Малайзия терма жамоаси маълум сабабларга кўра, мазкур мусобақада иштирок эта олмайдиган бўлди.
Терма жамоа бош мураббийи Питер Чкламовски қуйидагича баёнот берди: Бизнинг терма жамоа футболчилари Испания, Аргентина, Колумбия ва Япония каби мамлакат лигаларида тўп тепишади. Уларни ФИФА кунидан олдинроқ Тожикистонга етказиб бориш жуда қийин. Мусобақанинг ФИФА кунидан олдин ўтказилиши логистика, тикланиш ва бюджетга таъсир қилади. Мусобақага тўлиқ бўлмаган таркиб билан боришга қаршиман. Биз сентябрь ойида яхши тайёргарлик кўриб, октябрь ва ноябрь ойидаги муҳим ўйинларга яхши ҳолатда бормоқчимиз. CAFA мусобақасининг ўрнига биз сентябрь ойида Куала-Лумпурда йиғин ўтказамиз ва бу йиғин Осиё кубоги саралаш баҳсларидан олдин жуда муҳим аҳамият касб этади".
Эслатиб ўтамиз, Малайзия қуръа натижаларига кўра, "B" гуруҳида Эрон, Тожикистон ва Афғонистон билан куч синашиши керак эди. Бу гуруҳ баҳслари Тожикистонда бўлиб ўтади.
Ўзбекистон эса "А" гуруҳидан жой олган ва Тошкентда Қирғизистон, Туркманистон ҳамда Ўмон билан ўйнайди.