Зебенерштрасседа "RRR" билан хайрлашишди
24 мая 2019 02:36
Новости
Зебенерштрасседа "RRR" билан хайрлашишди
Германия Кубоги финалига тараддуд кўраётган "Бавария" кеча клуб қароргоҳи бўлмиш Зебенерштрасседа машғулот ўтказди ва финал ўтадиган Берлин шаҳрига учиб кетди.
Кечаги машғулот Франк Рибери, Арьен Роббен ва Рафинья учун Зебенерштрасседаги охирги иш кунига айланди. Машғулотдан сўнг қароргоҳдаги барча ходим ва персоналлар учала футболчи учун хайрлашув маросимини ўтказишди. Клуб афоналарига айланган мазкур футболчилар билан барча ходимлар жуда илиқлик билан хайрлашишди. Уларга кутилмаган сюрприз ва эсда қоларли онларни тақдим этишди. Шу ўринда Рибери, Роббен ва Рафинья ҳам Зебенерштрассе ҳамда клубдаги барча персоналларга чуқур миннатдорчилик билдириб, уларни соғиниб қолишларини алоҳида таъкидлашган.
Қайд этиш керакки, 25 май куни Берлинда бўладиган Германия финалидаги "Лейпциг"ка қарши ўйин "RRR", яъни "Роббери" ва Рафинья учун "Бавария" сафидаги охирги ўйинга айланади.
Ўтган ҳафтада Бундеслиганинг охирги тури доирасида "Альянц Арена"да "Айнтрахт" билан чемпионлик баҳсида ўйнаган "Бавария" йирик 5:1 ҳисобида ғалаба қозониб, ўз тарихидаги 29-чемпионликни нишонлади. Бу эса Риберининг тўққизинчи, Роббеннинг саккизинчи ва Рафиньянинг еттинчи чемпионлигига айланди. Шунингдек, мазкур чемпионлик тўқнашувида "Роббери" Мюнхендаги ўз уйига айланиб қолган стадионда охирги беллашувини ўтказиб, мазкур баҳсда захирадан тушган ҳолда "Роббери" ўз номларини таблога ёздириб қўйишга муваффақ бўлишганди. Рибери жамоасининг тўртинчи, Роббен эса бешинчи голини урди.
Эслатиб ўтамиз, Франк Рибери "Бавария" 12, Роббен 10 ва Рафинья 7 мавсумни ўтказишди. Қайд этиш керакки, мазкур футболчилар "Бавария" билан қўлга киритилиши мумкин бўлган барча совринларга эгалиқ қилишган.
Комментарии