Юрген Клопп: «Футболчиларни Алькатрасга юбормайман, бу ҳазил эди»
17 авг 2016 09:41
Новости
Юрген Клопп: «Футболчиларни Алькатрасга юбормайман, бу ҳазил эди»
Маълум бўлишича, миллионлар ўйинининг жажжи ихлосмандлари германиялик мутахассис учун бир талай саволларни тайёрлаб қўйишган экан. Қуйида мерсисайдликлар устози билан уюштирилган суҳбатни эътиборингизга ҳавола этамиз.
- Барча даврлардаги энг ёқтирган футболчингиз ким?
- Қайсидир ўйинчини алоҳида ажратиб кўрсатолмайман. Лекин отам болалигимда бир маслаҳат берган: «Ким нима деса, ишонаверма. Ёдингда тут, энг яхши футболчи - Пеле».
- Пеле? Мен бу футболчи ҳақидаги китобни ўқиганман.
- Ростданми? У билан бир марта учрашганман. Одатда унча ҳаяжонланмайман. Лекин Пеленинг қаршисида ҳақиқатан ҳам ҳаяжонланганман.
- Мен футбол ўйнайман. Жамоам кўпинча пенальти тепади. Бу борада бирор-бир маслаҳат берасизми?
- Аввало, режа тузиш керак. Дарвозанинг киперлар ета олмайдиган нуқтаси бўлади. Демак, сен ўша нуқтани аниқ мўлжаллашни машқ қилсанг, ниятга етасан. Энг катта муаммо - пенальти тепилаётган пайтдаги босим. Ўзим ўн бир метрлик жарима зарбасини кўп амалга оширмаганман. Шунга қарамай, асло адашмасдим. Умуман олганда, ўзим яхши футболчи бўлмаганман. Лекин кўп нарсани билмасанг, бундай вазиятларда қийинчилик туғилмайди. Шунчаки, режа асосида иш қилиш керак.
- Биз ҳозир «Сан-Франциско Фоти Найнерс» жамоасига тегишли Deliver Stadium стадионидамиз. Бу аренада неча марта «Супер Боул» бўлганини биласизми?
- Мен Европаданман. Биз Америкача футболни деярли кузатмаймиз...
- Сизга ёрдамлашиб юборамиз. Бу стадионда «Супер Боул» «Ливерпуль» Чемпионлар Лигасида неча марта ғолиб чиққан бўлса, шунча марта ўтказилган.
- Демак, бешта, ёмон эмас. Афтидан, бу ерда катта клуб бор экан.
- Америкада амалга оширишни истаган учта нарсангиз нима?
- Америкача футбол, баскетбол ва бейсбол финалларини жонли томоша қилиш. Ҳозирча баскетбол финалини бевосита кўрдим, холос.
- Менинг Клоппо лақабли тошбақам бор. Сиз ҳам уй ҳайвони боқасизми?
- Ҳа. Итим бор - Эмма.
- Бу менинг исмим.
- Сенинг исминг? Сен ҳам Эммамисан? Бу колли зотли ит. Ёшлигимда телевиденияда колли зотли Лесси жуда машҳур эди. Эммани оиламизда барча яхши кўради. Умуман олганда, ҳайвонлар, айниқса, итларни яхши кўраман.
- Узоқ йиллик танаффусдан сўнг «Ливерпул»ни чемпионлик учун етаклаш сиз учун қанчалик аҳамият касб этади?
- Бу кўп нарсани англатади. «Ливерпул»дек буюк клуб билан муваффақият қозониб, чемпионликни қўлга киритиш катта натижалардан бири бўларди.
- Футболни ким кўпроқ тушунади, Юрген Клинсманнми ёки Юрген Клопп?
- Билмадим (кулиб). Биз бир-икки марта учрашганмиз. У яхши инсон ва менга ёқади. Лекин майдонда кураш олиб бормаймиз. Иккимиз ҳам бир вақтнинг ўзида яхши бўлишимиз мумкин. Чунки турли жамоаларга устозлик қиламиз.
- Старрижнинг рақсини такрорлай оласизми?
- (Рақсга тушиб) Шундайми? Сизларга ёқдими? Такрорлаб кўринглар.
- Менинг саволим йўқ. Фақатгина «Бум» десангиз бўлгани.
- Бум!
- Фараз қилинг, футболга унчалик қизиқмайдиган америкаликларни «Ливерпул»га мухлислик қилишга ундаш лозим. Қандай йўл тутасиз?
- Бу жаҳондаги энг яхши клуб, деган бўлардим. Агар бирор-бир жамоага мухлислик қилишмаса, кўндириш осон. Лекин «Боруссия» (Дортмунд) фанати бўлиб туғилганларни бошқа жамоага мухлислик қилишга кўндириб бўлмайди. Футболга эндигина ошно тутинаётганлар эса «Ливерпул»ни танлашса, адашмайдилар.
- Онам отамнинг диванда ётганини кўрса бақиради. Шунда отам Юрген Клопп ҳам мижжа қоқишни ёқтиришини айтади...
- Ҳа, яхши кўраман. Отанг онангга шуни дедими?..
- Ўқитувчиларим дарс пайтида ухлашимга рухсат беришлари учун нима қилишим керак?
- Дарслар орасида ухласа бўлади, лекин дарс пайтида эмас. Масалан, мен машғулотлар пайтида умуман ухламайман. Танаффус пайтида эса мумкин. Ўшанда кейинги машғулотга тетик бораман.
- Лас-Вегасда Селин Дион концертига борганингизни изоҳлаб берсангиз.
- Ҳаммаси оддий: рафиқам Улла бу хонандани жуда яхши кўради. Икки ўғлимиз ҳам концертга боришди. Селин куйлашни бошлаганда Улла йиғлаб юборди. Ваҳоланки, у доим ҳам эҳтиросга берилмайди. Биз барчамиз ҳайрон қолдик. Дион ажойиб қўшиқчи. Ўша концерт бизга жуда ёқди.
- Американинг қайси спортини ёқтирасиз ва нима учун?
- Баскетбол менга жуда ёқади. Бу гигантларнинг болалардек ҳаракат қилишларига ишонгим келмайди. NBAнинг ўтган мавсумдаги еттита финалини ҳам томоша қилдим.
- Футболчилар ўзларини ёмон тутишса, ростдан ҳам Алькатрасга жўнатиб юборасизми?
- Йўқ. Бу шунчаки, ҳазил эди. Хавотирланишга ўрин йўқ.
- Қайси футболчиларни харид қилишни режалаштиргансиз?
- Ҳозирча ҳеч кимни. Лекин режам бўлганда ҳам сизларга айтмасдим. Ахир сизлар журналистсиз. Хуллас, кечирасизлар. Мароқли суҳбат қурганимдан хурсандман.
Комментарии