

Ўзбекистон терма жамоаси ноябрь ойида Жанубий Африка Республикасига қарши ўртоқлик ўйинида қатнашиши эҳтимоли мавжуд.
ЖАР термаси бош мураббийи Хуго Брос сешанба кунги Ботсвана билан ўйиндан (1:0) кейин буни тасдиқлади.

"Биз 14 ноябрдан 20 ноябргача бирга бўламиз ва иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушамиз.
Айни пайтда музокаралар давом этмоқда. Умид қиламанки, биз Буркина-Фасо ва Ўзбекистонга қарши ўйнашга муваффақ бўламиз", – деди бельгиялик мутахассис.
Брос Буркина-Фасо ва Ўзбекистон идеал рақиблар бўлади, деб ҳисобламоқда.
"Эҳтимол, биз Буркина-Фасо билан уйда ва Ўзбекистон билан эса Дубайда баҳс олиб борамиз".
Эслатиб ўтамиз, Сречко Катанец қўл остидаги миллий жамоамиз 20-27 сентябрь кунлари Жанубий Кореяда ташкил этган ўқув-машғулот йиғинида Камерун (2:0) ва Коста-Рика (1:2) билан баҳсда иштирок этди.
Олдинроқ Ўзбекистон ноябрда УЕФА вакили билан ўйнаши ҳақида хабар берган эдик.



