндиликда “Бунёдкор” бўлиб фаолият юрита бошлади. Жамоа янги ном билан ўзбек футболи довриғини кўтаришда давом этди. Жамоа сафида бир нечта таниқли юлдузлар билан бирга номдор мураббийлар ишлаб кетди.

Бир сўз билан айтганда, ўтган 12 йил мобайнида “Бунёдкор” ўзбек футболига нимадир бера олди ва эндиликда бу клубнинг тугатилиши жуда ачинарли ҳолдир. Келинг, яхшиси қуйида йилма йил “Бунёдкор” амалга оширган ишлар, эришган ютуқлари ҳамда қўлга киритган натижаларини эслаб ўтамиз. Зора бу ҳам яқин ўтмишни мароқ билан эслашга сабаб бўлса.


2007 йил. Ўзбекистон чемпионатида 2-ўрин 

2007 йил олий лигада янги жамоа пайдо бўлди. Номи - “Қурувчи”. Қулоққа ғалати эшитилади, тўғрими? Кўпчилик ҳайрон эди: “Қурувчи” нима қилиб берар экан? Ўша йиллари “Пахтакор” олий лигада якка ҳокимлик қилар, “Нефтчи”нинг тахтни топширганига беш-олти йилча бўлиб қолганди. “Нефтчи”нинг охирги марта чемпион бўлгани 2001 йилга тўғри келади ва шундан бери фарғоналиклар бош совринни қўлга кирита олмай келишмоқда.

2002 йилдан ўзбек футболида янги давр бошланди: “Пахтакор” даври ва бу давр то “Бунёдкор” чиққунига қадар давом этди. 2002-2007 йиллар оралиғида қаторасига олти марта фақат “Пахтакор” чемпион бўлди. Одамлар бу жамоанинг ҳар йили чемпион бўлишига аллақачон кўникиб, натижада миллий чемпионат зерикарли тусга келиб қолганди. Негаки чемпионга қаршилик кўрсатадиган жамоанинг ўзи йўқ эди. Мана шундай зерикарли дамлар давом этаётган бир пайтда худди ғира-шира осмонда чақнаган чақмоқ янглиғ “Қурувчи” пайдо бўлди. “Қурувчи” олий лигадаги илк мавсумидаёқ чемпион бўла олмади, аммо “Пахтакор”га анча қаршилик кўрсатди деб бемалол айта оламиз. Жамоа якунда иккинчи ўринни эгаллади. 

“Қурувчи” ўшанда ўз таркибини асосан мамлакатдан четда ўйнаётган тажрибали футболчилар билан тўлдириб олганди. Биринчи бўлиб юртга қайтганлардан Сергей Лушан бўлди ва унга жамоанинг сардорлик боғичи топширилди. Шунингдек, Владимир Шишелов ҳам қайтиб келди. Жамоа ўз сафига Гочгули Гочгулиевдек метин ҳимоячини қўшиб олди. Якунда “Қурувчи” 71 очко билан иккинчи бўлди ва чемпион “Пахтакор”дан 11 очко ортда қолди.

Ўзбекистон Кубогида финалга қадар етиб бориб, бунда ҳам “Пахтакор”га мағлуб бўлди. Аввалги МҲСК стадионида бўлиб ўтган “лой жанги” номи билан ёдда қолган финал ҳозир ҳам кўпчиликнинг эсида бўлса керак. “Қурувчи” энди олий лигада ўйнай бошлаган маҳал жамоа бош мураббийи Ҳикмат Эргашев эди. Чемпионат охирларига келиб Миржалол Қосимов бош мураббий сифатида эълон қилинади. Кубок финалида футболчилар айнан Қосимов қўл остида майдонга тушган. 

“Қурувчи” таркибида ўша йили кимлар ўйнаган?  2007 йил Ўзбекистон олий лигасида камида 10та ва ундан кўп ўйинда майдонга тушган футболчиларни келтириб ўтамиз. Демак, Александр Хвостунов, Жасур Ҳасанов, Рашид Ғофуров, Виктор Карпенко, Шавкат Саломов, Бахтиёр Ашурматов, Павел Бугало, Сергей Лушан, Янис Мандзукас, Абдумажид Тоиров, Патрик Агбо, Тимур Яфаров, Владимир Шишелов, Илҳом Мўминжонов, Гочгули Гочгулиев, Вячеслав Пономарёв, Виталий Алекперов, Эркин Бойдуллаев. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Илҳом Мўминжонов (16 гол), Виктор Карпенко (9), Шавкат Саломов (8), Рашид Ғофуров (6). 


2008 йил. Тарихда илк бор “олтин дубл” 

2008 йил “Қурувчи” катта иштиёқ билан навбатдаги мавсумга тайёргарлик кўра бошлади. Жамоа ўз сафига “Пахтакор”дан Сервер Жепаровни қўшиб олади ва бу харид шов-шувга сабаб бўлади. Жепаров ўзининг дастлабки мавсумидаёқ янги жамоасида 19та гол уришга муваффақ бўлади. Бу ҳам ажойиб кўрсаткич эди. Бундан ташқари, иккинчи давра бошлангач клуб машҳур Ривалдо билан шартнома тузади. “Қурувчи” олий лигадаги ўзининг иккинчи мавсумини Миржалол Қосимов бошчилигида бошлайди ва унинг бош мураббийлиги 24 сентябрга қадар давом этади. 

26 сентябрь куни клуб янги бош мураббий номини эълон қилади. Бу барчамизга яхши таниш бўлган бразилиялик Зико эди. Бундан ташқари, клуб фаолиятида яна бир ўзгариш содир бўлади. Яъни, 2008 йилнинг августида “Қурувчи” расман “Бунёдкор”га ўзгаради. Мавсум якунига келиб “Бунёдкор” тарихда илк марта Ўзбекистон чемпионлигини қўлга киритиб, “Пахтакор”нинг кетма-кет олти йиллик гегемонлигига барҳам беради. Ўшанда жамоа 79 очко тўплайди ва “Пахтакор”ни беш очкога ортда қолдиради. “Бунёдкор” 2008 йил чемпион бўлишдан ташқари мамлакат Кубогида ҳам зафар қучади. “Пахтакор”га қарши финал баҳсида “қалдирғочлар” 3:1 ҳисобида ғалаба қозонишади. 

“Бунёдкор” шунингдек, 2008 йил ўз тарихида илк бор Осиё чемпионлар лигасида қатнашган. Шу йилдан бошлаб ОЧЛда яна қуёш чиқа бошлайди. Чунки саҳнага шахдам қадамлар билан “Бунёдкор” кириб келади. “Бунёдкор” илк мавсумидаёқ худди “Пахтакор”нинг ОЧЛдаги дебютига ўхшаб ярим финални забт этади. Аммо Австралиянинг “Аделаида Юнайтед” клуби билан кечган ярим финал баҳсида “қалдирғочлар” икки ўйин натижасига кўра финалга ўта олишмайди. Лекин "Бунёдкор" сафидаги ўйинлари орқали Сервер Жепаров илк бор Осиёнинг "Энг яхши футболчиси" деб топилади. 

Ўша йил чемпионатда 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Александр Хвостунов, Сервер Жепаров, Виктор Карпенко, Анвар Солиев, Жасур Ҳасанов, Гочгули Гочгулиев, Тимур Кападзе, Азиз Ҳайдаров, Павел Бугало, Шавкат Саломов, Рашид Ғофуров, Алексей Николаев, Хайрулла Каримов, Улуғбек Бақоев, Саҳоб Жўраев, Бахтиёр Ашурматов, Баҳодир Пардаев, Хосе Луис Вильянуэва, Луизао, Ривалдо, Мурод Зуҳуров. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Сервер Жепаров (19 гол), Анвар Солиев (12), Улуғбек Бақоев (8), Ривалдо (7). 


2009 йил.  Ривалдо учун аталган мавсум 

Жамоа ҳам чемпион, ҳам Кубок соҳиби бўлгач янада катта иштиёқ билан янги мавсумга ҳозирлик кўра бошлади. Бемалол айтишимиз мумкин, 2009 йил Риваолдога аталган мавсум бўлди. Бразилиялик “афсунгар” олий лигада 20та гол уришдан ташқари кўплаб голли узатмаларни амалга оширди, қолаверса ўз ўйини билан кўпчилик ёшларга ўрнак бўлди. Жамоани ОЧЛ финалига олиб чиқа олмагани боис клуб раҳбарияти Зикога жавоб бериб юборган ва ўрнига Амет Меметни вақтинча бош мураббий этиб тайинлаганди. 

Аммо Амет Абдуллаевичнинг бош мураббий сифатидаги иши узоқ давом этмайди. 2009 йилнинг 8 январь куни ишга киришган Мемет 15 март куни истеъфога чиқарилади. Шундан сўнг жамоа рули яна Ҳикмат Эргашевга топширилади. Эргашев жамоани июннинг бошларига қадар бошқариб, 8 июндан яна бир машҳур мутахассис Луиз Фелипе Сколари “Бунёдкор” бош мураббийи сифатида таништирилади. 

2009 йил “Бунёдкор” учун нимаси билан ёдда қолган? Аввало тарихда иккинчи бор чемпион бўлгани, Ўзбекистон Кубоги финалида “Пахтакор”га 0:1 ҳисобида мағлуб бўлгани, ютқазганига чидай олмасдан Сколарининг ўйин тугаши билан барча футболчиларни кийим алмаштириш хонасига олиб кириб кетгани ҳамда Осиё чемпионлар лигасида “Поханг Стилерс” тўсиғидан ўта олмагани билан. 

Дарвоқе, ўша йил “Бунёдкор” ОЧЛдаги иштирокини чорак финалдаёқ тўхтатишга мажбур бўлганди. Жамоа ўз майдонида Жанубий Кореянинг “Поханг Стилерс” клубини 3:1 ҳисобида мағлуб этади, бироқ сафарда 1:4 ҳисобида имкониятни бой беради ва шу тариқа ОЧЛ билан хайрлашади. Лекин Ўзбекистон чемпионатида “Бунёдкор” энг яқин таъқибчиси “Пахтакор”ни катта фарқ билан ортда қолдиради. “Бунёдкор”- 86 очко, “Пахтакор” - 64 очко. 

2009 йил жамоа таркибида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Ривалдо, Анвар Ғофуров, Сервер Жепаров, Жоао Виктор, Эдсон Рамос, Жасур Ҳасанов, Анвар Солиев, Хосе Луис Вильянуэва, Азиз Ҳайдаров, Тимур Кападзе, Саҳоб Жўраев, Хайрулла Каримов, Виктор Карпенко, Игнатий Нестеров, Гочгули Гочгулиев, Мурод Зуҳуров, Луизао, Шавкат Саломов, Руслан Мельзитдинов. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Ривалдо (20 гол), Анвар Солиев (18), Хосе Луис Вильянуэва (13), Сервер Жепаров (11). 


2010 йил. Иккинчи марта “олтин дубл” 

Ҳаммаси яхши кетаётганди, “Бунёдкор”нинг зафарли онлари давом этар, ҳамма хурсанд эди. “Бунёдкор” учун 2010 йилги мавсум ҳам анча жозибали кечади. Жамоа ўз тарихида иккинчи бор “олтин дубл” қайд этади. Чемпионлик пойгасида “Бунёдкор” 65 очко тўплаб биринчи, “Пахтакор” эса 57 очко билан иккинчи бўлади. “Бунёдкор” шунингдек Ўзбекистон Кубоги финалида Ғузорнинг “Шўртан” клубини 1:0 ҳисобида мағлуб этади. 

Аммо Осиё чемпионлар лигасида “Бунёдкор” яна ўзини кўрсата олмайди. Жамоа гуруҳдан чиқади-ю, бироқ битта ўйиндан иборат 1/8 финалда Саудия Арабистонининг “Ал Ҳилол” клубига 0:3 ҳисобида ютқазиб қўяди. Ўша йили жамоа сафида Стевица Ристич деган ҳужумчи порлаганди. Мураббийлар ҳақида тўхталадиган бўлсак, 2010 йилнинг май ойида клуб раҳбарияти Сколари билан хайрлашади ва ўрнига Миржалол Қосимовни тайинлайди. 28 майдан ишга киришган Қосимов шу билан 2014 йилнинг 4 апрелига қадар жамоани бошқаради. 

2010 йил “Бунёдкор” сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Анзур Исмоилов, Тимур Кападзе, Игнатий Нестеров, Азиз Ҳайдаров, Саҳоб Жўраев, Виктор Карпенко, Анвар Ғофуров, Руслан Мельзитдинов, Стевица Ристич, Денилсон, Эдсон Рамос, Ҳикмат Ҳошимов, Сервер Жепаров, Жоао Виктор, Ривалдо, Жасур Ҳасанов, Александр Хвостунов, Янис Мандзукас. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Стевица Ристич (11), Ривалдо (6), Тимур Кападзе (6), Денилсон (4), Сервер Жепаров (3). 


2011 йил. Яна бир чемпионлик 

2011 йилга келиб “Бунёдкор” ўз тарихида қаторасига тўртинчи чемпионликни нишонлади. Ва бу натижа фақат бир мураббий Миржалол Қосимов билан рўй берди. Ўша йили жамоанинг легионер футболчиси Милош Трифунович 17та гол билан Ўзбекистон чемпионати тўпурари бўлганди. Бу пайтга келиб клубда молиявий муаммолар урчий бошлаган, натижада Денилсон, Ристич, Жоао Виктор, Ривалдо, Эдсон Рамос каби легионерларга жавоб бериб юборилганди. 

“Бунёдкор” миллий чемпионатни яхши ўтказади-ю, бироқ Ўзбекистон Кубогида финалгача бора олмайди. Жамоа ярим финалда Қаршининг “Насаф” клубига имкониятни бой беради. Шунингдек, Осиё чемпионлар лигасида гуруҳдан чиқиб 1/8 финалда Эроннинг “Сепахон” клубига 1:3 ҳисобида мағлуб бўлган ҳолда ўз иштирокини тугатади. 

Жамоа сафида 10та ва ундан кўп ўйин ўтказган футболчилар: Игнатий Нестеров, Милош Трифунович, Виктор Карпенко, Анвар Ғофуров, Шавкат Саломов, Анвар Солиев, Жавлон Иброҳимов, Асқар Жадигеров, Славолюб Жоржевич, Хайрулла Каримов, Анвар Ражабов, Акмал Шораҳмедов, Камолиддин Мурзоев, Ислом Иномов, Саҳоб Жўраев, Азиз Ҳайдаров. Жамоанинг олий лигадаги энг яхши тўпурарлари: Милош Трифунович (17), Анвар Солиев (8), Виктор Карпенко (7), Анвар Ражабов (5).

Давоми бор...

Хайрулла Холиқов. 

Муаллиф : Xayrulla Xoliqov
Рейтинг: +47   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика