

– Бугунги қийин учрашув ҳақида қисқача тўхталиб ўтсангиз.
– Бугунги баҳс ҳис-ҳаяжонга бой бўлди. Учрашув охиригача курашдик, бироқ ғалаба қозониш насиб қилмади. "Нефтчи" жамоасини ғалаба билан табриклаймиз. Насиб қилса, келгуси ўйинларда юз фоизлик натижа қайд этамиз.
– Ушбу учрашувни ОКМК жамоаси учун мавсумдаги энг аламли мағлубият деб баҳоласак бўладими ёки бундан-да оғир ўйинлар бўлганми?
– Шундай десак ҳам бўлади. Ўзингизга маълум, учрашувнинг асосий қисмида 1:0 ҳисобида олдинда бораётган эдик. Бироқ сўнгги 10 дақиқа ичида, аниқроғи 87 ва 93-дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, якунда 2:1 ҳисобида мағлубиятга учраганимиз жуда аламли бўлди.
– Бугунги ўйиндаги муҳит ҳақида нима дея оласиз?
– Стадиондаги муҳит аъло даражада бўлди. Ҳар бир ўйинда шундай муҳит бўлишини хоҳлардик. Бундай муҳит футболчиларга ўзгача руҳият ва кайфият бағишлайди. Буни ҳатто телевизор орқали томоша қилганда ҳам ҳис этиш мумкин.
– Бундай вазиятда кишида футбол ўйнаш иштиёқи ортадими?
– Албатта, бундай муҳитда футболчининг майдонда югургиси, тўп тепгиси келади, одамга қаердандир қўшимча куч-қувват қўшилади.
– Мавсум ўз ниҳоясига етиб бормоқда. ОКМК жамоасининг қолган ўйинлар учун кучи етарлими?
– Шубҳасиз, олдинда бизни жуда муҳим учрашувлар кутиб турибди. Насиб қилса, бундан кейин мағлубият деган сўзни умуман унутишимиз керак. Бизга фақат ғалаба ва 3 очко зарур. Олдинда Ўзбекистон кубогининг ярим финал учрашуви турибди. Мақсадимиз – юқори ўринларни эгаллаб, ОФК турнирларида иштирок этиш. Бу ҳар бир футболчининг орзуси ва мақсади саналади. Шунга қараб, ҳар бир ўйинда яхши ният билан майдонга тушамиз. Ўйинларда рақибнинг номига қарамаймиз – хоҳ у "Нефтчи" бўлсин, хоҳ "Барселона" ёки "Реал Мадрид". Биз майдонга чиқиб, ҳар бир учрашувда максимал очко олишга ҳаракат қиламиз. Мураббийларимиз ҳам ҳар бир футболчининг олдига айнан шундай вазифа қўйишган. Шунинг учун, эндиликда мағлубият ҳақида умуман ўйламаслигимиз керак, фақат олдинга интиламиз.
– Биринчи даврада бўлиб ўтган "Нефтчи" – ОКМК учрашувида Жамшид Искандеровга қарши айнан сиз бириктирилганингизга гувоҳ бўлган эдик. Бугунги баҳсда ҳам у ўз ўйинини тўлиқ намойиш эта олмади. Жамшид Искандеровга қарши яккама-якка ўйнаш қанчалик қийин кечди?
– Жамшид Искандеров ўз ишининг устаси, юқори даражадаги футболчи ҳисобланади. Бундай футболчиларга қарши тўп тепиш, аксинча, бошқаларни билмадим-у, шахсан менга катта мотивация беради. Агар менга шундай кучли футболчиларга қарши ўйнаб, уларнинг хавфли ҳаракатларини зарарсизлантириш вазифаси топширилса, қайси позицияда – дарвозада, ўнг ёки чап қанот ҳимоясида ёхуд ҳужумда ўйнашимнинг умуман фарқи йўқ. Майдонга тушиб, ўз зиммамга юклатилган вазифани максимал даражада бажаришга ҳаракат қиламан.



