Акмал Музаффаров: "Бу голлар унутилмас хотира бўлиб қолади"

25 апр 2026, 16:10
Акмал Рустамов бошчилигидаги "Қизилқум" жамоаси ўтган турда "Қўқон-1912" билан куч синашди.

Қизиқарли ва шиддатли кечган учрашувда навоийликлар 2:1 ҳисобида ғалаба қозонишди. Жамоанинг ҳар иккала голи 2005 йилда туғилган ёш иқтидор эгаси Акмал Музаффаров ҳисобига ёзилди. Ушбу дубл футболчининг катта футболдаги илк голлари сифатида тарихга кирди. Учрашувдан сўнг ёш ҳужумчи билан суҳбатлашдик.

— "Қўқон-1912"га қарши кечган ўйин ҳақида қандай таассуротлар қолди?

— Суперлигадаги биринчи голларимни уриш мен учун жуда катта қувонч. Бундай ҳиссиётларни таърифлаш қийин, бу унутилмас хотира бўлиб қолади!

— Профессионал фаолиятингиздаги илк голларни урдингиз. Бу қандай ҳиссиётларни берди ва голларни кимга бағишлаган бўлардингиз?

— Голларимни ота-онамга ва менга ишонч билдирган, мени қўллаб-қувватлаган барча инсонларга бағишлайман. Уларнинг хурсанд бўлганини кўриш мен учун энг муҳим совғадир.

— "Қизилқум" мавсумни яхши бошлади, "Андижон" билан кечган баҳсда ҳам ғалаба қозонган эдингиз. Кейинги ўйинларда нима етишмади, деб ўйлайсиз?

— Бу саволга жавоб беришим нотўғри бўларди. Жамоамизда тажрибали мураббийларимиз бор, улар вазиятни ва камчиликларимизни биздан кўра яхшироқ таҳлил қила олишади.

— Ўзбек ва жаҳон футболидаги кумирларингиз ким?

— Ўзбек футболида Элдор Шомуродовнинг ўйини менга жуда ёқади. Жаҳон футболида эса кумирим — Криштиану Роналду.

— Позициянгиздаги энг яхши футболчи ким деб ҳисоблайсиз?

— Ўзбекистонда ўз позициямдаги энг кучли футболчи, менимча, Суперлигамиз юлдузи Темурхўжа Абдухолиқов. Жаҳон миқёсида эса ҳозирги вақтда Килиан Мбаппенинг ҳаракатлари менга жуда манзур бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›