UZ

Сўнгги янгиликлар

19:40Ўзбекистон U-23 терма жамоаси "Халифа" стадионида!  0 19:22Рауль "Реал"ни тарк этишга тайёр  0 19:03Осиё кубоги. Вьетнамга қарши таркибимиз маълум  23 19:01Ўзбекистон ва Вьетнам ўзаро ўйинлар тарихи ёхуд "қорли финал"ни эслаб  2 18:30Тухель АПЛ ва Ла Лига ўртасида танлов қилди  3 18:01Ўзбекистон Кубоги. 2-тур баҳсли вазиятлари юзасидан Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси  12 17:41"Бобур Арена"нинг айрим секторлари ёпилиши маълум қилинди. Бунга нима сабаб бўлди?  26 17:22Франция Евро-2024'да Команнинг хизматларидан фойдалана олмайди  0 16:53УEФА миллий терма жамоаларнинг Евро-2024 учун қайдномаларини кенгайтиради  4 16:25"Тоттенхэм" ҳимоячиси Европа чемпионатини ўтказиб юборади  3 16:21Ривожланиш Кубоги. Ўзбекистон U-16 терма жамоасининг Тожикистонга қарши таркиби маълум  4 15:59Манба: "Бавария" ва "Барса" қизиқиш билдирган Унаи Эмери "Астон Вилла" билан ҳамкорликни давом эттиради  6 15:31"Барселона" ярим ҳимоячиси мавсум охиригача сафдан чиқди  3 15:05Ироқ ОТЖ бош мураббийи: "Чорак финалда осон рақиб бўлмайди, бироқ энг муҳими, бор кучимизни ишга солиш"  5 14:59МЮ ва "Челси" собиқ футболчилари АПЛ Шон-шараф залига киритилди  1

Буффон ўтмишига хат йўллади Янгиликлар

Буффон ўтмишига хат йўллади

Буффон — Марк Шагал унинг ҳаётини қанчалик ўзгартириб юборганини хат орқали батафсил сўзлаб берди.

Жанлуижжи Буффон хатолари, депрессияси ва ўзини қандай англаб етгани ҳақида ўтмишига гапириб берди.

"Қадрдоним, 17 ёшли Жанлуижжи!

Ҳаётида турли хил воқеалар юз берган, кўп хатоларга йўл қўйган 41 ёшли эркак сенга хат ёзяпти. Сенга яхши ва ёмон янгиликларим бор. Асосийси, бугун сен билан яқиндан суҳбатлашмоқчиман. Ҳа, чин дилдан! Бунга ишониш ёки ишонмаслик ўзингга ҳавола.

Шундай бўлса-да, кел, ёмон янгиликлардан бошлаймиз. Сен 17 ёшдасан ва тез орада ҳақиқий футболчи бўласан, худди ўзинг орзу қилгандек! Шошма, ҳамма нарсани биламан деб ўйлама. Сен ҳеч нарсани билмайсан. Бир неча кундан сўнг илк ўйининг — А Серия. "Парма" сафида майдонга тушасан. Ҳали қўрқиш учун ҳам етарли тажрибага эга эмассан. Бундай воқеа арафасида иссиқ сут ичиб, ётишингиз керак эди, аслида. Аммо сен ёшлар жамоасидаги бир дўстинг билан тунги клубга бординг. Фақат бир бокал пиво, хоп?

Йўқ. Ўзингни қўлга ололмадинг. Ҳа, зўрсан-да ўзингча. Одатда босимни шундай енгиб ўтасан. Тунги соат бирда клуб яқинига борасан, милиция ходимлари билан жанжаллашасан. Эҳ, уйга бор ва ётиб ухла. Илтимос сендан — фақат полиция машинасининг ғилдиракларига тегма... Бу "Парма" раҳбариятига ҳам ёқмайди ахир. Доим салбий фикрдасан. Ичингда хатолар томон етаклайдиган олов бор. Жамоадошларингга қандай кучли ва қўрқмас эканингни кўрсатиб қўйгинг келади, аслида эса бу шунчаки ниқоб. Бир неча кундан сўнг 3та совғага эга бўласан – у жуда хавфли. Пул, шон-шуҳрат ва орзунгдаги иш.

Сен ростдан ҳам "нимаси хавфли экан?" деб ўйлаяпсанми?! Ҳааа... Ундай бўлса эшит. Бир тарафдан, дарвозабон ўзига ишониши лозим. Қўрқмасдан! Агар бош мураббий энг техник посбон ва энг қўрқмас кипердан бирини танлаши керак бўлса, мен сени ишонтириб айтаманки, у қўрқмас ўйинчини танлайди. Бошқа тарафдан эса – жасур инсон ҳамма нарсани тез унутиб юборади. Агар сен нигилист бўлсанг ва фақат футбол ҳақида ўйласанг, қалбинг сўниб бораверади. Охир-оқибатда шундай депрессияга тушиб қоласанки, ҳатто кроватдан ҳам тургинг келмай қолади.

Буни эшитиб балки кулгинг қистар, аммо бу албатта содир бўлади. Фаолиятингнинг энг чўққисидасан, ҳамма нарсанг бор. Хўш, эркак киши яна нимани орзу қилиши мумкин?! 26 ёш, "Ювентус" ва Италия термаси дарвозабони. Пул, ҳурмат. Барчаси муҳайё. Ҳаттоки, сени Супермен деб чақира бошлайдилар.

Аммо сен – супер қаҳрамон эмассан. Ҳаммага ўхшаган оддий инсонсан. Касбдаги босим сени роботга айлантириб қўйиши мумкин. Кундалик майда ишларга ўралашиб қолиш худди қамоққа тенг. Сен машғулотга борасан. Уйга қайтасан ва телевизор кўрасан. Кейин эса ухлашга ётасан. Эртаси куни ҳам худди шундай тартиб. Ғалаба қозонасан. Мағлуб бўласан. Яна ва яна...

Бир куни эрталаб оёқларинг қалтираётганини сезасан. Шунчалик кучсизсанки, ҳаттоки машина ҳам ҳайдай олмайсан. Сен эса касал бўлдим ёки қаттиқ чарчадим деб ўйлайсан. Лекин аҳволинг янада оғирлашиб бораверади. Ҳеч нарса қилишни истамайсан – фақат ётиб ухласанг бўлди. Машғулотлардаги ҳар бир сэйв катта куч талаб этади. Мана етти ой ўтибдики, хурсанд бўлиш учун арзирли сабаб топа олмайсан.

Шу ерда озгина танаффус қилишинг керак. Чунки сен — 17 ёшли йигитча — нимани ўйлаётганингни мен жуда яхши биламан. "Бу нима деган гап? Мен – бахтли инсонман. Туғма етакчи. Агар "Ювентус" дарвозабони ва миллионер инсон бўлсам, у ҳолда албатта бахтли бўламан. Яна қанақа депрессия?". Сенга муҳим бир саволни беришим керак. Нима учун бутун ҳаётингни футболга бағишлашга қарор қилдинг, Жижжи? Ёдингдами? Илтимос! Фақат "Ҳамма гап Томас Н’Конода дема...". Эсла. Чуқурроқ мулоҳаза қил. Ҳар бир детальни батафсил ёдга олишинг зарур. Ҳа, ўшанда 12 ёшда эдинг. Аммо сен ўша ўйин вақти қаерда бўлгандинг? Кўзларингни юм. Уйингда, меҳмонхонада ёлғиз ўтиргандинг. Қани барча дўстларинг? Эслолмайсанми? Бувинг ошхонада тушлик тайёрлаётган эди. Кўча шунчалик иссиқлигидан у ҳамма деразаларни ёпиб чиқишга қарор қилди. Ҳаммаёқ қоронғу, фақат телевизор нур таратиб турибди.

Нимани кўряпсан?

Ғалати сўз: КАМЕРУН.

Сен Камерун қаерда эканини ҳам билмайсан. Ҳаттоки, бундай жой борлигидан ҳам хабардор эмасдинг. Албатта, Аргентина ва Марадонани жуда яхши танийсан. Аммо камерунлик ўйинчиларда қандайдир сеҳр бор. У ерлар жуда иссиқ, бироқ уларнинг посбонларининг қўллари узун, қолаверса, қора шим киядилар. У яшил форма кийган, ёқалари эса пушти рангда. Бўйлари баланд, енгил ҳаракатлана олади, ўзига жуда ярашиб турадиган мўйлови ҳам бор. Бор эътиборингни эса ўзига қарата олмоқда.

Бутун ҳаётингда кўрган энг ажойиб йигит айнан у. Шарҳловчининг айтишича, унинг исми Томас Н’Коно экан. Ва яна – сеҳр: Аргентина бурчакдан зарба берди. Томас ўйинчилар орасига ўзини отди ва юқоридан тўпни ушлаб олди. Айнан ўша пайт нима қилмоқчи эканингни тушуниб етдинг. Сен шунчаки оддий посбон бўлишни истамайсан. Сен айнан унга ўхшаган кипер бўлишни хоҳлайсан.

Италияда Жаҳон Чемпионати бўлиб ўтаётган эди. Биринчи учрашувда Аргентина термаси "Сан-Сиро" стадионида Камерун жамоасига қарши майдонга тушганди.

Ёввойи, жасур, эркин.

Ҳар бир дақиқа ўтгани сайин шу ўйинни кўра туриб аслида ким эканингни англай бошлайсан. Тақдиринг аллақачон ёзиб қўйилган. Камерун гол урди – жисмоний томондан сенга оғир ва жуда қайғуряпсан. Дивандан сакраб турдинг. Бутун иккинчи тайм мобайнида телевизор атрофида у ёқдан бу ёққа юрдинг. Камерун термаси 9 киши бўлиб қолганида, шарҳни ҳам эшитгинг келмай қолди.

Ўйин тугашига беш дақиқа қолганда эса телевизор овозини ҳам ўчириб қўйдинг. Ерга ўтириб олгансан, энди эса бошинг ҳам ерда. Бироздан сўнг бошингни кўтардинг, телевизорга қарадинг.

Баҳс сўнгида эса камерунлик футболчилар ғалабани қандай нишонлаётганларини кўрдинг. Кўчага отилиб чиқдинг. Икки болакай дўстинг қаршингда турарди. Ҳамма бақирарди: "Камерунни кўрдингми? Баҳсни томоша қилдингми?". Ўша кундан ичингда "олов ёна бошлади". Камерун – мавжуд мамлакат. Томас Н’Коно ҳам бор. Сен ҳам бутун дунёга Буффон тириклигини кўрсатиб қўймоқчи бўлдинг. Мана нима учун сен футболчи бўлиш йўлини танладинг. Пул ёки шон-шуҳрат учун эмас, балки абадийлик ва Томас Н’Коно услуби туфайли...

Бир нарса ёдингда бўлсин: пул ва машҳурлик – мақсад эмас. Агар сен қалбинг ҳақида қайғурмасанг, футболдан ташқарида сени илҳомлантирадиган нарсаларни изламасанг, у ҳолда нобуд бўласан. Агар сенга маслаҳат беролганимда қизиқувчан, ҳамма нарса ҳақида билишга, бирор нарса ўрганишга интилувчан инсон бўл деган бўлардим. Ана ўшанда ўзинг ва оилангни катта муаммолардан қутқарган бўлардинг.

Дарвозабон бўлиш жасур бўлиш деганидир, бу ҳақиқат. Лекин довюрак бўлиш — одобсиз бўлиш дегани эмас, Жижжи. Депрессия вақтида ажойиб ва ғалати воқеа содир бўлди. Бир куни одатий кун тартибдан узоқлашишни истадинг ва нонушта қилиш учун бошқа ресторанга бординг. Туриннинг янги кўчалари бўйлаб, санъат музейи тарафдан кетяпсан.

Деворда афиша осилиб турарди – ШАГАЛ. Аввал ҳам бу фамилияни эшитгансан. Аммо санъат ҳақида ҳеч нарсани билмайсан. Шахсий ишларинг бор. Кетишинг керак. Сен – Буффонсан. Аммо ким у Буффон? Ким ўзи у? Кимдир уни танийдими?

Хатимнинг энг муҳим қисми ҳам айнан шу: музейга киришинг шарт, шу бугун! Бу нарса бутун ҳаётингни ўзгартириб юборади. Агар кирмасанг, ҳис-туйғуларини ҳаммадан яширадиган футболчи бўлиб қолаверасан ва қалбинг сўнади. Аммо кирсанг Шагалнинг юздан ортиқ суратларини кўрасан. Лекин уларнинг жуда кўп қисми юрагингни жумбушга келтирмайди. У ерда яхши, қизиқарли ва унча кўзга ташланмайдиган расмлар бор.

Бироқ бир суратни кўриб қоласан ва сени худди чақмоқ чаққандек бўлди. У "Сайр" деб номланганди. У расмни худди ёш болакай чизганга ўхшарди. Эркак ва аёл боғда эди. Бу сеҳрли ҳикоя каби эди. Аёл осмонга учиб кетаётгандек эди, худди фаришта мисоли. Эркак эса ерда турар ва унинг қўлларидан маҳкам ушлаб олганди: кулиб турибди. Бу тушга ўхшайди. Гўёки, бу расм ўзга дунёдан бир нарсани етказаётгандек. У сенга болакай қандай бўлиши кераклигини эслатиб қўяди: бахтли бўлиш нақадар осон эканини...

Томас Н’Коно тўпни ушлаб олганидаги ҳиссиёт...

Бувинг ошхонадан сени чақирмоқда....

Қоронғуда телевизор кўриб, дуо қилиб ўтирибсан....

Ёш ўтган сари бундай ҳис-туйғуларни унутиб қўямиз. Эртага музейга қайтиш лозим. Шарт! Кассадаги аёл сенга кулиб қарайди ва "Сиз кеча ҳам келгандингиз, шекилли?". Бу муҳим эмас. Ичкарига кир. Санъат — сен учун энг яхши даво. Ўзлигингни анласанг, ички муаммолардан буткул ҳалос бўласан. Улар суратдаги аёл каби учиб кетади. Бу жуда ғалати палла. Баъзан менга ҳаётимиздаги бурилишларни кимдир бошқариб тургандек туюлади. Ажабтовур ва таърифлаб бўлмайдиган шундай ҳодисалар кўп. 

"Парма"нинг ёш футболчисисан. Билмасдан бир иш қилиб қўйдинг, одатдагидек. Муҳим ўйин олдидан клубдош ва мухлисларга ўзингни кўрсатгинг, етакчи ва жасур эканингни эслатиб қўйгинг келади. Қачонлардир мактаб партасига ўйиб ёзган сўзингни футболкангга ҳам ёзишга қарор қилдинг: "Қўрқоқларга ўлим!". Бу сен учун худди руҳлантирувчи чақирувдек эди.

Айнан шу нарса оилангга кўпгина кулфат келтирган хатолардан бири бўлди. Бироқ бундай муаммолар муҳим, чунки эслатиб туради: сен – инсонсан. Хатолар ҳали ҳеч нарса билмаслигинг, ўқишинг ҳамда ўрганишинг зарурлигини ёдингга солади. Бу яхши, сабаби футбол ноёб эканига сени ишонтириб бўлган. Лекин энг яқин дўстларинг бўладиган бар ходими ёки электрикдан сенинг ҳеч қандай ортиқ жойинг йўқ. Мана нимани тушуниб етасан: ноёблигинг эмас, ҳамма қатори — барча билан бир хил эканингни анлайсан. Аммо 17 ёшли йигитча буни қаердан ҳам тушунсин... Сени ишонтириб айта оламанки, ҳақиқий жасурлик – заиф томонларидан уялмасликдир. Сен бунга лойиқсан, Жижжи. Ҳамма қатори. Ёдингда бўлсин.

Ҳаётда ҳамма нарса бир-бири билан узвий боғлиқ. Аммо сен бу нарсаларни тушунишга ҳали анча ёшлик қиласан. Бутун дунёга аслида қандай эканингни эрта намойиш этганингдан афсусдаман. 41 ёшингда ҳам ичингда олов ёниб туради. Аммо сен ҳали ҳам мамнун эмассан. Буни эса сенга айтишдан афсусдаман. Ҳаттоки, Жаҳон Кубогини қўлга киритиш ҳам сени қониқтирмайди. Бир мавсумни қуруқ ўтказмагунингча тинчимасанг керак.

Менимча, сен доимо шундай бўлгансан...

Қиш. Удине, тоғ тарафларда яшайдиган амакингнинг уйига борганинг ёдингдами? Ёки бу хотира ёшинг ўтгани сари эсингга туша бошлайдими? 4 ёшда эдинг, туни билан қор ёғганди. Аввал ҳеч ҳам қорни кўрмагандинг. Уйғондинг, ойнадан қарадинг: ҳаммаёқ оппоқ. Тунги кийимда ташқарига югуриб чиқдинг. Аммо барибир бу нима эканини ҳам тушуна олмадинг. Аммо кутишни истамай, иссиқ кийимларни ҳам киймадинг ва ўзингни қорга отдинг. Бувинг эса бақирганича қолиб кетди: "Жанлуижжи!!!! Йўқ! Йўқ! Йўқ!". Белинггача ҳўл бўлдинг, аммо юзингда табассум бор эди. Шундан сўнг, бир ҳафта иситманг тушмай, кроватга михланиб ётдинг. Лекин сенга бунинг қизиғи йўқ эди.

Сен шундайсан.

Сен – Буффонсан.

Ҳали бутун дунёга тирик эканингни кўрсатиб қўясан!".


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +28   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика