UZ

Сўнгги янгиликлар

00:47МЮ Мактоминейни АПЛнинг бошқа бир клубига сотмади  0 00:35Кьеза фаолиятини Англияда давом эттиришга яқин турибди  1 00:05"Динамо" Жаҳонгир Ўрозов ва Муҳаммадали Турсуновни ўз таркибига қўшиб олди  0 23:30Жоау Канселунинг кейинги манзили Саудия Арабистони бўладими?  0 22:55Ханс-Дитер Флик: "Ямалнинг оёғи ердан узилмаслиги керак"  1 22:15ОКМК назорат ўйинида "Олимпик"ни йирик ҳисобда мағлуб қилди  1 21:35Матс Хуммелс Еврокубокларда ўйнайдиган А Серия клубига ўтиши мумкин  0 20:54"Қизилқум" назорат ўйинида "Локомотив U21"га мағлуб бўлди  0 20:31Расман: Стадиондаги муаммо сабаб "Динамо" — "Навбаҳор" учрашуви қолдирилди  52 20:00Де Хеа фаолиятини А Cерияда давом эттирадими?  1 19:39Ана холос! "Рома" ва "Тоттенхэм" собиқ ҳужумчиси 11 йилдан сўнг фаолиятини тиклашга қарор қилди  4 19:13УEФА Суперкубоги ўйинини ким бошқариши маълум  0 18:49Погбанинг акаси Бельгиянинг учинчи лигасида ўйнайди  5 18:25"Бунёдкор" собиқ бош мураббийи Парижда ўғриликка учради  14 18:01"Шўртан" учта трансферни амалга оширди  3

Биринчи давра якунлари. Ким қандай каромат кўрсатди? Янгиликлар

Биринчи давра якунлари. Ким қандай каромат кўрсатди?

“Бунёдкор” - “Насаф” учрашуви билан 2017 йилги олий лиганинг биринчи давраси расман ўз ниҳоясига етди.

Ўқувчиларимизга мавсумнинг биринчи ярмида қайд этилган натижаларни тақдим этишда давом этамиз.

Муросасиз жамоа
Ғузорнинг "Шўртан" клуби биринчи даврада 15та ўйинда майдонга тушди ва биронта учрашувда ҳам дуранг ўйнамади. Олий лигада ҳеч бир клуб бундай натижа қайд этмади. Қашқадарё клуби мавсумнинг илк қисмида 5та ўйинда зафар қучди ва 10та баҳсда ютқазди. Эътиборлиси "Шўртан" ўз ғалабаларини фақат ўз майдонида қўлга киритди. Мағлуб этилган жамоаларга эътибор қилинг: "Нефтчи" (1:0), "Локомотив" (2:0), "Пахтакор" (1:0), "Бунёдкор" (1:0) ва "Обод" (2:0). "Шўртан" Тошкентнинг тўртта клубини бир давранинг ўзида мағлуб этган биринчи клубга айланди.


Сафарда ютмаган жамоалар
Дастлабки даврада икки жамоа сафардаги ўйинларда умуман ғалабага эриша олмади. Яқиндагина Давран Файзиевни ишдан бўшатган "Сўғдиёна" клуби сафардаги 8та ўйинда 2 бор дуранг ўйнади ва қолган 6та учрашувда эса имконият бой берилди. Меҳмондаги ўйинларда энг омадсиз иштирок этган жамоа Ғузорнинг "Шўртан" клуби бўлди. Дастлабки даврада умуман дуранг ўйнамаган жамоа сафарда 6та учрашув ўтказиб 6тасида ҳам имкониятни бой бериб қўйди!



Ўз майдонида 100 фоизли натижа
Иккита клуб ўз уйида ўтган ўйинлардан максимал очко олишга муваффақ бўлди. Қаршининг "Насаф" клуби ўз стадиони таъмирланаётгани боис уй ўйинларини Ғузорда ўтказишга мажбур бўлди. Шунга қарамай Рўзиқул Бердиев бошчилигидаги жамоа мезбон сифатида 6та учрашув ўтказди ва уларнинг барчасида ғалабага эришди! Тошкентнинг "Локомотив" клуби эса ўз майдонида 8та ўйин ўтказди ва унда 24 очко тўплади.

Энг узун ғалабали серия
Бекободнинг "Металлург" клуби биринчи даврада энг узун ғалабали серия қайд этган жамоа бўлди. Рустам Мирсодиқов бошчилигидаги футболчилар қаторасига 4та ўйинда ғалабага эриша олди. 12-турда Бекободда "Насаф" таслим этилди, кейинги турда Тошкентда "Обод" йирик ҳисобда мағлуб этилди, сўнгра "Қизилқум" устидан зафар қучилди. Ниҳоят 14-турда жамоа Фарғонада "Нефтчи"ни мағлуб этиб қайтишга муваффақ бўлди. Бошқа ҳеч бир клуб биринчи даврада кетма-кет тўрт ўйинда ғалаба қозона олмади.

Энг узун мағлубиятсиз серия

"Қўқон-1912" мавсумнинг илк ўйинида "Насаф"га ютқазиб қўйгач кейинги 11та ўйиннинг ҳеч бирида имкониятни бой бермади. Нўъмон Ҳасанов бошчилигидаги жамоа фақат 13-турга келиб "Бунёдкор" билан баҳсда ушбу ўзи учун ёқимли серияни тўхтатишга мажбур бўлди. Эътиборлиси кетма-кет 11та учрашувда ютқазмаган яна бир клуб бор. Виктор Кумиков бошчилигидаги "Олмалиқ" 4-турда "Локомотив"га ютқазганидан кейин биринчи даврада умуман мағлуб бўлгани йўқ. Қўқонликлардан фарқли ўлароқ "Олмалиқ"нинг серияси бузилгани йўқ. Агар жамоа иккинчи давра бошида ҳам ютқазмасликда давом этса серия давом этаверади.



Энг узун ғалабасиз серия
Наманганнинг "Навбаҳор" клуби биринчи даврада энг узун ғалабасиз серия қайд этди. Илҳом Мўминжонов бошчилигидаги жамоа мавсумнинг дастлабки 7та турида ўз ҳисобига 4та ғалаба ёзиб қўйди. Бироқ 8-турда "Пахтакор"дан учралган мағлубиятдан кейин "қора кунлар" бошланди. Жамоа қаторасига 8та ўйинда ғалаба нималигини билмади ва даврани шу ҳолатда якунлади. Жамоа 5-турдан кейин олий лига пешқадами бўлиб турганди. Ёзги танаффусга эса "лочинлар" 10-ўринда чиқиб кетишди.

Энг узун голли серия
"Қўқон-1912" биринчи даврада энг узун голли серия қайд этди. Қўқонликлар 15та ўйиннинг дастлабки 14тасида рақиблар дарвозасига гол уришга муваффақ бўлишди. Фақат сўнгги турда, Олмалиқда жамоа 0:0 ҳисобида дуранг ўйнади ва серия барҳам топди. Қолган ҳеч бир клуб дастлабки даврада 12тадан ортиқ ўйинда тўп кирита олмаган.

Энг кўп гол урган жамоа

Амалдаги Ўзбекистон чемпиони, Тошкентнинг "Локомотив" клуби биринчи даврани ажойиб тарзда ўтказди. "Темирйўлчилар" 15та ўйинда рақиблар дарвозасига жами 36та гол уришга муваффақ бўлишди. Қолган ҳеч бир клуб хатто 30та гол ҳам ура олмади. "Локо" сафида 11 нафар футболчи тўп киритишга эришди. Марат Бикмаев 13та гол билан биринчи давра тўпурарига айланди.


Энг кам гол урган жамоа
"Обод" клуби биринчи даврада Бикмаевдан камроқ гол урди. Тошкентликлар 15та ўйинда рақиблар дарвозасига атига 10та тўп киритишнинг уддасидан чиқишди холос. Молиявий муаммолар гирдобига тушиб қолган жамоа фақат битта учрашувдагина биттадан ортиқ гол уришди ("Динамо" 3:1). Етти ўйинда "Обод" футболчилари майдонни голсиз тарк этишди. Мана шу 10та гол 6 нафар футболчи ҳисобига ёзилди, жамоа тўпурари Шохруз Норхонов 3та гол урди.

Қизил ва сариқ карточкалар
Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби футболчилари биринчи даврада энг кўп қизил карточка олишди - 4та. Ундан кейинги ўринларни "Навбаҳор" ва "Машъал" жамоалари эгаллашди - 3тадан четлатиш. Бешта клуб футболчилари биринчи даврада умуман қизил олишмади - "Қизилқум", "Локомотив", "Қўқон-1912", "Бунёдкор" ва "Насаф". Огоҳлантириш бўйича "Навбаҳор"га тенг келадигани йўқ. Наманган клуби футболчилари жами 40 марта сариқ карточка олишди. Энг кам сариқ карточка олган клуб - "Шўртан". Ғузор клуби аъзоларига 17 марта огоҳлантирилишди.

Пенальтилар

Биринчи даврада энг кўп пенальти тепган клуб Жиззахнинг "Сўғдиёна" клуби бўлди - 6та. Бироқ Жиззах клуби фақат 4 марта пенальтидан гол урди. "Локомотив" бешта 11 метрли жарима тўпини амалга оширди ва уларнинг барчаси гол билан тугади. Самарқанднинг "Динамо" клуби биринчи даврада умуман пенальти тепмаган ягона жамоа бўлди.

"Навбаҳор" дарвозаси томон ҳакамлар энг кўп (5 марта) пенальти белгилашди. Шундан 4таси гол билан тугади. "Машъал" дарвозасига белгиланган 4та пенальтидан 3тасини муборакликлар посбони Жавоҳир Илёсов қайтаришга эришди. Дастлабки даврада "Бухоро" дарвозасига биронта пенальти белгилангани йўқ.

Энг кўп пенальти тепган футболчи Марат Бикмаев бўлди. Тўпурар 4 бор 11 метрли жарима тўпини амалга ошириб 4та гол урди. “Бухоро” ҳужумчиси Иван Нагаев 3 марта шундай натижа қайд этди. “Сўғдиёна” сардори Санжар Рашидов ҳам Бикмаев каби 4 марта пенальти тепди. Бироқ уларнинг 2тасидан гол урди, қолган иккитаси эса ноаниқ бўлди. “Шўртан” ҳужумчиси Игорь Таран биринчи даврада икки бор 11 метрли нуқта ёнига яқинлашди ва иккаласидан ҳам гол ура олмади.



Хет-трик
Олий лиганинг биринчи ярмида икки футболчи хет-трикка эришди. 7-турдан ўрин олган "Қўқон-1912" - "Металлург" баҳсида 3:0 ҳисоби қайд этилди. Майдон эгалари ярим ҳимоячиси Суҳроб Бердиев рақиб дарвозасига урилган учала голга муаллифлик қилди.

13-турда "Обод" меҳмони бўлган "Металлург" 4:1 ҳисобида зафар қучди. Шу куни бекободликлар ҳужумчиси Зоҳид Абдуллаев ўз ҳисобига 3та гол ёзиб қўйишга муваффақ бўлди.

Дубль
Биринчи даврада 14 нафар футболчи дубль қайд этди. "Локомотив" ҳужумчиси Марат Бикмаев учта ўйинда шундай натижага эришган ягона футболчи бўлди. "Насаф" ҳужумчиси Драган Черан ҳисобида иккита дубль мавжуд.

Энг қўпол футболчилар
Биринчи даврада икки футболчи майдондан икки бор четлатилди. "Навбаҳор" ярим ҳимоячиси Ойбек Қиличев "Динамо" ҳамда "Бухоро"га қарши ўйинларда шерикларидан аввал майдонни тарк этди. "Сўғдиёна" ҳимоячиси Сардор Қулматов "Нефтчи" ва "Қўқон-1912" билан баҳсларда қизил карточка ишлаб олди.

Жасур Азимов "Динамо", Файзулло Қамбаров "Қизилқум" ва Даврон Ҳошимов "Пахтакор" дастлабки даврада 6тадан сариқ карточка олиб бу борада "пешқадам" бўлишди.


Дарвозабонлар
"Олмалиқ" клуби посбони Хуршид Ходжаев биринчи даврада 9та ўйинда гол ўтказмай ҳамкасблари орасида пешқадам бўлди. Ундан кейинги ўринда "Машъал" дарвозабони Жавоҳир Илёсов қайд этилди - 7та "қуруқ ўйин". Дастлабки даврада энг кўп голни "Шўртан" посбони Элдор Тожибоев ўтказди - 20та. Асилбек Омонов ("Навбаҳор") қўриқлаган дарвоза томон энг кўп пенальти белгиланди - 5та. У фақат битта пенальтини қайтаришга эришди. Энг кўп пенальти қайтарган дарвозабон Жавоҳир Илёсов бўлди - 3та.


Нарзулла Сайдуллаев

Рейтинг: +10   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика