"Барселона" - "Реал". Превью
18 дек 2019 15:41
Янгиликлар
"Барселона" - "Реал". Превью
Ушбу учрашув футбол мухлисларини иккига бўлиб қўяди.
"Камп Ноу"да бўладиган баҳс муносабати билан бу ўйин ҳақидаги қизиқарли маълумотларни эътиборингизга ҳавола қиламиз.
Турнир жадвалидаги ҳолат
Чемпионатнинг биринчи давраси якунига етай деб қолганда "Барселона" ва "Реал" бошқа испан клубларидан узоқлашиб олди. Улар бир хил очко тўплашган. Сўнгги турда иккала гранд синхрон равишда очко йўқотишди. "Сосьедад" "Барселона"га жиддий муаммолар туғдирган бўлса, "Валенсия" ўз анъанасига содиқ қолиб, "Месталья"да "Реал" билан дуранг қайд этди.
Яккапешқадамлик учун кураш
Анчадан бери икки гранд тенг очко тўплаб, жадвалда етакчилик қилмаган эди. Умуман олганда "Барселона" кучлироқ кўринмоқда, бироқ майдон марказида баланс йўқ ва бу бошқа чизиқларга ҳам таъсир кўрсатмоқда. Шу билан бирга жорий мавсум ишга жароҳатлар аралашди. Месси, Суарес, Альба, бугун уларнинг ҳар бири "Барселона" учун муҳим, уларнинг ҳар бири жароҳат олиб, сафдан чиқди ва бу тезда таъсир кўрсатди. Жамоанинг савияси бу камчиликларни "суваб" кетишга ёрдам берди.
"Реал" ҳам ўйинига яраша етакчи бўлиб турибди. Мадриднинг суперклуби мавсум стартида ўзига ўхшамади, аммо ҳозир яхши формада ва футболчилар бир-бирини яхши тушуна бошлашди. Мадридликларга мавсум бошидан бери жароҳатлар ҳалал беряпти, аммо Зидан ишонган ижрочилар вазиятни ўнглаб турибди. Бугунги кунда "Реал" "Барселона"дан кучсиз эмас, аммо битта баҳсда ҳамма нарса бўлиши мумкин.
Бускетс ва Касемиро - "Эл-Классико"нинг соядаги қаҳрамонлари
"Эл-Классико" сўнгги ўн йилликда Месси ҳамда Роналду ўртасидаги жангга айланди. Барча мақтов, эътибор ва хатто танқидлар уларга насиб қилди. Аммо жамоани умумий тизим сифатида оладиган бўлсак, бош ролга бошқалар чиқади.
"Барселона" тизимида Бускетснинг роли муҳимлигини ҳамма яхши билади. Бу нарса Серхио майдонга тушмаган баҳсларда сезилиб қолади. Айнан у ҳимоя ва ҳужум ўртасидаги боғловчи вазифасини бажаради, айнан у жамоани прессингдан олиб чиқиб кетади.
Ўтган тур дам олган Касемиронинг вазифалари Серхионикидан кам бўлмайди. "Реал" қандай ҳимояланишини ҳисобга олсак, бразилиялик бир ўзи катта ҳудудни ёпиб, Лео Мессининг қанотдан ҳужумларини тўхтатишга уринади. Касемиро бу вазифани илк марта бажармаяпти. Бу футболчиларнинг ҳар қандай хатоси жиддий муаммоларга олиб келиши мумкин.
Зиданнинг режаси ва Вальверде тактикаси
Бор масъулиятни футболчиларга ағдариш нотўғри, хатто улар дунё даражасидаги ўйинчи бўлса ҳам. Бу баҳсга энг катта таъсирни мураббийлар кўрсатади. Зидан шогирдларидан максимал фойда олишни билади. Ҳозир "Реал"нинг асосий етакчиси Эден Азар жароҳатланган, Марсело ҳам йўқ. Зидан чап қанот муаммосини ҳал қилиши лозим. Одатда бу қанотдагилар жамоанинг ярим вазифасини бажаради. Марсело йўқлиги ҳужумда жиддий камчиликларга сабаб бўлиши мумкин.
Вальверде "Реал"даги йўқотишлар танганинг фақат бир томони эканлигини яхши билади. Унинг бошқа томонига қарасак, Марсело ўрнини Менди эгаллайди ва у бразилиялик каби орқасида катта бўш жой қолдирмайди. Вальверде кўпинча ўйин старти учун режаларда адашяпти, бироқ ўзгаришларни тўғри амалга оширмоқда. Вальверденинг захираси "Реал"никига қараганда "бойроқ", демак, Эрнесто ўзини кўрсата олади.
Тахминий таркиблар
"Барселона": Тер Штеген, Альба, Лангле, Пике, Роберто, Бускетс, Де Йонг, Ракитич, Гризманн, Месси, Суарес.
"Реал": Куртуа, Менди, Рамос, Варан, Карвахаль, Касемиро, Кроос, Модрич, Родриго, Бэйл, Бензема.
Фикрлар